15 ноябрь куни Саудия Арабистонига умра амалларини адо этиш учун етиб келган зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи Мадинаи мунавварадаги “Зам-зам пулман” меҳмонхонасида катта эҳтиром ва юксак илтифотлар ила кутиб олинди. Катта орзулар, яхши тилаклар ва чин ихлослар оғушида келган зиёратчиларни ишчи гуруҳи аъзолари кутиб олдилар.
Зиёратчиларимизга меҳмонхонада таомлар тортилди ҳамда уларга ширинликлар улашилиб, икром қилинди. “Ҳаж – 2019” мавсуми ишчи гуруҳи аъзолари, шифокорлар ва Саудия Арабистонидаги ҳамкор “ал-Ҳидоя” ширкати мутасаддилари юртдошларимизга табассум ила пешвоз чиқдилар.
Бундай шароитлар ва илтифотлар зиёратчиларимизнинг ибодатга бўлган рағбатларини янада оширади ва ихлосларини зиёда айлайди, иншо Аллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун, 30 июнь куни Хоразм Маъмун академиясида "Нажмиддин Кубро маънавий-маърифий мероси ва унинг замонавий тадқиқи" мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман Давлатимиз раҳбарининг Нажмиддин Кубро таваллудининг 880 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида илгари сурган ташаббуси доирасида улуғ аждодимизнинг илмий ва маънавий меросини чуқур ўрганиш, бу меросни замонавий тадқиқот методлари асосида таҳлил қилиш ҳамда унинг умуминсоний ва миллий қадриятлар тизимидаги ўрнини белгилаш мақсадида ташкил этилди.
Анжуман доирасида Нажмиддин Кубронинг тасаввуфий ва маърифий ғоялари, уларнинг замонавий маънавий-ахлоқий муаммоларни ҳал этишдаги ўрни, алломанинг ҳаёти ва фаолиятига оид тарихий манбалар, асарларининг бугунги кундаги илмий ва амалий аҳамияти, кубровийлик таълимотининг тарихи ва бугунги ҳолати, шунингдек, ушбу таълимотнинг кейинги тасаввуф мактабларига таъсири кенг муҳокама этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати