“Табаррук” арабча сўз бўлиб, луғатда “баракани талаб қилиш”; шаръий истилоҳда эса, “Аллоҳ таолодан бир нарса сабабли яхшиликни исташ”ни билдиради.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган муборак нарсалар (кийим, таом, шароб, идиш, соч-соқол, намоз ўқиган жойлари ва ҳоказо)ни табаррук қилишга уламоларимиз иттифоқ қилганлар. Саҳобаи киромлар шундай қилганликлари ҳақида бир қанча ҳадиси шариф ва сийрат китобларида кўплаб маълумотлар баён қилинган. Қуйида улардан баъзиларини келтирамиз.
Таҳорат сувларининг табаррук қилиниши. Расулуллоҳнинг муборак баданларига теккан нарсани табаррук қилишга ўта ҳарис бўлган саҳобаи киромлар У Зот саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳорат сувларини талашишарди. Етмай қолганлар сувдан насибадор бўлган саҳобалар қўлидаги намликни табаррук қилишган. Тарихдан маълумки, Макка мушриклари элчиси Урва ибн Масъуд ас-Сақафий Ҳудайбия сулҳи куни саҳобаларнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муносабатларини, У Зотни қандай ҳурмат-эҳтиром қилишларини диққат билан кузатгач ва қавмига қайтиб боргач шундай деди:“(Эй қавмим), қасамки, мен кўп подшоҳлар, жумладан, Қайсар, Кисро ва Нажоший ҳузурида бўлганман. Аллоҳга қасамки, бирон бир подшоҳнинг аёнлари Муҳаммаднинг асҳоби Уни улуғлаганидек улуғлаганини кўрмаганман. Қасамки, агар бир ишга буюрса, уни адо этишга шошилишади. Таҳорат қилса, таҳоратига сув беришга (ёки таҳоратидан ортган сувни) талашиб, уришиб кетгудек бўладилар. У гапирса, овозларини чиқармай, жим қулоқ солишади. Уни ҳурмат қилганларидан юзига тик боқишмайди” (Шу мазмундаги ҳадисни Имом Бухорий ривоят қилган).
“Авнул маъбуд” номли китобда бундай дейилади: “Бузоа қудуғи атрофида яшайдиганлардан бирортаси хасталанса, қудуқ суви билан ювингин, унга Расулуллоҳнинг таҳорат сувлари тушган, дейиларди. Бемор ювингандан сўнг гўё кишандан халос бўлгандек ўзини енгил ҳис қиларди”.
Мўйи муборакларининг табаррук қилиниши. Саҳобаи киромлар суюкли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак мўйларидан бир тола бўлса ҳам олиш ғамида эдилар. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам сочларини сартарош олаётганини кўрганман. Асҳоблари атрофларида айланиб туришарди. Бирор сочлари ергача етмас, албатта, бир саҳобий қўлига тушарди” (Имом Муслим ривоятлари).
“Саҳиҳи Бухорий” китобида қуйидаги ривоят келган: “Умму Салама разияллоҳу анҳо онамиз Пайғамбаримизнинг муборак сочларидан бир нечтасини идишда сақлар эдилар. Саҳобаи киромлардан қайсилари бемор бўлсалар, бир идишга сув тўлдириб онамизнинг ҳузурига келарди. Шунда онамиз Пайғамбаримизнинг муборак сочларини сувга ботириб берар эдилар. Бу табаррук сувни ичган саҳобий Аллоҳнинг қудрати билан шифо топарди”.
Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу Ярмук урушида бош кийимларини йўқотиб қўйдилар. Топилгандан кейин: “Буни яхши кўришим сабаби шуки, Расулуллоҳ умра қилиб бўлиб сочларини олдирдилар. Саҳобалар мўйи муборакдан насибадор бўлиш учун шошишди. Мен ҳаммадан ўзиб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг пешона сочларига эришдим ва уни шу бош кийимим ичига қўйдим. У билан қайси жангга кирган бўлсам, мўйи муборак баракотидан Аллоҳ таоло менга ғалабани насиб қилган”, деб айтди.
Таомларининг табаррук қилиниши. Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган таомни ейишда бир-бирлари билан мусобақалашарди. Бунга қуйидаги ривоят мисол: “Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳга ичимлик олиб келинди. Ундан ичдилар. Ўнг тарафларида ёш йигит Ибн Аббос, чап тарафларида эса катта ёшли саҳобалар ўтиришганди. Расулуллоҳ Ибн Аббосдан чап тарафдаги катта ёшли саҳобаларга ўзларидан қолган сувни биринчи узатишни сўрадилар. Ибн Аббос эса: “Ё Расулуллоҳ, сиздан менга келадиган насибани ҳеч кимга бера олмайман”, деб узр айтди. Шундан кейин Пайғамбаримиз сувни Ибн Аббосга узатдилар”.
Мазкур мавзуда сўз кетар экан, Пайғамбаримиз Мадинага янги борганларида Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳу уйида меҳмон бўлганлари ёдга тушади. У Зотни йўқлаб ҳар тарафдан Абу Айюбникига таом келар, хонадон соҳиблари ҳам овқат тайёрлашарди. Пайғамбаримиз ҳузурларидан қайтиб чиққан егуликнинг муборак бармоқлари теккан жойидан Абу Айюб ва хотини табаррукона ейишарди. Уламоларимиз шу ривоятни далил келтириб, улуғ устозлардан қолган таомни табаррук қилиб ейиш жоиз эканлигини айтадилар.
Муборак либосларининг табаррук қилиниши. Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз либосларига эришиш ва уни уйда сақлашга ўта ҳарис эдилар. Муборак либосни табаррукона кийишар, у ювилган сув эса беморларга Худонинг қудрати ила шифо бўлганини кўп кўришганди. Ҳазрати Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг Асмо исмли қизлари уйидан яшил чопон чиқариб: “Бу муборак либосни Расулуллоҳ киярдилар. Биз уни ювиб, сувини беморларга берамиз. Муборак чопон баракотидан Аллоҳ таоло уларга шифо ато этади”, дегани ривоят қилинган.
Муовия разияллоҳу анҳу айтадилар: “Менда Расулуллоҳнинг муборак кўйлаклари бор. Агар вафот этсам, уни менга кийгизиб қўйинг. Шояд Аллоҳ таоло унинг баракотидан менга раҳм қилса”.
Қўллари теккан муборак нарсаларни табаррук қилиниши. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига ҳар хил касалликка чалинган беморлар келса, муборак қўллари билан оғриқ бор ёки шишган жойни силардилар. Хасталар Аллоҳ таоло қудрати ила бироздан кейин ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб қайтишарди.
Собит разияллоҳу анҳу ҳазрати Анас ибн Молик ҳузурига келиб, қўл, кўзларини ўпиб: “Бу қўллар Расулуллоҳни ушлаган, бу кўзлар эса У Зотни кўрган”, дер эди.
Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз намоз ўқиган жойда намоз ўқишга ҳам ўта ҳарис эди. Ҳатто уйларига таклиф қилиб, бирор жойида намоз ўқиб берсангиз, биз шу жойни намозгоҳ қилиб оламиз, дейишарди.
Утбон ибн Молик разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз ҳузурларига бориб: “Ё Расулуллоҳ, кўзим хиралашиб қолди. Масжидга борадиган йўлимга ёмғир ёққан пайтда сел келади. Шу сабабли баъзида жамоатга кела олмаяпман. Қани эди, уйимга бориб бирор жойида намоз ўқиб берсангиз, мен ўша ерни зарурат бўлган пайтда ўзимга намозгоҳ қилиб олардим”, деди. Пайғамбаримиз рози бўлдилар. Эртасига эрталаб ҳазрат Абу Бакр билан бирга бордилар. Утбон ибн Моликдан: “Уйингизни қаерида намоз ўқишни яхши кўрасиз?” деб сўрадилар. Уй эгаси ўзига ёқадиган жойни кўрсатди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатилган ерда намоз ўқидилар ва ҳазрат Утбон бу табаррук жойни намозгоҳ қилиб олдилар.
Дарҳақиқат, саҳобалар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Мен сизларга фарзандингиз, аҳли-аёлингиз, молларингиз ва барча одамлардан севимли бўлмагунимча комил мўмин бўлолмайсиз”, деган маънодаги ҳадисларига оғишмай амал қилишган. Биз ҳам улардан ўрнак олиб, У Зотга бўлган муҳаббатларимизни янада ошириб, суннатларини бажаришга ҳаракат қилишимиз ва унутилаётган суннатларини эса тирилтирайлик. Шояд Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шафоатларига эришсак.
Шунингдек, бу улуғ ойни ғанимат билиб, ота-оналар фарзандлари билан Пайғамбаримиз тарихларига оид бўлган китобхонликларни ташкил қилсалар айни муддао ва муҳаббатнинг бир нишонаси бўлади. Беадад шукрлар бўлсинки, ҳозирги кунда китоб дўконларида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг тарихларига доир, ўзбек тилида етарлича адабиётлар мавжуд. Фақат ундан фойдаланишимиз керак, холос.
Ғуломиддин ХОЛБОЕВ
ЎМИ Фатво бўлими ходими,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Умматимнинг шарафлилари Қуръонни (ёдлаб) олиб юрувчилар ва кечаси қоим бўлувчилардир” (Имом Табароний ривояти).
Анна розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар ичида Аллоҳнинг хос бандалари бор”, дедилар. Улар кимлар, деб сўрашди. У зот алайҳиссалом “Қуръон аҳли – Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир”, деб жавоб бердилар (Имом Ибн Можа ривояти).
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ё Али, Қуръонни ўрганиб, уни ўргатгин. Шунда вафот қилсанг, инсонлар худди Аллоҳнинг байтини тавоф қилганлари каби фаришталар қабринг атрофини тавоф қилади” (Имом Абу Нуайм ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, Уни ўргатганларингиздир” (Имом Бухорий ривояти).
Абу Ҳарайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қуръон бойликдир, ундан сўнг фақирлик йўқ, ундан бошқа бойлик ҳам йўқ” (Имом Абу Аъло, Имом Табароний ривояти).
Қуръони карим зиё, ойдинлик сочган бир нурдир. Қуръони каримни ёд олиш мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир. Яъни, бир шаҳарда Қуръони каримни ёд олмаган ҳофиз инсон бўлмаса, шаҳар халқининг барчаси гуноҳкор бўлади. Бир ёки бир неча инсоннинг Қуръонни ёд олиши билан уларнинг устидаги фарз соқит бўлади.
Кунлардан бир кун қориларнинг султони Ҳофиз Исҳоқ Мавлоно Жалолиддин Румийнинг ҳузурига келди. Мавлоно унга катта ҳурмат кўрсатиб, ўрнидан турди ва юқорига чиқиб ўтиришини илтимос қилди: “Меҳмонни қандай иззат-ҳурмат билан кутиб, уни уй тўрига ўтқазиш лозим бўлганидек, Қуръони карим қориларини ҳам худди шундай иззат-ҳурмат билан кутиб олиб, энг юқорига таклиф қилиш лозимдир. Қалбида Қуръони карим нури бўлган инсон жаҳаннам юзини кўрмас! Бир қоғоз парчасига Қуръони карим ояти ёзилган бўлса, унга ҳурмат кўрсатиб, уни оловга отмаслар, бунга Қуръони карим ёзилган дерлар. Қалбида Қуръони карим нури бўлган, бутун бир Қуръони каримни ўзига жо қилган бўлса, уни қандай қилиб, жаҳаннамга отишади?” деди.
Қуръони каримни қалбига ва ҳофизасига нақш этган илк инсон Пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Улардан кейин тўрт буюк халифа ҳазрат Абу Бакр, ҳазрат Умар, ҳазрат Усмон ва ҳазрат Али розияллоҳу анҳумдир. Саъд ибн Абу Ваққос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Мусо Ашъарий, Абу Ҳурайра, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Абу Зарр Ғифорий, Абу Дардо, ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳум каби саҳобийлар Қуръонни ёд олишган.
Имом Бухорий, Ибн Сино, Амур Темур каби улуғ аждодларимиз, буюк алломаларимиз Қуръони каримни жуда ёшликларидаёқ ёд олганлар.
Ҳофиз фақат Қуръони карим лафзини ҳофизасига олиб, ёдлаган бўлиши эмас, балки унинг маъносини қалбига жо қилган, ҳукмларини муҳофаза этган, уни яхши кўрган, буйруқларига итоат этиб, қайтариқларидан қайтган бўлиши керак. Қуръонни унутган, Қуръонга амал этмасдан, дунёнинг зеб-зийнатларига алданган инсонни Қуръон ҳам унутади ва Маҳшар куни унга жуда оғир бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг энг шарафлиси Қуръони каримни ёд олганлардир”, деганлар.
Ҳазрат Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръони карим аҳли (яъни, уни ўқиган ва унга амал қилган инсонлар) жаннатга кириши билан “Ўқи ва юксал!” дейилади. У эса ўқиб, юксалади. Ҳар оят учун бир даража берилади. Шу усулда у билган оятларини охиригача ўқийди (ва ҳар бири учун бир даража юксалади)”, деганлар.
Муоз ибн Жуҳайний розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръони каримни ёдлаб, унга амал қилса, қиёмат кунида унинг ота ва онасига бир тож кийдирилади. У тожнинг зиёси дунёда уйлардаги қуёш нуридан ҳам порлоқ”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Буюк валийлардан бири Суфёни Саврий “Киши Қуръони каримни ўқиган пайтда фаришта унинг икки кўзи орасидан ўпади. Яъни, ўқувчига ҳурмат ва ўқиганига таъзим учун фаришталар Одам боласидан Қуръони каримни тинглашга зиёда ошиқдир”, деган (“Иҳёу улумид дин”дан).
﴿إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَنْ تَبُورَ لِيُوَفِّيَهُمْ أُجُورَهُمْ وَيَزِيدَهُمْ مِنْ فَضْلِهِ إِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ﴾
«Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукур қилувчидир» (Фотир сурасии, 29-30).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ўқиган ва унга моҳир бўлган қорилар улуғ ва мукаррам фаришталар билан бирга бўлади, Қуръонни тутилиб-тутилиб ўқиган ва қироат унга машаққатли бўлган киши учун икки ажр бордир”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу Китоб (Қуръон) билан баъзи қавмларнинг даражасини кўтаради ва баъзи қавмларнинг даражасини туширади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон ўқинглар, зеро у қиёмат кунида ўз эгалари учун шафоатчи бўлиб келади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақат икки нарсада ҳасад (ҳавас маъносида) қилиш жоиз: Аллоҳ унга Қуръонни ато қилган бўлиб, кечаю кундуз унинг тиловати билан машғул бўладиган кишига ва Аллоҳ таоло унга мол дунё ато қилган бўлиб, кечаю кундуз уни инфоқ қиладиган кишига”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, бунинг баробарига у киши учун бир яхшилик берилур. Алиф, лам, мимни бир ҳарф деб айтмайман . Балки алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганлари ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло айтади: “Кимни Қуръон ўқиш ва менинг зикрим уни бошқа нарсаларни сўрашдан тўсиб қўйса, мен унга сўраганларга берганимдан кўра кўпроғини бераман. Аллоҳ таоло каломининг бошқа каломларга нисбатан фазли Аллоҳ таолонинг бандаларга нисбатан фазли кабидир” (Имом Термизий ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қалбида Қуръондан ҳеч нарса бўлмаган инсон хароба уй кабидир” (Имом Термизий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръон ўқинглар зеро, Аллоҳ таоло Қуръонни ёд олган қалбни азобламайди. Албатта, бу Қуръон Аллоҳ таолонинг зиёфатидир. Ким унга ташриф буюрса, омонда бўлади. Кимки Қуръонни яхши кўрса, бас, у қувонсин”, дедилар (Имом Доримий ривояти).
Абдулҳамид ибн Ҳаммоний айтадилар: “Мен Суфён Саврийдан: “Сиз учун ғазот қиладиган киши суюклими ёки Қуръон ўқийдиган кишими?”, деб сўрадим. Шунда у зот: “Қуръон ўқийдиган киши. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни (бошқаларга) ўргатганларингиздир”, деб жавоб бердилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон (қироати)га моҳир киши итоаткор улуғ фаришталар биландир. Қуръонни тиловат қилиб (тили) дудуқланган ва бу унга машаққат бўлган киши учун икки ажр бордир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Қуръони карим тунлари бедор бўлиб қироат қилиб чиққан кишини Қиёмат кунида шафоат қилади. Бу ҳақда Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қуръон ва рўза Қиёмат куни бандани шафоат қилади. Рўза: “Эй Роббим, мен (бандангни) кундузлари таом ва ўзи қаттиқ хоҳлаб турган нарсалардан тўсдим, мени унга шафоатчи қилгин”, деб айтади. Қуръон: “Роббим, мен уни тунлари уйқудан қўйдим, мени унга шафоатчи қилгин”, дейди ва иккиси бандани шафоат қилади”.