Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ишлари биз умматлари учун ибратдир. Шу жумладан, аёлларига, яъни оналаримизга бўлган муносабатлари ҳам биз учун катта ибрат.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизларнинг энг яхшингиз ўз оиласига яхши бўлганингиз. Мен эса сизларнинг орангиздаги ўз оиласига энг яхши кишиман”.
Термизий, Аҳмад ва Ибн Можа ривояти.
Ҳадис, сийрат китобларида у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилавий ҳаётлари батафсил ёритилган.
Хўш, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналаримизга муносабатлари, бу борадаги суннатлари қандай эди?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан ўз уйига кечаси бемаҳал кириб келишни ман қилганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Демак, киши сафардан уйига қайтадиган бўлса, имкон қадар кундузи келишга ҳаракат қилиши, аҳлини пойлаш, уларнинг хатоларини топиш учун тунда кириб келишдан тийилиш керак экан.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо шундай деганлар:
«Мен ҳоиза пайтимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чақирардилар. Бирга ўтириб овқат ердим. Менга гўштли суякни узатар, мен ундан тишлаб қўярдим. Сўнг айнан мен тишлаган жойимга оғизларини қўйиб, сўякнинг гўштидан ер эдилар. Сувни ҳам худди шундай қилар, аввал менга сувни узатар, сўнг идишдан мен ичган жойимга лабларини қўйиб сув ичар эдилар».
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Мен ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир идишдан ғусл қилар эдик. Қўлларимиз унга навбатма‑навбат кириб-чиқар эди. Ҳатто «Менга ҳам қолдир», дердилар. «Менга ҳам қолдиринг», дер эдим».
Бухорий, Муслим ва Насоий ривоят қилишган.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллари ичида Хадижа розияллоҳу анҳога — гарчи у кишини кўрмаган бўлсам ҳам — рашк қилганимчалик биронтасига рашк қилмаганман. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўп эслардилар. Агар қўй сўйсалар, уни бўлакларга бўлар, сўнг Хадижанинг дугоналарига ҳам жўнатар эдилар.
Бир куни мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга “Гўё дунёда Хадижадан бошқа аёл йўқдай!”- деган эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, (дунёда) Хадижадек аёл бўлмаган! У жуда ажойиб эди. Ундан фарзандларим ҳам бор»,- дедилар.
Бухорий ривояти.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар аҳли оилаларидан бирон киши бетоб бўлиб қолса, унга муаввизот (“Ихлос”, “Фалақ”, “Нос” суралари)ни ўқиб дам солардилар”.
Имом Муслим ривоятлари.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг қучоқларида ёнбошлаб Қуръон ўқирдилар.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мен ҳайзли пайтимда у зот менинг қўйнимга суяниб олиб, Қуръон ўқирдилар».
Муттафақун алайҳ.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқмоқчи бўлсалар, аёлларидан бирини ўзлари билан олиб чиқар, кечалари улар билан у ёқ-бу ёқдан гаплашар, улар билан маслаҳатлашар эдилар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (сафарга) чиқсалар, аёллари орасида қуръа ташлар эдилар...” Бухорий ва Муслим ривояти.
“Бир куни сафарда Сафийя онамиз розияллоҳу анҳо минган туя орқада қолиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келганларида Сафия онамиз йиғлаб: “Мени секин юрадиган уловга миндирибсиз” дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам онамизнинг кўз ёшларини артиб, юпатганлар”. Имом Насоий ривоятлари.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга шукр қилмаса, одамларга ҳам ташаккур қилмайди», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Термизийнинг лафзида: «Одамларга ташаккур қилмаган Аллоҳга шукр қилмайди», дейилган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳромдаликларида фарқларидаги хушбўйликнинг ялтираётгани ҳамон кўз ўнгимда».
Бошқа бир ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзларида бор энг яхши хушбўйликни суртиб қўяр эдим. Ҳатто соч соқолларида хушбўйликнинг ялтирашини кўрар эдим», деганлар. Бухорий ва Муслим ривояти.
Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан нохуш ҳид келишини оғир олардилар».
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйга кирганларида ишни нимадан бошлар эдилар?» деб сўралганда, у киши: «Мисвокдан», дедилар.
Имом Муслим ривоятлари.
Аллоҳ таоло ҳайз борасидаги оятларни нозил қилганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга уйларда ўз аёли билан аралашиб юришни, қўшилишдан бошқа барча нарсани қилаверишни амр қилдилар. Ўзлари ҳам оналаримиз ҳайз кўрган пайтларида уларга эътиборли бўлар, улар шу ҳолларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини тарар, у зот алайҳиссалом уларнинг қучоқларида Қуръон ўқир, бирга таомланар эдилар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг баъзи аёллари ҳузурида эдилар. Мўминларнинг оналаридан бирлари ўз ходимларидан бир идишда таом солиб юбордилар. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйида турган (аёл) ходимнинг қўлига урди. Идиш тушиб, иккига бўлинди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам идишнинг икки бўлагини бир-бирига қўшиб жамлаб, унга таомни йиға бошладилар ва «Онангиз рашк қилди», - дедилар.
Сўнгра у зот хизматчини ҳам, идишни ҳам токи у зот уйида турганнинг ҳузуридан идиш келтиргунча, тутиб турдилар. Бас, бутун идишни синганга ва синган идишни синдирганга бердилар».
Бухорий ривоят қилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кечаси туриб, намоз ўқиган ва хотинини уйғотган, агар турмаса, юзига сув сепган эрга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Кечаси туриб, намоз ўқиган ва эрини уйғотган, агар турмаса, юзига сув сепган хотинга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», дедилар».
Иккисини Абу Довуд, Насаий ва Ибн Можа ривоят қилганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бирор таомни айбламасдилар. Агар иштаҳалари тортса, ердилар. Кўнгиллари тусамаса, тарк қилар эдилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биродарингнинг юзига табассум қилиб қарашинг ҳам садақадир”, деб айтганлар.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиш, бу Жаброил сенга салом йўллаяпти» дедилар.
«Ва алайҳиссалому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен кўрмаган нарсани кўрасиз», дедим».
Имом Бухорий ривоятлари.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам онамизнинг исмларини эркалаб, Оиш деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “...Сен бир инфоқ қилсанг, ҳатто аёлинг оғзига соладиган бир луқма (таом) учун ҳам, албатта ажр оласан...”, дедилар.
Имом Бухорий, имом Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можа, имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган.
Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳумо Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига муомалалари ҳақида сўрадилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо “У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қайси аёлларининг уйида турсалар, ўша куни намозга ўша аёлларини ўпмасдан чиқмас эдилар” деб жавоб бердилар. Шунда Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ҳазил тариқасида Оиша онамиз розияллоҳу анҳога “Бу сиз бўлган бўлсангиз керак-а, холажон?” десалар, онамиз розияллоҳу анҳо кулиб қўйган эканлар.
Демак, кун давомида эридан беш марта қисқа хабар (ўпич, эркалаш, хизматига ташаккур айтиш ва ҳоказо) олиб турадиган аёл депрессияга тушмас экан.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан мусобақалашган эдилар, мен у зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг менинг гўштим оғирлашганда яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва «Ҳалиги билан биру бир», дедилар».
Имом Аҳмад ва Имом Абу Довуд ривоятлари.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Ҳабашлар найзалари билан масжидда ўйин кўрсатишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Эй Ҳумайро, уларни томоша қилишни хоҳлайсизми” дедилар. Мен: “Ҳа” дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшик ёнида турдилар, мен эса ёнларига келдим-да иягимни муборак елкаларига қўйдим ва яноғимни яноқларига текказдим. Ҳабашлар ўйин кўрсатиб: “Абул Қосим жуда яхшидир”,- дейишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Етар энди”, - дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, шошманг” дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бироз турдилар. Сўнг яна “Етар энди”, дедилар. Мен яна “Ё Расулуллоҳ, шошманг”, дедим. Аслида Ҳабашларни томоша қилишни хоҳламас эдим, лекин мен аёлларга Расулуллоҳнинг мен учун турганликлари ва мени қадрлашлари аёлларга етиб боришини хоҳлардим”.
Ҳумайро — қизил югурган оқ юзли аёл деганидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам онамизни ана шундай сўз билан эркалаганлар.
Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Оиша розияллоҳу анҳодан: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳллари орасида нима қилардилар», деб сўрадим. «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларининг хизматида бўлардилар. Агар намоз ҳозир бўлса, намозга чиқардилар. У зот катта занг кишилардан бўлмаганлар. Балки кўпинча ўз ишларини ўзлари бажарардилар», дедилар.
Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг «Муснад»ларида келган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кийимларини ўзлари тикардилар, кавушларини ямардилар ва сизлар ўз уйингизда нима қилсангиз, шуни қилардилар», дедилар.
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Оиша розияллоҳу анҳога: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида нима қилардилар?» дейилди. Оиша розияллоҳу анҳо: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам (оддий) одамлардан бири эдилар. Кийимларини тозалар, қўйларини соғардилар», дедилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уй ишларида оилаларига қарашар, шиппакларини ўзлари тикиб, кийимларини ўзлари ямаб, қўйларини ўзлари соғардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар сизлардан бирингиз биродарини яхши кўрса, яхши кўришини унга билдириб қўйсин».
Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари.
Ҳатто, унинг уйига бориб, бу ҳақда айтиб, хабардор қилиши суннатдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар сизлардан бирингиз дўстини яхши кўрса, унинг уйига бориб, уни Аллоҳ учун яхши кўришини етказиб қўйсин». Аҳмад ривояти.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зотус-Салосил аскарига бошлиқ қилдилар. Қайтиб келганда:
«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг қайсиниси сиз учун энг маҳбубдир?» дедим.
«Оиша», дедилар.
«Эркаклардан-чи?» дедим.
«Унинг отаси», дедилар.
«Сўнгра ким?» дедим.
«Сўнгра Умар», дедилар ва бир неча одамларни санадилар. Бас, мени охирларида қилиб қўймасинлар, деб, сукут сақладим».
Термизий ва Бухорий ривоятлари.
Юқорида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилавий ҳаётларидан 21 та суннат билан танишдингиз. Ҳадисларни ўқир эканмиз, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нақадар меҳрибон, мулойим, камтар, вафодор, қўли очиқ, табассумли, ширин сўз, аёлнинг нозиклигини ҳис қилувчи ва муҳаббатли инсон бўлганликларини кўрамиз. Биз ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб, оилани мустаҳкамлашга ҳаракат қилишимиз керак.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!
Islom.uz ва бошқа сайт маълумотлари асосида
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Тонг саҳар тўрт мучамизнинг соғ, оиламиз тинч, ташқарида ҳеч қандай хавфнинг хатарисиз уйғониш биз ҳар доим ҳам эътибор беравермайдиганимиз, шукрини адо этишни эсимиздан чиқарадиганимиз неъматлар сирасига киради. Гўё асли шундай бўлиши керакдек яшайверамиз. Яна бир тур неъматлар борки, бизнинг эътиборимиздан четда. Буларга сув, ҳаво каби биз қадрламайдиган, лекин булар бўлмаса, бир соат ҳам яшай олмайдиган эҳтиёжларимиз киради.
Бу неъматларнинг шукрини адо этмаслик, яъни қадрига етмаслик оқибати нималарга олиб келиши бугунги кунда намоён бўляпти. Пала-партиш фойдаланиш сабаб Орол денгизининг қуриши нафақат минтақамизнинг, балки бутун дунёнинг муаммосига айланиб улгурганига анча бўлди. Биз учун текинга бериб қўйилган бу бебаҳо неъматни қадрламаслик орқасидан бугун инсоният жиддий муаммолар қаршисида турибди. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида берилган неъматларни қадрлашни таъкидлаб, «Еб-ичинглар, аммо исроф қилманглар. Чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят), деб буюрди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган буюк саҳобалардан бири Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг сувни кўпроқ ишлатаётганини кўрдилар ва унга: «Ҳой Саъд! Бу қандай исрофгарчилик?!» дедилар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Таҳоратда ҳам исроф бўладими?» деди. У Аллоҳнинг ибодати учун таҳорат қилаётганда сувни сал кўпроқ ишлатиш исроф саналмаса керак, деб ўйлаган экан. Шунда у зот алайҳиссалом: «Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёнинг ёқасида бўлсанг ҳам», дедилар.
Биз эса «Сув – текин» деган тушунча билан бир пайтлар шаҳарларимиз, қишлоқларимиз, маҳаллаларимизда зилол сувга тўлиб оққан ариқ-анҳорларни қуритдик. Борларини чиқиндихонага айлантирдик. Оқибатда илгари одамлар бемалол ичаверган ариқ сувлари ҳозир ҳатто қўл ювишга ҳам ўйланиб қолинадиган ҳолга келди.
Яқин-яқингача пойтахтнинг шимоли-шарқ томонидан кўриниб, баҳри дилингизни очган, хуш кайфият бағишлаган пурвиқор тоғлар бугун кўринмай қолганига одамлар энди-энди аҳамият бера бошлашди. Дарахтларнинг камайиши, автоуловларнинг кўпайиши, мавжуд яшил ҳудудлар қисқариб, ўрнига режасиз қуриб ташланаётган уй-жой экологияга, она табиатга таъсир қилмай қолмади. Қалин чангли парда ортига яширинган тоғлар худди бизни ёрдамга чақираётган, вақтида чора кўрилмаса, оғир оқибатлар юзага келишидан огоҳлантираётгандек гўё.
Ва ачинарлиси бу оғир оқибатлар ўзини кўрсата бошлади. 60 йиллик тажрибага эга IQAir ташкилоти томонидан тайёрланган охирги йиллик ҳисоботда қайд этилишича, ҳавонинг ифлосланиши оқибатида бир йилда дунё бўйича 7 миллион аҳоли ҳаётдан бевақт кўз юммоқда, миллиардлаб инсон нафас йўллари касалликлари ҳамда бошқа оғир дардларга йўлиқмоқда. IQAir сайти маълумотларига кўра, 2023 йил якунлари бўйича тузилган рейтингга мувофиқ, Ўзбекистон 134 давлат орасида 23-ўринни банд этиб турганини жуда ачинарли. Рўйхатдаги ҳавоси энг ифлос учликни Бангладеш, Покистон ва Ҳиндистон эгаллаган (iqair.com/ru/world-most-polluted-countries).
Сурункали респиратор касалликларининг дунё бўйлаб тарқалиши ва бу жараёнларнинг асоратларини ўрганган бир гуруҳ британиялик олимлар инсон ўлимига сабаб бўлаётган бешта асосий омиллардан бири нафас олиш тизими касалликлар эканини маълум қилишди. Тиббиёт соҳасига оид янгиликларни ёритадиган «Тhe Lancet» нашри эълон қилган мақолада 1990–2019 йилларда нафас йўллари касалликларининг тарқалиши 39,8 фоизга, ушбу дардлардан вафот этганлар сони эса 28,5 фоизга ошгани айтилган. Бронхиал астма энг кўп тарқалаётган сурункали респиратор касаллик сифатида қайд этилган бўлиб, нафас йўлларининг касалланиши, биринчи навбатда, чекиш иллати, шунингдек, ҳавонинг ифлосланиши ҳамда саноат ишлаб чиқаришининг турли хилдаги салбий оқибатлари сабаб юзага келмоқда.
Юртимиздаги мактабларнинг бирида атроф-муҳитни асраб-авайлаш ҳамда бошқа ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, уларнинг олдини олишга бағишланган тадбирда бир ўқувчи йигит Она Ернинг одамларга қилган мурожаатини ўқиб берган эди. Сиз ҳам бу мурожаатга бир эътибор бериб кўринг-а:
«Эй одамзод, нималар қилиб қўйдинг, нималар қиляпсан! Тўхта! Бўлди! Етар энди. Дарахтларни кесиб, қанча ўрмонларни йўқ қилдинг, ҳавони, сувни булғатдинг. Кўлу дарёларни қуритдинг. Жуда қизиб кетдим. Яратилганимдан бери бунақа қизимаганман. Ҳаммаёғимни ёндириб, илма-тешик қилиб ташладинг-ку! Яна нима истайсан, одамзот?! Шаҳарларда тупроқ қолмади! Ҳаммаёқни тошдек бетон билан қоплаб ташладинг. Менинг сабрим чексиз эмас. Захираларим ҳам тугаб боряпти. Мени асрамасанг, эртага ўзинг қийналасан. Ўзингни бос. Тўхта. Атрофга қара! Ақл билан иш тутиб, менга озгина ёрдам бериб юборсанг, у ёғига ўзимни ўзим тиклаб оламан. Яхшиям Аллоҳ менга ўзимни ўзим совутиш қобилиятини берган. Лекин вазият шу зайлда давом этаверса, яъни табиат шу тарзда ифлослантирилаверса, тикланиш қобилиятим ҳам иш бермай қўйиши мумкин. Аввалги ҳолга қайтиши даргумону, лекин вазиятни яхши томонга ўзгартириш мумкин. Яхши инсонлар ҳали бор бу дунёда. Ҳаммангиз бирлашсангиз, қўлингиздан кўп нарса келади, Худо хоҳласа».
Ўсмир йигитнинг бу мурожаати ҳар биримизга кўзингизни очинг, вақт борида имкониятларни ишга солинг, деяётгандек гўё...
Аллоҳ ҳеч бир нарсани бекор яратмаган. Ҳар бир ўсимликнинг, ҳар бир жониворнинг вазифаси бор. Шунингдек, уларнинг мавжудлиги, яшаши бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Бу занжирни узиш мумкин эмас. Бордию ҳайвонот ёки наботот оламининг бир вакили йўқ қилинса, бунинг оқибати қачондир барибир сезилиши аниқ.
Аччиқ ҳақиқат шуки, бор табиатдаги, яъни атроф-муҳитдаги кўпгина ресурслар йўқотиб бўлинган. Аммо ўша нарсаларнинг кўпини тиклаш, қайтариш мумкин. Ўз навбатида, борини сақлаб қолиш ҳам жуда муҳим. Шундай экан, Аллоҳ берган буюк неъматлар – сув, тупроқ, ҳаво, ўсимликлару жониворларга бўлган муносабатимизни ўзгартирайлик, азизлар. Зеро, биздан кейинги авлод ҳам озод ва обод юртда яшашга ҳақли.
«Ҳилол» журнали 8(65)-сонидан