Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Июн, 2025   |   26 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
22 Июн, 2025, 26 Зулҳижжа, 1446

Мўминаларга ибрат мўминалар: Исро ва меърож мўжизаси содир бўлган хонадон соҳибаси

04.11.2019   20037   6 min.
Мўминаларга ибрат мўминалар: Исро ва меърож мўжизаси содир бўлган хонадон соҳибаси

Умму Ҳоний – исмлари Фаҳитадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Абу Толибнинг қизи бўлиб, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг опасидир. Исмлари хусусида турли ривоятлар мавжуд. Масалан: Ҳинд, Атиқа ёки Фотима каби исмларни келтирган ровийлари ҳам бор. Аммо, энг машҳур бўлгани Фаҳитадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир неча ёш кичик бўлган. Ахлоқ ва фаросатда беназир аёл бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оналари Омина онамизнинг вафотидан сўнг Ҳадича бинти Ҳувайлид розияллоҳу анҳога уйлангунларига қадар амакилари Абу Толибнинг уйида яшадилар.

Бу йиллар давомида ўзларини Абу Толиб оиласининг бир аъзосидек кўрар, асло ёлғизликни ҳис этмасдилар. У пайтда Фаҳита кичкина бир қиз эди.

Вақт ўтиб Фаҳита вояга етди. Қавми ичида мавқеи улуғ, сўзини ўтказа оладиган, Маҳзум ўғилларининг энг кўзга кўринган кишиларидан бири Ҳубайра ибн Ваҳб, Фаҳитани сўраб келганида Абу Толиб розилик билдирди. Фаҳита Ҳубайрадан икром ва эҳтиром кўрди. Унинг ҳимоясида бахтиёр ҳаёт кечирди.

Орадан бир қанча вақт ўтиб. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий нозил бўлди. Аҳли оиласини, қариндошларини ва қавмини Исломга даъват этди. Бир қисми унга ишонди ва тўғри йўлни топди, бир қисми ишонмади ва кофир бўлди. Ҳубайра адашганлар орасида эди. Мушриклар иймон келтирмайгина қолмай, зулм ва жафо билан, Исломнинг ёйилипшга тўсқинлик қилардилар. Аммо, Ҳубайра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўрталаридаги қариндошликка риоя қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсиятларига ҳурмат кўрсатар эди. Дастлаб, Фаҳита ҳам эрига эргашиб, Исломга кирмади.

Лекин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган мўжизалардан бири “исро ва меърож” воқеаси айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Ҳонийнинг уйида меҳмон бўлиб содир бўлди. Умму Ҳоний бу кеча ҳақида шундай ҳикоя қилади:

“Исро воқеаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг уйимда меҳмон эканликларида бўлди. Бу кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтон намозини ўқиб, ухладилар. Биз ҳам ухлаётган эдик. Эрта билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни уйғотдилар ва:

— Эй Умму Ҳоний! Кўрганингдек хуфтон намозини ҳам бу ерда ўқидим. Ҳозир ҳам сизнинг ёнингизда бомдод намозини адо қилдим, — дея таъкидладилар. Сўнгра уйдан чиқиш учун ўрниларидан турдилар. Мен кетмасин деб, ридоларининг бир учини тутдим. Қоринлари кўринди. Кўйлаклари Мисрда тўқилган, катандан қилинган оҳорли кўйлакка ўхшар эди.

— Эй Аллоҳниш пайғамбари, буни инсонларга айтманг. Сизни ёлғончига чиқариб, азият беришади, — дедим.

— Аллоҳга қасамки, бу воқеани уларга айтаман, — дедилар. Шунда мен бир ҳабаш жориямга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кузатиб бор. Инсонларга нима ҳақида гапирганларини ва уларнинг жавобларнин эшит”, дедим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг олдимиздан чиқиб, бошқа кишиларга ҳам бизга айтган гапларини айтдилар. Кўпчилик ўзини йўқотиб қўйди ва:

— Буни қандай исботлайсан, эй Муҳаммад. Биз бундай нарса ҳақида ҳеч эшитмаганмиз, — дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам :

— Далил шуки, мен фалон водийда, фалон кишиларнинг карвонига дуч келдим. Уларнинг туялари бир ҳайвондан ҳуркиб, қочиб кетган экан. Мен уларга туялари турган жойни кўрсатдим. Бу мен Шомда бўлган пайтимда юз берган эди. Сўнгра йўлимда давом этдим. Макка яқинидаги Тихома деган жойда Дажнон тоғига дуч келганимда фалон-фалон кишиларнинт карвонига тўқнаш келдим. Улар ухлаб ётардилар. Сув солинган бир идишлари бор эди. Устига бир нарса ўралганди. Ёпкични олиб, ичидаги сувни ичдим. Кейин қандай бўлса, шундай қилиб устини ўрадим. Ҳозир эса уларнинг қофиласи Макка яқинида, Танъим йўлидаги Байзо тепалигидан тушяпти. Олдинда рангги қорага мойилроқ кулранг туя бор. Туянинг устида бири қора, бошқаси оқиш иккита ҳарор* бор, — дедилар.

Бу гапни эшитганлар дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган йўлга югурдилар. Илк кўрганлари туя бўлди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тасвирлаганларидек кўринишда эди. Кейин карвондан идишни сўрадилар. Улар идишда сув тўла бўлганини, сўнг устини ўраб қўйганларини, уйғонганларида эса ичида сув қолмаганини тасдиқладилар.

Маккага қайтганларида бошқа карвонни ҳам учратдилар. Берилган саволга улар ҳам: “Тўғри сўзлабди, валлоҳи, у айтган водийда туямиз ҳуркиб қочди. Шунда бир овоз эшитдик. У овоз туямизнингг турган жойини айтди. У ерга бориб, туяни топдик”, дея жавоб бердилар”. 

Исро ва меърож мўжизаси ҳақида Аллоҳ таоло Ўзининг Каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот покдир. Албатта, У ўта эшитувчидир, кўриб турувчидир”(Исро сураси, 1-оят). 

Ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзини Ўзи поклаб ёд қилмоқда ва бандаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни исро қилдиргани, яъни кечанинг бир қисмида сайр қилдиргани ҳақида хабар бермоқда. Оятдаги “Ўз бандаси”дан мурод, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.

Ушбу ояти каримадаги “Масжидул Ҳаром” ибораси Маккаи Мукаррама шаҳри маъносида келган. Исро кечасида Пайғамбаримиз Каъбаи Муаззама атрофидаги масжидда эмас, шаҳарнинг бир тарафида жойлашган амакиларининг қизи Умму Ҳониънинг уйида ухлаб ётган эдилар.

“Масжидул Ақсо”дан мурод Шоми Шарифдаги Байтул Мақдисдир. “Ақсо” сўзи “узоқ”, “чет” маъноларини билдиради. “Масжид” эса “ибодатхона”, “саждагоҳ” деган маъноларни англатиши ҳаммага маълум. Ўша пайтда Байтул Мақдис Маккаи Мукаррамага нисбатан узоқ ва энг четдаги ибодатхона ҳисобланар эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ уни “Масжидул Ақсо” деб номлади. Аллоҳ таоло Масжидул Ақсонинг атрофини баракали қилиб қўйганини ҳам айтмоқда.

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Машина ҳайдашнинг 9 одоби

04.10.2024   14898   4 min.
Машина ҳайдашнинг 9 одоби

1. Автомобилни бошқариш бўйича етарли малакага эга бўлгандагина ҳайдаш керак.

Чунки машина ҳайдашни мукаммал ўрганмай туриб, йўлга чиқиш одамларнинг ҳаёти ва мулкига зарар етказишга олиб келади.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васаллам: “Зарар бериш ҳам зарар кўриш ҳам йўқдур”, дедилар (Ибн Можа, Дориқутний ва бошқалар ривояти).

Ислом ҳар қандай кўринишдаги зулмни ҳаром қилган. Инсонларнинг туғилишидан то ўлимигача ва ҳатто вафотидан кейин ҳам зарар этказишдан қайтаради.

 

2. Мунтазам равишда машинага эътибор бериш, ҳайдашдан олдин текшириш лозим.

Аллоҳ таоло: “...ғофиллардан бўлма” (Аъроф сураси, 205-оят), “Сўнгра, ўша кунда, албатта, берилган неъматлардан сўраласиз” (Такаасур сураси, 8-оят) деб марҳамат қилган.

Инсон завқланадиган: озиқ-овқат, ичимлик, кийим-кечак, турар жой, машина, соғлик каби неъматларнинг ҳар бири учун Қиёмат кунида жавоб беради.

 

3. Хавфсизлик камарини тақиш талаб этилади.

Албатта, ҳар бир иш Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан бўлади. Аллоҳ энг яхши сақлагувчи ва У раҳмлиларнинг энг раҳмлисидир. Бироқ, динимиз сабаб ўлароқ аввало хавфсизлик чораларини кўришни, кейин Аллоҳга таваккул қилишни буюради. Тажрибаларда хавфсизлик камари бахтсиз ҳодиса пайтида ҳалокатнинг даржасини енгиллаштириши ва ҳайдовчини даҳшатли тўқнашувдан ҳимоя қилиши кўп кузатилган.

 

4. Инсон қадр-қимматининг улуғлигини унутмаслик.

Бу эса ҳайдовчини ҳайдашда жуда эҳтиёт бўлишга чақиради, Аллоҳ таоло Ўз китобида таъкидлаганидек, “Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади” (Моида сураси, 32-оят).

 

5. Рухсат этилган даражадаги тезликка риоя қилиш.

Белгиланган тезлик меъёрига риоя қилмаслик бахтсиз ҳодисалар ва офатларга, кўп ҳолатларда ўлимга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бундан қайтаради: “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳимлидир” (Нисо сураси, 29-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шошмаслик Аллоҳдандир ва шошқалоқлик шайтондандир”, деганлар

 

6. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш ва уларни бузмаслик.

Ҳатто йўл бўш бўлса ҳам сабрсизлик қилмаслик, шошилмаслик лозим. Озгина сабр қилмаслик ўлим ёки оғир жароҳатни келтириб чиқариши мумкин. Инсон ўз табиатига кўра сабрсиз ва ҳамма нарсани тезда амалга оширишни хоҳлайди. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Инсон шошқалоқ ўлароқ яратилгандир” (Анбиё сураси, 37-оят), “Инсон шошқалоқ бўлгандир” (Исро сураси, 11-оят).

 

7. Эътиборни чалғитадиган нарсалар билан машғул бўлмаслик. Масалан, мобил телефондан тез-тез фойдаланиш, баланд овозда мусиқа эшитиш ва ҳоказо.

Британиялик психолог ва профессор доктор Саймон Мурнинг ўтказган тадқиқотига кўра, тез ва баланд ритмли қўшиқлар ҳайдовчини қўшиқ ритмига мос келадиган тезликни оширишга сабаб бўлади.

 

8. Уйқусираб ёки узоқ вақт уйқусиз қолганда машина ҳайдамаслик.

 

9. Автомобилни қўйиш учун тўғри жой танлаш, чунки йўл ҳаммага тегишли. “Ва тажовузкор бўлманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкор бўлганларни хуш кўрмас” (Бақара сураси, 190-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам: “Ким бир қарич ерни зулм қилиб олса, Аллоҳ унга қиёмат куни бўйнига етти қават ерни осиб қўяди”, деганлар (Имом Муслим. Имом Аҳмад. Абу Яъло. Абу Авона. Имом Ҳоким. Байҳақий).

Аллоҳ таоло йўлларимизни равон ва бехатар қилсин. Биздан бошқаларга ва ўзгалардан бизга озор етишидан Ўзи асрасин.

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Мақолалар