"25 йил аввал бизнинг диний идорамиз таъсис этилган вақтда унинг таркибида 40 жамоа бўлган бўлса, уларнинг сони бугунги кунда икки мингтага етди". Бу ҳақда Россия мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий, шайх Равил Гайнутдин ташкилотнинг Москва шаҳрида бўлиб ўтаётган ҳисобот-сайлов анжуманида маълум қилди.
Унинг айтишича, бугунги кунда диний идора раҳбарлиги остида 400 дан ортиқ масжидлар, мусулмон маданият марказлари, намозхоналар ва ўқув билим юртлари қурилди, қайтарилди, реставрация қилинди, очилди ва жиҳозланди.
“Биргина Москва шаҳридаги мусулмонларнинг сони икки ярим миллиондан ошди, Москва вилояти ва Санкт-Петербургда камида бир миллион диндошларимиз яшайди. Екатеринбург, Пермь, Тюмень, Омск, Ростов шаҳарларида юз минглаб мусулмонлар бор. 2014 йилдаги охирги анжуманимиздан кейин 50 га яқин масжидлар, мусулмон маданият марказлари, намозхоналар очилди. Бу муддат ичида идорамиз томонидан 126 та янги диний ташкилотлар қайд этилди, ҳудудий мухтасибатлар кўринишидаги 14 та янги марказлаштирилган диний ташкилотлар таъсис этилди”, - дейди Равил Гайнутдин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик шодиёналарига саноқли кунлар қолди. Айём арафасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам туҳфалари етказиб бериляпти.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида имом-домлалар, ҳомийлар пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Исломобод" масжидида йиғилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар филиали ҳамда ҳомийлар кўмагида тайёрланган озиқ-овқатлар жамланмаси, ширинликлардан иборат эҳсонлар билан хонадонларга кириб борилди.
Кўнгли ўксик инсонлар байрам туҳфаларини олиб, азиз юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигига яна бир карра амин бўлишди.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул қилсин. Савобларини кўпайтириб берсин!
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати