Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Август, 2026   |   1 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:02
Қуёш
05:31
Пешин
12:28
Аср
17:21
Шом
19:28
Хуфтон
20:54
Bismillah
14 Август, 2026, 1 Рабиъул аввал, 1448

ИНСОННИНГ ШАЪНИ ҚОНИ КАБИ ҲАРОМДИР

18.09.2019   6461   5 min.
ИНСОННИНГ ШАЪНИ ҚОНИ КАБИ ҲАРОМДИР

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

Инсоният тарихидаги энг буюк ва энг афзал ҳаж деб эътироф этилган Видолашув ҳажида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга омматан сўнгги бор бир қанча долзарб ва муҳим масалаларни ва қонун-қоидаларни баён қилганлар. Айнан мана шу ҳаж мавсумида Арафот тоғида “Бугун Мен сизларга динингизни мукаммал қилиб бердим, неъматимни тўкис қилдим ва сизларга Исломни дин бўлиб қолишига рози бўлдим” ояти ҳам нозил бўлган эди. Бу мақолада бировнинг обрўсини тўкиш, шаънини ерга уришнинг ёмон иллат эканлиги масаласига алоҳида эътибор қаратмоқчимиз. Ушбу маънони ифодалаб келган ҳадислар бир қанча саҳоба разияллоҳу анҳумлар томонидан ривоят қилинган бўлиб мутавотирлик даражасига етган. Қуйида келадиган ҳадиси шариф ўша Видолашув ҳажида айтиб ўтилган:

 

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ خَطَبَ النَّاسَ يَوْمَ النَّحْرِ فَقَالَ: يَا أَيُّهَا النَّاسُ أَيُّ يَوْمٍ هَذَا؟ قَالُوا: يَوْمٌ حَرَامٌ قَالَ: فَأَيُّ بَلَدٍ هَذَا؟ قَالُوا: بَلَدٌ حَرَامٌ، قَالَ: فَأَيُّ شَهْرٍ هَذَا؟ قَالُوا: شَهْرٌ حَرَامٌ، قَالَ: فَإِنَّ دِمَاءَكُمْ وَأَمْوَالَكُمْ وَأَعْرَاضَكُمْ عَلَيْكُمْ حَرَامٌ كَحُرْمَةِ يَوْمِكُمْ هَذَا فِي بَلَدِكُمْ هَذَا فِي شَهْرِكُمْ هَذَا فَأَعَادَهَا مِرَارًا ثُمَّ رَفَعَ رَأْسَهُ فَقَالَ: اللَّهُمَّ هَلْ بَلَّغْتُ اللَّهُمَّ هَلْ بَلَّغْتُ. قَالَ ابْنُ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا فَوَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ إِنَّهَا لَوَصِيَّتُهُ إِلَى أُمَّتِهِ فَلْيُبْلِغِ الشَّاهِدُ الْغَائِبَ لاَ تَرْجِعُوا بَعْدِي كُفَّارًا يَضْرِبُ بَعْضُكُمْ رِقَابَ بَعْضٍ.

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик куни одамларга мурожаат қилиб “Эй одамлар, бугун қандай кун” дедилар, улар (уруш қилиш, ножўя ишларни қилиш) ҳаром қилинган кун дейишди. “Унда, бу қандай юрт” дедилар, улар (уруш қилиш, ножўя ишларни қилиш) ҳаром қилинган юрт дейишди. “Ундай бўлса, бу ой қанақа ой” дедилар, улар (уруш қилиш, ножўя ишларни қилиш) ҳаром қилинган ой дедилар. Шунда у зот “Сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз мана шу юртда, мана шу ойда мана шу кун (уруш ва ножўя ишларни қилиш) қандай ҳаром бўлса худди шундай ҳаромдир” деб уни бир неча маротаба такрорладилар, сўнг бошларини кўтариб “Эй Аллоҳ, етказа олдимми, эй Аллоҳ, етказа олдимми?! Унда ҳозир бўлганлар йўқларга етказсин, мендан кейин бир-бирларингизни бўйнига қилич солиб кофирликка қайтиб кетманглар” дедилар. Шунда Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо “Жоним қўлида бўлган зот ҳаққи бу у зотнинг умматларига васиятлари бўлди-ёв”, деди.

Ҳадиси шарифдан энг долзарб саналган қуйидаги учта ибрат олинади:

Бировнинг қонини тўкишни ҳаромлиги;

Бировнинг молига тажовуз қилишни ҳаромлиги;

Бировнинг обрўсини тўкиб, оёқ-ости қилишни ҳаромлиги.

Ушбу сўзларни у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар гавжум бўлган бир қанча ўринларда – Арафот, Мино ва ташриқ кунлари яна Минода туриб такрор-такрор айтганлар. Уламолар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзларни такрор-такрор айтганларини ўзи ҳам мазкур ишларнинг ҳаромлигини кўрсатиб турибди деганлар.

Ҳақиқатан, кишини обрўсини тўкиш ёки тўкишга бўлган уриниш Ислом динида қаттиқ қораланган бўлиб, унинг оқибати одамлар ўртасида келишмовчилик, парокандалик ва фитна-фасод ишларнинг содир бўлишига олиб келади. Бу нарса эса Қуръони каримнинг бир қанча оятларида ҳам қораланган.

Жумладан, Ҳумаза сурасининг 1-оятида “Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига вайл бўлсин” дейилган. Демак, ояти каримадан ҳам кўриниб турибдики кишининг обрўсини тўкишга бўлган уриниш қаттиқ қораланади ва унинг охиратдаги иқоби ҳам шунга яраша бўлади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида “Жаброил мени осмонга олиб чиққанда бир қавмнинг олдидан ўтди, уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб у билан юзлари ва кўксларини тимдалар эди, дедилар. Шунда у зот “Эй Жаброил, булар кимлар?” деб сўраганларида, улар одамларнинг гўштини еб (яъни уларни ғийбат қилиб), обрўларини тўккан кимсалар” деб жавоб берди.

Ушбу ҳадис ҳамда юқоридаги оят ва ҳадислардан Динимизда инсоннинг шаъни, обрўси қанчалик қадрли эканлиги, уни тўкишнинг оқибати ёмон бўлиши кўриниб турибди.

Афсуски, кейинги пайтларда турли сайтлар ва ижтимоий тармоқларда кишиларнинг, хусусан, уламоларнинг обрўсини тушириб, шу орқали обрў орттиришга уриниш ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Бу ҳолат айни биз юқорида келтирган оят ва ҳадисларда қораланган бўлиб, ҳаром, жирканч ишлардир. Бировнинг обрўсини тўкувчиларнинг ҳолига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам вой бўлади.

Бундай оқибати хунук ишларни амалга ошираётганлар Аллоҳ таоло мукаррам қилиб яратган инсонни устидан кулиб, унинг обрўсини тўкишдек оғир гуноҳни содир этаётганларини, бунинг учун охиратда Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганда нима деб жавоб беришларини ўйласинлар.

Аллоҳ таоло барчамизни бировларнинг обрўсига тил теккизишдан тийилувчи, камтар, мусулмонларни яхши кўрувчилардан қилсин!

 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Навоийда ёш диний соҳа ходимлари билан мулоқот ўтказилди

07.08.2026   23782   1 min.
Навоийда ёш диний соҳа ходимлари билан мулоқот ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистон ёшлари — 2030” стратегияси ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилоятида ёш имом-хатиб ва имом-ноиблар иштирокида “Ёшлар билан бир кун” лойиҳаси ташкил этилди. 
 

Тадбирда Навоий вилояти бош имом-хатиби Темурхон домла Атоев иштирок этиб, ёш кадрлар билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказди.


Учрашув давомида диний соҳа ходимлари олдида турган бир қатор долзарб вазифалар муҳокама қилинди. Хусусан:

  • Ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш;

  • Устоз-шогирд анъаналарини янада мустаҳкамлаш;

  • Оилавий ажримларнинг олдини олишда диний-маърифий ёндашувларни кучайтириш;

  • Ёт ғоя ва бузғунчи оқимларга қарши илмий асосланган раддиялар бериш кўникмаларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.


Мазкур очиқ мулоқот ёш мутахассисларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш ва ўзаро тажриба алмашишлари учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Навоий вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Навоийда ёш диний соҳа ходимлари билан мулоқот ўтказилди Навоийда ёш диний соҳа ходимлари билан мулоқот ўтказилди
Ўзбекистон янгиликлари