Воқеамиз қаҳрамони “Ислом элчиси” лақабини олган Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳудир.
У Макканинг, Қурайшнинг асл йигитларидан бўлиб, Исломга илк кирган пешқадамлардан эди. Унинг куняси Абу Абдуллоҳ, тўлиқ исми Мусъаб ибн Умайр ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Абдуддор ибн Қусай ибн Килоб Қураший Абдарийдир. Бадр жангида қатнашгани учун Бадрий ҳам дейилади.
У Арқам ибн Абу Арқамнинг ҳовлисида Исломга кирди. Аммо буни қавми ва онасидан яширди. Онаси унинг мусулмон бўлганини билгач, уйга қамаб қўйди. Аммо Мусъаб ўз динидан воз кечмай, барча қийинчиликларга сабр қилди. Буни кўрган онаси уни уйидан чиқариб, оиладаги пулларни ишлатишдануни ман қилди.
Исломдан олдин у ўзининг ёқимли юзи, хушбичимлиги, гўзал муомаласи, қииммат либослари ва хушбўй атири билан барчадан ажралиб турарди. Ҳатто уни “Макка аҳлининг энг хушбўй йигити” дейишарди.
Исломга киргач, Маккада мусулмонларга тазйиқлар кучайганда у Ҳабашистонга кўчиб кетади. Кейинчалик Биринчи Ақаба байъатидан сўнг Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Мадинадаги мусулмонларга Исломни, Қуръонни таълим бериш учун юборадилар. Шу боис уни “Муқриъ” (Қуръон устози) ҳам дейилади. У сабабли Мадинадаги ансорларнинг улуғларидан бўлмиш Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу ҳамда Усайд ибн Хузайр розияллоҳу анҳулар Исломга киришади. Кейинги Ақаба байъатида Мусъаб розияллоҳу анҳу ансорлар билан бирга Маккага келади.
Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу Мадинага боргач, Ислом динини, Қуръонни ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ансорларга танитди, ўргатди. Бир йил ичида Мадина халқи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни соғиниб, кўзларида ёш билан кутадиган содиқ мўминларга айландилар. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг фазли эди. Мусъаб розияллоҳу анҳунинг даъвати, таълимоти сабаб бўлди.
Воқеамиз қаҳрамони Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Бадр ва Уҳуд ғазотларида иштирок этди. Уҳудда мусулмонларнинг байроқдори бўлиб, байроқни олдинги сафда кўтариб борди. Жангда мушриклар билан байроқни кўтарган ҳолда уришди.
Мушриклардан Ибн Қамиъа деган кимса унинг байроқ ушлаб турган ўнг қўлига қилич уради. Қўл узилиб тушгач, дарҳол байроқни нариги қўлига олади. Бояги мушрик бу қўлга ҳам қилич зарбасини беради. Бу қўл ҳам узилгач, байроқни қўлни тепа қисмлари билан бағрига босиб олади. Кейин мушрик унинг кўксига найза ургач, буюк саҳобий шаҳид бўлиб ерга йиқилади. Ўшанда у тахминан 40 ёшда эди.
Уруш тугагач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида саҳобалар шаҳид бўлган мусулмонларни излаб топишга киришадилар. Мусъаб розияллоҳу анҳунинг жасади устига келганларида икки олам сарвари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўзларидан ёш тўкила бошлайди. Мусъаб розияллоҳу анҳу Маккада бой, моддий томондан бекаму кўст эди. Уҳуд куни эса уни кафанлашга ҳатто мато топилмади. Устидаги кийими унга кафанлик бўлди. У билан бошини ёпилса, оёғи очилиб қолар, оёғини ёпилса, боши очилиб қоларди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом дини қандай вафодор ва фидокор инсонларни етиштирганини кўриб, кўзларига ёш олдилар. Кейин ўша мато билан бошини ёпишга, оёғини эса изхир деган ўсимлик билан беркитишга амр қилдилар.
Ҳа, у барча бойлигини Аллоҳ ва Расулининг розилиги учун Маккада қолдириб келган эди. Мусъаб вафот этар экан, ўзидан ҳеч нарса қолдирмади.
Бир куни Мусъаб розияллоҳу анҳу устига қўй терисидан ёпиниб олган ҳолида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томонга юриб келаётганида, уни кўрган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ қалбини мунаввар қилган бу кишига қаранглар! Мен уни ота-онаси энг яхши таомлар ва энг покиза ичимликлар билан боқаётганини кўргандим. Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлган муҳаббати уни сизлар кўриб турган шу ҳолатда юришга ундади” дедилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд куни шаҳид этилган Мусъаб розияллоҳу анҳунинг ёнидан ўтаётганларида, Аллоҳ таолонинг ушбу оятини тиловат қилдилар:
مِنَ الْمُؤْمِنِينَ رِجَالٌ صَدَقُوا مَا عَاهَدُوا اللَّهَ عَلَيْهِ فَمِنْهُم مَّن قَضَى نَحْبَهُ وَمِنْهُم مَّن يَنتَظِرُ وَمَا بَدَّلُوا تَبْدِيلاً
“Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан баъзилари ажалини топди. Баъзилари эса, интизор бўлиб турибди. Улар бирор нарсани алмаштирмадилар” (Аҳзоб сураси, 23-оят)
Мусъаб розияллоҳу анҳунинг аёли Ҳамна бинт Жаҳш бўлиб, мўминларнинг онаси Зайнаб бинт Жаҳш розияллоҳу анҳонинг сингиллари эди. У аёл ҳам ҳадис ривоят қилган, саҳобия аёлардан эди.
Аллоҳ таоло Ислом учун жонини берган, фидокорлик кўрсатган Мусъаб розияллоҳу анҳудан ва барча саҳобалардан рози бўлсин!
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Тасаввуф масаласи ҳам салафийлар томонидан қаттиқ танқидга олинган ва кўр-кўрона рад этиладиган мавзулардан биридир. Тасаввуф, тариқат, сулук, шайх, мурид ва шу каби атамаларни эшитишлари билан мавзуни инкор қилишга тушиб кетадилар. Лекин аслида ҳам шундайми?
Минг йиллардан бери Исломнинг руҳи бўлиб келган ва Ислом уммати оғишмай амал қилиб келаётган бу мавзу рад этилиши керакми?!
Тасаввуф – бу Аллоҳни таниш ва нафсни поклашни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илмдир. Тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, мавзусининг шарафи биландир.
Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билиш-таниш экан, у ўз-ўзидан исломий илмларнинг энг шарафлиси бўлади. Тасаввуф бизга нима қилсак, Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак, қалбимизда бўлишини истаганимиз “Аллоҳ севгиси” ҳосил бўлади, каби саволларга жавоб беради ва бу мақомга эришиш йўлларини ўргатади.
Тасаввуфга уламолар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Шайх Иброҳим ибн Муваллид Роққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг китобларида бу таърифларни юздан ошиғини жамлаган.
Шайх Муҳаммад ибн Али Қассоб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф бу – саодат асрида шарафли қавмнинг энг олийжаноб кишисидан содир бўлган энг гўзал хулқлардир”, деган.
Шайх Абу Муҳаммад Жаририй раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – ҳар бир гўзал хулқни олиш ва ҳар бир ёмон хулқни тарк қилишдир”, деди.
Шайх Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – гўзал хулқ билан бир маънода бўлиб, кимнинг хулқи сеникидан гўзал бўлса, тасаввуфи ҳам гўзалдир”, деган.
Шайх Абу Ҳафс Найсобурий раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – унинг барчаси одобдир. У ҳар бир вақт, ҳар бир ҳол ва ҳар бир мақомнинг одобидир”, деган.
Тасаввуф баъзи кишилар: “Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин пайдо бўлган бидъат, аввалги даврда бўлмаган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда “Тасаввуф” сўзи бирор марта зикр қилинмаган”, деб даъво қилаётганидек кейин пайдо бўлиб қолган бидъат илм эмас, балки у барча шаръий илмлар қатори Исломнинг аввалидан мавжуддир.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда “Тасаввуф” сўзини бирор марта келмагани уни исломий илм эмаслигига далил бўлмайди. Чунки бошқа исломий илмларнинг ҳам номлари Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган. Агар Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган нарсаларни инкор қилсак, жуда кўплаб нарсалардан воз кечишимизга тўғри келади.
Тасаввуф Исломнинг аввалги асрларидан бери мавжуд бўлиб, у ҳам бошқа исломий илмлар қатори Қуръон ва суннатдан олинган. Бунга Қуръон, ҳадис ва тобеинларнинг сўзларида далиллар бор. Аввал айтганимиздек тасаввуфнинг асосий вазифаси инсоннинг нафсини тарбиялаш, гуноҳлардан поклаш ва ботиний амалларини тартибга солишдир.
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 120-оятида бундай марҳамат қилган:
﴿وَذَرُوا ظَاهِرَ الْإِثْمِ وَبَاطِنَهُ﴾
“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!”.
Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бу ояти каримани тафсир қилиб: “Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган. Махфий гуноҳдан қалб билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган” деган.
Зоҳирий аъзолар билан қилинадиган гуноҳларни тарк қилишни ва унга бериладиган жазоларни фиқҳ фани ўргатса, қалб касалликларини даволашни айнан тасаввуф ўргатади. Бошқа ояти каримада шундай дейилади:
﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا﴾
“Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди” (Шамс сураси, 9-оят).
Дарҳақиқат, инсон охиратда ютуққа эришиши учун, жаҳаннам оловидан омонда бўлиши учун бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳ ва қалб касалликларидан ўзини поклаши керак.
Аллоҳ таоло бу ояти карималарда бандаларини куфр, ширк ва гуноҳлардан ўзларини поклашга буюрмоқда. Мана шу поклашни ўргатадиган фанни “Тасаввуф” деб номлаш инсонлар орасида урф бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тасаввуф эҳсон деб номланган. “Жаброил ҳадиси” деб номланган машҳур ҳадиси шарифда “эҳсон” айни тасаввуф экани намоён бўлди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлига қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
“Менга иймон ҳақида хабар бер”, деди.
“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди.
“Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деди у.
“Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
“Менга Соат (қиёмат)дан хабар бер”, деди.
“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, дедилар.
“Унинг аломатларидан хабар бер”, деди.
“Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:
“Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?” дедилар.
“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедим.
“Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда диннинг асллари иймон, Ислом, эҳсон, зоҳирий ва ботиний амалларни ислоҳ қилиш ва охират куни ҳақида ва буларнинг барчаси дин эканлигини хабари берилмоқда.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган “Ислом”ни фиқҳ илми ўргатади. “Иймон” қисмини ақоид илми ўргатади. Бизнинг мавзумизга бевосита боғлиқ бўлган “эҳсон” қисмини эса тасаввуф илми ўргатади ва бу ҳадиси шарифда бунга амалий намуна ҳам бор.
Жаброил алайҳиссалом: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
Тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири ҳам банда қилаётган ҳар бир ибодатида, амалида Аллоҳ уни кўриб турганини ва бу амалига қиёмат куни албатта савол-жавоб бўлишини қалбан ҳис қилдиришдир.
“Тасаввуф” сўзи Исломнинг дастлабки асрида ишлатилмаган бўлса-да, кейинги даврларда “сўфий” сўзи ишлатилганини кузатишимиз мумкин.
Уламолар мутавотир ҳадиснинг қандай бўлиши ва шартларини баён қилиб айтадиларки “Мутавотир ҳадис – унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади”.
Шундай экан, тасаввуф илми ҳам иккинчи асрдан (тобеинлар асридан) то шу кунгача минглаб шариатимиз пешволари орқали ҳам нақлан, ҳам амалан мутавотир ҳолатда бизгача етиб келган. Шунинг ўзи ҳам тасаввуф илмининг шаръий илм эканига етарли далил бўлади.
Машҳур муҳаддис олим, Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Суҳбатларимиз ва таълим-тарбиямиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳиҳ ва машҳур санад билан етиб борган тариқат одобидир”, деган.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси