Лочин – лочинсимонлар оиласининг марказий ва энг катта тури бўлиб, йирик йиртқич қушдир.
Лочиннинг илмий номи falco бўлиб, лотинча falx сўзидан олинган, маъноси “ўроқ”дир. Лочин парвоз вақтида қанотлари шакли ўроққа ўхшагани учун шундай аталган.
Лочинларнинг бугунгача фанга 58 тури маълум бўлган. Мазкур турлар бир неча оилаларга ҳам бўлинади. Лочинлар ташқи кўриниши чиройли қушдир.
Улар Антарктидадан ташқари бутун дунё бўйлаб тарқалган. Улар очиқ жойларда, ўрмон ва пасттекисликларда яшайди. Шунингдек, уларни жарлик ва қояларда ҳам учратиш мумкин. Агар одамларнинг хавфи бўлмаса, шаҳарларга яқин жойларда ҳам яшаши мумкин.
Лочин бир-бирига ёрдамлашадиган қуш бўлиб, ҳеч бахиллик қилмайди. Турдошларини ҳимоя қилади. Баъзи давлатлар лочинни ўзларига рамз қилиб олганлар. Лочинлар таълим олиш қобилиятига эга бўлиб, агар устози ундан розилигини сезса, ўзини жуда хурсанд ҳис этади. Лочинлар зулмга, алдовга асло рози бўлмас экан. Урғочилари билан жуда эътиборли ва мулойим муносабатда бўлар экан. Жуфтига рашкчи, болаларига ғамхўр экан.
Овчилик усулига ва ташқи хусусиятларига кўра, барча турдаги зотларни уч гуруҳга бўлиш мумкин: қирғий, жиғолтой ва лочин. Бундан ташқари шунқор, турумтой, ўрмон лочини, кулаётган лочин ва митти лочинлар ҳам бор.
Қирғий – лочинсимонлар оиласининг турларидан бири бўлиб, танасининг юқори қисми тўқ жигарранг бўлади. Эркаги билан урғочиси ўртасида сезиларли даражада фарқ бўлади. Улар асосан қуруқликдаги ҳайвонлар: судралувчилар, ҳашаротлар ва кемирувчилар билан озиқланади.


Қирғийлар Янги Зеландия, Янги Гвинея, Янги Каледония, Мадагаскар, Маврикий ва Сейшал оролларида, Австралия, Америка ва Евроосиёнинг дашт ва чала чўлларида ҳамда Африка мамлакатларида яшайди.
Жиғолтой – қирғийдан каттароқ бўлиб, майда қушлар билан озиқланади.

Жиғолтой Ўрта Ер денгизидаги оролларда, Япония, Индонезия, Курил ороллари, Сахалин ороли, Янги Гвинея, Австралия, Африка мамлакатларидан Тунис, Жазоирда, Атлантика уммони соҳилларида, Арабистон яримороли, Финляндия, Норвегия ва Швеция давлатларида учрайди.
Сапсан лочини дунёдаги энг кенг тарқалган йиртқич қушдир. У ўлжасига катта баландликдан тик ҳужум қилади. Унинг панжалари шу қадар ўткирки, ҳатто йирикроқ ҳайвон бошини танасидан узиб олиши мумкин.

Лочиннинг қорин қисмида горизонтал чизиқлар мавжуд.
Лочинларнинг жуфтлашиш маросимлари парвоз шаклида ўтиб, бунда эркак ва урғочи лочинлар бир-бирининг тирноқларини ушлаб олиб, пастга шўнғишлари ва тахминан 10 метргача тушишлари мумкин. Бундан ташқари эркак лочин урғочисига тумшуғида совға беради.
Бу лочин ўзига хос “устун” каби вертикал қўнишни амалга ошира олади ва узун учли қанотлари билан ажралиб туради.

Сапсанлар кўчманчи бўлиб, умри давомида Африка, Америка, Осиё ва Европага ташриф буюради.
Сапсан лочин ер шари ҳайвонот дунёсининг энг тезкор вакили бўлиб, ов пайтида унинг тезлиги соатига 322 километргача етади. Ўлжа учун тик шўнғишларни амалга оширади.
Лочинлар табиат санитарлари бўлиб, кемирувчиларга қирон келтиради. Улар сайёрамиздаги табиий мувозанатни сақлаш учун жуда муҳимдир. Масалан, бу қушлар кўплаб ўсимликларга зарарли таъсир кўрсатадиган сичқонлар ва бошқа кемирувчиларни овлашади.
Шунингдек улар зарарли қушларнинг сонини, масалан, қарғалар ва қарғасимонларни тартибга солишда хизмат қилади. Қарғаларнинг зарари шундаки, улар бошқа қушларнинг инларини бузиб, тухумларини еб қўйишади.
Кичикроқ турдаги лочинлар эса асалариларга ҳужум қилувчи олтинранг ари еювчисини овлашади.
Шунқорлар – лочинларнинг йирик туридир. Шунқорларнинг урғочиси эркагидан йирикроқ бўлиб, 2 килограммга етади. Эркаги эса ундан икки баробар кичик. Қанотларининг узунлиги 120-135 сантиметр, танасининг ҳажми эса 60 сантиметргача етади.

Шунқор шимолий минтақаларда кенгроқ тарқалган бўлиб, кўпинча уммон бўйларида, тундрада, қоялар бағрида яшайди.
Шунқорлар дунёнинг кўпгина мамлакатларида овчиликда ишлатилади.
Турумтой – лочинлар оиласига мансуб қуш бўлиб, танасининг узунлиги 80 сантиметр, нарининг усти кулранг, қорни сарғиш, модасининг усти қўнғир тусда бўлади. Улар асосан майда қушлар билан, камдан кам ҳолларда кемирувчилар ва ҳашаротлар билан озиқланади.
Ўрмон лочинларининг қорни йўл-йўл чизиқлар билан қопланган бўлиб, уларининг узунлиги 30-38 сантиметр, массаси 150-200 грамм келади.

Улар Марказий ва Жанубий Американинг нам тропик минтақаларида яшаб, дарахтларнинг ковагига, қоя ёриқларига ин қуради.
Кулаётган лочин – лочинларнинг бир тури бўлиб, тана узунлиги 45-50 см, қанот узунлиги 25-30 см, қанотларини ёйганда 79-95 см, оғирлиги 400-650 грамм келади. Боши катта бўлиб, ҳақиқий лочинлар каби тик қўнади. Қанотлари ва орқасининг ранги тўқ жигарранг бўлиб, думи қиррали ва йўлли, кўзи ва бошининг орқа қисмидан қора рангда “ниқоб” ўтган.

Ушбу лочинлар узоқ ритмик қичқиргани учун одамнинг баланд овозда кулишига ўхшайди.
Кулаётган лочин илонлар, баъзан заҳарлилари билан, шунингдек, калтакесаклар билан озиқланади.
Ушбу лочин Амазония ўрмонларида, Мексиканинг жанубидан Уругвай ва Аргентина шимолигача бўлган ҳудудларда истиқомат қилади.
Шимолий Ҳиндистон ва Жануби Шарқий Хитойдан Филиппин, Малай архипелагигача бўлган Жануби Шарқий Осиёнинг тропик ўрмонларида митти лочинлар яшайди.
Дунёдаги энг кичик лочин бу – Маврикий қирғийсидир. Уларнинг сони ўрмонларни кесилиши оқибатида камайиб бормоқда. Бугунги кунда табиатда ушбу ноёб турдаги қирғийларнинг 2 жуфти мавжуд.
Митти лочинлар дунёдаги энг йиртқич қушлар бўлиб, уларнинг ўлчамлари 19 сантиметрдан ошмайди.
Йирик лочинлар ов учун махсус ўргатилади. Овчи лочин ўлжани тутиб, ўлдириб, кейин эгасини кутиб туради.
Ўлжа овлаш, озуқаланиш бўйича лочин сайёрадаги энг ақлли ва моҳир қушдир.
Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, барча қуруқликдаги қушларнинг бешдан бир қисми лочинларнинг ўлжасига айланар экан.
Баъзи мамлакатлар аэропортида самолёт қўнадиган йўлаклардаги турли қушлар галасини ҳайдашда лочинлардан фойдаланилади.
Лочинлар шу қадар тез учишадики, бурунларига кираётган ҳаво уларнинг саломатлигига салбий таъсир этмаслиги учун Аллоҳ таоло уларнинг бурун бўшлиғи олд қисмига суяк найчаларни жойлаштириб қўйган. Бунинг натижасида ҳаво оқими бошқа томонга йўналади.
Баъзи лочинларнинг эркак ва урғочиси ташқи кўринишидан бир-биридан деярли фарқ қилмайди.
Лочинлар ҳам бургутлар каби урғочисини бир марта танлаб, умр бўйи ўша билан яшайди. Лочинлар деярли бошқа қушлар қурган инларда яшамайди.
Ҳар бир лочиннинг ўз ҳудуди бор бўлиб, у ерда оиласи билан яшайди, наслни тарбия қилади.
Лочинларнинг асосий душмани – инсондир. Одамлар дала ва боғларини кемирувчилардан сақлаш учун заҳарли моддалар сепадилар. Ўша кемирувчиларни овлаган лочинларнинг ошқозонига ҳам мазкур заҳарли модда киради. Қадимги рус давлатида лочинлар бошқа давлат раҳбарларига бериладиган қимматбаҳо совға ҳисобланган. Лочин Бирлашган Араб Амирликлари, Қирғизистон ва Исландия гербида тасвирланган.

Лочинлар одамларга ов қилишда ёрдам беради, қўй подаларига яқинлашаётган йиртқичларни қувади, боғ ва далалардаги зараркунанда кемирувчи ва қушларни ҳайдайди.
Аллоҳ таоло жонзотларни яратиб, уларнинг яшаши учун мос шароитни ато этган. Лочинлар ҳавода парвоз қила туриб, ерда кетаётган қуён, сичқон, каламуш кабиларни кўриб, уларга ҳужум қилади. Тахминан ўн қаватли бино баландлигидан ердаги қуённи кўриш учун жуда ўткир кўз соҳиби бўлиш керак. Аллоҳ таоло лочин, бургут каби йиртқич қушларнинг кўриш қобилиятини ана шундай ўткир қилиб қўйган.
Ҳа, азизлар, Роббимиз Меҳрибон ва Ҳакимдир! У ҳар бир нарсани ҳикмат билан яратган ва уларнинг қулай яшаши учун керакли муҳитни ато қилган!
Мақоламизни ушбу оятлар билан якунлаймиз:
قَالَ فَمَن رَّبُّكُمَا يَا مُوسَى قَالَ رَبُّنَا الَّذِي أَعْطَى كُلَّ شَيْءٍ خَلْقَهُ ثُمَّ هَدَى
“У: “Эй Мусо, икковингизнинг Роббингиз ким?” деди. У: “Бизнинг Роббимиз ҳар нарсага ўз яратилишини берган ҳамда уни ҳидоятга солган зотдир”, деди” (Тоҳа сураси, 49-50-оятлар).
Аллоҳ таоло барчамизни тафаккур қилувчилардан ва бунинг натижасида илм-маърифати ошиб, иймонининг нури зиёда бўладиганлардан қилсин! Омин!
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, хабар бермоқда iccu.uz.
Ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи, унинг илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида яхлит ва таъсирчан тарзда намоён этилган. Ташриф давомида Самир Пол Капур исломгача бўлган давр цивилизацияларидан тортиб, Янги Ўзбекистон даврига қадар бўлган тарихий жараёнларни акс эттирувчи галереялар, буюк алломаларнинг илмий-маърифий мероси, ноёб қўлёзмалар, муқаддас ёдгорликлар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозициялар билан яқиндан танишди.
Меҳмон экспозицияларнинг мазмунан изчиллиги ва тарихий жараёнларни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда намоён этиш усулига алоҳида эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бу ерда музей экспонатлари орқали ўтмиш ҳақида маълумот олиш билан чекланиб қолмай, тарихий даврлар руҳини ҳис қилиш, улар ўртасидаги боғлиқликни англаш имкони ҳам мавжуд.
Самир Пол Капур ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:
«Бу муҳташам маскан. Ислом тарихи ва маданиятининг асрлар давомидаги тараққиёти билан яқиндан танишиш мен учун унутилмас тажриба бўлди. Бу ерда тарихни шунчаки китоб саҳифалари орқали эмас, балки ўз кўзингиз билан кўрасиз, уни ҳис қиласиз ва гўё ўша даврларнинг ичида бўласиз. Шу боис ушбу ноёб масканни барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ёшларга ҳам бу ерга келишни албатта тавсия қиламан. Чунки бу маскан нафақат тарихни ўрганиш, балки ўтмиш билан келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш имконини беради. Мен учун энг эсда қоларли лаҳзалардан бири Қуръони каримга бағишланган голографик намойиш бўлди. У менда катта таассурот ва ҳаяжон уйғотди.
Менимча, бу даргоҳ ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон бу ерга ташриф буюриб, ана шу бой ва бебаҳо мерос билан шахсан танишиши лозим».
Пол Капурнинг фикрича, Марказнинг аҳамияти унинг тарихий меросни намоён этиш билангина чекланмайди. Ушбу маскан ёш авлод учун ўтмиш сабоқларини англаш, илм-фан ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги ўрнини ҳис этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш учун ҳам муҳим маънавий-маърифий майдон вазифасини ўтайди.
Ташриф якунида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ислом цивилизацияси марказидан олган таассуротлари юксак эканини қайд этиб, ушбу маскан бой тарихий меросни замонавий музей технологиялари ва таъсирчан тақдимот усуллари орқали жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати