“Муҳаммаднинг аёллари фақат қиз дунё келтиради”. Қурайш мушриклари орасида шундай миш-мишлар тарқалди. Уларнинг бундай гапиришларига чуқур маъно ва юксак ғоядан, илоҳий ҳикматдан бехабарликлари сабаб эди. Зеро, улар жоҳилият аҳли бўлиб, амаллари ҳам шунга яраша бўларди. Аллоҳ таоло Қурайш мушрикларининг қиз фарзандга нисбатан нафратини қоралаб Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Қачон бировларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазабга тўлиб, юзлари қорайиб кетар. Ва у (қизни) хўрлаган ҳолида олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг (яъни, қиз кўршннинг) «ёлғон»лигидан (номус қилиб) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ бўлингизким, улар энг ёмон ҳукм чиқарурлар” (Наҳл, 58— 59).
Мушриклар ботил сўзлар билан овора бўлиб юрган пайт, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яна бир гўзал, ой юзли қизлари дунёга келди. Бундай сифатлари сабабли отаси чақалоққа Умму Гулсум (розияллоҳу анҳо) деб исм қўйди.
Қиз ўсиб-улғайгач, опаси Руқайя розияллоҳу анҳо билан бирга Абу Лаҳабнинг ўғилларидан бирига узатилди. Бироқ ҳар иккиси ҳам у хонадонда узоқ яшай олмадилар. Куръони каримда “Икки қўли ҳалок бўлсин, ҳалок!” дея ланънатланган Абу Лаҳабнинг хотини билан яшаш азобидан қутулдилар.
Синовлар ичра қолган опа-сингиллар.
Мусулмонлар, мушрикларининг озорлари кўпайгани сабаб Хабашистонга кўчиб ўтганларида Умму Гулсум ва Фотима розияллоҳу анҳолар ҳижрат қилмай, Маккада, оталари ёнида қолдилар. Опа-сингил оналари Ҳазрати Ҳадича розияллоҳу анҳонинг дардларига шерик бўлдилар, оталарига мушриклар томонидан бўлаётган азият ва ёмонликлар ғамини енгиллатишга ҳаракат қилдилар.
Умму Гулсум розияллоҳу анҳо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан қилинган зулм ва исканжаларнинг, одамларни ҳақ йўлга даъват этишдаги жуда оғир машаққатларнинг гувоҳи бўлди.
Курайш мушрикларининг зўравонлиги кундан-кунга ортиб борди. Ҳатто улар Бану Ҳошим уруғи ва мусулмонлар билан алоқаларни бутунлай узиш ҳақида қарор қабул қилиб, мазкур қарорни Каъбага осиб кўйдилар.
Умму Гулсум жуда оғир изтроб ичра қолди. Отаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммат дарди ила қайғуда... Опаси Зайнаб розияллоҳу анҳо эри Абул Ос билан Маккада бўлсаларда, ёрдамга муҳтож, қийин аҳволда. Яна бир опаси Руқайя розияллоҳу анҳо эса жуда олис манзилда, мусофир... Онаси уммул мўминин Ҳадича розияллоҳу анҳо оғир бетоб, синглиси Фотима розияллоҳу анҳо эса ҳали ёш, меҳрга, парваришга муҳтож...Бу ҳолатда Умму Гулсум розияллоҳу анҳо зиммасига жуда катта масъулият тушаётган эди. Барчасини тушунгани учун, сабр этди. У сабрининг мукофотини Аллоҳдан кутарди. Қўлидан келганича отасига ёрдам қилар, онасига ҳам:
— Хафа бўлманг, онажон! Ажабланадиган ҳеч нарса йўқ, - дея тасалли берар эди.
Ҳазрати Ҳадича розияллоҳу анҳо онамизнинг аҳволи жуда оғир эди. Азиз ва жалил Аллоҳга етадиган кунларини кута бошладилар. Орадан кўп вақт ўтмай, вафот этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизларини бағриларига босиб, тасалли бердилар. Умму Гулсум розияллоҳу анҳонинг масъулияти янада ошди. Зеро, энди у оиланинг меҳр-шафкат улашувчиси эди!
Мусулмонлар Мадинага ҳижрат килдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам улар билан бирга эдилар. Бу ҳижрат инсоният тарихидаги Аллоҳ йўлида қилинган энг буюк ҳижрат бўлди. Хавфсизликни кўзлаб, Умму Гулсум ва Фотима розияллоҳу анҳумолар, вактинча Маккада қолдирилди.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келгач, уларни олиб келиш учун Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни Маккага юбордилар. Опа-сингил йўлга чиқишдан олдин Ҳожунга бориб, оналарниннг қабрини зиёрат этдилар.
Ҳижратдан сўнг жуда буюк воқеаларга бой икки йил ўтди. Бу давр мобайнида Умму Гулсум розияллоҳу анҳо отаси ва мусулмонларнинг Бадрда эришган зафарига, қадрли опаси Руқайя розияллоҳу анҳонинг вафотига ҳам шоҳид бўлди.
Бир қун Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу жаҳллари чиққан ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига шикояг қилиб келди. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунинг сабабини сўраганларида, Ҳазрати Умар Абу Бакр ва Усмон розияллоҳу анҳуларга қизлари Ҳафса розияллоҳу анҳони никоҳларига олишни таклиф этганини, бироқ улар қабул этишмаганини айтди. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни тинчлантириб, хушнуд этдилар.
- Ҳафса Усмондан хайрлироғи билан, Усмон ҳам Ҳафсадан хайрлироғи билан турмуш қуради, — деб кўнглини кўтардилар.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳафса розияллоҳу анҳога уйландилар. Табиийки, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Усмон розияллоҳу анҳудан хайрилироқ эдилар. Сўнг Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуга:
- Сени Руқайянинг синглиси Умму Гулсумга уйлантираман. Агар қизларимдан бири вафот этсаю яна қизим бўлса, албатта сенга берар эдим, — деб марҳамат қилдилар.
Умму Гулсум розияллоҳу анҳо Руқайя розияллоҳу анҳога берилган миқдордаги маҳр билан Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуга никоҳланди.
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Болалар билан муомала қилиш услуби
Эрингизнинг ҳурматини жойга қўйинг!
Эркак кишининг оилада оила бошлиғи, ота сифатида ўз ўрни бўлмоғи лозим. Бунинг учун аёл киши турмуш ўртоғига нисбатан меҳр-муҳаббатли, айниқса, фарзандларининг олдида отанинг ҳурматини жойига қўймоғи керак. Солиҳа аёл ҳар қандай вақтда оталарининг буюк шахс эканини билдириб туради ва отани ҳурмат қилиш, уни яхши кўришда болаларига ўрнак бўлиб, амалий йўл кўрсатади. Фарзандларига отасининг гўзал хислатларини ўрнак сифатида айтиб беради. Онанинг фарзандига: “Мана шундай қилсанг отанг сендан хурсанд бўлади. Бундай қилмагин, дадангнинг жаҳллари чиқади. Дадангнинг сендан жаҳли чиқса, Аллоҳнинг ҳам ғазаби келади”, дея панд-насиҳатлар қилмоғи мақсадга мувофиқдир.
Арзимас бўлса ҳам ҳадялар беринг!
Фарзандингизга кичик бўлса-да, ҳадялар беринг. Байрам кунлари, бирор муваффақиятга эришганликлари муносабати билан, айниқса, ҳайит кунлари буни унутманг. Бу билан фарзандингизнинг сизга бўлган меҳр-муҳаббати, эътибори ортади, кайфияти кўтарилади, яхшиликлар сари интилади. Совғаларингиз ичида у қизиққан китоблар бўлса, ундан-да яхши.
Фарзандингизга қулоқ солинг!
Фарзандингиз боғчасида ёки мактабида нима бўлганини айтиб бериш учун олдингизга келса, унинг шаштини қайтарманг. Сўзларини диққат билан тингланг. У сиз билан ўзининг ҳис-туйғуларини бўлишмоқчи бўлади. Фарзандингизнинг муваффақиятларини рағбатлантиринг, агарда у имтиҳондан юқори баҳо олса, йилни аъло баҳоларга якунлаб, мақтов ёрлиғи билан тақдирланса, сиз ҳам фарзандингизни муносиб баҳоланг, ширин сўзларингиз билан уни янада илҳомлантиринг.
Фарзандларингиз билан ҳазиллашиб туринг!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар билан ҳазиллашар ва уларга меҳр кўрсатар эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам неваралари Ҳасайинни ўпдилар. У зотнинг олдиларида тамиймлик Ақро ибн Ҳобис ўтирган эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Менинг ўнта болам бор, улардан биронтасини ҳам ўпмаган эканман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Раҳм қилмаган кишига раҳм қилинмайди” [1], дедилар».
Набий алайҳиссалом болалар билан ҳазиллашар, уларнинг бошларини силар эдилар. Болалар эса у зотнинг тафтини, меҳрини ҳис қилишарди. Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан менинг бошимни силадилар ва: “Аллоҳ, Жаъфарга боласи учун ўринбосар бўл” [2], дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларнинг яноқларини силаганлари борасида “Саҳиҳи Муслим”да ривоят келтирилади. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқидим, кейин у зот уйларига чиқиб кетдилар, мен ҳам бирга қўшилиб олдим, йўлда иккита ёш бола у зотнинг қаршиларидан чиқди, ҳар бирининг яноқларини алоҳида-алоҳида силаб қўйдилар”.
Муовийя розияллоҳу анҳу: “Кимнинг кичик ёшдаги фарзанди бўлса, фарзанди билан муносабатда ўзини болалардек тутсин”, деганлар.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Муттафақун алайҳ.
[2] Имом Ҳоким ривояти.