بسم الله الرحمن الرحيم
الحَمْدُ للهِ الذِي أَحَلَّ البَيْعَ والشِّرَاءَ وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمَ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الَّذِي عَلَّمَ البَيْعَ وَحَذَّرَ عَنِ الرِّبَا، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ.
ҲАЛОЛ САВДО – БАРАКА ОМИЛИ
Муҳтарам жамоат! Яратганга шукрлар бўлсинки, ҳукуматимиз томонидан ишбилармон ва тадбиркорлар фаолияти учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Бунга биз фақат шукр қилишимиз ва ўзаро муомалаларимизда тўғри сўз ва ҳалол бўлишимиз даркор. Зеро, динимиз савдо-сотиқда ҳалол бўлишга тарғиб қилиб, ростгўй ва ҳалол савдогарларга юксак мартабаларни ваъда қилган. Жумладан, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда шундай деганлар:
"التَاجِرُ الصَّدُوقُ تَحْتَ ظِلِّ الْعَرْشِ یَوْمَ الْقِیَامَةِ" )رَوَاهُ الإمام الدیلمي عن أنس رضي االله عنه)
яъни: “Ростгўй савдогар Қиёмат кунида аршнинг соясидадир” (Имом Дайламий ривояти).
Яна бир машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
"التّاجِرُ الصّدُوقُ الأمِينُ، مَعَ النّبِيّينَ والصّدّيِقينَ والشّهَداءِ" (رَوَاهُ الإمام التِّرْمِذِيُّ عنْ أبي سَعِيدٍ رضي الله عنه).
яъни: “Ростгўй, омонатдор тижоратчи одам набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”, – дедилар (Имом Термизий ривояти).
Савдогар киши мана шундай улуғ мақомга эришиши учун ушбу касбнинг шаръий қоидаларига амал қилиши билан биргаликда ростгўйликни ўзига дастури амал қилиб олиши лозим.
Қуйида савдогар киши амал қилиши керак бўлган баъзи зарур қонун-қоидаларга тўхталиб ўтамиз:
Ростгўй бўлиш. Савдо молини ҳақиқий сифати, нави, жинси, тайёрланган жойи ва сарф-харажати ҳақидаги маълумотларда ёлғон ишлатмаслик даркор. Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам:
عَنِ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ رضي الله عنه قَالَ: أَتَانَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِلَى الْبَقِيعِ، فَقَالَ: "يَا مَعْشَرَ التُّجَّارِ" حَتَّى إِذَا اشْرَأَبُّوا، قَالَ: "إِنَّ التُّجَّارَ يُحْشَرُونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فُجَّارًا إِلَّا مَنِ اتَّقَى، وَبَرَّ، وَصَدَقَ "(رواه الإمام الترمذي)
яъни: Баро Ибн Озиб разияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Бақиъга келиб: “Эй, савдогарлар жамоаси!” – дедилар. Ҳамма у кишига қаради, шунда У Зот: “Албатта, савдогарлар Қиёмат кунида гуноҳкор бўлиб тириладилар, фақат Аллоҳдан қўрқиб, ишини тўғри қилиб ва рост сўзлаган савдогарлар бундан мустасно”, – дедилар (Имом Термизий ривояти).
Тарози, литр, метр, ҳажм ва донасидан уришнинг барчаси катта гуноҳлардан ҳисобланади.
Солиҳлардан бирлари айтадилар: “Бир беморни кўргани бордим. Ўлими яқинлашиб, оғир ҳолатда ётган эди. Унга ҳар қанча шаҳодат калимасини талқин қилсам ҳам, тили ҳеч айланмасди. Ўзига келгач: “Биродар шаҳодат калимасини бир мунча талқин қилсам ҳам тилингиз ҳеч айланмади”, – деб сўрадим. У бўлса: “Тарозининг палласи тилимни босиб гапиртирмай қўйди”, – деди. “Нега? тарозидан уриб қолармидингиз?” – деб сўрасам у: “Йўқ ундай эмас. Бироқ тарозини ўз вақтида тўғрилигини текшириб турмасдим”, – деб жавоб берди.
Тарозисини назорат қилиб текшириб турмаган, тўғрилигига эътибор бермаган кишининг ҳоли шу бўлса, уриб қоладиганларнинг аҳволи қандай бўларкан?
кенгфеъл бўлиш. Сотувчи аввало чиройли муомалада бўлиши, фойдасини инсоф билан қўйиши, имкон қадар айтган нархидан ўтиб бериши, олувчи ҳам ўз навбатида маҳсулотни пастга урмай олиши мақсадга мувофиқдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
"رَحِمَ اللَّهُ رَجُلاً سَمْحًا إِذَا بَاعَ، وَإِذَا اشْتَرَى، وَإِذَا اقْتَضَى" (رواه الإمام البخاري عَنْ جَابِرِ رضي الله عنه)
яъни: “Сотганда, сотиб олганда ва ҳақини талаб қилганда бағрикенг бўлган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоят қилганлар).
Ҳалолдан топиб, ҳаромдан сақланиш. Савдогар фақат ҳалолдан топиб, молига шубҳали ва ҳаром нарсаларни аралаштирмайди. Шунингдек, шариатимиз рухсат бермаган олди-соттилар билан шуғулланмаслиги керак.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мол-дунёни гўзал йўл билан талаб қилиш ҳақида шундай марҳамат қилганлар:
"يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا اللهَ وَأَجْمِلُوا فِي الطَّلَبِ، فَإِنَّ نَفْسًا لَنْ تَمُوتَ حَتَّى تَسْتَوْفِيَ رِزْقَهَا وَإِنْ أَبْطَأَ عَنْهَا، فَاتَّقُوا اللهَ وَأَجْمِلُوا فِي الطَّلَبِ، خُذُوا مَا حَلَّ وَدَعُوا مَا حَرُمَ" (رواه الإمام ابن ماجه).
яъни: “Эй, одамлар! Аллоҳдан қўрқинг ва мол-дунёни гўзал йўл билан талаб қилинг! Ҳар бир инсон ўзининг ризқини мукаммал олмагунча, жони узилмайди. Унга белгиланган ризқ бироз кечикиши мумкин, аммо барибир келади. Шунинг учун Аллоҳдан қўрқинг ва мол-дунё талаб қилишда гўзал йўлни танланг! Ҳалолини олинг, ҳаромини тарк қилинг!” (Имом Ибн Можа ривояти).
Демак, ҳадиси шарифдан маълум бўлмоқдаки, киши ризқи учун ҳаром йўлларга кирса ҳам, Аллоҳ таоло унга ёзган ризқ-насибасидан ортиғини қўлга кирита олмайди. Шундай экан, ҳар биримиз фақат Аллоҳ рози бўладиган йўл билан ризқ-насибамизни топишга ҳаракат қилишимиз зарур.
Хайр-эҳсонни кўп қилиб туриш. Савдогар савдо мобайнида ўзи билмаган ҳолатда камчилик ва нуқсонларга йўл қўйиши мумкин. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам савдогарларни хайру эҳсон қилиб туришига буюрганлар:
"يَا مَعْشَرَ التُّجَّارِ إِنَّ الْبَيْعَ يَحْضُرُهُ اللَّغْوُ وَالْحَلِفُ، فَشُوبُوهُ بِالصَّدَقَةِ"
(رواه الإمام الترمذي والإمام أبو داود عَنْ قَيْسِ بْنِ أَبِي غَرَزَةَ).
яъни: “Эй, савдогарлар жамоаси! Албатта, савдога беҳуда гаплар ва қасам аралашиши мумкин. Шундай экан, савдони садақа билан бирга олиб боринглар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилганлар).
Харидор камбағал бўлса, унга ёрдам бериш ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
مَنْ أَنْظَرَ مُعْسِراً أَوْ وَضَعَ عَنْهُ أَظَلَّهُ اللَّهُ فِي ظِلِّهِ (رواه الإمام مسلم عن أبي اليسر رضي الله عنه).
яъни: “Ким (савдода) камбағалга муҳлат берса ёки ундан (озми, кўпми) кечса, (Қиёмат куни) Аллоҳ таоло уни Ўз соясида соялантиради” (Имом Муслим ривояти).
Савдо билан машғул бўлиб, ибодатга бепарво бўлмаслик. Савдогар киши савдо билан шуғулланиши билан биргаликда мусулмонлик бурчларини ҳам унутмаслиги лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган:
رِجَالٌ لَا تُلْهِيهِمْ تِجَارَةٌ وَلَا بَيْعٌ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَإِقَامِ الصَّلَاةِ وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ يَخَافُونَ يَوْمًا تَتَقَلَّبُ فِيهِ الْقُلُوبُ وَالْأَبْصَارُ
яъни: “Кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан, намозни баркамол адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган кун (қиёмат)дан қўрқурлар” (Нур сураси, 37-оят).
Улуғ зотларнинг биридан: “Обид устунроқми ёки омонатдор савдогарми?” – деб сўралганида, бундай жавоб берган эканлар: “Омонатдор савдогар устун. Чунки, молни сотиш ёки олиш пайтида шайтон уни тарозидан уриб қолишга ундайди, у бунинг аксини қилиб, шайтондан устун келади”.
Тижорат аҳли ўзларига Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни ва саҳоба разияллоҳу анҳумларни намуна қилиб олишлари керак. Уларнинг ичида тириклигидаёқ жаннат башорат қилинган Абдураҳмон ибн Авф каби беҳисоб мол-мулкка эга бўлган тижоратчилар ҳам бўлганлиги, лекин тижорат уларни Аллоҳнинг зикри ва ибодатидан тўсмаганлигини билишлари ҳам зарур.
Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида савдо-сотиққа оид баъзи масалаларни айтиб ўтамиз:
Эҳтикор (монополия) – озиқ-овқат ёки ем-хашак маҳсулотларини сотиб олиб, одамларга зарар бўладиган даражада сақлаб, сотмасдан туришдир. Бу ишни катта гуноҳлиги ҳақида Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таомни қирқ кеча эҳтикор қилса, батаҳқиқ, у Аллоҳдан воз кечган, Аллоҳ ундан воз кечган бўлади”, – деганлар (Имом Аҳмад ва Имом Ҳоким ривоятлари).
Уламоларимиз: “киши ўзи етиштирган нарсасини ушлаб туриши эҳтикорга кирмайди”, – деганлар.
Иқола – савдони бекор қилиш. Масалан, киши бир нарсани сотиб олганидан кейин, қиммат сотиб олгани учун ёки тўлашга пул топа олмаётгани учун ёҳуд ундан ҳам зарурроқ ишлари борлиги эсига тушиб қолиб, сотиб олганига пушаймон бўлиб, сотувчидан савдони бекор қилишни сўраса, сотувчи жанжал-тўполонсиз, бағрикенглик билан молни олиб, тўланган пулни қайтарса, сотувчи жуда ҳам катта савоб ва беқиёс ёрдам қилган бўлади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким (савдоси сабабидан) надомат чекаётган кишини савдосини бекор қилса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни унинг хатоларини авф қилади”, – деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Сотиб олган молни қўлга олишдан аввал сотиш жоиз эмаслиги. Мусулмон савдогар тижорат молини ҳали қўлига олмай туриб, бошқага сотиши жоиз эмас. Чунки, ҳадисда бундай қилишдан қайтарилган:
Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам таомни қўлга олмасдан олдин уни сотишдан қайтарганлар”. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу яна шундай қўшимча қилдилар: “Бошқа нарсаларни ҳам таом каби деб биламан” (Муттафақун алайҳ).
“Савдо молини қўлга олиб, ўзиники қилиб олмай туриб, сотувчига ҳам бошқасига ҳам уни сотиш жоиз бўлмайди” (“Мабсут” китоби).
Бозорга киришдан олдин сотиб олмаслик. Баъзида деҳқонлар етиштирган молларини бозорга олиб кирмасларидан ва бозордаги нарх қанчалигини билишларидан олдин савдогарлар уларни йўлларини тўсиб, арзон гаровга сотиб олиб, кейин бозорда қиммат баҳога сотадилар. Бу иш – ҳам деҳқонга ва ҳам халққа зарардир! Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай савдодан қайтарганлар: Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, у зот айтадилар: “Биз бозорга мол олиб келаётганларнинг йўлига чиқиб, таомларини сотиб олар эдик. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизни улар таом бозорига етиб бормагунича, улардан нарса сотиб олишимиздан қайтардилар” (Имом Бухорий ривояти).
Афсуски, бу ҳолат бизни кўп бозорларимизда учрайди. Жумладан, ҳайвон бозорларида ҳам жуда авж олган.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, баъзи тўрт мучаси соғ “эркак”лар аёлини маҳрамсиз савдо учун сафарларга жўнатиб, ўзи уйида болаларига қараб ўтирмоқда. Бундай савдо мутлақо мусулмончиликка тўғри келмайди. Бу ҳолат – динимиз азиз қилган аёлларни хорлаш ҳисобланади. Аллоҳ бундай “эркак”ларга тавфиқ берсин!
Аллоҳ таоло барча савдогар ва тадбиркорларимизга ростгўйлик, ҳалол ишлаш, ҳаромдан узоқ бўлиш, ўз касбу кори билан юртни обод қилиш ва икки дунё саодатига эришиш бахтини насиб қилсин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШ – ОҒИР ГУНОҲ” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مُغَفَّلٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «نَفَقَةُ الرَّجُلِ عَلَى عِيَالِهِ صَدَقَةٌ».
Абдуллоҳ ибн Муғаффалдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг аҳли аёлига қилган нафақаси садақадир», дедилар.
Шарҳ: Дарҳақиқат, аҳли аёлга нафақа қилиш садақадир. Чунки бунда киши вожиб ибодатни адо этади. Зотан, шариат ҳукми бўйича аҳли аёлнинг нафақаси вожибдир. Бу Аллоҳ таолонинг амридир. Шариатда кўрсатилган амални Аллоҳнинг амрини бажариш нияти билан қилиш Аллоҳ таолонинг йўлида қилинган иш бўлади. Шунинг учун ўз аҳли аёлимга берсам, садақанинг савобидан маҳрум бўламан, деган тушунча нотўғридир. Аксинча, яхши ният билан, шариатнинг буйруғини, Аллоҳ таолонинг ҳукмини адо этяпман, аҳли аёлимнинг нафақаси менга вожибдир, шуни ҳалолдан адо этаман, деб ҳаракат қилган киши аҳлининг нафақаси туфайли улуғ ажрларга эришади.
عَنِ الْحَسَنِ يَرْفَعُ الْحَدِيثَ قَالَ: «إِذَا أَنْفَقَ الرَّجُلُ عَلَى أَهْلِهِ مِنْ غَيْرِ إِسْرَافٍ وَلَا إِقْتَارٍ كَانَتْ نَفَقَتُهُ بِمَنْزِلَةِ النَّفَقَةِ فِي سَبِيلِ اللهِ».
Ҳасандан ривоят қилинади: «Киши аҳли аёлига исроф ҳам қилмай, жуда сиқиб ҳам қўймай нафақа қилса, Аллоҳнинг йўлидаги нафақа ўрнида бўлади».
Шарҳ: Аҳли аёлга, яъни қарамоғидагиларга қилинган нафақада исроф қилиш ҳам, хасислик қилиш ҳам дуруст эмас. Балки ўртача, бир меъёрда нафақа қилиб бориш Аллоҳнинг йўлидаги нафақа бўлади.
Аҳли аёлнинг нафақасида исрофга йўл қўйиш барча ҳолатлардаги исроф каби ношаръий иш ҳисобланади. Шу билан бирга, бу иш аҳли аёлнинг ҳаддидан ошишига, одобсизликларга қўл уришига сабаб бўлиб қолиши ҳам мумкин.
Аҳли аёлнинг нафақасини сиқиб қўйиш бахилликнинг ёрқин намунасидир. Бу нафақадаги кишиларнинг ҳаққини поймол қилишдир.
Барча иш ва ҳолатлардаги каби, бу ишда ҳам ўртача бўлиш маъқул. Зотан, динимиз васатийлик – ўртача йўл тутиш динидир.
Аллоҳ таоло Фурқон сурасида айтади: «Инфоқ қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, бу иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар» (67-оят).
Араб тилида «инфоқ» – «нафақа» иборалари мол-пул сарфлаш маъносини англатади. Бизда «бировга садақа қилиш», «эҳсон қилиш» маъносида ишлатиш одат тусига кириб қолганлиги оятни нотўғри тушунишга, хайр-эҳсон, садақа қилганда мўътадил бўлиши кераг-у, бошқа вақтларда нима қилса, ўзи билади, деган хаёлга олиб келмаслиги лозим.
Мусулмон киши мол-пул сарфлашда доимо мўътадил бўлиши керак. Мол-дунёни ҳеч қачон исроф ҳам қилмаслиги ва ҳаддан ташқари хасис бўлиб, зарур жойга ва керакли миқдорда сарфлашдан бош тортмаслиги ҳам керак.
Исломда шахсий мулкчиликка кенг йўл очиб қўйилган. Шу билан бирга, кишиларга шахсий мулкларини ҳавойи нафсларига биноан тасарруф қилишларига ҳам йўл қўйилмайди. Аввало, бу мулкни гуноҳ ишларга, ҳаром-ҳаришга ишлатиш ман қилинган.
Шунингдек, мол-мулкни беҳуда сарфлашга «исроф» деган номни бериб, мусулмонлар исрофдан қайтарилган. Мол-мулкини беҳуда, ноўрин сарфлайдиган одам «сафийҳ» – эси паст дейилади. Ким сафийҳ бўлса, маҳкаманинг ҳукми ила унинг мол-мулки музлатиб қўйилади. Керак бўлганида, маълум миқдори берилади, қолгани сақлаб турилади.
Шу билан бирга, ўта хасис одамга қарши чора ҳам кўрилади. Бола-чақасидан, нафақасидагилардан қисиб, уларга ҳақлари даражасида сарф қилмаса, маҳкама уларнинг ҳақларини олиб беради.
Исрофгарчилик ва хасисликни танқид этиб, қораловчи кўплаб ҳадислар келган.
عَنْ أَبِي الْمُخَارِقِ قَالَ: خَرَجَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي غَزَوةِ تَبُوكَ فَطَلَعَتْ نَاقَتُهُ، فَقَامَ عَلَيْهَا سَرِيعًا، فَمَرَّ بِهِ رَجُلٌ، فَقَالَ لَهُ بَعْضُ أَصْحَابِهِ: مَا رَأَيْنَا كَالْيَوْمِ رَجُلًا أَجْلَدَ وَلَا أَقْوَى لَوْ كَانَ فِي سَبِيلِ اللهِ. فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنْ كَانَ يَسْعَى عَلَى صِبْيَةٍ صِغَارٍ فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَإِنْ كَانَ يَسْعَى عَلَى وَالِدَيْهِ فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَإِنْ كَانَ يَسْعَى عَلَى نَفْسِهِ لِيُغْنِيَهَا فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَإِنْ كَانَ يَسْعَى رِيَاءً وَسُمْعَةً فَهُوَ لِلشَّيْطَانِ».
Абул Мухориқдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотига чиқдилар. Туялари келиб қолди. Унга тезда миндилар. Шунда олдиларидан бир киши ўтиб қолди. Ҳамма ўша кишига қаради. Шунда саҳобалардан бири у зотга: «Бугунгига ўхшаш бақувват, чапдаст одамни ҳеч кўрмаган эдик. Қани энди у Аллоҳнинг йўлида бўлса», деди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар у ўзининг кичик болалари учун уринаётган бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у ота-онасига яхшилик қилиш учун уринаётган бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у ўзининг беҳожатлиги учун уринаётган бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар риё ва хўжакўрсин учун уринаётган бўлса, шайтоннинг йўлидадир», дедилар».
Шарҳ: Демак, мўмин-мусулмонлар риёкорликдан, хўжакўрсинчиликдан, фалончи гапиради, пистончи кулади, фалончини қойил қилиб қўяй, каби банданинг риоясини қилишдан мутлақо узоқ бўлишлари, ҳазир бўлишлари керак. Балки ҳар бир ишни соф ният билан, шариатда кўрсатилганидек, Аллоҳ таолодан савоб умидида адо этиш лозим экан. Шунда ҳам ҳожати раво бўлади, ҳам мурод-мақсадига етиб, бошқаларни хурсанд қилади, энг муҳими, Аллоҳнинг йўлида амал қилган инсон даражасига кўтарилади.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Ўзининг кичик болалари учун уринаётган одам Аллоҳнинг йўлида уринаётган шахс экани.
2. Ота-онасига яхшилик қилиш учун уринаётган одам Аллоҳнинг йўлида уринаётган шахс экани.
3. Ўзининг беҳожатлиги учун уринаётган одам Аллоҳнинг йўлида уринаётган шахс экани.
4. Риё ва хўжакўрсин учун уринаётган одам шайтоннинг йўлида уринаётган шахс экани.
قَالَ شُعْبَةُ: فَقُلْتُ لِعَدِيٍّ: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ؟ فَقَالَ: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا أَنْفَقَ الرَّجُلُ عَلَى أَهْلِهِ نَفَقَةً يَحْتَسِبُهَا كَانَتْ لَهُ صَدَقَةً».
Шуъбадан ривоят қилинади:
«Адийга: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламданми?» дедим.
«Ҳа, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан. У зот: «Қачон киши аҳлига савоб умидида нафақа қилган бўлса, унинг учун садақадир», дедилар», деди».
Шарҳ: Аҳлига, қарамоғидагиларга савоб умидида, бу Аллоҳнинг ҳукми, шариатнинг буйруғи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари, бу менга вожиб, деган ниятда ва албатта, ҳалол-пок йўл билан топилган молдан қилинган нафақа садақа ўрнига ўтиб, улкан ажр-савобларга сабаб бўлиши шубҳасиз ҳақиқатдир.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз