Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга бир замон келадики, унда киши молни нимадан – ҳалолданми ё ҳаромдан олганига парво ҳам қилмайди», дедилар» (Имом Бухорий ва Насоий ривояти).
Бу ҳадиси шариф ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг катта мўъжизаларидан биридир. Ушбу ҳадиси шариф Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққан пайтда кўпчилик мусулмонлар молни ҳалол-ҳаромига қарамай олиш деган нарсани умуман хаёлларига ҳам келтира олишмас эди. Чунки мусулмонман, деган одам фақат ҳалол нарсани олиши, ҳаромдан ҳазар қилиши керак. Бу нарса асри саодатдаги мусулмонларнинг фикри-зикри, бутун вужудига сингиб кетган эди.
Аммо асрлар ўтиб, кишилар Исломдан, иймондан узоқлаша боргач охир-оқибат ҳалол билан ҳаромни фарқ қилмайдиган ҳолатга етишди. Кишилар ҳалолни қўйиб ҳаромга ўзини урадиган бўлишди. Мол-дунё тўплаш йўлида ҳар қандай ҳаромдан, жирканчликдан, пасткашликдан тап торт¬майдиган бўлишди. Ҳаттоки, ҳалол бўлишга уринган кишини девоналикда, ақлсизликда айблайдиган даражага етишди. Шундай қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисда айтган гаплари юзага чиқди.
Аслида эса инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган нарсалардан бири ҳам ҳалол-ҳаромни фарқлашдир. Дуч келган нарсани суруштирмай ўзиники ҳисоблаб, ундан фойдаланишга ўтиш ҳайвонга хосдир. Инсон эса бу нарса ҳалолми, ҳаромми, яъни, фойдалими, фойдасизми, ўзиникими, ўзганикими, буни сўраб- суриштиради. Мусулмон киши эса ҳар бир нарса шариат рухсат берган тарзда бўлиши кераклигини тўлиқ тушунган ва масъулиятни сезган ҳолда, ҳар бир ҳаром нарса катта гуноҳ бўлишига эътиқод қилиб яшайди.
Ислом ақидаси бўйича шариатда ҳаром ҳисобланган нарсани ҳалол санаш кофирликдир. Ҳаромни ҳаром билиб туриб, ундан ҳазар қилмаслик эса, гуноҳи азимдир. Шунинг учун мусулмон киши нима ҳалол, нима ҳаром эканини яхшилаб билиб олиши ва ҳалол касбни ихтиёр қилиши керак.
Мусулмон кишига бирор таом тақдим қилинса, ҳадя берилса ёки у бирор нарсани сотиб олмоқчи бўлса, у нарсанинг ҳалол ёки ҳаромлигини сўраб-суриштириб олсин. Чунки бундоқ нарсалар вазиятга қараб гоҳида вожиб, гоҳида ҳаром, гоҳида мандуб ва гоҳида макруҳ бўлади, дейишади уламоларимиз.
Демак, сўраб-суриштириш шубҳага боғлиқ. Бир одам ҳаром мол топиш гуноҳ эканини англаб етди. Қўлида ҳаром аралашган мол бор, бу ҳолда нима қилади? Уламоларимиз бундай ҳолда қуйидагиларни маслаҳат берадилар:
«Агар ҳаром молнинг жинси ва миқдори аниқ бўлса, ўша аниқ жинс ва миқдорни чиқаради. Агар аниқ бўлмаса, ғолиб чамасига кўра ажратса ҳам бўлади. Аммо кўнгли равшан бўладиган даражада ишонч билан чиқарса, яна ҳам яхши.
Кейин ўша молнинг эгасини ёки унинг меросхўрини топиб қайтариб беради. Агар у молнинг муайян эгаси бўлмаса ёки топилмаса, садақа қилади ёки мусулмонлар оммасига фойда келтирадиган нарсаларга ишлатилади».
Ҳаромдан ҳазар қилиш мусулмонларнинг асосий фазилатларидан бири бўлганидек, шубҳали нарсалардан ҳазар қилиш ҳам салафи солиҳларимизнинг одатлари бўлган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу шубҳали нарсадан бир луқма еб қўйиб, кейин уни қусиб юборганлари маълум ва машҳур.
Ривоятларда зикр қилинишича, Бишрул Хофий раҳматуллоҳи алайҳга оналари бир дона хурмо берганида еб туриб, кўчага чиқиб қайтиб қусиб юборган эканлар. Чунки ўша хурмо шубҳали бўлган. Онани хафа қилмаслик учун ейилган, сўнг тақво юзасидан қусилган.
Иббон ибн Абу Аффош розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Анас розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтганлар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: Эй Аллоҳнинг Расули, «мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг, дедим. У зот: «Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий ривояти).
Анас розияллоҳу анҳу доимо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини ихлос билан қилиб юрганларидан баъзи вақтларда ушбу ривоятдагига ўхшаш нарсаларни у зотдан сўрашга журъат қилганлар. Албатта, у кишининг бу сафарги сўровлари катта саволлардан эди: «Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг». Ҳар банда учун дуоси қабул бўладиганлардан бўлиш улкан бахт. У ҳар бир мўмин-мусулмон банданинг энг улкан орзуларидан бири.
Албатта, бундоқ вақтда, одатда, Пайғамбар алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога дуо қилиб, Анас розияллоҳу анҳунинг дуоларини қабул қилинадиган этиб қўйишини сўрашлари хаёлга келади. Эҳтимол, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳам худди шу нарсани ирода қилган бўлсалар керак. Аммо Пайғамбаримиз алайҳиссалом фақат Анас розияллоҳу анҳунинг ўзига етадиган эмас, Қиёмат кунигача бутун Ислом умматига етадиган жавоб бердилар: «Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди», дедилар».
Охирги замон Пайғамбари, Роббил оламийннинг ҳабиби Муҳаммад Амин соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу жавоблари умумий қоида бўлиб қолди. Қайси замон, қайси маконда бўлишидан қатъи назар, ҳар бир мўмин-мусулмон дуоим қабул бўлсин деса, ҳалол касб қилсин, ейдиган луқмасини ҳалол қилсин. Ана ўшандагина дуоси қабул бўлади.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ушбу жавобларидаги: «Чунки бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди» деган жумлага алоҳида эътибор берайлик. Бундан жуда оз миқдордаги ҳаром нарса инсонга илашса ҳам унинг дуоси қабул бўлмаслиги келиб чиқади.
Бир луқма таом оз нарса, инсоннинг бир марта овқатланиши давомида ҳам бир луқма ҳеч нарсани ташкил қилмайди. Лекин сиз билан бизнинг назаримизда арзимаган бўлиб кўринган ўша бир луқма уни еган одамнинг дуосини қирқ кунгача қабул бўлмайдиган этиб қўяр экан. Эҳтимол, тановул қилинган ҳар бир таомнинг асари инсон жисмида қирқ кунгача турса керак.
Энди инсоф билан ўйлаб кўрайлик. Ҳаммамизнинг қилаётган касбимиз, топаётган молу мулкимизнинг бари ҳалолми? Ҳаммамизнинг тановул қилаётган ҳар бир луқмамиз ҳалолми?
Энди нима учун дуолар қабул бўлмаётганини, нима учун ишлар юришмаётганини тушуниб етган бўлсак керак?! Ушбу улуғ ҳадиси шарифга амал қилиб, касбимизни пок қилишимиз, бир луқма ҳам ҳаромни оғзимизга олмаслигимиз лозим. Икки дунёнинг бахт-саодати шундадир.
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти ўқув ишлари бўйича мудира ўринбосари в.б Вахидова Муаттар
Тарих далолат берадики, ҳар қандай жамиятнинг чинакам тараққиёти, миллатнинг истиқболи унинг маърифатли, соғлом ва шижоатли авлодига боғлиқ. Ислом дини таълимотида ҳам ёшлик даври инсон умрининг энг ғанимат, айни куч-қувват ва ғайратга тўлган фурсат сифатида қадрланади.
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан замонавий илмларга эга бўлган йигит-қизларимизнинг муваффақиятларини алоҳида эътироф этиш, уларга давлатимиз томонидан қаратилаётган алоҳида эътиборни бир эслаб ўтиш ўринлидир.
Дарҳақиқат, навқирон авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган эътибор тезда ўз меваларини бермоқда. Биргина 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари бўлган мактаб ўқувчилари 29 та халқаро илмий олимпиадаларда жами 210 та медални қўлга киритди. Ислом таълимоти инсониятга манфаат келтирувчи ҳар қандай фойдали илмни эгаллашга тарғиб қилишини англаган ёшлар аждодларимиз илмий меросини муносиб давом эттиришмоқда.
Иқтисодиёт ва замонавий касблар йўналишида ҳам ёшларга берилган имтиёзлар туб бурилиш ясади. Рақамли технологиялар асрида ёш дастурчи ва мутахассислар учун яратилган шароитлар туфайли 2026 йилнинг фақатгина биринчи чорагида (январь-март) IT Парк аъзолари томонидан кўрсатилган хизматлар экспорти ҳажми 191,8 миллион доллардан ошиб кетди. Бу – ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоизга кўп, дегани. Бугун минглаб йигит-қизлар ҳалол меҳнат билан глобал бозорга дастурий маҳсулотлар экспорт қилиб, нафақат ўз оиласи, балки юрт фаровонлигига ҳисса қўшмоқда.
Давлат томонидан ёшлар бандлиги ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида яратилган маҳаллабай тизим ҳам яхши самара бермоқда. Биргина ўтган йил давомида «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағлари ҳисобидан 330 мингдан зиёд йигит-қизга ижтимоий ва иқтисодий ёрдамлар кўрсатилди. Шу билан бирга, ижтимоий шериклик ва хайр-саховат анъаналаримиз асосида «Вақф» жамоат хайрия фонди томонидан ҳам кўплаб ижтимоий ҳимояга муҳтож, айниқса, боқувчисини йўқотган ва эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг таълим шартномалари тўлаб берилаётгани эътиборга молик. Бу — халқимизга хос бўлган ўзаро кўмак ва меҳр-оқибатнинг ёрқин ифодаси бўлиб, ёшларнинг илм олишига берилаётган кўмакдир.
Бутунжаҳон шахмат олимпиадаларида тарихий ғалабаларни қўлга киритиб, рейтингда етакчилик қилаётган ёш гроссмейстерларимиз, халқаро майдонларда юрт байроғини баланд кўтараётган чемпионларимиз ана шу ғамхўрлик ва рағбатнинг маҳсулини кўрсатмоқда.
Мамлакатимизда ташкил этилган Халқаро ислом академияси, ҳадис ва калом илми мактабларида ҳам кўплаб толиби илмлар диний-маърифий ва дунёвий фанларни омухта ҳолда ўзлаштириб, юртимиздан яқин келажакда яна буюк алломалар етишиб чиқишига замин яратмоқда.
Томирида Имом Бухорий, Ал-Хоразмий ва Мирзо Улуғбеклар қони оқаётган бугунги шижоатли авлоднинг саъй-ҳаракатлари юртимизни янада юксак чўққиларга олиб чиқишига ишонамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати