Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчиликлардаги бир гуруҳ уламолар аҳоли вакиллари билан мулоқотлар, намозхонлар билан учрашувлар ва жоме масжидларда мавъизалар қилмоқдалар. Бугун, Муфтий ҳазратлари Қўқон шаҳридаги “Зайнул Обидин” масжидига бориб, хуфтон намози аввалида мўмин-мусулмонларга мавъиза қилиб бердилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жамоатга юртимизда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, янги очилаётган масжид-мадрасалар, Қуръони карим курслари фаолияти, ҳаж-умра қилувчиларга кенг йўл берилаётганига шукрона келтириш кераклиги ҳақида сўзлаш баробарида Аллоҳ таолони рози қиладиган ва норози қиладиган амаллар ҳақида маъруза қилиб бердилар.
Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов ва бир гуруҳ таниқли уламолар Қўқон шаҳридаги марказий масжидларда пешин ва хуфтон намозларида жамоатга мазмунли суҳбат қилиб бердилар.
Қўқон сафари давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходими Ҳикматуллоҳ домла Абиевга падари бузрукворининг вафоти муносабати билан таъзия билдиради.
Аллоҳ таоло марҳумнинг барча солиҳ амалларини ҳусни қабул айласин, жаннати Фирдавсдан жой ато қилсин, раҳматига олсин.
Марҳумнинг аҳли байти ва яқинларига гўзал сабр, сабрларига ажрлар ато этсин. Мусибатлари ўрнини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун!
«Барчамиз Аллоҳникимиз ва барчамиз У Зотга қайтамиз».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси