بسم الله الرحمن الرحيم
ИЙДИ ҚУРБОН МУБОРАК!
Муҳтарам жамоат! Аввало Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин! Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, яна бизни шундай улуғ кунларга тинчлик-осойишталикда, соғ-саломатликда етказди! Бу кунда ҳамма, бою камбағал баробар хурсанд бўладиган кундир. Бу кунда Аллоҳ таолонинг кўплаб хайру баракаси ер юзидаги бандалари устига ёғилади. Зеро, мусулмонларнинг энг мўътабар байрамларидан бири Қурбон ҳайити нишонланмоқда.
Аллоҳ таоло бу кунда бизларни ҳайит намозини ўқишга, қурби етган кишиларни эса қурбонлик қилишга буюрган. Бу ҳақда Қуръони каримда бир неча ояти карималар нозил бўлган:
وَالْبُدْنَ جَعَلْنَاهَا لَكُمْ مِنْ شَعَائِرِ اللَّهِ لَكُمْ فِيهَا خَيْرٌ ... (سورة الحج/36)
яъни, “(Қурбон қилинадиган) туя ва сигирларни Биз сизлар учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик. Сизлар учун уларда яхшилик бордир” (Ҳаж сураси, 36-оят).
Яна бир ояти каримада шундай баён қилинган:
فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ (سورة الكوثر/2).
яъни: “Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг!” (Кавсар сураси, 2-оят). Ушбу ояти каримани олимларимиз қурбонликнинг вожиб эканлигига далолат қилади, деб тафсир қилишган.
Фуқаҳоларимиз қурбонликни таърифлаб, “Қурбонлик бу – махсус ҳайвонни махсус вақтда сўйишдир”, – деганлар. Қурбонликни тарихи Иброҳим алайҳиссаломга боғлиқ бўлиб, қуйида шу ҳақда қисқача тўхталиб ўтамиз:
Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни жуда яхши кўрардилар. Чунки ўғиллари Аллоҳ таолога ва ўз отасига жуда итоаткор эди. Иброҳим алайхиссалом нима десалар, “Хўп бўлади отажон!” - деб айтганларини қиларди. Аллоҳ Иброҳим ва Исмоил алайхимассаломларни имтиҳон қилмокчи бўлди. Нима учун? Одамлар уларнинг имонлари қай даражада кучли эканини кўрсин ва улардан ўрнак олишлари учун.
Бир куни Иброҳим алайхиссалом туш кўрдилар. Тушларида ўғиллари Исмоилни сўяётган эмишлар. Пайғамбарларнинг тушлари ваҳий бўлади. Иброҳим алайҳиссалом ҳам бу тушларини Аллоҳнинг буйруғи деб тушундилар. У киши ўғилларини жуда яхши кўрардилар. Лекин шундай бўлса ҳам Аллоҳнинг буйруғини бажариш лозим эканини билар эдилар. Исмоил алайҳиссаломга дедилар:
- “Ўғлим, мен сени тушимда сўяётган эканман, сен шунга нима дейсан?”
Ўғиллари ҳеч иккиланмасдан дарҳол жавоб қайтарди:
- “Эй Отажон, сизга нима буюрилган бўлса, ўша ишни қилаверинг. Мен иншоаллоҳ ҳамма нарсага сабр қиламан”.
Иброҳим алайхиссалом ўғилларини етаклаб бир қўлларида пичоқ билан шаҳардан ташқарига йўл олдилар. “Мино” деган жойга етиб келиб тўхтадилар. Шу ерда ўғилларини қурбонлик қилмокчи бўлдилар. Исмоил ҳам отанинг ва Аллоҳнинг буйруғига бўйсуниб ерга ётди. Иброҳим алайхиссалом ўғилларининг томоғига пичоқни тирадилар. Исмоилни сўймоқчи бўлиб роса ҳаракат қилдилар. Бироқ пичоқ Исмоилни ҳечам кесмади. Сабаби, Аллоҳ пичоққа “Кесмагин!”, – деб буйруқ бериб қўйган эди. Ушбу қиссани Аллоҳ таоло қуйидагича баён қилган:
فَبَشَّرْنَاهُ بِغُلَامٍ حَلِيمٍ فَلَمَّا بَلَغَ مَعَهُ السَّعْيَ قَالَ يَا بُنَيَّ إِنِّي أَرَى فِي الْمَنَامِ أَنِّي أَذْبَحُكَ فَانْظُرْ مَاذَا تَرَى قَالَ يَا أَبَتِ افْعَلْ مَا تُؤْمَرُ سَتَجِدُنِي إِنْ شَاءَ اللَّهُ مِنَ الصَّابِرِينَ فَلَمَّا أَسْلَمَا وَتَلَّهُ لِلْجَبِينِ وَنَادَيْنَاهُ أَنْ يَا إِبْرَاهِيمُ إِنَّ هَذَا لَهُوَ الْبَلَاءُ الْمُبِينُ وَفَدَيْنَاهُ بِذِبْحٍ عَظِيمٍ (سورة الصافات/101-107).
яъни: “Бас, Биз унга бир ҳалим ўғил (туғилиши тўғрисидаги) хушхабарни бердик. Бас, қачонки у (отаси) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): “Эй, ўғилчам! Мен тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй (фикр) қилишингни бир (ўйлаб) кўргин!” – деган эди, у айтди: “Эй, отажон! Сизга (тушингизда Аллоҳ томонидан) буюрилган ишни қилинг! Иншоаллоҳ, мени сабр қилувчилардан топурсиз”. Бас, қачонки, иккиси ҳам (Аллоҳнинг амрига) бўйин суниб, (Исмоилни қурбонликка) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики, унга Биз нидо қилдик: “Эй, Иброҳим! Албатта, бу (қурбонликка буюришим) айни синовдир. Биз (Исмоилнинг) ўрнига катта бир (қўчқор) сўйишни бадал қилиб бердик” (Соффат сураси, 101-107 оятлар).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик Иброҳим алайҳиссалом бошлаб берган амаллига ҳақида шундай деганлар:
عَنْ زَيْدِ بْنِ أَرْقَمَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قُلْنَا: يَا رَسُولَ اللَّهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم، مَا هَذِهِ الأَضَاحِىُّ؟ قَالَ: "سُنَّةُ أَبِيكُمْ إِبْرَاهِيمَ عَلَيْهِ السَّلاَمُ"، قَالَ: قُلْنَا: فَمَا لَنَا فِيهَا؟ قَالَ: "بِكُلِّ شَعَرَةٍ حَسَنَةٌ"، قَالَ: قُلْنَا: يَا رَسُولَ اللَّهِ، فَالصُّوفُ؟ قَالَ: "بِكُلِّ شَعَرَةٍ مِنَ الصُّوفِ حَسَنَةٌ" " (رواه الإمام أحمد والإمام الطبراني).
яъни: Зайд ибн Арқам разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз: “Эй Аллоҳнинг Расули қурбонликнинг ҳақиқати нима?”, деб сўрадик. У зот: “Сизларнинг отангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннати”, дедилар. Биз: “Ундан бизга нима наф бор?”, дедик. У зот: “Ҳар бир тук эвазига битта савоб”, дедилар. Биз: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Юнгчи?”, дедик. У зот: “Юнгдаги ҳар бир тук учун битта савоб”, дедилар”. (Имом Аҳмад ва Имом Табароний ривоят қилган).
Қурбонлик ҳақида Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنْ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "اِنَّ اَوَّلَ مَا نَبْدَاُ بِهِ فىِ يَوْمِنَا هَذا اَنْ نُصَلِّىَ ثُمَّ نَرْجِعَ فَنَنْحَرَ فَمَنْ فَعَلَ فَقَدْ اَصَابَ سُنَّتَنَا وَمَنْ ذَبَحَ قَبْلَ الصَّلاَةِ فَاِنَّمَا هُوَ لَحْمٌ قَدَّمَهُ لِاَهْلِهِ لَيْسَ مِنَ النُّسُكِ فىِ شَيْءٍ" (رواه الإمام البخاري).
яъни: “Дарҳақиқат, бугунги кунда ишимизни аввал ийдул азҳо (қурбон ҳайити) намозини ўқиш, сўнгра (уйларимизга) қайтиб, қурбонлик билан бошлашимиз керак. Кимки, шуларни бажарса, у суннатимизга мувофиқ иш қилибди. Кимдаким, ҳайит намозидан олдин сўйса, у қурбонлик эмас, балки ўз аҳли учун тақдим қилган гўштдир” (Имом Бухорий ривояти).
Ҳурматли жамоат! Ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш – вожибдир. Қурбонлик қилиш ҳур, балоғат ёшига етган, оқил, муқим, яъни сафарда бўлмаган ва гарчи бир йил айланмаган закот нисобига эга бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади. Қурбонликни Зурҳижжа ойининг ўн, ўн бир ва ўн иккинчи куннинг яъни, бугун, эрта ва эртадан кейинги куннинг Шом намозини вақти киргунигача қилинади. Қурбонлик учун сўйиладиган ҳайвонлар камида беш ёшга тўлган туя, икки ёшга тўлган қорамол, бир ёшга тўлган қўй ва эчки қурбонлик қилинади. Олти ойлик қўйни ҳам, агар жуссаси бир ёшга тўлган қўй жуссасидек бўлса, қурбонлик учун сўйиш мумкиндир.
Қўй ва эчкини фақат бир киши қурбонлик қилади. Туя ва қорамолни етти киши биргаликда қурбонликка сўйишса бўлади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай келган:
عن عثمانَ رضى الله عنه قال: "فِيْ عَامِ الْحُدَيْبِيَّةِ ذَبَحْنَا مَعَ سَيَّدِنَا رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم اَلْإِبْلَ عَنْ سَبْعٍ وَالْبَقَرَ عَنْ سَبْعٍ" (رواه الإمام مسلم والإمام الترمذي).
яъни: “Усмон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот айтадилар: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳудайбияда бир туяни етти киши номидан ва бир сигирни етти киши номидан сўйдик” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилган).
Аммо бундай шерикчиликда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Зеро, шерикларнинг ҳаммаси мусулмон ва қурбонликни ният қилган бўлиши шарт. Аммо улардан бирортаси шунчаки гўшт учун қўшилган бўлса, қолган барча шерикларнинг қурбонлиги ўтмайди. Сўйилган ҳайвоннинг гўшти шериклар ўртасида тенг тақсимланиши керак.
Икки кўзи ё бир кўзи кўр, юролмайдиган даражада чўлоқ, озғин, қулоқ ва думи кесилган ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди. Агар қулоқ ва думининг учдан бири ё бундан ками кесилган бўлса, қурбонлик қилиш мумкин. Ҳайвон қурбонлик учун ётқизилганида айбли бўлиб қолса, масалан, оёғи синиб қолса, қурбонликка ўтади.
Қурбонлик қилинган ва умуман ҳар қандай ҳайвоннинг ҳам оққан қони, безлари, сийдик қопи, ўт қопи, жинсий аъзоларини ейиш ҳаром.
Қурбонлик гўштининг учдан бирини – оила аҳлига, учдан бирини –қўшниларига, қолганини – муҳтожларга тарқатиш мустаҳабдир. Ҳаммасини фақирларга берса ёки оилада кўпчилик бўлса, уйда қолдирса ҳам бўлади. Терисини сотиш ёки қассобнинг хизмат ҳақига бериш жоиз эмас. Мабодо сотилса, пули камбағалларга эҳсон қилиниши керак.
Қурбонлик қилишдан мақсад – банданинг Аллоҳ таоло амрига бўйсиниши ва тақвосини намоён этишдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилди:
لَنْ يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنْكُمْ كَذَلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَبَشِّرِ الْمُحْسِنِينَ (سورة الحج/37).
яъни: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли - У зотни улуғлашларингиз учун - уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж сураси, 37-оят).
Демак, қурбонлик қилувчи шахс нияти тўғри бўлиши, амалини холис Аллоҳ таоло учун қилган бўлиши лозимдир. Банда ихлос билан қурбонлик қилиб, Аллоҳ йўлида жонлиқ сўймоқдами, демак, ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор экан. Аллоҳнинг розилиги учун борини қурбон қилишга тайёр экан.
Азиз жамоат! Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига мувофиқ байрам кунларида ўзаро меҳр-оқибатни, мурувватни, ҳамкорлик ва биродарликни яна ҳам кучайтиришимиз айни муддаодир. Шунингдек, бу муборак кунларда ота-оналаримизни, устозларимизни, қариндош-уруғлар, ёр-биродарларни, бемор ва муҳтожларни зиёрат қилиш, ҳол-аҳвол сўраш, уларга ҳадялар бериб, ширин сўзларимиз билан хушнуд этиш байрам кайфиятига янада қувонч бағишлайди.
Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:
"مَا مِنْ أَيَّامٍ اَلْعَمَلُ الصَّالِحُ فِيْهَا أَحَبَّ إِلى اللهِ، مِنْ هَذِهِ الْأَيَّامِ" (رَوَاهُ الإمامُ البُخاري).
яъни: Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Бу кунларда қилинган яхши ишлар бошқа кунлардагидан Аллоҳ таолога суюклироқдир” (Имом Бухорий ривояти).
Шундай экан, айрим сабаблар билан ўзаро аразлашган гина-қудратли кишилар ҳам бир-бирларини муборак байрам кунида кечириб, ўзаро узрлар айтиб, бир-бирларига қучоқ очишлари лозим бўлади. Бу кун барчага қувонч улашиладиган кундир.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, кам таъминланганлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар. Ҳадисда шундай марҳамат қилинади:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "لَيْسَ الْمُؤْمِنُ الَّذِي يَشْبَعُ وَجَارُهُ جَائِعٌ إِلَى جَنْبِهِ" (رواه الإمام الحاكم).
яъни: Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади Русулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ўзи тўқ бўлатуриб, ён қўшниси оч бўлган киши комил мўмин эмас” (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, атрофимиздаги қурбонлик қилишга қодир бўлмаган қўни-қўшниларимизни аҳволларидан хабар олиб, уларга қурбонлик гўштларидан ҳам улашишимиз имонимизни янада мукаммал қилувчи омил экан.
Азиз жамоат! Мана жонажон юртимизга Қурбон ҳайити ҳам хотиржамлик ва осойишталикда кириб келди. Юртимиз бўйлаб бу байрам жуда катта тайёргарлик ва ўзига хос тарзда, кўтаринки кайфиятда кутиб олинишга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу ҳам бўлса, юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик туфайлидир. Зеро, дунёвий ишларнинг ҳам бир маромда кетиши, охират ишларининг ҳам мукаммал ва ҳаловат билан адо этилишида тинчлик ва хотиржамлик неъматининг ўрни беқиёсдир.
Бугунги кунда баъзи мусулмон мамлакатларнинг фуқаролари турли фитналар оқибатида хузур-ҳаловатини йўқотганини, юз минглаб инсонлар ҳаётдан кўз юмаётганини, киндик қони тўкилган ватанини тарк этишга мажбур бўлаётганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Аллоҳнинг Ўзи бизнинг юртни бундай балолардан сақлаб келмоқда. Шаҳару қишлоқларимиз кун сайин кўркам ва обод бўлиб бормоқда. Ҳаётимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган “тинчлик” дея аталмиш бу бебаҳо илоҳий неъматни қадрига етиш, унинг шукрини қилиш, асраб-авайлаш –барчамизнинг бурчимиздир. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб бундай дейди:
مَنْ شَكَرَ فَإِنَّمَا يَشْكُرُ لِنَفْسِهِ وَمَنْ كَفَرَ فَإِنَّ رَبِّي غَنِيٌّ كَرِيمٌ (سورة النّمل/40)
яъни: “Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўзи учун шукр қилур. Ким ношукурлик қилса, бас, албатта, Раббим (ҳамма нарсадан) беҳожат ва карамлидир”. (Намл сураси, 40-оят).
Ватан тинч бўлса, келажак авлод осойишта яшайди, юрт обод бўлади, ўзи ва оиласи бахтли-саодатли ҳаёт кечиради ва тоат-ибодатлари ўз вақтида адо этилади. Демакки, ҳар бир инсон бутун жамият аъзолари учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш йўлида ҳамкорлик қилиши – энг зарурий бурч ва вожиб амалдир. Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. “Тинчликни асраш” деганда фақат қурол билангина эмас, балки керак бўлса сўз билан, улғайиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши ғоявий курашиш, огоҳлик ва ҳушёрликни оширишга даъват қилиш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур! Бу ҳам имоний бурчга, мусулмон кишининг масъулиятига киради.
Дарҳақиқат, инсон учун берилган неъматларнинг ичида энг улуғи – тинчлик ва хотиржамлик эканлиги Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўплаб ҳадисларида баён қилинган. Жумладан:
عَنْ سَلَمَةَ بْنِ عُبَيْدِ اللَّهِ قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صلى الله عليه وسلم: "مَنْ أَصْبَحَ مِنْكُمْ آمِنًا فِي سِرْبِهِ مُعَافًى فِي جَسَدِهِ عِنْدَهُ قُوتُ يَوْمِهِ فَكَأَنَّمَا حِيزَتْ لَهُ الدُّنْيَا" (أَخرَجَهُ الاِمَامُ التِّرمِذِي فيِ سُنَنِهِ).
яъни: Салама ибн Убайдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Сизлардан кимки ўз уйида хотиржамликда тонг оттирса, тан-жони соғ бўлса, ўша кундаги егувлиги бўлса, гўёки унда бутун дунё неъматлари жамланибди” (Имом Термизий “Сунан”ида ривоят қилган).
Маълумки, дунёдаги барча мусулмонлар қатори юртимиздан борган 7200 дан ортиқ ҳожиларимиз ҳам зиммаларидаги фарзлардан бири – ҳаж ибодатини бажаришга киришишди. Улар Мино, Арафот, Муздалифа, Масжидул Ҳаром каби муборак жойларида ҳаж амалларини бажариб, гуноҳлардан покланиш билан бирга мустақил юртимиз ҳамда унинг раҳбарларига, халқимиз ва барча мусулмонларимизга Аллоҳ таолодан тинчлик-хотиржамлик, файзу баракот ва эзгуликлар, кенг ризқ ва фаровонлик тилаб дуолар қилишяпти. Аллоҳ таоло барчаларининг дуоларини ижобат айлаб, юртимизга тинч-хотиржам, соғ-саломатлик етиб келишларини насиб айласин!
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг розилиги йўлида холис ниятлар билан қилаётган қурбонликларимизни, ибодатларимизни даргоҳида ҳусни мақбул айласин!
Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾
“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.
«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.
«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.
“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ
فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.
Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).
Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар
﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾
“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.
Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.
Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси