بسم الله الرحمن الرحيم
Жаноза ва таъзия одоблари
Муҳтарам жамоат! Биз бутун башарият ҳаётида куни келиб йўлиқиши муқаррар бўлган мавзу – жаноза ва таъзия ҳамда унинг баъзи аҳком ва одоблари ҳақида сўз юритмоқчимиз. Шариатимизда барча масалаларнинг тартиби ва ўзига хос одоблари бўлгани каби, жаноза ва азадорликнинг ҳам ўзига яраша ҳукмлари ва одоблари бор.
Аллоҳ таоло бу ҳаёти дунёни ва ўлимни инсонларни синаш учун яратгандир. Зеро, У Зот Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
﴿ الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا وَهُوَ الْعَزِيزُ الْغَفُورُ ﴾ (سورة الملك/2)
яъни: “(У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У Азиз (қудратли) ва Ғафур (кечиримли)дир” (Мулк сураси, 2-оят).
Фонийлик инсон ва жинларнинг, ҳатто ҳайвонларнинг тақдирига битилган бўлиб, бирор-бир мавжудот абадий қолмас. Аллоҳ таолонинг Ўзигина азалий ва абадий қолувчи Зотдир.
﴿ كُلُّ مَنْ عَلَيْهَا فَانٍ وَيَبْقَى وَجْهُ رَبِّكَ ذُو الْجَلالِ وَالإِكْرَامِ ﴾ (سورة الرحمن 26-27).
яъни: “(Ер) юзидаги барча мавжудот фонийдир. Улуғлик ва Икром соҳиби бўлмиш Раббингизнинг «юзи» боқий қолур” (Ар-Раҳмон сураси, 26-27 оятлар).
Маълумки, ҳар бир мусулмон банданинг иккинчи мусулмон биродарига нисбатан ҳақ-ҳуқуқлари бор. Чунончи, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида марҳамат қиладилар:
"حَقُّ اَلْمُسْلِمِ عَلَى اَلْمُسْلِمِ سِتٌّ: إِذَا لَقِيتَهُ فَسَلِّمْ عَلَيْهِ ، وَإِذَا دَعَاكَ فَأَجِبْهُ ، وَإِذَا اِسْتَنْصَحَكَ فَانْصَحْهُ ، وَإِذَا عَطَسَ فَحَمِدَ اَللَّهَ فَشَمِّتْهُ وَإِذَا مَرِضَ فَعُدْهُ ، وَإِذَا مَاتَ فَاتْبَعْهُ" (رَوَاهُ الإِمَامُ مُسْلِمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه).
яъни: “Мусулмоннинг мусулмон зиммасида олтита ҳаққи бор: Қачон унга йўлиқсанг, салом бер; қачон сени (меҳмонга) чақирса, унга ижобат қил; қачон сендан маслаҳат сўраса, унга маслаҳат бер; қачон аксириб, Аллоҳга ҳамд айтса, унга жавоб қайтар; қачон бетоб бўлиб қолса, уни зиёрат қил ва қачон вафот этса, унинг (жанозасига) эргаш”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).
Демак, мусулмоннинг танишларидан бирортаси вафот этса, унинг жанозасига ҳозир бўлиш мазкур ҳуқуқлардан биридир. Сўнгра маййитнинг қариндошларига таъзия билдириб, Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлиш, мусибатга сабр қилишлари ҳақида насиҳатлар айтиш ва марҳумнинг ҳаққига раҳмат ва мағфират сўраб, дуои хайр қилиш таъзиянинг одобларидандир.
Муҳтарам жамоат! Жаноза намози фарзи кифоя бўлиш билан бирга, мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи ҳисобланади. Жанозанинг аҳамияти жуда ҳам катта бўлиб, инсон зотига бўлган эҳтиромнинг юксак намуналаридан биридир. Шу билан бирга, у шунчаки анъана, оддий одат эмас, балки шариатда белгиланган махсус ибодат ‒ намоздир. Униг фазилати ҳақида Сарвари коинот шундай деганлар:
"مَنْ اتَّبَعَ جَنَازَةَ مُسْلِمٍ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا وَكَانَ مَعَهُ حَتَّى يُصَلَّى عَلَيْهَا وَيَفْرُغَ مِنْ دَفْنِهَا فَإِنَّه يَرْجِعُ مِنْ الْأَجْرِ بِقِيرَاطَيْنِ كُلُّ قِيرَاطٍ مِثْلُ أُحُدٍ وَمَنْ صَلَّى عَلَيْهَا ثُمَّ رَجَعَ قَبْلَ أَنْ تُدْفَنَ فَإِنَّهُ يَرْجِعُ بِقِيرَاطٍ"
(رَوَاهُ الامَامُ البُخَارِيُّ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ)
яъни: “Ким имон ва савоб умиди ила бир мусулмоннинг жанозасига қатнашса, жанозаси ўқилиб дафнидан фориғ бўлингунча турса, икки қийрот ажр билан қайтади. Ҳар бир қийрот Уҳуд тоғичадир. Ким жанозани ўқиса ва дафн қилинмай туриб қайтса, бир қийрот билан қайтади” (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳаёти дунёда бирор кишининг бошига бирор мусибат тушиши ёки унинг ўз аҳлидан, яқинлари ёхуд ёру-биродаридан айрилиб қолиши Аллоҳ таолонинг синовидир. Бу кўргиликларига сабр қилса, билиб-билмай қилган гуноҳларига каффорот бўлади. Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар:
"مَا يُصيبُ المُسْلِمَ مِنْ نَصَبٍ ، وَلاَ وَصَبٍ، وَلاَ هَمٍّ ، وَلاَ حَزَنٍ ، وَلاَ أذَىً ، وَلاَ غَمٍّ ، حَتَّى الشَّوكَةُ يُشَاكُهَا إلاَّ كَفَّرَ اللهُ بِهَا مِنْ خَطَاياهُ" (رَوَاهُ الإِمَامُ مُسْلِمٌ وَالإِمَامُ أَحْمَدُ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه).
яъни: “Мусулмонга етадиган кулфат, машаққат, ташвиш, маҳзунлик, азият, ғам ҳатто унга кирадиган тикан сабабли Аллоҳ унинг хатоларини кечиради” (Имом Муслим ривояти).
Мусибатзада кишилар яқинлари ва ўзларига юпанч бўладиган кишиларнинг тасаллисига муҳтож бўладилар. Шунинг учун шариатимизга кўра таъзия билдирган кишига улкан ажрлар ваъда қилинган. Жумладан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:
" مَا مِنْ مُؤْمِنٍ يُعَزِّي أَخَاهُ بِمُصِيبَةٍ إِلاَّ كَسَاهُ الله مِنْ حُلَلِ الْكَرَامَةِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ "
(رَوَاهُ الإِمَامُ ابْنُ مَاجَهْ عَنْ عَمْرِو بْنِ حَزْمٍ رضي الله عنه)
яъни: “Қайси бир мўмин биродарининг мусибатига таъзия билдирса, Аллоҳ унга Қиёмат куни улуғлик либосини кийдиради” (Имом ибн Можа ривояти). Бошқа бир ривоятда:
" مَنْ عَزَّى مُصَابًا فَلَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ "
(رَوَاهُ الإِمَامُ ابْنُ مَاجَهْ وَالإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عَنْ الْأَسْوَدِ بنْ عَبْدِ اللَّهِ).
яъни: “Ким бир мусибатзадага таъзия билдирса мусибатзадага берилганча ажрга эришади” (Имом ибн Можа ва Имом Термизий ривояти).
Муҳтарам жамоат! Дафн кунидан бошлаб узоғи билан уч кунга қадар аза (мотам) тутишга шариатимиз рухсат беради. У кунлари жанозага кела олмаганлар мусибат етган хонадонга ёки таъзия маросимлари учун ажратилган жойларга келиб, маййитнинг яқин қариндошларига таъзия билдириб кетишлари мумкин.
Расули акрам саллаллоҳи алайҳи васаллам ушбу ҳадисни зикр этганлар:
"أَسْرِعُوا بِالْجِنَازَةِ ، فَإِنْ تَكُ صَالِحَةً فَخَيْرٌ تُقَدِّمُونَهَا ، وَإِنْ يَكُ سِوَى ذَلِكَ فَشَرٌّ تَضَعُونَهُ عَنْ رِقَابِكُمْ"
(رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِيُّ وَالإِمَامُ مُسْلِمٌ عَنْ أَبِي هُرُيْرَةَ رضي الله عنه)
яъни: “Маййитни сўнгги йўлга тезроқ олиб боринглар, чунки агар у аҳли солиҳлардан бўлса, уни кутилаётган жойга тезроқ олиб бормоқ даркор. Агар бундай бўлмаса, елкангизни нохуш юкдан тезроқ холи қилган бўласиз” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Тобуткашлар тобутни навбат билан елкама-елка олиб борадилар. Тобутни кўтармоқчи бўлганлар имкон қадар аввал маййитнинг ўнг елкаси томондан, сўнг ўнг оёқ томонидан, кейин эса чап елкаси ва чап оёқ томонидан кўтаришга ҳаракат қиладилар.
Кези келганда айтиб ўтиш керакки, ҳар қандай ҳолатда ҳам маййитнинг ортидан дод-фарёд қилиш шариатимиз нуқтаи назаридан жоиз эмас. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай таълим берадилар:
" إِنَّ الْمَيِّتَ لَيُعَذَّبُ بِبُكَاءِ أَهْلِهِ عَلَيْهِ " (رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِيُّ وَالإِمَامُ مُسْلِمٌ عَنْ ابْنِ أَبِي مُلَيْكَةَ)
яъни: “Марҳум оиладагиларининг ҳаддан ташқари дод-фарёди сабабли азобланади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)
Демак, ортиқча дод-фарёдимиз билан марҳумнинг қисматини оғирлаштирмаслигимиз даркор.
Динимизнинг таъзия одоби борасидаги кўрсатмаларидан яна бири юртга эҳсон дастурхони ёзиб, савобини вафот этган яқинларига бағишлаш ниятида қилинган маросимларга оиддир. Бундай маросимларни албатта шариат аҳкомларига, аҳли сунна вал жамоат эътиқодига, мазҳабимизда расм бўлган қоидаларга мувофиқ тарзда ўтказиш зарур. Таъзия маросимларини бидъатлардан холи равишда, аҳли илм ҳамда маҳалла улуғлари билан бамаслаҳат, имкон қадар енгил, камтарона, камчиқим ҳолда ўтказмоғимиз маъқул.
Ислом шариати мусулмонларга ҳаргиз қийинчиликни раво кўрмайди. Маҳалла куй олдида хижолат бўламан деб, қарз олиб ёки борини сарфлаб худойи қилишлик, шариатимизда номақбул иш саналади. Чунки Қуръони каримда:
﴿...وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ ... ﴾ (سورة الحج/78)
яъни: “Аллоҳ таоло сизлар учун бу динда ҳаргиз қийинчилик яратмади” (Ҳаж сураси, 78-оят), деб айтилган.
Бошқа бир оятида:
﴿ لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا ... ﴾ (سورة البقرة/286)
яъни: “Аллоҳ таоло ҳеч бир бандага қўлидан келмайдиган ишларни буюрмайди” (Бақара сураси, 286-оят), дейилган. Аллоҳ таолонинг мазкур оятлари мусулмонлар диний маросимларини осонлик билан ўтказишлари ва бемалол ибодат қилишлари учун нозил бўлган.
Мусибатхоналарда пайшанбалик, якшанбалик номи билан қилинаётган, дафндан кейин маълум кун ёки ойни санаб, айниқса, икки ҳайит кунларида ўтказилаётган худойи маросимлари диний китобларимизнинг бирортасида буюрилмаган. Мусибат етган хонадонда муайян кунга боғламасдан, марҳумнинг мероси тақсимлангандан кейин оиланинг иқтисодига зарар етказмайдиган ҳолатда худойи қилиб ўтказилса мақсадга мувофиқ бўлади.
Шундай экан, ўтганларимизни йўқлашда фақат таом пишириб улашиш билан чегараланиб қолмасдан кам таъминланган оилалар, бева-бечоралар, муҳтож кишиларни турар жойини яхшилаш, фарзандларига кийим-кечак олиб бериш ёки кўпчилик манфаат оладиган ишларни амалга оширишга, доимий равишда уни савоби ўтганларимизга бориб туришини таъминлайдиган ҳолатларга ҳам ўтишимиз керак.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, халқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон қилиб, шариатимиз кўрсатмасига амал қилиб, яшамоғимизни муяссар қилсин!
Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида ҳозирда ёшларимиз томонидан намозда эътиборсизлик қилинаётган баъзи масалаларга тўхталиб ўтамиз. Маълумки, Намоз дуруст бўлиши учун аврат аъзоларининг барчаси ёпиқ бўлиши шарт. Чунки, аврат ёпилиши намознинг фарзларидан бири ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
يَا بَنِي آَدَمَ خُذُوا زِينَتَكُمْ عِنْدَ كُلِّ مَسْجِدٍ
яъни: “Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз!” (Аъроф сураси, 31-оят).
Маълумки, намоздаги бирор бир фарз амал бажарилмаса намоз дуруст бўлмайди. Эркак киши намозда киндигининг остидан бошлаб тиззасининг остигача ёпиши фарздир (Манба: “Шарҳун ниқоя”).
Уламоларимиз аврат аъзолардан бирининг тўртдан бир қисми бир муддат очилиб қолса намоз бузилади, деганлар. Бунда аёл кишининг соқи (яъни болдири), эркак кишининг сони алоҳида аъзо ҳисобланади. Бир муддат миқдори эса уч марта тасбеҳ айтиш миқдорича экани билан изоҳланган (манба: “Ҳошиятут-Таҳтовий”).
Ҳозирги пайтда эса баъзи ёшлар калта ва тор кўйлак билан намоз ўқиб, руку ва саждага борганларида мана шу аъзоларининг тўртдан бири тугул ярмидан кўпроғи кўриниб қолиб, натижада шунча ҳаракат қилиб ўқиётган намозлари ўзлари билмаган ҳолда бузилишига олиб келмоқда. Бу ҳам етмагандай орқа сафдаги намозхонларнинг кўзлари аврат аъзоларга тушишига сабабчи бўлмоқдалар.
Яна шуни ҳам таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда баъзилар калта шим (шортик)да намоз ўқимоқдалар. Ундай калта кийимда белни ёпганда, тизза очилиб қолиши, тиззани ёпганда эса бел очилиб қолиши табиий. Ваҳоланки, тиззанинг ўзи ҳам аврат аъзо ҳисобланиб, уни тўртдан бирини очилиб қолиши намозни бузади.
Шунинг учун ҳар бир намозхон ўзига қулай бўлган ва аврат аъзоларни ёпадиган кенг ҳамда узун кийимда намоз ўқиши динимиз талабидир.
Аллоҳ таоло ибодатларимизни мукаммал адо этиб, Ўзининг розилигини топишимизга муваффақ айласин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Қалб касалликлари муолажаси” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.
Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾
“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.
«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.
«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.
“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ
فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.
Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).
Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар
﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾
“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.
Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.
Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси