frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

19.07.2019 й. ҲАСАД ВА ГИНА –ҲАМЖИҲАТЛИК ЗАВОЛИ

16.07.2019   8310   15 min.
19.07.2019 й. ҲАСАД ВА ГИНА –ҲАМЖИҲАТЛИК ЗАВОЛИ

بسم الله الرحمن الرحيم

ҲАСАД ВА ГИНА –ҲАМЖИҲАТЛИК ЗАВОЛИ

الْحَمْدُ لله  الذِي أمَرنَا بالْإِسْتِعَاذَةِ مِنْ شَرِّ الحَاسِدِ إِذَا حَسَد ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الذِّي حَذَّرَ أُمَّتَهُ عَنْ ذَلِكَ وَزَجَرْ وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِيْن أَمَّا بَعْدُ

Ҳурматли жамоат! Жамиятимизда мўмин-мусулмонлар амал қиладиган турли хил яхши хислатлар билан бирга зарарли хулқлар ҳам мавжуд. Мусулмон инсон доимо мақталган хислатларни қўлга киритиб, ёмон хислат ва одатлардан нафсини поклашига тарғиб қилинган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

﴿ قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا  وَقَدْ خَابَ مَنْ دَسَّاهَا ﴾ (سورة الشمس/9-10)

яъни: “Ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур.  ва у (нафс)ни (гуноҳлар билан) кўмиб, хорлаган кимса эса (Аллоҳнинг раҳматидан) ноумид бўлур!” (Шамс сураси, 9-10 оятдар).

Шундай нафс иллатларидан бири – ҳасаддир. “Ҳасад” луғатда “бирор нарсани терисини шилмоқ ёки қирмоқ” деган маънони билдиради. Унинг истилоҳий маъноси ҳақида аллома Муновий шундай дейдилар:

الْحَسَدُ : تَمَنَّي زَوَالَ نِعْمَةٍ عَنْ مُسْتَحِقٍّ لَهَا

яъни: “Ҳасад – неъматга лойиқ бўлган кишидан уни завол бўлишини умид қилишдир” (“Ат-Тавқиф ала муҳимматит-таориф” 139-бет).

Энг биринчи гуноҳ ҳам Иблис томонидан Одам алайҳиссаломга кибр ва ҳасад қилишидан келиб чиқди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

قَالَ مَا مَنَعَكَ أَلاَّ تَسْجُدَ إِذْ أَمَرْتُكَ قَالَ أَنَاْ خَيْرٌ مِّنْهُ خَلَقْتَنِي مِن نَّارٍ وَخَلَقْتَهُ مِن طِينٍ (سورة الأعراف/12)

яъни: “(Аллоҳ) айтди: “Сенга буюрганимда сажда қилишингга нима монелик қилди?” У деди: “Мен ундан яхшиман, мени оловдан яратгансан. Уни (Одамни эса) лойдан яратдинг” (Аъроф сураси, 12-оят).

Ибн Атия раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ таолога биринчи қилинган гуноҳ –ҳасаддир. У Иблисдан содир бўлган эди”, – деганлар.

Қатода разияллоҳу анҳу ушбу оят тафсирида: “Аллоҳни душмани бўлган Иблис Одам алайҳиссаломга Аллоҳ таоло берган иззат-ҳурматига хасад қилди ва “Мен оловдан, у эса лойдан яратилган”, – дея кибрланди”, – дейдилар.

Уламоларимиздан бирлари бу хақда: “Албатта ҳасад қилувчи Иблисга ўхшайди. Чунки у мусулмонлардан Аллоҳнинг неъматларини кетиши, улар орасида фасод кўпайиши каби Шайтонга маҳбуб бўлган ишларни талабида бўлади”, - деганлар.

Ер юзидаги биринчи қотиллик ҳам ҳасад сабабли содир бўлди. Одам алайҳиссаломнинг ўғли Қобил ўз укаси Ҳобилга ҳасад қилди ва унинг қотилига айланди. Қуръони карим оятларининг бирида шундай дейилади:

﴿ فَطَوَّعَتْ لَهُ نَفْسُهُ قَتْلَ أَخِيهِ فَقَتَلَهُ فَأَصْبَحَ مِن الْخَاسِرِين (سورة المائدة/30)

яъни: “Унинг (ҳавойи) нафси биродарини ўлдиришни хуш кўрсатди ва дарҳол, уни ўлдирди. Шу билан у зиён кўрувчилардан бўлиб қолди” (Моида сураси, 30-оят).

Ҳазрати Одам алайҳиссаломнинг ўғиллари Қобил тарафидан бу иш содир бўлгунига қадар ер юзида барча инсонлар итоаткор мусулмон ҳолларида тинч тотув ҳаёт кечиришар эди.

Афсуски, бугунги кунда жамиятимизнинг турли соҳаларида ҳасад иллатига мубтало бўлингани сир эмас. Кўп ҳолларда зиёли инсонларга нисбатан ҳасадгўйлик билан муомала қилиниши – жуда ачинарли ҳол. Бундай ҳолатлар Исломнинг аввалида мушриклар тарафидан кузатилар эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

﴿ أمْ يَحْسُدُونَ النَّاسَ عَلَى مَا آَتَاهُمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ فَقَدْ آَتَيْنَا آَلَ إِبْرَاهِيمَ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ

 وَآَتَيْنَاهُمْ مُلْكًا عَظِيمًا (سورة النساء/54)

яъни: “Ёки (улар) Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматлари учун одамларга ҳасад қилишадими? Ахир, Биз (илгари ҳам) Иброҳим наслига (Юсуф, Довуд, Сулаймон каби зотларга) Китоб, Ҳикмат бериб, яна уларга буюк мулк (ҳукмронлик) ҳам ато этган эдик-ку!” ( Нисо сураси, 54-оят)

Демак, илму-ҳикмат ҳам Аллоҳ таоло тарафидан берилган улуғ бир неъмат бўлиб, бунга ҳасад билан эмас, балки ҳавас билан қараш – айни динимиз буюрган ишлардандир.

Ҳавас мазмунидаги ҳасад ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

"لاَ حَسَدَ إِلاَّ فِى اثْنَتَيْنِ رَجُلٌ آتَاهُ اللَّهُ قُرْآنًا فَهُوَ يَقُومُ بِهِ آنَاءَ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ ، وَرَجُلٌ آتَاهُ اللَّهُ مَالاً

فَهُوَ يُنْفِقُهُ آنَاءَ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ" (رَوَاهُ الإِمَامُ الْبُخَارِىُّ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъни: “Икки кишидан бошқага ҳасад қилиш йўқ: Аллоҳ Қуръонни ато қилган киши ва Қуръонни кечаю кундуз ҳаққини адо қиладиган киши, Аллоҳ мол берган ва у молни кечаю кундуз инфоқ-эҳсон қиладиган киши” (Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳадис ҳақида Имом Жалолиддин Суютий шундай дейдилар: “Ҳасад икки хил бўлади: ҳақиқий ва мажозий. Ҳақиқий ҳасад – бир кишидан неъматни кетишини исташ. Бу ҳаром эканига уламолар ижмоъ қилишган. Мажозий ҳасадни “ғибта”, яъни “ҳавас” дейилади. Бунда – неъмат эгасидан кетмасдан, кишининг ўзида ҳам бўлишини орзу қилади. Дунё ишларида ҳавас қилиш – мубоҳ иш. Ўзгалар қилаётган тоатларни орзу қилиш эса – мустаҳаб (яъни мақталган иш)дир”.

Бошқа ривоятда ҳам мазкур маънодаги ҳасад зикр этилган:

" لاَ حَسَدَ إِلاَّ فِي اثْنَتَيْنِ ، رَجُلٌ آتَاهُ اللَّهُ مَالا فَسَلَّطَهُ عَلَى هَلَكَتِهِ فِي الْحَقِّ ،

وَرَجُلٍ آتَاهُ اللَّهُ حَكْمَةً فَهُوَ يَقْضِي بِهَا وَيُعَلِّمُهَا " (مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه)

яъни: “Ҳасад икки нарсада бўлади. (биринчиси) Аллоҳ таоло бир кишига моли дунё бериб, уни ҳақ йўлда сарфлаш имконини ҳам беради, (иккинчиси) Кишига Аллоҳ таоло илму-ҳикмат беради. У илму ҳикматни (ҳаққини) адо қилади ва уни (одамларга) ўргатади”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Ҳасаднинг иккинчи хили ёмон ҳасад бўлиб, у бошқадаги неъматни йўқ бўлишини умид қилишдир. Бундай ҳасад шариатда ҳаром қилингандир.

Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз вақтида ҳасад иллати жамият аъзолари ўртасида нақадар хавфли экани, ҳатто кишининг имонига ҳам путур етказиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб шундай деганлар:

"لاَ يَجْتَمِعُ فِي جَوْفِ عَبْدٍ الإِيَمانُ وَالحَسَدُ" (أخْرَجَ الإِمَامُ النَّسَائِيُّ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъниБир бандада имон ва ҳасад асло бирга бўлмайди (Имом Насаий ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса:

"لا يَزَالُ النَّاسُ بِخَيْرٍ مَالَمْ يَتَحَاسَدُوا" (رَوَاهُ الإِمَامُ الطَّبَرَانِيُّ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъниИнсонлар бир-бирларига ҳасад қилмасликда бардавом бўлсалар, яхшилик узра бардавом бўладилар,дедилар. (Имом Табароний ривояти)

Буюк аждодимиз Имом Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ ҳасаднинг заралари тўғрисида шундай деганлар: “Ҳасаддан зарарлироқ нарса йўқ. Ҳасад ўз эгасига бешта уқубат келтиради:

  1. Ҳасадчининг ғам-ташвиши узилмайди;
  2. Унинг ушбу ғам-ташвишига ажр келмайди;
  3. Хорлик олиб келади;
  4. 4. Аллоҳ таоло унга ғазаб қилади;
  5. Унга тавфиқ эшиклари ёпилади”.

Бошқа бир ўринда эса: “Уч кишининг дуоси қабул бўлмайди. Улар:

  1. Ҳаром ризқ егувчи;
  2. Кўп ғийбат қилувчи;
  3. Қалбида мусулмонларга адовати ва ҳасади бўлган кишилар” деганлар.

Ҳурматли жамоат! Муқаддас динимиз бир қанча салбий иллатларнинг давосини ўргатгани каби, бу ҳасад иллатидан фориғ бўлиш йўлларини ҳам кўрсатиб берган. Бу ҳақда суюкли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

"ثلاثٌ لازماتٌ لأُمَّتِي سُوءُ الظَّنِّ والحَسَدُ والطِّيَرَةُ فإذا ظَنَنْتَ فلا تُحَقِّقْ وإذا حَسَدْتَ فاسْتَغْفِرِ اللهَ

وإذا تَطَيَّرْتَ فَامْضِ" (رَوَاهُ الْإِمَامُ الطَبَرَانِيُّ عَنْ حَارِثَةَ بْنِ النُّعْمَانِ رضي الله عنه)

яъни: “Учта хислат умматимда доим бўлади: ёмон гумон, ҳасад ва шумланиш. Гумон қилсангиз, юзага чиқарманг. Ҳасад қилсангиз, Аллоҳга истиғфор айтинг. Шумлансангиз, йўлингизда давом этинг”, – деганлар (Имом Табароний ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса:

"كُلُّ بَنِي آدَمَ حَسُودٌ وَلاَ يَضُرُّ حَاسِداً حَسَدُهُ مَا لَمْ يَتَكَلَّمْ بِاللِّسَانِ أَوْ يَعْمَلْ بِالْيَدِ"

 (رَوَاهُ الْإِمَامُ أَبُو نُعَيْمٍ عَنْ أَنَسِ ابْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه)

яъни: “Ҳар бир Одам боласи – ҳасадчидир, (лекин) модомики (ҳасадини) тилига чиқармаса, (ҳасадига) қўли билан амал қилмаса, ҳасадчига ҳасади зарар қилмайди” (Имом Абу Нуайм ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг охирги сураларидан бўлган “Фалақ” сурасида ҳасад қилувчининг ёмонлигидан паноҳ сўрашга буюради:

"وَمِنْ شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ" (سورة الفلق/5)

яъни: “Ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан (паноҳ сўрайман деб айтинг)” (Фалақ сураси, 5-оят).

Ҳасад ақлни чеклаб қўйиши фанда ҳам ўз тасдиғини топган. Днепропетровск университетидаги тадқиқодларда аниқланишича, ҳасад – чекланишдир. Бу ҳолатда инсон фақат битта мақсад учун ҳаракат қилади. Мотивациянинг бу тарзда чекланиши эса фикр доирасининг торайишига олиб келади. Оқибатда шахс шаклланиши бузилиб, ақлий жараён сусаяди.

Ҳар бир иллатнинг давоси бўлгани каби, ҳасад иллатининг ҳам давоси бор. Бу бўйича уламоларимиз “Ким ўзида бошқаларга бўлган ҳасадни сезса, унга қарши тақво ва сабрни ишлатсин”, – дейишган. Шу билан бирга қуйидаги омилларни ҳам ишга солиши талаб этилади: 

- Аввало Аллоҳ таолодан ёрдам сўраб, унга кўп боғлансин. Ушбу иллатдан халос бўлишга муваффақ этишини умид қилсин;  

- Ислом шариати кўрсатмаларига амал қилиши лозим. Зеро шариатга амал қилиш кишини турли иллатлардан узоқлаштиради;  

- Бу дунёдаги ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг Қазо ва Қадари ила бўлишини имонини мустаҳкамласин;

- Ҳасад ҳасадчининг бу дунёда саломатлигига, охиратда эса Аллоҳнинг ғазабига дучор қилиши каби зарарларини кўп тафаккур қилсин;  

- Ўлимни кўп эсласин. Зеро, ўлим – ҳар қандай ҳавойи-нафс истакларини парчаловчи омилдир.  Машҳур саҳобалардан бирлари Абу Дардо разияллоҳу анҳу инсонларга насиҳат қилиб, шундай дер эканлар:

مَا أَكَثَرَ عَبْدٌ ذِكْرَ الْمَوْتِ إلّا قَلَّ فَرَحُهُ وَقَلَّ حَسَدُهُ

яъни: “Қайси бир банда ўлимни кўп эсласа, унинг (беҳуда) ҳурсандчилиги ва ҳасади камаяди”.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳасаддан, адоватдан асрасин, ўзаро ҳамжиҳат бўлиб яшашни муяссар қилсин! Омин!

Муҳтарам жамоат! Мавъизамизни ҳозирги кунда баъзи ҳудудларда авж олиб бораётган иллатлардан бири – ҳайвонларни уриштириш ҳақида суҳбатлашамиз.

Динимизда турли ҳайвонларни уриштириш, бу ўйинларга пул тикиб қимор ташкил қилиш ва ҳатто томоша қилиш – таъқиқланган, ҳаром ишдир. Бу ҳақда Ибн Аббос разияллоҳу анҳу шундай дейдилар:

نَهَى رَسًولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ التَّحْرِيشِ بَيْنَ الْبَهَائِمِ )رَوَاهُ الْاِمَامُ التَّرْمِذِيُّ(

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларни уриштиришдан қайтардилар” (Имом Термизий ривояти).

Бу ҳадиси шарифнинг шарҳида муҳаққиқ Мулло Алийюл Қори шундай дейдилар: “Яъни, Пайғамбаримиз саллалллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонлар бир-бирини шохлаши, тишлаши, босиб-янчиши ёки ўлдириши учун уларни гиж-гижлаш (уриштириш)дан қайтардилар. “Ниҳоя” китобида ҳадисдаги “тахриш” – ҳайвонларни бир-бирига гиж-гижлаш, дейилади. Туя, қўчқор, хўроз, фил ва буқаларни бир-бири билан уриштирадилар. Буқа ва шерни ҳам гиж-гижлашади. Ҳайвонларни бир бири билан уриштириш мумкин эмас экан, одамларни бир-бири билан уриштириш ундан ҳам ёмонроқдир. Одам уриштириш айрим шаҳарларда кўп учрайди. Бу ҳадисни Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилган” (“Мирқотул мафатиҳ”).

“Авнул Маъбуд” китобида бу ҳақида шундай дейилган: “Ҳайвон уриштиришдан ман қилишнинг сабаби – ҳайвонларга ҳеч бир фойдасиз, балки ўйин учун азоб бериш ва қийнашдир”.

Ҳайвонларни уриштиришнинг ҳаромлиги ҳақида Халқаро ислом уюшмаси қошидаги Ислом фиқҳи академиясининг Макка шаҳрида 1987 йил (1408 ҳ. йил Сафар ойида)  бўлиб ўтган ўнинчи давра мажлисида қатъий фатво берилди. Ҳайвон уриштиришнинг ҳаромлиги аниқ бўлгандан кейин, ўртага пул қўйиб уриштириш ёки томошабинлар пул билан гаров боғлашларининг ҳам ҳаром иш эканлиги келиб чиқади.

Динимизда ҳайвонларга ҳам сабабсиз озор, азият ва азоб бериш мумкин эмас. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларнинг ҳам ҳуқуқлари борлигини асослаб бердилар. Пайғамбаримиз  саллаллоҳу алайҳи васаллам юз қисмига тамға урилган эшакни кўриб: “Бунга тамға урганни Аллоҳ лаънатласин!” – дедилар (Имом Муслим ривояти). Яна ҳайвонларни “мусла” қилиш (тирик ҳайвонларни аъзоларини кесиб яралаш)дан ҳам қайтарилганмиз. Демак, ҳайвонларга озор бериш, азоблаш ва уларга шафқат кўрсатмаслик шариатимизда оғир жиноят ҳисобланади. Ҳайвонларни қамаб қўйиб, очликдан ўлдириш – ҳаромдир. Ҳадиси шарифда бир мушукни қамаб қўйиб қийнаган аёлнинг азобланиши ҳақида хабар берилди (Имом Бухорий ривояти).  Кунларнинг бирида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам эти суягига ёпишиб кетган туяни кўриб қоладилар ва: “Бу тилсиз ҳайвонлар тўғрисида Аллоҳдан қўрқинглар. Минишга яроқли қилиб мининглар, ейишга яроқли қилиб енглар”, – дедилар (Имом Абу Довуд ривояти). Ҳар бир ҳайвонни нима учун яратилган бўлса, шу ишда фойдаланиш ҳам – динимизнинг кўрсатмаларидан биридир. Бир ҳадиси шарифда: “Уловларингиз устини минбар қилиб олишдан сақланинглар...”, – дейилган (Имом Абу Довуд ривояти). Бунинг маъноси, кимнидир кутаётганда, савдо-сотиқ қилаётганда ёки бошқа ишларни қилаётганда, зарурат бўлмаса, уловни устига миниб турманг, деганидир. Ҳадиси шарифларда тирик жонзот (товуқ, қўй, эчки кабилар)ни ўқ отишга нишон қилиб олишдан қайтарилади (Имом Бухорий ривояти).

Динимиздаги ҳайвонларга боғлиқ яна бир асл қоида – уларга раҳм-шафқат кўрсатишдир! Чанқаган итга шафқат кўрсатиб, қудуқдан сув олиб чиқиб берган кишининг гуноҳларини Аллоҳ таоло кечиргани ривоят қилинган (Имом Бухорий ривояти). Саҳобийлар сафарда чумчуққа ўхшаган қушнинг палопонларини олиб қўйишганда, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам палопонларни қайтариб, ўз жойига қўйишни буюрдилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳайвонларга раҳм-шафқатнинг бундан ҳам олий даражаси – ҳатто гўшти учун сўйилаётган ҳайвонни ҳам қийнамасликдир. Ҳадиси шарифларда сўйилаётган ҳайвонни қўпол равишда судрамаслик, пичоқни ҳайвонни олдида қайрамаслик, пичоқни ўткир қилиш ва бошқа ҳайвонлар олдида сўймаслик буюрилади. Қўйни йиқитиб қўйиб, пичоғини қайраётган бир кишига Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни бир неча марта ўлдирмоқчимисан?!” – деб танбеҳ бердилар (Имом Ҳоким ривояти). Фатво китобларда агар зарар етказмаса, ҳашаротларни ҳам беҳуда ўлдириш мумкин эмаслиги зикр қилинган.

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Жаноза ва таъзия одоблари”мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Имом Бухорий юртида буюк алломалар мероси илм, маърифат ва тадқиқотлар билан янада бойимоқда

21.08.2026   43177   5 min.
Имом Бухорий юртида буюк алломалар мероси илм, маърифат ва тадқиқотлар билан янада бойимоқда

Шу кунларда жойларда Ватанимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонламоқда. О‘тган йилларга назар ташласак, истиқлол нафақат сиёсий ва иқтисодий мустақиллик, балки буюк аждодлар мероси ва ма’навий илдизларига қайтиш имконини берганини янада чуқур ҳис этамиз.
 
Айниқса, кейинги йилларда Янги О‘збекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илм-ма’рифат, диний та’лим ва буюк алломаларимиз меросини о‘рганиш соҳасида амалга оширилаётган кенг ко‘ламли ислоҳотлар бу борада мутлақо янги босқични бошлаб берди.

Президентимиз 2017 йилдаёқ юртимизда шаклланган буюк илмий мактабларни қайта тиклаш, хусусан, Самарқандда ҳадисшунослик мактабини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди. Орадан ко‘п о‘тмай бу эзгу г‘оя амалий ифодасини топди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-ма’рифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари то‘г‘рисида»ги Фармони асосида Самарқандда Ҳадис илми мактаби ташкил этилди. Шу йилнинг 1 ноябрида қабул қилинган Ҳукумат қарори билан унинг фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари белгилаб берилди.

Бу воқеа, бизнингча, шунчаки янги та’лим муассасасининг очилиши эмас эди. Бу – Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий каби буюк муҳаддисларни етиштирган заминда ҳадис илмининг узоқ асрлик ан’аналарини замонавий асосда давом эттириш ё‘лидаги тарихий қадам бо‘лди.

Ҳадис илми мактаби олдига Қур’они карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини теран англайдиган, ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини пухта эгаллаган, буюк муҳаддисларимиз меросини чуқур о‘рганадиган ва мустақил илмий тадқиқот олиб бора оладиган етук мутахассисларни тайёрлаш вазифаси қо‘йилди. Энг муҳими, ҳадисларда мужассам бо‘лган эзгулик, ҳалоллик, адолат, баг‘рикенглик, ватанпарварлик, ота-онага эҳтиром, инсон қадрини улуг‘лаш сингари умуминсоний г‘ояларни халқимиз, айниқса, ёш авлодга то‘г‘ри ва илмий асосда етказиш та’лим даргоҳининг муҳим вазифаларидан бирига айланди. Бугун Ҳадис илми мактабида та’лим жараёни назарий билим бериш билан чекланиб қолмай, амалий машг‘улотлар билан ҳам узвий бог‘ланган. Талабалар ҳадисларни тахриж қилиш, я’ни уларнинг асл манбаларини аниқлаш, ривоят ё‘ллари ва санадларини о‘рганиш, ҳадис матнларини шарҳлаш ва илмий таҳлил қилиш, уларни мавзу ва мазмунига ко‘ра таснифлаш, шунингдек, ҳадис манбалари ва илмий асарларни тадқиқ қилиш бо‘йича амалий ко‘никмаларни эгалламоқдалар.

Айни пайтда, Ҳадис илми мактабининг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ёнма-ён фаолият юритаётгани ҳам о‘зига хос илмий-ма’рифий муҳитни юзага келтирмоқда. Буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини о‘рганиш, уни жаҳон илм аҳлига етказиш, замонавий тадқиқотлар билан бойитиш ё‘лида амалга оширилаётган ишлар ёшларимиз учун улкан илмий мактаб вазифасини о‘тамоқда.
Бугун Самарқанд заминида Имом Бухорий номи билан бог‘лиқ улкан бунёдкорлик ишларининг амалга оширилиши ҳам халқимизнинг о‘з буюк аждодига бо‘лган юксак эҳтиромининг ифодасидир. Имом Бухорий мажмуасининг замон талаблари асосида қайта бунёд этилиши, уни илм-ма’рифат, тарбия ва зиёрат масканига айлантиришга қаратилган ишлар нафақат юртимиз, балки бутун ислом олами учун катта аҳамиятга эга.
Янги О‘збекистонда диний-ма’рифий соҳага бо‘лган муносабатнинг энг муҳим жиҳати шундаки, аждодлар мероси фақат тарихий фахр сифатида эмас, балки бугунги ва келажак авлод тарбиясига хизмат қиладиган улкан ма’навий хазина сифатида о‘рганилмоқда. Имом Бухорийнинг илмга садоқати, ҳақиқатни излашдаги матонати, ҳадисларни қабул қилишдаги юксак илмий мезонлари бугунги ёшларимиз учун ҳам ибрат мактабидир.
Со‘нгги йилларда юртимизда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳовуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби каби қатор илм ва ма’рифат масканларининг ташкил этилгани ҳам ушбу сиёсатнинг узвий натижасидир.

Буларнинг барчаси замирида битта буюк мақсадни ко‘риш мумкин: ма’рифатли, о‘з тарихини биладиган, аждодлари мероси билан фахрланадиган, айни пайтда замонавий билим ва тафаккурга эга авлодни вояга етказиш. Биз, Ҳадис илми мактаби жамоаси, яратиб берилаётган бундай имкониятларни катта ишонч ва юксак мас’улият сифатида қабул қиламиз. Чунки буюк муҳаддислар юртида ҳадис илмини о‘рганиш ва о‘ргатиш фақат касбий вазифа эмас, балки аждодлар олдидаги ма’навий бурч ҳамдир.

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида ортга назар солиб, бугунги натижаларни сарҳисоб қилар эканмиз, истиқлолнинг қадрини яна бир бор теран ҳис этамиз. Агар мустақиллик халқимизга о‘з тақдирини о‘зи белгилаш ҳуқуқини берган бо‘лса, Янги О‘збекистондаги ислоҳотлар миллий ва диний-ма’рифий меросимизни чуқур о‘рганиш, уни дунёга муносиб тарзда намоён этиш учун янги имкониятлар эшигини очди. Эндиликда бизнинг вазифамиз – ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, Имом Бухорий ва бошқа буюк алломаларимиз қолдирган илмий меросни янада чуқур тадқиқ этиш, унинг инсонпарварлик ва ма’рифатпарварлик г‘ояларини ёш авлод қалбига етказишдир. Зеро, о‘з о‘тмишини англаган, илмни қадрлаган ва ма’рифатга таянган халқнинг келажаги ҳамиша порлоқ бо‘лади.

Барот Амонов, Ҳадис илми мактаби ректори.

О‘збекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари