Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2025   |   21 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:33
Аср
17:20
Шом
19:26
Хуфтон
20:47
Bismillah
15 Август, 2025, 21 Сафар, 1447

"Эҳсон — садақа бериш ва яхшилик қилишдир"

04.07.2019   15063   5 min.

Араб тилидаги “эҳсон” сўзининг маънолари кўп. “Эҳсон” деганда одатда бировга бирор неъматни бериш ва фазлу карам кўрсатиш тушунилади. Лекин “эҳсон” сўзи луғатда “яхшилик қилиш, эзгулик кўрсатиш” маъноларини ҳам англатади. Қуръонда эҳсоннинг фазилати ҳақида зикр этиш баробарида эҳсон қилувчиларга бериладиган савоб-мукофотлар, уларга етадиган манфаатлар ҳам баён этилади:
яъни, “(Эй Муҳаммад), сиздан нима эҳсон қилишни сўрашса, “Нима эҳсон қилсангиз ҳам ота-онага, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилинг, қандай яхшилик қилсангиз ҳам Аллоҳ уни албатта билади», денг” (Бақара сураси, 215-оят).


Ҳақиқатан, бирор кишига бир нарсани эҳсон қилсангиз ёки унга бирор яхшилик кўрсатсангиз, бундан дилингиз равшан тортади, руҳий хотиржамлик юзага келади, ўзгаларга манфаат етказганингиздан хурсанд бўласиз. Эҳсон қилинган киши ҳам ўзига кўрсатилган яхшиликдан севинади, дилида сизга муҳаббат пайдо бўлади, агар сизга кеки бўлса, унутади. Шу тариқа жамиятда кишилар ўртасида тотувлик, ҳурмат-эҳтиром пайдо бўлади, адоватлар барҳам топади, осойишталик ва фароғат барқарор бўлади. Энг асосийси, кимга бир яхшилик қилсангиз, Аллоҳ таоло уни ўзингизга ўн баробар қилиб қайтаради. Чунки Парвардигорнинг бундай ваъдаси бор:
яъни, “Ким бир яхшилик қилса, унга ўша яхшилиги ўн баробар қилиб қайтарилади” (Анъом сураси, 160-оят).
Қуръони каримда яхшилик-эҳсон қилувчиларнинг сифатлари батафсил баён этилган. Улар кечалари туриб намоз ўқувчилар, тун охирида Парвардигорларидан мағфират сўровчилар, мол-мулкларидан муҳтож ва фақирларга насиба ажратувчи кишилардир. Эҳсоннинг турлари кўп: Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом суннатларига эргашиш ҳам – эҳсон, бировни кечириш ҳам – эҳсон, бошга келган мусибат ва озорларга сабр қилиш ҳам – эҳсон, ҳатто бировга яхши муомала қилиш ҳам – эҳсон. Аллоҳ азза ва жалла бундай буюради:
Мусулмон киши кимга яхшилик қилишни, қандай яхшилик қилишни жуда яхши билади. Чунки Аллоҳнинг Китобида, Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида бу ҳақда жуда кўп амр-фармонлар, кўрсатмалар келган. Шуларга кўра, эҳсон қилиш энг олдин сизни туғиб катта қилган, едириб-ичирган, кийинтирган, чиройли таълим, хулқу одоб ўргатган, камолга етказиб уйли-жойли қилган ота-онадан бошланади. Имом Насафий ва Хозин тафсирларида зикр қилинишича, фарзанд учун ота-онанинг мақоми шунчалар улуғки, у ота-онани номи билан чақирмай, балки «отажон, онажон» каби ширин сўзлар мурожаат қилиши, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслиги, улар олдида ўзини қул ёки чўрилардек тутиши лозим. Шундан кейин қариндош-уруғлар, ўзгалар меҳр-мурувватига муҳтож бўлиб қолган етимлар, камбағал-фақирлар, сафарда азият чекаётган мусофирларга эҳсон қилинади. Эҳсон-садақа қилиниши лозим бўлган тоифалар ҳақида Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) бир неча ҳадиси шарифлар ворид бўлган: “Мискинга қилинган садақага битта савоб, қариндошга қилинган садақага иккита савоб: бири садақа, иккинчиси силаи раҳм учундир”; “Расули акрам (алайҳиссалом): “Етимни қарамоғига олган киши билан мен жаннатда мана бундай ёнма-ён турамиз”, дедилар ҳамда кўрсаткич ва ўрта бармоқларини жуфтлаб кўрсатдилар"; “Бева ва мискинга эҳсон қилиш учун ҳаракат қилган киши Аллоҳ йўлида жанг қилган, туни билан намоз ўқиган ва кун бўйи рўза тутиб юрган киши кабидир" (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Одамларга қилинадиган яхшиликнинг фазилатлари ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Навос ибн Санъон Ансорийдан (р.а.) ривоят қилинади. Бу киши Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўради. Шунда у зот: «Яхшилик – ҳусни хулқ, ёмонлик – юрагингни ғаш қиладиган ва одамлар кўриб қолишини ёқтирмаган нарсанг», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қудсий ҳадисда бундай деганлар: Албатта, Аллоҳ таоло яхши ва ёмон амалларни ҳам ёзиб, уни қуйидагича баён этди: «Ким бир яхшилик қилишга аҳд этсаю, аммо амалга ошира олмаса, Аллоҳ таоло унинг учун Ўз ҳузурида комил яхшилик қилди, деб ёзиб қўяди. Агар яхшилик қилишга қарор бериб, уни амалга оширса, унга Аллоҳ таоло Ўз ҳузурида ўн савобдан етти юз савобгача, ҳатто бундан бир неча баробар кўп савоб беради. Агар бирор ёмонлик қилишни ўйласаю, уни амалга оширмаса, Аллоҳ таоло унга бир яхшилик савобини беради. Ёмонлик қилишга қарор берсаю уни амалга оширса, Аллоҳ таоло унга битта ёмонлик ёзади» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Булардан эса, ҳар бир мусулмон атрофидаги кишиларга меҳрибон, ҳимматли, саховатпеша, садоқатли бўлиши лозим, деган фикр келиб чиқади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин, ҳидоят йўлида собитқадам қилиб, барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф этсин! Омин.


Қизилтепа туман бош имом хатиби З.Орипов

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сеҳрдан сақланиш ва даволаниш йўллари

15.08.2025   47   2 min.
Сеҳрдан сақланиш ва даволаниш йўллари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Сеҳрни сеҳр билан даволанмайди, балки шариатга мувофиқ дам солдириш, “Фотиҳа”, “Оятал курсий”, Бақара сурасининг охирги икки ояти, “Ихлос”, “Фалақ” ва “Нас” сураларини ўқиб, ўзига дам солиш, доимо таҳоратли юриш, фарз ибодатларни вақтида бажариш, кўп қироат ва зикру тасбеҳда бўлиш тавсия этилади.

Тарихдан маълумки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни Лабийдул яҳудий ва унинг қизлари ўн бир тугунли ип билан сеҳр қилишганда “Фалақ” ва “Нас” сураларини ўқиб паноҳ сўрашга буюрилдилар. У зот ушбу сураларни ўқиб сеҳрдан халос бўлдилар (“Тафсири Жалолайн” китоби).

Аввало, фолбинлик, сеҳр билан шуғулланадиган кишилардан узоқ бўлиш, сеҳр ҳам Аллоҳ таолонинг изнисиз таъсир қилмаслигига қаттиқ ишониш керак.

Сеҳр билан шуғулланиш – оилаларнинг бузилиши, силаи раҳмнинг узилишига сабаб бўладиган оғир жиноятдир. Ҳозирги кунда ҳам сеҳрнинг иситиш-совутиш деган тури кўп учрайди. Баъзи опа-сингилларимиз тушунмасдан эримни ўзимга иситаман, деб фолбин-сеҳргарга мурожат қиладилар.

Кўпинча натижа тескари бўлади. Аслида, опа-сингилларимиз динимизда тавсия қилинган, эр-хотин ўртасида муҳаббатни зиёда қиладиган ишларга ҳаракат қилишлари керак.

Энг асосийси, иймон, ихлос, муҳаббат, сабр-тоқат, қаноат, босиқлик, кечиримлилик, меҳр, шукр, Аллоҳнинг тақдири ва тақсимига рози бўлиш, хушмуомалалик, ҳаё, меҳнатсеварлик, оқкўнгиллик каби хислатларга эга бўлишга ҳаракат қилсалар, эрни иситиш учун имонни таҳликага қўйиб фолбин-сеҳргардан ёрдам сўрашга ҳожат қолмайди.

Фолбин ва сеҳргарларнинг бозорини юритаётганлар, уларнинг эшиклари олдида турнақатор навбатлар ташкил қилаётганлар кимлар? Афсуски, биз ўзимиз уларнинг иши юришишига сабаб бўлмоқдамиз. Ҳар бир оила бошлиғи қўл остидагилар учун масъул.

Демак, ҳар бир эр ёки ота оила аъзоларини фолбин ва сеҳргарларга боришидан қайтариши керак. Чунки ўзини ҳам оила аъзоларини ҳам дўзах ўтидан асраши унинг муқаддас бурчидир. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

 

Мақолалар