Катта Лангар Қуръони мавзусини теран тушуниш учун аввал Муқаддас Китоб, яъни Қуръони Карим тарихига назар ташлаш жоиз. У пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Жаброил алайҳиссалом воситасида Аллоҳ томонидан нозил қилинган. Қуръони Карим Ислом динининг асоси, қонун-қоидалари, Аллоҳнинг ўз бандаларига нисбатан буйруқлари акс этган илоҳий китобларнинг охиргисидир.
Қуръони Карим дастлаб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий келишига мос равишда, босқичма-босқич, оғзаки шаклда жамланган.
Қуръонни яхлит ҳажмда ёд олганларнинг сони қанча бўлгани тўғрисида олимларнинг фикрлари турлича. Айрим олимлар, Имом ал-Бухорийнинг ҳадисларидан бирига асосланган ҳолда, Қуръон ҳофизларининг сони 7 та бўлган деб ҳисоблаганлар. Яна бир ҳадисда Қуръонни ёддан билганларнинг сони тўртта, деб кўрсатилган, тарихчилар эса ўнлаб кишилар Қуръонни ёддан билганлар, деб ҳисоблайдилар. Тарихий ҳақиқат эса шундан иборатки, Расулуллоҳ алайҳиссаломдан Қуръони Каримни тўлиқ ёд олганларнинг сони беҳисоб бўлган. Набий алайҳиссаломнинг вафотларидан кўп ўтмай содир бўлган Ямама яқинидаги жангларда ҳалок бўлганлар ичида етмишдан ортиқ қори саҳобаларнинг бўлгани ушбу фикрга далил бўла олади. Бу тўғрида имом Мовардий шундай дейди: “Ушбу тўртликдан бошқа ҳеч ким Қуръони Каримни комил ёд олмаган, деб чегаралаш мумкин эмас. Зеро, саҳобалар турли шаҳарларга тарқаб кетган эдилар”.
Айни пайтда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Қуръонни ёзма кўринишда сақлашга ҳам алоҳида эътибор қаратганлар. Қуръон нозил бўлаётган пайтида ҳали қоғоз муомалада бўлмаган. Набий алайҳиссаломга ваҳий кела бошлаши билан, саҳобалар қўл остиларида ёзувга яроқли нима топсалар, шунга сураларни ёзиб олганлар. Хусусан, дарахт пўстлоғи, матолар, тери, ясси тошлар, курак суяклари... Пайғамбаримиз вафотларидан сўнг ички қуролли низолар оқибатида кўплаб қориларнинг вафот этишлари оқибатида Қуръоннинг йўқолиб кетиш хавфи туғилган.
Шунда халифа Абу Бакр (р.а.) саҳобалардан ҳайъат тузиб, уларнинг қўлларида сақланаётган суралар ва оятларни жамлатганлар ва китоб шаклига келтирганлар. Жамланган Қуръони Карим пайғамбаримизнинг бевалари Ҳафса (р.а.)га сақлаш учун топширилган. Учинчи халифа Усмон ибн Аффон пайтларида Қуръонни ўқиш, Қуръон тажвиди масалаларида ихтилофлар келиб чиққан. Чунки Қуръон турли ҳолатларда ҳар хил қоидаларга амал қилинган ҳолда ўқилган. Аҳвол шу даражага етиб борганки, мусулмонларнинг бирлигига раҳна тушиш ҳолатлари келиб чиқа бошлаган. Шунда халифа Усмон ибн Аффон саҳобаларнинг қўлида сақланаётган Қуръон қисмларини, халифа Абу Бакр тўплатган китоб шаклидаги Қуръонни олиб келтиради ва яна ҳайъат тузиб, мукаммал китоб ҳолида жамлайди.
Халифа Усмон жамлатган Қурон нусхаларининг бири Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сақланади ва жуда кўпчилик олимларнинг фикрича, бу айнан асл, биринчи нусха ҳисобланади. Ушбу тарихий манбаларни айтиб ўтаётганимизнинг сабаби шуки, Аллоҳ бизни мана шундай буюк бир неъмат билан тақдирлаган.
Энди бевосита Катта Лангар Қуръони тақдирига эътибор қаратсак. Қашқадарё вилояти Қамаши туманида Катта Лангар қишлоғи бор, атрофи тоғли ҳудуд. Ана шу қишлоққа XIV аср бошларида дарвешлар, сўфийлар кўчиб келганлар. Муҳаммад Содиқ деган ўз замонининг машҳур тасаввуф шайхи шу томонларда қўним топиб, қишлоқ масжидига асос солади. Мазкур табаррук манзил аввал ҳам, ҳозир ҳам зиёратгоҳ вазифасини ўтаб келмоқда. Унда Муҳаммад Содиқнинг отаси ва ўғиллари ҳамда ўзларининг қабрлари бор. Маълумки, тасаввуф тарихида Яссавия, Кубровия, Нақшбандия каби сўфийлик тариқатлари бўлган. Биз зикр этаётган қишлоқда эса Ишқия тариқатининг шайхлари фаолият юритганлар.
Кўпчилик учун кема лангарини англатадиган сўз, ўрта асрларда қароргоҳ, дарвешлар учун қурилган хонақо маъноларида қўлланилган. Соҳибқирон Амир Темур даврида дарвешлар, сўфийлар алоҳида эътибор билан эъзозланган ва улар учун махсус лангархоналар барпо этилган. Уларнинг аксарияти шажаралари Пайғамбар алайҳиссаломга ёки у кишининг куёвлари Ҳазрат Алига ёки набираларига бориб тақалади, дейилади. Ишқия шайхлари Аллоҳдан бошқа ҳеч кимга муҳаббат боғлаш мумкинмас, деган йўлни тутиб, асосан Яратганнинг зикри билан ҳаёт кечирганлар. Таассуфки, Катта Лангарга Ишқия шайхлари қаердан келиб қолишгани, уларнинг миллатлари номаълум. Йиллар, асрлар оралиғида шайхлар ўзбеклашиб, маҳаллий аҳоли билан қариндош бўлиб кетганлар. Баъзи манбаларда уларнинг ироқлик эканликларига ишоралар учрайди. Лекин илмий жиҳатдан ушбу тахминлар чуқур ўрганилмаган. Эътиборли томони шундаки, айнан Ишқия шайхлари ўзлари билан бирга Катта Лангар Қуръони деб аталаётган Қуръонни олиб келишган. Ушбу муқаддас китоб Иккинчи жаҳон урушидан олдин ҳам, кейин ҳам олимлар томонидан маълум даражада тадқиқ этилган. Таъкидланишича, урушдан олдин Қуръон тўлиқ, яъни 498 саҳифадан иборат бўлган. Кейинчалик саҳифаларнинг сони камайиб боргани тасдиқланган. 2003 йилда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг маданият масалалари бўйича маслаҳатчиси Пьер Шювен деган олим Дин ишлари бўйича қўмитага Катта Лангар қишлоғидаги Қуръон саҳифалари йўқолиб кетаётганини маълум қилади. Тез фурсатда олим ва уламо Абдураззоқ Юнусов (Аллоҳ раҳмат қилсин, ўша пайтлар мусулмонлар идораси раиси ўринбосари вазифасида эдилар) хизмат сафарига юборилади. У киши қишлоқ аҳли билан маслаҳатлашиб, уларнинг розилигини олиб, Қуръоннинг қолган 12 саҳифасини Тошкентга олиб келади. Ҳозир Лангар қишлоғида айнан шу 12 саҳифанинг хаттотлар томонидан кўчириб берилган нусхаси сақланмоқда. Асл нусха эса Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг музейида махсус шароитларда асраб келинмоқда.
Катта Лангар Қуръонининг яна бир саҳифаси Ўзбекистон Фанлар академиясининг қўлёзмалар институтида, бир алоҳида саҳифа Мусулмонлар идораси кутубхонасида, яна икки саҳифа Бухоро ўлкашунослик музейида сақланмоқда. Бухородаги саҳифалар ўз вақтида амирнинг ўғлига тегишли кутубхонадан музейга олинган. Шундай қилиб, юртимизда жами 16 саҳифа Катта Лангар Қуръони деб аталган ноёб Қуръон қўлёзмаси сақланади. 1998 ва 2003 йиллари Санкт-петербурглик қуръоншунос олим Ефим Ризван уни тадқиқ қилади ва Голландияда рентген углерод таҳлилидан ўтказади. Аниқланишича, мазкур Қуръон VIII-IX асрларга тегишли экан. Россиянинг Шарқшунослик қўлёзмалар институтида Катта Лангар Қуръони деб аталган Қуръоннинг 81 саҳифаси борлиги маълум. Айрим мутахассислар Катта Лангар Қуръонининг 81 саҳифасини машҳур шарқшунос олим Крачковский Россияга олиб кетган, деган фикрни илгари сурадилар. Аслида, тарихий маълумотларга кўра, ўтган асрнинг 30-йилларидаги очарчилик даврида Нофаль исмли ливанлик арабнинг беваси Қуръон саҳифаларини Крачковскийга сотган. Унинг эри октябрь инқилобидан аввал Россия Мудофаа вазирлигида араб тилидан сабоқ берган. Мантиқий хулоса шуки, нусхаларни Санкт-Петербургга Нофаль олиб келган, у ҳам кимдандир сотиб олган ёхуд унга кимдир асраб қўйиш учун берган бўлиши мумкин. Ливанлик арабнинг Ўзбекистонга келиши ҳақиқатга тўғри келмайди. Ҳеч қайси манбада бу ҳақда маълумот йўқ. Энг қизиғи, Франция миллий кутубхонасида худди шундай ўлчамларда, худди шундай ёзувда Қуръон саҳифалари сақланмоқда. Унинг бир қисмини Наполеон Бонапарт Мисрни босиб олган чоғида, фаранглар консули коллекция йиғиш мақсадида харид қилади. Ватанига қайтгач, Франция миллий кутубхонасига топширади. Париж миллий кутубхонаси, Петербург қўлёзмалар институти ва биздаги саҳифалар бир-бирини тўлдиради. Бизда бор қўлёзма саҳифалари уларда йўқ, улардаги саҳифалар бизда йўқ. Катта Лангар Қуръони ҳақидаги тарихий маълумотлар мана шулардан иборат.
Ҳозир “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси асосида юртимиз илмий-тарихий ва маданий ёдгорликларининг чет эл коллекцияларидаги асл манбалари ўрганилмоқда. Биз лойиҳа раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқов билан изчил ва фаол ҳамкорлик қилмоқдамиз. Мамнуният билан қайд этамизки, Санкт-Петербургдаги ҳамда биздаги саҳифаларни қўшган ҳолда Катта Лангар Қуръонининг факсимиле нусхаси яратилди. Факсимиле нусхалар соҳа илмий текшириш муассасаларига топширилди.
Шу ўринда бошқа бир қизиқарли маълумотга тўхталиб ўтсак. Англиянинг Бирмингем шаҳрида XX аср охирларида бир аспирант йигит тасодифан кутубхонадан икки саҳифа Қуръонни топиб олади. Қизиғи, ёзув усули ва ўлчами бир хил бўлишига қарамай, улар Катта Лангар Қуръони саҳифалари эмас, Усмон Қуръонига ҳам мос келмайди. Бу икки саҳифа олимлар томонидан қайта-қайта текширилди. Жумладан, ўтган йил Бирлашган Араб Амирлигининг қўлёзмалар марказидан экспертлар атрофлича ўрганишди. Саҳифалар халифа Абу Бакр даврида ёзилган бўлиши ва Усмон Қуръонидан ҳам, Катта Лангар Қуръонидан ҳам қадимийроқ эканлиги тўғрисида фикрлар билдирилди. Лекин Бирмингемдаги Қуръон билан Катта Лангар Қуръони саҳифалари, албатта, қиёсий ўрганилиши керак, негаки, иккала Қуръон ҳам ҳижозий ёзувида битилган. Шу боис илм аҳлини катта ишлар кутиб турибди.
Усмон Қуръони ҳамда Катта Лангар Қуръонининг юртимизга келиб қолганлигининг ўзи илоҳий мўъжиза. Ана шундай улуғ мукофотга сазовор бўлганлигимиз юртимизга берилган барака ва фаровонликдан далолатдир. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси марказига тарихимиз, аждодлардан қолган буюк илмий-маърифий меросни тадқиқ қилиш, уни асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш вазифаси юклатилган. Мамлакатимизда сақланаётган Қуръони Карим қўлёзмалари ҳам ана шу мероснинг таркибий қисми сифатида тадқиқ қилинмоқда.
Шоазим МИНОВАРОВ,
Ислом цивилизацияси маркази директори.
Тасаввуф масаласи ҳам салафийлар томонидан қаттиқ танқидга олинган ва кўр-кўрона рад этиладиган мавзулардан биридир. Тасаввуф, тариқат, сулук, шайх, мурид ва шу каби атамаларни эшитишлари билан мавзуни инкор қилишга тушиб кетадилар. Лекин аслида ҳам шундайми?
Минг йиллардан бери Исломнинг руҳи бўлиб келган ва Ислом уммати оғишмай амал қилиб келаётган бу мавзу рад этилиши керакми?!
Тасаввуф – бу Аллоҳни таниш ва нафсни поклашни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илмдир. Тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, мавзусининг шарафи биландир.
Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билиш-таниш экан, у ўз-ўзидан исломий илмларнинг энг шарафлиси бўлади. Тасаввуф бизга нима қилсак, Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак, қалбимизда бўлишини истаганимиз “Аллоҳ севгиси” ҳосил бўлади, каби саволларга жавоб беради ва бу мақомга эришиш йўлларини ўргатади.
Тасаввуфга уламолар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Шайх Иброҳим ибн Муваллид Роққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг китобларида бу таърифларни юздан ошиғини жамлаган.
Шайх Муҳаммад ибн Али Қассоб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф бу – саодат асрида шарафли қавмнинг энг олийжаноб кишисидан содир бўлган энг гўзал хулқлардир”, деган.
Шайх Абу Муҳаммад Жаририй раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – ҳар бир гўзал хулқни олиш ва ҳар бир ёмон хулқни тарк қилишдир”, деди.
Шайх Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – гўзал хулқ билан бир маънода бўлиб, кимнинг хулқи сеникидан гўзал бўлса, тасаввуфи ҳам гўзалдир”, деган.
Шайх Абу Ҳафс Найсобурий раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – унинг барчаси одобдир. У ҳар бир вақт, ҳар бир ҳол ва ҳар бир мақомнинг одобидир”, деган.
Тасаввуф баъзи кишилар: “Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин пайдо бўлган бидъат, аввалги даврда бўлмаган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда “Тасаввуф” сўзи бирор марта зикр қилинмаган”, деб даъво қилаётганидек кейин пайдо бўлиб қолган бидъат илм эмас, балки у барча шаръий илмлар қатори Исломнинг аввалидан мавжуддир.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда “Тасаввуф” сўзини бирор марта келмагани уни исломий илм эмаслигига далил бўлмайди. Чунки бошқа исломий илмларнинг ҳам номлари Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган. Агар Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган нарсаларни инкор қилсак, жуда кўплаб нарсалардан воз кечишимизга тўғри келади.
Тасаввуф Исломнинг аввалги асрларидан бери мавжуд бўлиб, у ҳам бошқа исломий илмлар қатори Қуръон ва суннатдан олинган. Бунга Қуръон, ҳадис ва тобеинларнинг сўзларида далиллар бор. Аввал айтганимиздек тасаввуфнинг асосий вазифаси инсоннинг нафсини тарбиялаш, гуноҳлардан поклаш ва ботиний амалларини тартибга солишдир.
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 120-оятида бундай марҳамат қилган:
﴿وَذَرُوا ظَاهِرَ الْإِثْمِ وَبَاطِنَهُ﴾
“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!”.
Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бу ояти каримани тафсир қилиб: “Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган. Махфий гуноҳдан қалб билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган” деган.
Зоҳирий аъзолар билан қилинадиган гуноҳларни тарк қилишни ва унга бериладиган жазоларни фиқҳ фани ўргатса, қалб касалликларини даволашни айнан тасаввуф ўргатади. Бошқа ояти каримада шундай дейилади:
﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا﴾
“Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди” (Шамс сураси, 9-оят).
Дарҳақиқат, инсон охиратда ютуққа эришиши учун, жаҳаннам оловидан омонда бўлиши учун бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳ ва қалб касалликларидан ўзини поклаши керак.
Аллоҳ таоло бу ояти карималарда бандаларини куфр, ширк ва гуноҳлардан ўзларини поклашга буюрмоқда. Мана шу поклашни ўргатадиган фанни “Тасаввуф” деб номлаш инсонлар орасида урф бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тасаввуф эҳсон деб номланган. “Жаброил ҳадиси” деб номланган машҳур ҳадиси шарифда “эҳсон” айни тасаввуф экани намоён бўлди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлига қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
“Менга иймон ҳақида хабар бер”, деди.
“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди.
“Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деди у.
“Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
“Менга Соат (қиёмат)дан хабар бер”, деди.
“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, дедилар.
“Унинг аломатларидан хабар бер”, деди.
“Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:
“Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?” дедилар.
“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедим.
“Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда диннинг асллари иймон, Ислом, эҳсон, зоҳирий ва ботиний амалларни ислоҳ қилиш ва охират куни ҳақида ва буларнинг барчаси дин эканлигини хабари берилмоқда.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган “Ислом”ни фиқҳ илми ўргатади. “Иймон” қисмини ақоид илми ўргатади. Бизнинг мавзумизга бевосита боғлиқ бўлган “эҳсон” қисмини эса тасаввуф илми ўргатади ва бу ҳадиси шарифда бунга амалий намуна ҳам бор.
Жаброил алайҳиссалом: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
Тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири ҳам банда қилаётган ҳар бир ибодатида, амалида Аллоҳ уни кўриб турганини ва бу амалига қиёмат куни албатта савол-жавоб бўлишини қалбан ҳис қилдиришдир.
“Тасаввуф” сўзи Исломнинг дастлабки асрида ишлатилмаган бўлса-да, кейинги даврларда “сўфий” сўзи ишлатилганини кузатишимиз мумкин.
Уламолар мутавотир ҳадиснинг қандай бўлиши ва шартларини баён қилиб айтадиларки “Мутавотир ҳадис – унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади”.
Шундай экан, тасаввуф илми ҳам иккинчи асрдан (тобеинлар асридан) то шу кунгача минглаб шариатимиз пешволари орқали ҳам нақлан, ҳам амалан мутавотир ҳолатда бизгача етиб келган. Шунинг ўзи ҳам тасаввуф илмининг шаръий илм эканига етарли далил бўлади.
Машҳур муҳаддис олим, Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Суҳбатларимиз ва таълим-тарбиямиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳиҳ ва машҳур санад билан етиб борган тариқат одобидир”, деган.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси