Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Август, 2026   |   1 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:02
Қуёш
05:31
Пешин
12:28
Аср
17:21
Шом
19:28
Хуфтон
20:54
Bismillah
14 Август, 2026, 1 Рабиъул аввал, 1448

Катта Лангар Қуръони: Ҳақиқатми ёхуд афсона...

14.06.2019   8421   9 min.
Катта Лангар Қуръони: Ҳақиқатми ёхуд афсона...

Катта Лангар Қуръони мавзусини теран тушуниш учун аввал Муқаддас Китоб, яъни Қуръони Карим тарихига назар ташлаш жоиз. У пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Жаброил алайҳиссалом воситасида Аллоҳ томонидан нозил қилинган. Қуръони Карим Ислом динининг асоси, қонун-қоидалари, Аллоҳнинг ўз бандаларига нисбатан буйруқлари акс этган илоҳий китобларнинг охиргисидир.

Қуръони Карим дастлаб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий келишига мос равишда, босқичма-босқич, оғзаки шаклда жамланган. 

Қуръонни яхлит ҳажмда ёд олганларнинг сони қанча бўлгани тўғрисида олимларнинг фикрлари турлича. Айрим олимлар, Имом ал-Бухорийнинг ҳадисларидан бирига асосланган ҳолда, Қуръон ҳофизларининг сони 7 та бўлган деб ҳисоблаганлар. Яна бир ҳадисда Қуръонни ёддан билганларнинг сони тўртта, деб кўрсатилган, тарихчилар эса ўнлаб кишилар Қуръонни ёддан билганлар, деб ҳисоблайдилар. Тарихий ҳақиқат эса шундан иборатки, Расулуллоҳ алайҳиссаломдан Қуръони Каримни тўлиқ ёд олганларнинг сони беҳисоб бўлган. Набий алайҳиссаломнинг вафотларидан кўп ўтмай содир бўлган Ямама яқинидаги жангларда ҳалок бўлганлар ичида етмишдан ортиқ қори саҳобаларнинг бўлгани ушбу фикрга далил бўла олади. Бу тўғрида имом Мовардий шундай дейди: “Ушбу тўртликдан бошқа ҳеч ким Қуръони Каримни комил ёд олмаган, деб чегаралаш мумкин эмас. Зеро, саҳобалар турли шаҳарларга тарқаб кетган эдилар”.  

Айни пайтда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Қуръонни ёзма кўринишда сақлашга ҳам алоҳида эътибор қаратганлар. Қуръон нозил бўлаётган пайтида ҳали қоғоз муомалада бўлмаган. Набий алайҳиссаломга ваҳий кела бошлаши билан, саҳобалар қўл остиларида ёзувга яроқли нима топсалар, шунга сураларни ёзиб олганлар. Хусусан, дарахт пўстлоғи, матолар, тери, ясси тошлар, курак суяклари... Пайғамбаримиз вафотларидан сўнг ички қуролли низолар оқибатида кўплаб қориларнинг вафот этишлари оқибатида Қуръоннинг йўқолиб кетиш хавфи туғилган.

Шунда халифа Абу Бакр (р.а.) саҳобалардан ҳайъат тузиб, уларнинг қўлларида сақланаётган суралар ва оятларни жамлатганлар ва китоб шаклига келтирганлар. Жамланган Қуръони Карим пайғамбаримизнинг бевалари Ҳафса (р.а.)га сақлаш учун топширилган. Учинчи халифа Усмон ибн Аффон пайтларида Қуръонни ўқиш, Қуръон тажвиди масалаларида ихтилофлар келиб чиққан. Чунки Қуръон турли ҳолатларда ҳар хил қоидаларга амал қилинган ҳолда ўқилган. Аҳвол шу даражага етиб борганки, мусулмонларнинг бирлигига раҳна тушиш ҳолатлари келиб чиқа бошлаган. Шунда халифа Усмон ибн Аффон саҳобаларнинг қўлида сақланаётган Қуръон қисмларини, халифа Абу Бакр тўплатган китоб шаклидаги Қуръонни олиб келтиради ва яна ҳайъат тузиб, мукаммал китоб ҳолида жамлайди.

Халифа Усмон жамлатган Қурон нусхаларининг бири Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сақланади ва жуда кўпчилик олимларнинг фикрича, бу айнан асл, биринчи нусха ҳисобланади. Ушбу тарихий манбаларни айтиб ўтаётганимизнинг сабаби шуки, Аллоҳ бизни мана шундай буюк бир неъмат билан тақдирлаган.

Энди бевосита Катта Лангар Қуръони тақдирига эътибор қаратсак. Қашқадарё вилояти Қамаши туманида Катта Лангар қишлоғи бор, атрофи тоғли ҳудуд. Ана шу қишлоққа XIV аср бошларида дарвешлар, сўфийлар кўчиб келганлар. Муҳаммад Содиқ деган ўз замонининг машҳур тасаввуф шайхи шу томонларда қўним топиб, қишлоқ масжидига асос солади. Мазкур табаррук манзил аввал ҳам, ҳозир ҳам зиёратгоҳ вазифасини ўтаб келмоқда. Унда Муҳаммад Содиқнинг отаси ва ўғиллари ҳамда ўзларининг қабрлари бор. Маълумки, тасаввуф тарихида Яссавия, Кубровия, Нақшбандия каби сўфийлик тариқатлари бўлган. Биз зикр этаётган қишлоқда эса Ишқия тариқатининг шайхлари фаолият юритганлар.

Кўпчилик учун кема лангарини англатадиган сўз, ўрта асрларда қароргоҳ, дарвешлар учун қурилган хонақо маъноларида қўлланилган. Соҳибқирон Амир Темур даврида дарвешлар, сўфийлар алоҳида эътибор билан эъзозланган ва улар учун махсус лангархоналар барпо этилган. Уларнинг аксарияти шажаралари Пайғамбар алайҳиссаломга ёки у кишининг куёвлари Ҳазрат Алига ёки набираларига бориб тақалади, дейилади. Ишқия шайхлари Аллоҳдан бошқа ҳеч кимга муҳаббат боғлаш мумкинмас, деган йўлни тутиб, асосан Яратганнинг зикри билан ҳаёт кечирганлар. Таассуфки, Катта Лангарга Ишқия шайхлари қаердан келиб қолишгани, уларнинг миллатлари номаълум. Йиллар, асрлар оралиғида шайхлар ўзбеклашиб, маҳаллий аҳоли билан қариндош бўлиб кетганлар. Баъзи манбаларда уларнинг ироқлик эканликларига ишоралар учрайди. Лекин илмий жиҳатдан ушбу тахминлар чуқур ўрганилмаган. Эътиборли томони шундаки, айнан Ишқия шайхлари ўзлари билан бирга Катта Лангар Қуръони деб аталаётган Қуръонни олиб келишган. Ушбу муқаддас китоб Иккинчи жаҳон урушидан олдин ҳам, кейин ҳам олимлар томонидан маълум даражада тадқиқ этилган. Таъкидланишича, урушдан олдин Қуръон тўлиқ, яъни 498 саҳифадан иборат бўлган. Кейинчалик саҳифаларнинг сони камайиб боргани тасдиқланган. 2003 йилда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг маданият масалалари бўйича маслаҳатчиси Пьер Шювен деган олим Дин ишлари бўйича қўмитага Катта Лангар қишлоғидаги Қуръон саҳифалари йўқолиб кетаётганини маълум қилади. Тез фурсатда олим ва уламо Абдураззоқ Юнусов (Аллоҳ раҳмат қилсин, ўша пайтлар мусулмонлар идораси раиси ўринбосари вазифасида эдилар) хизмат сафарига юборилади. У киши қишлоқ аҳли билан маслаҳатлашиб, уларнинг розилигини олиб, Қуръоннинг қолган 12 саҳифасини Тошкентга олиб келади. Ҳозир Лангар қишлоғида айнан шу 12 саҳифанинг хаттотлар томонидан кўчириб берилган нусхаси сақланмоқда. Асл нусха эса Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг музейида махсус шароитларда асраб келинмоқда.

Катта Лангар Қуръонининг яна бир саҳифаси Ўзбекистон Фанлар академиясининг қўлёзмалар институтида, бир алоҳида саҳифа Мусулмонлар идораси кутубхонасида, яна икки саҳифа Бухоро ўлкашунослик музейида сақланмоқда. Бухородаги саҳифалар ўз вақтида амирнинг ўғлига тегишли кутубхонадан музейга олинган. Шундай қилиб, юртимизда жами 16 саҳифа Катта Лангар Қуръони деб аталган ноёб Қуръон қўлёзмаси сақланади. 1998 ва 2003 йиллари Санкт-петербурглик қуръоншунос олим Ефим Ризван уни тадқиқ қилади ва Голландияда рентген углерод таҳлилидан ўтказади. Аниқланишича, мазкур Қуръон VIII-IX асрларга тегишли экан. Россиянинг Шарқшунослик қўлёзмалар институтида Катта Лангар Қуръони деб аталган Қуръоннинг 81 саҳифаси борлиги маълум. Айрим мутахассислар Катта Лангар Қуръонининг 81 саҳифасини машҳур шарқшунос олим Крачковский  Россияга олиб кетган, деган фикрни илгари сурадилар. Аслида, тарихий маълумотларга кўра, ўтган асрнинг 30-йилларидаги очарчилик даврида Нофаль исмли ливанлик арабнинг беваси Қуръон саҳифаларини Крачковскийга сотган. Унинг эри октябрь инқилобидан аввал Россия Мудофаа вазирлигида араб тилидан сабоқ берган. Мантиқий хулоса шуки, нусхаларни Санкт-Петербургга Нофаль олиб келган, у ҳам кимдандир сотиб олган ёхуд унга кимдир асраб қўйиш учун берган бўлиши мумкин. Ливанлик арабнинг Ўзбекистонга келиши ҳақиқатга тўғри келмайди. Ҳеч қайси манбада бу ҳақда маълумот йўқ. Энг қизиғи, Франция миллий кутубхонасида худди шундай ўлчамларда, худди шундай ёзувда Қуръон саҳифалари сақланмоқда. Унинг бир қисмини Наполеон Бонапарт Мисрни босиб олган чоғида, фаранглар консули коллекция йиғиш мақсадида харид қилади. Ватанига қайтгач, Франция миллий кутубхонасига топширади. Париж миллий кутубхонаси, Петербург қўлёзмалар институти ва биздаги саҳифалар бир-бирини тўлдиради. Бизда бор қўлёзма саҳифалари уларда йўқ, улардаги саҳифалар бизда йўқ. Катта Лангар Қуръони ҳақидаги тарихий маълумотлар мана шулардан иборат.

Ҳозир “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси асосида юртимиз илмий-тарихий ва маданий ёдгорликларининг чет эл коллекцияларидаги асл манбалари ўрганилмоқда. Биз лойиҳа раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқов билан изчил ва фаол ҳамкорлик қилмоқдамиз. Мамнуният билан қайд этамизки, Санкт-Петербургдаги ҳамда биздаги саҳифаларни қўшган ҳолда Катта Лангар Қуръонининг факсимиле нусхаси яратилди. Факсимиле нусхалар соҳа илмий текшириш муассасаларига топширилди.

 Шу ўринда бошқа бир қизиқарли маълумотга тўхталиб ўтсак. Англиянинг Бирмингем шаҳрида XX аср охирларида бир аспирант йигит тасодифан кутубхонадан икки саҳифа Қуръонни топиб олади. Қизиғи, ёзув усули ва ўлчами бир хил бўлишига қарамай, улар Катта Лангар Қуръони саҳифалари эмас, Усмон Қуръонига ҳам мос келмайди. Бу икки саҳифа олимлар томонидан қайта-қайта текширилди. Жумладан, ўтган йил Бирлашган Араб Амирлигининг қўлёзмалар марказидан экспертлар атрофлича ўрганишди. Саҳифалар халифа Абу Бакр даврида ёзилган бўлиши ва Усмон Қуръонидан ҳам, Катта Лангар Қуръонидан ҳам қадимийроқ эканлиги тўғрисида фикрлар билдирилди. Лекин Бирмингемдаги Қуръон билан Катта Лангар Қуръони саҳифалари, албатта, қиёсий ўрганилиши керак, негаки, иккала Қуръон ҳам ҳижозий ёзувида битилган. Шу боис илм аҳлини катта ишлар кутиб турибди.

Усмон Қуръони ҳамда Катта Лангар Қуръонининг юртимизга келиб қолганлигининг ўзи илоҳий мўъжиза. Ана шундай улуғ мукофотга сазовор бўлганлигимиз юртимизга берилган барака ва фаровонликдан далолатдир. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси марказига тарихимиз, аждодлардан қолган буюк илмий-маърифий меросни тадқиқ қилиш, уни асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш вазифаси юклатилган. Мамлакатимизда сақланаётган Қуръони Карим қўлёзмалари ҳам ана шу мероснинг таркибий қисми сифатида тадқиқ қилинмоқда.

       

Шоазим МИНОВАРОВ,

 Ислом цивилизацияси маркази директори.

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Шайбонийлар дахмаси зиёратгоҳга айлантирилади

13.08.2026   21684   3 min.
Шайбонийлар дахмаси зиёратгоҳга айлантирилади

Самарқанднинг юраги бўлган Регистон майдони ҳудудидаги Шайбонийхон ва унинг сулоласи дафн этилган маскан зиёратгоҳга айлантирилади.

Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаровнинг сўзларига кўра,1960–1962-йилларда ҳозирги Ислом Каримов кўчасини кенгайтириш, ободонлаштириш ишлари жараёнида мазкур дахма шу ҳудудда бўлган Шайбонийхон мадрасаси ҳовлисидан Регистон майдонига – Тиллакори ва Шердор мадрасалари ёнига кўчирилган.

“Маълумки, мазкур ҳудуд Амир Темур бобомиз даврида Самарқанд шаҳрининг энг муҳим марказларидан бири бўлган, бу ҳудудда кўплаб мадраса ва масжидлар бунёд этилган. Жумладан, Амир Темур масжиди ва унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси қад ростлаган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек бобомиз томонидан улкан мадраса қурилган. Балки Шайбонийхон ҳам ана шу улуғвор мадраса ва масжидларга ҳавас қилиб, уларнинг ёнида мадраса қургандир. Чунки, тарихий манбалардан биламизки, Муҳаммад Шайбонийхон ҳам улуғ ҳукмдор бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳомийси, илмли инсон ва ижодкор сифатида Самарқандда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирган. Амир Темурдан кейин қудратли давлат ташкил этиб, унинг чегараларини кенгайтирган, обод қилган”, дейди Регистон мажмуаси раҳбари.

Тарихий манбаларда Шайбонийхон 1510-йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлгач, унинг бошсиз танаси Самарқандга келтирилиб, Баланд Суфага дафн қилингани ёзилган.

Баланд Суфа ўз вақтида Шайбонийхон мадрасасида бўлган ва кейинчалик (1960–1962-йилларда) ўз ҳолича Регистон ҳудудига кўчирилган дахмадир.

Хонқул Самаровнинг қўшимча қилишича, шу пайтгача Муҳаммад Шайбонийхон шахсига муносабат ортидан бу жойга ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаган.

Шунингдек, у олтмиш йилдан ортиқ вақтдан буён ушбу ҳудудда турган бу зиёратгоҳ ҳақида оддий одамлар, ҳатто кўпчилик тарихчиларда ҳам ма'лумот ё'қлигини, бунга сабаб эса ҳудудда ҳеч қандай кўргазмали восита ёки ёзув мавжуд эмаслигини таъкидлайди.

“Йиллар давомида халқимиз онгига Бобур ижобий, Шайбонийхон салбий шахс сифатида сингдирилди. Аслида эса давлатчилик тарихимиз, қолаверса, адабиётимиз ривожида бу икки буюк бобомизнинг ҳам ўз муносиб ўрни, ҳиссаси бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома”да бу зотнинг номи ҳақида тўхталиб, “Шайбоқ”, яъни “куч-қудратли” деган таъриф берган. Шайбонийхон ва шайбонийлар томонидан Самарқандда, умуман, ушбу минтақада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Масалан, Шайбонийхон бир неча босқичли ўқитиш тизими жорий этиб, барча илмлардан хабардор бўлиш учун бола 26-йил таълим олиши керак, деб ҳисоблаган. Икки йиллик мактаб таълимидан сўнг ҳар бири 8-йилдан иборат уч босқичли мадраса таълимини олиш зарур бўлган”, дея маълумот беради Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров.

Маълумот учун, Шайбонийхон кучли саркарда, ҳукмдор бўлиш билан бирга ижодкор сифатида нафис ғазал ва рубоийлар, достонлар ёзган. Жумладан, “Баҳр-ул худо” номли достони ва ўғли валиаҳд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжудлиги қайд этилади.

Тарихий манбаларда келтирилишича, у бобоси Абулхайрхон вафотидан кейин пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштириб, кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклаган. Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни эгаллаб, қудратли давлат барпо қилган. Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ – Самарқанд қўл остида бирлаштирган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари