Аллоҳ таолога шукрки, жорий йилимиз кўплаб янгилик, яхши хабарларга бой бўлмоқда. Хабарингиз бор, Рамазон ойида Тошкент шаҳрида “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, “Сузук ота”, Термиз шаҳрида “Ҳаким Термизий” номида янги масжид-мажмуалар очилган эди. Баракотли ойдан кейин ҳам хушхабарлар давом этиб, Тошкент шаҳридаги яна бир масжид давлат рўйхатидан ўтказилиб, ўз фаолиятини бошлади.
Бугун, 12 июнь куни Учтепа туманидаги “Кўркамобод” маҳалласида “Файзуллахўжа ўғли Муродҳожи” жоме масжиди расмий фаолият бошлади. Масжиднинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари иштирок этдилар. Муфтий ҳазратлари жамоани янги масжид билан қутлаб, Аллоҳнинг байтида тоат-ибодатлар, солиҳ амаллар, Қуръони карим тиловати Қиёмат қадар давом этишини тиладилар. Шунингдек, ташкилий ишларда фаоллик кўрсатган пок ниятли кишилар ҳаққига дуолар қилдилар.
Аслида, ушбу ибодат уйи 1997 йилда қурилган бўлиб, маҳаллий масжид сифатида фаолият юритиб келган. Маҳалланинг жонкуяр кишилари, кўпни кўрган кексалари томонидан масжидни давлат рўйхатидан ўтказиш учун қилинган саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ бугун маҳалла аҳлига Аллоҳ таоло ушбу мўътабар жоме масжидни инъом этди.
– Бизга энг яқин масжид “Саид Ваққос ота” жоме масжидига қатнаш учун катта йўлни кесиб ўтиш керак эди. Бу эса маҳалла аҳлига, айниқса, кексаларга катта қийинчилик туғдирарди. Шунда маҳалламизда масжид қуриш зарурати борлиги учун фаоллар билан бир масжид барпо этишни маслаҳат қилганмиз. 1997 йилда халқ ҳашари билан масжид қурилди, 2006 йилда қайта таъмирланди. Алҳамдулиллаҳ, бугун мутасадди ташкилотлар мурожаатларимизни ижобий ҳал қилиб беришди, - дейди маҳалла фаоли Саидкарим Сотволдиев.
Аллоҳ таборака ва таоло ушбу жоме масжидни халқимизга муборак айласин, янги масжидлар сонини янада зиёда қилсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
“Лаа илаҳа иллаллоҳ” жаннат калитидир. Ҳар бир калитнинг тишлари бўлганидек, тавҳид калимаси – “Лаа илаҳа иллаллоҳ”нинг ҳам тишлари мавжуд. Улар қуйидагилардир.
1. Илм. Аллоҳ таоло бундай буюради: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг” (Муҳаммад сураси, 19-оят).
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигини билиб вафот этса, жаннатга киради”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
2. Шубҳадан ҳоли бўлган тўлиқ ишонч. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ҳақиқий мўминлар Аллоҳ ва унинг пайғамбарига имон келтириб, сўнгра шубҳа қилмаган ва моллари ва жонлари билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилган зотлардир. Айнан ўшаларгина (имонларида) содиқдирлар” (Ҳужурот сураси, 15-оят).
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг охирги сўзи “Лаа илаҳа иллаллоҳ” бўлса, жаннатга киради», дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Ҳоким ривояти).
3. Кибрдан йироқ бўлиш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Чунки уларга: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ», дейилганда, кибрланган эдилар” (Соффот сураси, 35-оят).
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: «Ким “Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқдир, Муҳаммад Унинг Расулидир деб гувоҳлик берса”, Аллоҳ унга дўзахни харом қилади», деганлар (Имом Муслим ривояти).
4. Итоат этиш ва буйсуниш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари Роббингизга қайтингиз ва Унга бўйин сунингиз!” (Зумар сураси, 54-оят).
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким “Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарика лаҳу ва анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва расулуҳу…”, деб гувоҳлик берса ҳамда жаннат ва дўзахни ҳақ деб билса, Аллоҳ таоло жаннатдаги саккиз эшикнинг хоҳлаганидан киргизади», дедилар.
5. Чин ихлос. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир” (Баййина сураси, 5-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар ичида қиёмат куни шафоатингиз билан энг саодатманд бўладиган киши ким?” дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Ҳурайра, аниқки, шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билар эдим, чунки ҳадисга ўта ҳарислигингни кўрганман. Одамлар ичида қиёмат куни шафоатим билан энг саодатманд бўладиган киши “Лаа илаҳа иллаллоҳ”ни қалбидан ихлос билан айтган кишидир», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
6. Аллоҳга муҳаббат. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Одамлар орасида Аллоҳдан ўзга нарсаларни (сохта маъбудаларни) Унга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадиган кимсалар ҳам бордир. Имон келтирганларнинг Аллоҳга бўлган севгилари эса (уларникидан) кучлироқдир” (Бақара сураси, 165-оят).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта (хислат) борки улар кимда бўлса, у имон таъмини ҳис қилади. Кимгаки Аллоҳ ва Унинг Расули бошқа барча нарсалардан севимли бўлса, яхши кўрган кишисини Аллоҳ учун яхши кўрса, куфрга қайтишни оловга улоқтирилишни ёмон кўргандек ёмон кўрса”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД