Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, у зотга бурда (либос) ҳадя қилди. У зот алайҳиссалом уни кийдилар. У зотнинг ўша кийимга эҳтиёжлари бор эди. Саҳобалардан бири уни кўрди-да, «Эй Аллоҳнинг Расули, бу бунча ҳам чиройли экан. Менга кийдиринг шуни» деб у зотдан ўша либосни сўради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол ечиб, ўша одамга бердилар. Шунда саҳобалар ўша одамга «Яхши иш қилмадинг. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кийимга эҳтиёжлари борлигидан уни кийган эдилар. Кейин сен у зот ҳеч кимни қуруқ қайтармасликларини билиб туриб сўрадинг» дейишди. Буни эшитган бояги одам «Аллоҳга қасамки, мен у либосни кийиш учун сўрамадим. Балки мен уни кафаним бўлиши учунгина сўрадим» деди. Бухорий ривояти.
Ўша саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг либосларини ўзида сақлаб турди ва охири ўша кийим унинг кафани бўлди.
Нозимжон Ҳошимжон таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Намозда ейиш ва ичиш намозни бузади дейилган. Мисол учун тишлар орасида қолиб кетган нон ушоғи ёки гўштни ютиб юбориш намозни бузадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Фақиҳлар тишлар орасида қолиб кетган нўхат ва ундан каттароқ ҳажмдаги таом қолдиқларини ейиш ёки ютиб юбориш намозни бузишини таъкидлаганлар.
Демак, тишлар орасида қолиб кетган қолдиқнинг ҳажмига қаралар экан. Агар у камида ўртача нўхатдек бўлса, намозни бузади, ундан кичик бўлса, бузмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази