Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, у зотга бурда (либос) ҳадя қилди. У зот алайҳиссалом уни кийдилар. У зотнинг ўша кийимга эҳтиёжлари бор эди. Саҳобалардан бири уни кўрди-да, «Эй Аллоҳнинг Расули, бу бунча ҳам чиройли экан. Менга кийдиринг шуни» деб у зотдан ўша либосни сўради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол ечиб, ўша одамга бердилар. Шунда саҳобалар ўша одамга «Яхши иш қилмадинг. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кийимга эҳтиёжлари борлигидан уни кийган эдилар. Кейин сен у зот ҳеч кимни қуруқ қайтармасликларини билиб туриб сўрадинг» дейишди. Буни эшитган бояги одам «Аллоҳга қасамки, мен у либосни кийиш учун сўрамадим. Балки мен уни кафаним бўлиши учунгина сўрадим» деди. Бухорий ривояти.
Ўша саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг либосларини ўзида сақлаб турди ва охири ўша кийим унинг кафани бўлди.
Нозимжон Ҳошимжон таржимаси
Савол: Ёлғиз намоз ўқиётган одам масалан, хуфтон намозини жаҳрий қилиб ўқиётган бўлса ва эсидан чиқиб махфий ўқиб юборса, унинг ҳукми нима бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу кишининг намози тўлиқ адо этилган ҳисобланади. Чунки ёлғиз ўқиётган намозхон жаҳрий намозларни хоҳласа жаҳрий ёки махфий ўқиши мумкин. Аммо жаҳрий ўқиши жамоат билан адо этишга ўхшаганлиги учун афзал ҳисобланади. Махфий намозларда эса у ҳам махфий ўқийди. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кундуз вақтида ўқиладиган намозларда овоз чиқарилмайди, деганлар.
Ёлғиз ҳолатда намозни махфий ўқиётган намозхон эсида йўқ жаҳрийга ўтиб кетиб қолса ёки жаҳрий ўқиётиб махфийга ўтиб кетиб қолса, бу ҳолатда саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Лекин қасддан қилса, хатокор ҳисобланади.
Жаҳрий намозларда қироатни жаҳрий ва махфий намозларда махфий қилишнинг вожиблиги жамоатга, яъни имомга тегишли масала ҳисобланади. Шунинг учун имом бу ишларни унутиб тарк этса, саждаи саҳв қилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази