Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, у зотга бурда (либос) ҳадя қилди. У зот алайҳиссалом уни кийдилар. У зотнинг ўша кийимга эҳтиёжлари бор эди. Саҳобалардан бири уни кўрди-да, «Эй Аллоҳнинг Расули, бу бунча ҳам чиройли экан. Менга кийдиринг шуни» деб у зотдан ўша либосни сўради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол ечиб, ўша одамга бердилар. Шунда саҳобалар ўша одамга «Яхши иш қилмадинг. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кийимга эҳтиёжлари борлигидан уни кийган эдилар. Кейин сен у зот ҳеч кимни қуруқ қайтармасликларини билиб туриб сўрадинг» дейишди. Буни эшитган бояги одам «Аллоҳга қасамки, мен у либосни кийиш учун сўрамадим. Балки мен уни кафаним бўлиши учунгина сўрадим» деди. Бухорий ривояти.
Ўша саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг либосларини ўзида сақлаб турди ва охири ўша кийим унинг кафани бўлди.
Нозимжон Ҳошимжон таржимаси
Бугун, 16 июнь куни пойтахтимизда старт олган «Инвестициялар барқарорлиги: янги уфқлар, янги ҳамкорликлар» мавзусидаги Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида «Тошкент» залида муҳим панель сессияси бўлиб ўтди.
«Исломий молия ва сукук бозорлари: Кўрфаз капиталини ривожланаётган иқтисодиётларга йўналтириш» мавзусига бағишланган ушбу сессияда халқаро ва маҳаллий экспертлар, молиявий ташкилотлар ва давлат сектори вакиллари иштирок этди.
Бугунги кунда жаҳон исломий молия бозорининг ҳажми 3 триллион АҚШ долларидан ошиб улгурди. Сессия давомида исломий молиянинг асосий воситалари ҳисобланган сукук (исломий облигациялар), такафул (исломий суғурта) ва шариат тамойилларига мувофиқ бўлган бошқа молиявий тузилмалар ривожланаётган бозорлар, хусусан, Ўзбекистон иқтисодиёти ва инфратузилма лойиҳаларига суверен капитални жалб қилишда қандай рол ўйнаши мумкинлиги атрофлича таҳлил қилинди.
Ислом тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги вакили Хусан Хасанов модераторлик қилган давра суҳбатида янги молиявий маҳсулотлар дизайнини яратиш, миллий қонунчилик ва тартибга солиш тизимини халқаро шариат стандартлари билан уйғунлаштириш ҳамда янги эмиссияларга институционал инвесторларнинг талабини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Панель сессиясида соҳанинг нуфузли маърузачилари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси ўринбосари Санжар Носиров, "AD Wealth" бошқарувчи шериги Алишер Жуманов, "IMAN" бош ижрочи директори Рустам Рахматов, Руминиянинг собиқ ташқи ишлар вазири Рамона Мэнеску ҳамда Ўзбекистон иқтисодий ривожланиш жамғармаси вице-президенти Саломе Сванадзе ўз маърузалари билан иштирок этишди.
Экспертларнинг фирича, Ўзбекистонда исломий молия экотизимининг ривожланиши Кўрфаз мамлакатларидан йирик инвестиция оқимларини жалб қилиш ва мамлакатда тадбиркорлик соҳасини молиялаштиришнинг муқобил манбаларини яратишда янги уфқларни очиб беради.
Форум доирасидаги муҳокамалар ва шўъба мажлислари давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати