frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

14.06.2019 й. Оила, никоҳ ва талоққа оид шаръий ҳукмлар

10.06.2019   8885   11 min.
14.06.2019 й. Оила, никоҳ ва талоққа оид шаръий ҳукмлар

بسم الله الرحمن الرحيم

Оила, никоҳ ва талоққа оид шаръий ҳукмлар

Аллоҳ таоло борлиқдаги барча мавжудотни жуфт-жуфт қилиб яратгани каби, инсон наслини ҳам ўз жуфти билан яратган. Бундан кўзланган мурод – ҳар  икки жинснинг биргаликда турмуш қуриши, зурриёт қолдириши, биргаликда ҳаёт кечиришини таъминлашдир.

Никоҳ – Исломдаги энг муқаддас тушунчалардан биридир. Чунки айнан никоҳ битими туфайли бошқа-бошқа хонадонда, бутунлай бошқа шароитда катта бўлиб, вояга етган икки ёш бир оила бўлиб яшай бошлайди.
Пайғамбар алайҳиссалом кўплаб ҳадиси шарифларида никоҳланишга тарғиб қилиб, шундай деганлар:

" يَا مَعْشَرَ الشَّبَابِ مَنْ اسْتَطَاعَ منكُم الْبَاءَةَ فَلْيَتَزَوَّجْ ، فَإِنَّهُ أَغَضُّ لِلْبَصَرِ ، وَأَحْصَنُ لِلْفَرْجِ ، وَمَنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَعَلَيْهِ بِالصَّوْمِ فَإِنَّهُ لَهُ وِجَاءٌ "

(رَوَاهُ الإمَامُ البُخَارِيُّ وَالإمَامُ مُسْلِمٌ عَنْ ابْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه)

яъни: “Эй, ёшлар жамоаси сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани тутсин, бу унинг учун (ҳаромдан) сақланишидир" (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Никоҳдан олдин совчилик қилиш ҳам – суннатдир. Совчиликдан мақсад – қизнинг хоҳишини, шунингдек, ота-онасининг фикрини, никоҳга розилигини ё норозилигини билишдир. Никоҳдан олдин қиз ва оила аъзоларининг розилиги лозим. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг ўзлари ижозат бермаганида уларни никоҳлашдан қайтариб, шундай марҳамат қилганлар:

"لا تُنْكَحُ الأيِّمُ حَتَّى تُسْتأمَرَ، وَلاَ تُنْكَحُ الْبِكْرُ حَتَّى تُسْتَأْذَنَ، قالوا يَا رَسُولَ اللهِ وَكَيْفَ إذْنُهَا؟ قال: "أَنْ تَسْكُتَ"

(رَوَاهُ الإمَامُ البُخَارِيُّ وَالإمَامُ مُسْلِمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъни: “Бевани у билан маслаҳатлашмасдан никоҳ қилинмайди. Қизнинг розилиги олинмасдан никоҳ қилинмайди”. Саҳобалар:  “Ё Аллоҳнинг Расули, қизнинг розилиги қандай бўлади?” деб сўрашди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сукут сақлаши”, – деб жавоб қилдилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Миллий қадриятларимизга кўра, ота-оналарнинг ёш келин-куёвларга оилавий турмуш ҳақида панд-насиҳат қилишлари, ўз ҳаётий тажрибаларини сўзлашлари одат тусига кирган. Бу ҳам аслида аввалги улуғларимизнинг гўзал одатларидан ҳисобланади. Буюк саҳоба Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари янги келинларга эрининг ҳурматини ва хизматини қилишга буюришар эди”, – деганлар.

Муҳтарам жамоат! Никоҳ ва оилага алоқадор бўлган яна бир муҳим шаръий масала – талоқ масаласи ҳам борки, бугунги кунда ёшларимиз ушбу нозик масалага енгил қарамоқдалар. Билиб-билмай, тушуниб-тушунмай, арзимаган оилавий можаро сабабли ўз жуфти ҳалолига нисбатан “талоқ” лафзини ишлатиб қўймоқдалар. “Талоқ” сўзи айтилганда шаръий никоҳ фосид бўлиб, эр-хотин бир-бирига ҳаром бўлиб қолади. Талоқ – охирги чора сифатида жорий қилинган бўлиб, Аллоҳ таолога хуш келмаслиги ҳадисларда ворид бўлган. Бу ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилганлар:

"أَبْغَضُ الْحَلاَلِ إِلَى اللهِ الطَّلاَقُ"

(رَوَاهُ الإمَامُ أَبُو دَاوُدَ وَالإمَامُ ابْنُ مَاجَه عَنْ ابْنِ عُمَرَ رضي الله عنه)

яъни: “Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳ учун энг нохуш нарса – талоқдир” (Имом Абу Довуд ва Имом Можа ривояти).

Баъзи эрлар ўзлари ва оилаларига бахтсизлик  ва кулфатдан бошқа нарса келтирмайдиган қийинчилик ва мушкулот йўлини тутиб, шариат ҳукмларига хилоф тарзда “талоқ” сўзини кўп ва бўрттириб қўллаш ҳолатлари авж олмоқда. Аслида бу – улкан маъсият ва ҳаддан ошишдир. Маҳмуд ибн Лабид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган:

" أُخْبِرَ رَسُولُ اَللَّهِ صلى الله عليه وسلم عَنْ رَجُلٍ طَلَّقَ اِمْرَأَتَهُ ثَلَاثَ تَطْلِيقَاتٍ جَمِيعًا، فَقَامَ غَضْبَانَ ثُمَّ قَالَ: "أَيُلْعَبُ بِكِتَابِ اَللَّهِ تَعَالَى، وَأَنَا بَيْنَ أَظْهُرِكُمْ"

حَتَّى قَامَ رَجُلٌ ، فَقَالَ: "يَا رَسُولَ اللَّهِ أَلَا أَقْتُلُهُ"

(رَوَاهُ الإمَامُ النَّسَائِيُّ عَنْ مَحْمُودِ بْنِ لَبِيدٍ رضي الله عنه)

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга хотинини учта талоқни жамлаб талоқ қилган киши ҳақида хабар берилди. У Зот ғазабнок ҳолда ўрниларидан туриб: “Мен олдиларингизда бўлсам-у, Аллоҳ таолонинг Китоби билан ўйнашиладими?!”, дедилар. (У Зотнинг қаттиқ ғазабланганларидан) ҳатто бир киши ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ, уни ўлдирайми?” деб юборди” (Имом Насаий ривояти).

Талоқни эрмак қилиш, бўлар-бўлмас сабаблар билан аёлни талоқ қилавериш жуда катта кулфатларга, оилавий бахтсизликларга сабаб бўлишини унутмаслигимиз зарур. Кўпгина ёшлар “Нега хотингизни талоқ қилдингиз?” деган саволга “Билмай ёки ҳазиллашиб шундай қилиб қўйибман” деган жавобни беришади. Ваҳоланки, шариатни билмаслик ҳеч кимни масъулиятдан халос қилмайди. Зеро, илм олиш – барча мусулмонларга фарздир. Худди шу каби билмасдан ёҳуд ҳазил тариқасида айтса ҳам, талоқ тушади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу борада шундай деганлар:

"ثَلَاثٌ جِدُّهُنَّ جِدٌّ، وَهَزْلُهُنَّ جِدٌّ: النِّكَاحُ، وَالطَّلَاقُ، وَالرَّجْعَةُ"

(رَوَاهُ الإِمَامُ أَبُو دَاوُد وَالإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ وَالإِمَامُ ابْنُ مَاجَه وَالإِمَامُ الْحَاكِم عَنْ أبي هُرَيْرَة رضي الله عنه)

яъни: “Уч нарсанинг жиддийси  ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий: талоқ, никоҳ ва ражъат (яъни ражъий талоқда аёлга қайтиш), – деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Ҳоким ривояти).

Тилга эрк бериб, ноўрин талоқ сўзини айтган ёхуд унда ҳаддидан ошиб, бир лафзда “уч талоқ”, “минг талоқ” ёҳуд “қум талоқ” каби иборалар ила хотинига талоқ қилган киши улкан гуноҳни амалга оширган, Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлиб, шайтонни хурсанд қилган бўлади.

Ривоятларда келишича, саҳоба Уббода ибн Сомит разияллоҳу анҳунинг отаси аёлини “минг талоқ” қилади. Уббода шошиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, У Зотдан бунинг ҳукмини сўрайди. Шунда Сарвари коинот шундай жавоб берганлар:

" بَانَتْ بِثَلَاثٍ فِي مَعْصِيَةِ اللَّهِ تَعَالَى ، وَبَقِيَ تِسْعُمِائَةٍ وَسَبْعٌ وَتِسْعُونَ عُدْوَانًا وَظُلْمًا،

إنْ شَاءَ عَذَّبَهُ اللَّهُ وَإِنْ شَاءَ غَفَرَ لَهُ "

(رَوَاهُ الإمَامُ عَبْدُ الرَّزَّاقِ فِي مُصَنَّفِهِ)

яъни: “Аллоҳга осийлик билан (хотинига) “уч талоқ” тушибди. (Минг талоқдан) тўққиз юз тўқсон еттитаси ҳаддан ошиш ва зулм бўлибди. Аллоҳ хоҳласа азоблайди, хоҳласа уни кечиради” (Имом Абдурраззоқ “Мусаннаф”да ривоят қилган).

Айримлар эса хотинини талоқ қилиши билан уни ота уйига жўнатиб юборади. Шариатга кўра, талоқ қилинган аёл эрнинг уйидан чиқиб кетиб, бошқа уйда яшаши мумкин эмас. Ҳар қандай иддадаги хотин иддасини эрининг уйида ўтказиши – вожибдир.

Муҳтарам жамоат! Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда талоқ ва ажримларнинг келиб чиқишига кўп ҳолларда талоқнинг олдини олиши керак бўлган шахслар – ота-оналар сабабчи бўлиб қолмоқдалар. Баъзи ҳолатларда ота-оналар ёшларнинг ҳаётига аралашиб, ўзлари билиб ёки билмаган ҳолда уларнинг оилавий ҳаётларини бузишгача боришмоқда. Бундай ноўрин аралашув айниқса тўйдан олдин юзага чиқиши ҳам кўп кузатилади. Совчилик ва унаштирув пайтидаги бидъат ва хурофотдан иборат бўлган “олди-берди”лардан жанжал чиқади. Қиз тарафга шариатга тамоман хилоф равишда турли шартлар қўйилади ва “солиқ”лар солинади. Келин тарафга эса мазкур бўш хоналарни мебель ва жиҳозлар билан тўлдириб бериш мажбурияти юкланади.

Шариатимизга кўра, ҳар қандай оилавий келишмовчилик ва можароларни тинч йўл билан, оқилона ҳал этишга ҳаракат қилинади. Бунда оилада айниқса эрдан босиқлик ва ҳикмат билан иш кўриш талаб этилади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Нисо” сурасида айнан эрларга хитоб қилиб:

وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا 

(سُورَةُ النِّسَاءِ/ الأيةُ 19)

яъни: “Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин”, –  деган (19-оят).

Шу сабаб эр хотинини арзимас сабабли уриши у ёқда турсин, ранжитиши ҳам Қуръони каримнинг мазкур таълимотига зиддир! Беш қўл ҳам баробар эмас. Ҳаётда баъзи аёллар ҳаддиларида турмай, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик кўрсатадилар. Бундай пайтда эр оилада ўз мавқеини сақлаши, хотинини талоқ билан қўрқитишга уринмаслиги, балки тартибга чақиришида Ислом дини кўрсатмасига мувофиқ йўл тутиши керак. Аллоҳ таоло Нисо сурасиниг 34-оятида шундай деган:

 وَاللَّاتِي تَخَافُونَ نُشُوزَهُنَّ فَعِظُوهُنَّ وَاهْجُرُوهُنَّ فِي الْمَضَاجِعِ وَاضْرِبُوهُنَّ فَإِنْ أَطَعْنَكُمْ فَلَا تَبْغُوا عَلَيْهِنَّ سَبِيلًا إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيًّا كَبِيرًا

(سورة النساء/ الأية 34)

яъни: "... Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз. Албатта, Аллоҳ  олий ва улуғ зотдир" (Нисо сураси, 34-оят).

Ушбу ояти каримада аёлларни итоатсизлик ҳолатида тарбиялаш йўли таълим берилмоқда. Бунда эр уч босқичда аёлига тарбия бериши керак. Бирини амалга оширмай, навбатдагисини бажариши мумкин эмас. Бунда эр сабр-матонат билан, аввало ўзи ҳаётий намуна бўлиб, узоқ муддат насиҳат қилишда бардавом бўлади.

Эр ва хотин орасини ислоҳ қилиш учун икки тарафдан ақлли, тажрибали, турмушнинг паст-баландидан хабардор, Аллоҳдан қўрқадиган, адолатли ҳукм чиқаришга ҳаракат қиладиган кишилар бўлишлари керак. Шунингдек, ислоҳ қилгувчи шахслар эр хотинсиз, хотин эрсиз яшаши  осон эмаслигини аввало ўзлари англаб етишлари ва мана шу нарсани “ажрашаман” деб турган эр-хотинга тушунтира олишлари лозимдир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳаётнинг барча жабҳалари қатори никоҳ ва талоқ масаласида ҳам Қуръони карим ва суннати набавия талаблари асосида ҳаёт кечиришимизни насиб айласин! Фарзандларимизнинг бахт-саодати йўлида фидойилик кўрсатиб, уларга ҳаётий тажрибаларимизни эринмай ўргатадиган ота-оналардан бўлишга муваффақ қилсин! Омин! Ё Роббал оламин!

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ – ДИНИМИЗ ШИОРИ” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

19.08.2026   9264   2 min.
18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.

Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.

Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.

1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.

1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.

Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.

2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари