Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Июл, 2025   |   12 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:14
Қуёш
04:57
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:38
Bismillah
07 Июл, 2025, 12 Муҳаррам, 1447

05.06.2019 й. Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин

02.06.2019   4841   9 min.
05.06.2019 й. Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي أَكْمَلَ لَنَا الدِّينَ وَأَتَمَّ عَلَيْنَا النِّعْمَةَ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنِ اَمَّا بَعْدُ

РАМАЗОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

Муҳтарам жамоат! Тинч ва осуда юритимизда муборак Рамазон ойини мўмин-мусулмонларнинг кўтаринки руҳда, кечаларини қоим, кундузларини рўзадор ҳолда ўтказишга муваффақ айлаган Раббимиз Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсин!

Барчаларимиз Рамазон ойи рўзасини бақадри имкон тутиб, Аллоҳ ваъда қилган буюк мукофотни қабул қиладиган Фитр Ҳайити кунида турибмиз. Ушбу муборак Рамазон ойи давомида барча мусулмонлар Аллоҳ таолонинг мадади билан ўзларига фарз этилган рўзаларини тутиб, кечаларни тоат ва ибодатда ўтказиб, масжидларда таровеҳ намозларида қориларимиз томонидан ўқилган ҳатми Қуръонларда иштирок этиб, имон ва ихлосларини янада зиёда қилдилар.

Йилдан-йилга юртимизда муборак Рамазон Ҳайитини халқимиз томонидан кутиб олиниши янада файзли ва баракотли тарзда бўлмоқда, десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Зеро Рамазони шариф кечаларида масжидларимизнинг намозхонлар билан тўлиб тошгани – бунинг яққол далилидир. Дунёдаги барча мусулмонлар қатори юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳам бу улуғ айёмларни катта шодиёна ва хурсандчилик билан ўтказдилар.

Рамазон ойи – хайру саховат ойидир! Ислом динимиз наздида “хайру саховат” деганда, албатта, биринчи галда “муҳтожларга ёрдам бериш” тушунилади. Бу борада Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади:

مَثَلُ الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنْبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنْبُلَةٍ مِئَةُ حَبَّةٍ

وَاللَّهُ يُضَاعِفُ لِمَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ

 (سورة البقرة/261)

яъни: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир(Бақара сураси, 261-оят).

Аллоҳ таоло Ўз фазли билан бой қилган бандалари бўйнида нисобга етган молларидан муҳтож ва камбағалларга закот, хайр эҳсон қилишдан кўзланган асосий мақсад – жамиятда бир қадар тенглик пайдо қилиш, бой ва фақир ўртасида илиқ муносабатларни вужудга келтириш, Ислом динининг нақадар инсонпарвар, меҳр-мурувватга тарғиб қилувчи дин эканини намойиш қилиш, қолаверса, закот берувчининг молини поклаб, уни талофатдан асраш ва яна ҳам кўпайишига замин тайёрлашдир. Зеро Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

"مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمِنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنْيَا نَفَّسَ اللَّهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ، وَمَنْ يَسَّرَ عَلَى مُعْسِرٍ يَسَّرَ اللَّهُ عَلَيْهِ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ، وَمَنْ سَتَرَ مُسْلِمًا سَتَرَهُ اللَّهُ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ، وَاللَّهُ فِي عَوْنِ الْعَبْدِ مَا كَانَ الْعَبْدُ فِي عَوْنِ أَخِيهِ"

(رواه الإمام مسلم عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўъминнинг дунё қайғуларидан бирини кетказса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини кетказади. Ким дунёда бир қийналган (биродари)нинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади. Ким бир мусулмонни айбини беркитса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратдаги айбларини яширади.  Қайси бир банда биродарининг ёрдамида бўлса, Аллоҳ таоло ҳам унинг ёрдамида бўлади”, – деганлар (Имом Муслим ривояти).

Шу боис бу улуғ кунларни ғанимат билиб, савоб ва фазилатларидан умидвор бўлган ҳолда оиламиз, яқинларимиз, қўни-қўшни ва яқинларимиз ҳолларидан хабар олишимиз даркор бўлади. Зеро яхшиликнинг ажри – фақат яхшиликдир! Бундай эзгу ишларимиз учун хонадонимиз ва юртимизга файзу футуҳ ва баракотлар ёғилажак.

Яна шуни таъкидлаб ўтишимиз керакки, Аллоҳ таолонинг марҳамати билан ўтган ҳайит билан бугунги ҳайитимиз ўртасида юртимизда барчамизни хурсанд қиладиган кўплаб ижобий ўзгаришлар бўлди, ривожланиш ислоҳотлари кунма-кун кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда. Шаҳар-қишлоқларимиз янада чирой очиб, обод бўлмоқда. Давлатимиз томонидан диний қадриятларимизга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муборак  Рамазон ойи кунларида азим Тошкентнинг марказида “Сузук ота” ва “Шайҳ Муҳаммад Содиқ” номидаги масжид-мажмуаларининг очилиши юртдошларимизнинг янада қувончига қувонч бағишлади. Бунинг учун Яратганга янада кўпроқ ҳамду сано айтишимиз лозим бўлади. Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِنْ كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ

  (سورة ابراهيم/7)

яъни: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир, – деб марҳамат қилади (Иброҳим сураси, 7-оят).

Бизга берилаётган яхшиликларга имконимиз борича яхшилик, солиҳ амаллар билан жавоб қайтармоғимиз лозим бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бу маънони таъкидлаб, айтадилар:

"مَنْ لمْ يَشْكُرِ النَّاسَ لَمْ يَشْكُرِ اللهَ"

(رَوَاهُ الإمام التِّرْمِذِيُّ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضْيَ الله عَنْهُ)

яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Одамлардан миннатдор бўлмайдиган киши, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди” (Имом Термизий ривоят қилган).

Қадрли юртдошлар! Биз Рамазон ойини қандай ихлос, ғайрат ва сабр билан ўтказган бўлсак, Рамазон Ҳайитини ҳам кўтаринки руҳда, унданда файзлироқ ўтказмоғимиз керак бўлади. Ҳайит бу – ҳурсандчилик, яхши кайфият ва эзгу ишлар! Рамазон ойи рўзасини эсон-омон тутиб олганимиз учун Яратганга шукроналар айтмоқлигимиз лозим. Шунингдек ушбу байрам кунларида ҳамма бир-бирини Ҳайит билан самимий муборакбод этадилар. Ҳайит намозини адо этгандан сўнг биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган меҳрибон ота-оналаримизни, қариндош-уруғларимизни ҳамда ёру-биродарларимизни бориб зиёрат қиламиз. Уларни кўнглини сўраш ва кўтаришга ҳаракат қиламиз. Айрим сабаблар билан ўзаро аразлашган гина-кудратли кишилар ҳам бир-бирларини кечириб, ўзаро узрлар айтиб бир-бирларига қучоқ очадилар.

Бугун – барчага қувонч улашиладиган кун! Яна шуни ёдда тутмоғлигимиз лозим бўладики, Рамазон Ҳайити бўлганлиги учун бу улуғ кунларни азага, ҳафагарчиликка айлантирмаслик даркор. Ўтганларимизни эслаш, уларни руҳларини шод этиб, дуойи ҳайрлар қилишимиз – яхши амал, лекин булар Ҳайит байрамига таъсир қилмаслиги зарур.

Муҳтарам азизлар! Яна бир-бор диёримизда яшовчи барча мўмин- мусулмонларни Рамазон Ҳайити билан самимий муборакбод этамиз! Аллоҳ таолодан юртимиз ҳамиша обод, ҳалқимиз ўзаро тинч ва иттифоқликда яшашини, фаровон бўлишини сўраб дуои ҳайрлар қиламиз!  Муҳтарам Юртбошимизнинг эл-юрт манфаати, юртимиз тинчлиги, мамлакатимиз тараққиёти йўлида олиб бораётган эзгу ишларида Яратган ёру-мададкор бўлишини сўраб қоламиз! Омин!

 

ИЛОВА: Рамазон ҳайитини ўқиш тартиби

Биринчи ният қилиб намозга киришилади. Яъни “Рамазон ҳайити намозини  Қиблага юзланган ҳолда, имомга иқтидо қилиб, ўқишни ният қилдим” деб, “Аллоҳу акбар”ни айтиб қулоқ қоқилади.

Кейин қўлни қовуштириб, ҳар ким ичида сано дуосини ўқийди. Сўнгра имом қўлларини қулоқларига кўтариб, уч марта такбир айтади. Жамоат ҳам уч марта такбир айтадилар. Такбирлар орасида қўллар боғланмайди, ёнга ташланади. Тўртинчи такбир айтилгач, қўллар боғланади, қиём ҳолида турилади.

Кейин имом ичида “Аъузу”ни ва “Бисмиллаҳ”ни айтиб, овоз чиқариб “Фотиҳа” сурасини ва зам сурани ўқийди. Қавм жим эшитади. Қироатдан сўнг такбир айтиб, руку ва саждалар қилиниб, иккинчи ракатга турилади.

Иккинчи ракатда имом “Фотиҳа” сураси билан зам сура ўқийди. Қавм жим эшитади. Қироатдан сўнг рукуга бормай туриб, худди биринчи ракатдаги каби, имом ва жамоат биргаликда уч марта такбир айтадилар. Ва тўртинчи такбир айтилиб, рукуга борилади ва сажда қилинади. Саждадан сўнг ўтириб ташаҳҳуд, саловат ва дуо ўқиб, салом бериб намоз тугатилади.

 

Эслатма: Ҳурматли имом-домла! Рамазон ҳайитини адо қилишда ҳам имомга эргашганлар сафни тўғри олиши ва сафда туришда имомдан олдинга ўтиб кетмаслиги, шунингдек намоздаги барча амалларда (масалан, руку ва саждаларда) имомга эргашиб, уларни албатта имомдан кейин бажариш вожиблигини жамоатга тушунтириб қўйишингиз мақсадга мувофиқдир.

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ОТА-ОНА РОЗИЛИГИНИ ТОПИШ – ФАРЗАНДНИНГ БУРЧИ” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.

 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Мўътадиллик - саодат

04.07.2025   7476   2 min.
Мўътадиллик - саодат

Ислом дини бирор шахс, гуруҳ, мол-дунёга нисбатан ва обрў-эътибор топиш учун қилинадиган ҳар қандай мутаассиблик ва фирқаларга бўлинишни қоралайди, тарафкашликни жоҳилият ҳолатига ўхшатади.

Мутаассибликнинг турли кўринишлари бор бўлиб, улар кишининг ўзи, мол-дунёси, фарзандлари, миллатини бошқалардан афзал билиб, бу йўлда ашаддий равишда курашиши демакдир. Мўътабар манбаларимизда ота-боболари ва ўзининг насаби билан фахрланиш туйғуси кишини дўзахга тортади деб таъкидланган.

Мутаассиблик турларидан бири бу диний мутаассибликдир. Диний мутаассиблик деганда, маълум бир динда асос бўлган, ушбу дин вакиллари амал қиладиган таълимот ва қоидаларга қарши чиқиш, диний тушунчаларни шариат кўрсатмаларига зид равишда ўзича талқин қилиб, бошқаларни унга эргашишга чорлаш назарда тутилади. Диний мутаассибликнинг энг катта хатарларидан бири бу, динлараро мулоқотга раҳна солишдир.

Динда мутаассибона ҳаракат, динда чуқур кетиш, ҳаддан ошиш, Қуръон ва Суннатда келган таълимотларга зид равишда ўз фикрига эргашишни қаттиқ қораланади. Динда ҳаддан ошиш деганда шариат белгилаб қўйган чегарадан чиқиб кетиш тушунилади. Бу иш ақидада бўлсин, сўз ёки амалда бўлсин, барибир. Бу борада Аллоҳ таоло Бақара сурасида  “Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, улардан тажовуз қилманг. Ва ким Аллоҳнинг чегараларидан тажовуз қилса, бас, ўшалар, ана ўшалар, золимлардир”, деб марҳамат қилади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Динда ҳаддан ошишдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки, сизлардан олдин ўтганларни динда ҳаддан ошишлик ҳалок қилгандир” деб уқтирганлар. 

Шундай экан, бугунги кундаги кўплаб муаммоларнинг илдизи мутаассиблик ва ҳаддан ошиш эканлигини ҳаммамиз чуқур англашимиз лозим. Хулоса ўрнида, бу каби муаммоларнинг ечими сифатида Фақиҳ доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий жанобларининг ушбу сўзларини келтириш билан якунлаймиз: “Ислом мўътадил дин бўлиб ҳақиқатлардан бирортасида четга чиқишга ёки ҳаддан ошишга йўл қўймаслигини англатади. Исломда ва бошқа динларда динда ҳаддан ошиш ҳам, эътиқодда бир тарафлама ва ғайритабиий бўлиш ҳам, ҳаддан ташқари қаттиқ олиш ҳам, жуда бўш қўйиб юбориш ҳам йўқ…”. 

Аллоҳ таъоло барчамизни ҳақ йўлдан адаштирмасин.

Косонсой тумани "Содод" жоме масжиди имом-хатиби

Баҳодир Мирфайзиев

Манба: @Softalimotlar

МАҚОЛА