Ҳикоя қилинишича, бир киши ўзининг бахил ўртоғиникига меҳмонга борди. Уй эгаси ўғлини чақириб, “Ўғлим, уйимизга биз учун азиз бўлган дўстимиз меҳмон бўлиб келди. Қассобга бориб, бизга ярим кило энг яхши гўштдан олиб кел” деди. Бола қассоб олдига кетди. Орадан маълум вақт ўтиб қуруқ қўл билан қайтиб келди. Отаси ундан “Гўшт қани?” деб сўради.
Бола: “Қассобга бориб, “Бизга энг яхши гўштдан берар экансиз” дедим. У менга “Сенга сариёғдек гўшт бераман” деди. Мен ўзимча “Агар у шундай қиладиган бўлса, нега гўшт ўрнига сариёғ олмайин?!” дедим-да, баққол ёнига кетдим.
Бориб, “Бизга энг яхши сариёғингиздан берар экансиз” дедим. У “Мен сенга асалдек сариёғ бераман” деди. Ўзимча “Агар шундай қиладиган бўлса, яхшиси асал ола қоламан” деб ўйладим. Шу ўй билан асалфурушга кетдим.
Бориб, “Бизга энг яхши асалдан берар экансиз” дедим. Сотувчи “Мен сенга мусаффо сувдек асал бераман” деди. Ўзимча “Агар шундай қиладиган бўлса, уйимизда мусаффо сув бор-ку” дедим-да, ҳеч нарса олмай келдим” деб жавоб берди.
Ота ўғлининг гапларини эшитгач, “Нақадар ақлли боласан. Лекин бир нарсани ўйламабсан. Бир дўкондан бошқасига боргунингча поябзалинг эскиргандир” деганда, ўғли “Отажон, мен меҳмон амакининг поябзалини кийиб бориб-келдим” деди.
Бола бахилликда отасидан ҳам ўтиб кетган эди. Бу эса нотўғри, хунук тарбиянинг оқибатидир.
Ҳа, фарзандлар ота-оналари қандай тарбия қилса, нималарга одатлантирса, шундай тарбия топиб улғайишади. Шунинг учун ота-она фарзандларига гўзал ахлоқни ўргатишлари, ўзлари бу борада намуна бўлишлари керак.
“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Бугунги жамиятимизда одоб-ахлоқ жиҳатидан оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Салом бериш, ёрдамга муҳтожларни кўрганда кўмаклашиш, ўзидан катталарга ҳурмат кўрсатиш каби қадриятлар камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Ҳолбуки, ҳар бир ота-она фарзандининг илмли, солиҳ ва етук инсон бўлиб камол топганини кўришни орзу қилади. Бироқ “ҳолва” деган билан оғиз ширин бўлмайди. Яъни қуруқ орзу-ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди. Балки доимий ва тартибли таълим-тарбия ишига киришиш лозим бўлади. Бу борада жамиятдаги инсонларни уч тоифага бўлиш мумкин:
1. Ўзи ҳам амал қилиб, фарзандини ҳам эзгуликка етаклайдиганлар. Бу тутум дунё ва охират саодатини кўзлаган мўминнинг йўли. Тарбияда энг самарали омил ота-онанинг шахсий намунасидир. Болага, аввало, Аллоҳни танитиш ва солиҳ амаллар билан ўрнак бўлиш лозим. Қуръони каримда таъкидланганидек, иймон келтириб, эзгу амал қилганларга дунёда покиза ҳаёт, охиратда эса абадий жаннат башорати берилган (Наҳл сураси, 97-оят).
2. Ўзи амал қилмай, фарзанди тарбиясига мол-дунё сарфлайдиганлар. Унутманг, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Ота-онанинг ўзи диний ва ахлоқий мажбуриятларни бажармаса, панд-насиҳатлари фарзандга таъсир қилмайди. Оилавий муҳитда ота таъминотга, она тарбияга масъул бўлиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бўлиши шарт.
Шунингдек, ота-оналарнинг беҳуда ишлар, масалан, телефонга кўп боғланиб қолиши тарбиядаги энг катта бўшлиқни юзага келтиради. Фарзанд камолоти учун унинг вақтини тўғри тақсимлаш, уйқу ва дарс тартибини доимий назоратда тутиш, тартибни ушлаш лозим. Энг муҳими, хулқ илмдан устун туради: хулқсиз берилган илм инсонни залолатга етаклайди, шу боис фарзандга гўзал ахлоқий тарбия бериб, сўнг илм билан зийнатлаш керак.
3. Ўзи ҳам амал қилмай, фарзандини ҳам бунга чақирмайдиганлар. Бу тоифанинг оқибати хатарлидир. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур...” (124-оят). Мана шу оятнинг ўзиёқ кишини сергак торттириб, бу тоифадан бўлиб қолмасликка ундаши лозим.
Хулоса шуки, фарзанд қалби ва руҳияти илдиз отиши керак бўлган дарахт кўчати кабидир. Унинг илдизини иймон ва тақво мустаҳкамлайди. Шундай экан, ким фарзандлари камолини кўришни истаса, амали ва эътиборини билан шунга ҳаракат қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилиб, зурриётларимиз камолини кўрсатсин.
Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси