Хатиб Бағдодий айтади: «Мен Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Таймий ибн Аббосдан кўра қироати гўзал кишини кўрмадим. У Бағдоддалигида Рамазон кириб қолди. Шунда у одамларга таровеҳ намозини ўқиб берди. Сўнг кечанинг қолган қисмини намоз билан бедор ўтказди. Кейин унинг «Бу ойда мен на кечаси, на кундузи уйқуга ётмадим», деяётганини эшитдим».
Ҳа, бу ойни қадрини билган улуғлар ундан ана шундай даражада фойдаланиб қолишга интилишган.
Қуръони каримга бўлган улуғ эътимод сабаб рамазон кечаларида масжидлар ана шундай мухлис жамоат билан тўла. Уларни бу манзилларга қалбларидаги иймонлари, Қуръонга бўлган муҳаббатлари бошлаб келмоқда. Қанчалар бахтли кишилар булар. Пойтахтимиз масжидларида бирин-кетин хатми Қуръонлар якунланиб, унинг ниҳояси чинакам иймон, маърифат зиёфатига айланмоқда. Азиз уламоларнинг мавъизалари, гўзал тасбеҳлар, хатми Қуръон дуолари ихлос эгалари қалбларини нурларга тўлдирмоқда. Куни кеча Чилонзор туманида жойлашган “Дўмбиробод” жоме масжидида ҳам Қуръони карим хатмининг якуни бўлди.
Айтиш лозимки, имом-хатиб Муҳаммадназар домла Қаюмов бошчилигида масжид жамоаси Рамазонга, таровеҳ намозларига катта тайёргарлик кўришган. Масжид биноси таъмирланиб, замонавий услубдаги нақшинкор айвон қуриб битказилди. Ҳовли саҳнидаги маҳобатли устунлар Мадинаи мунавварадаги Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидаларини эслатиб юборади.
Хатми Қуръонни гўзал савт эгаси Алишер қори Нурмуҳаммедов бир ўзи тартил билан 25 кун мобайнида ўтказиб берди.
Масжид жамоатини хатмона кечаси билан муборакбод этиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий ҳазратлари, уламолар устоз имом-хатиблар ташриф буюрдилар. Муфтий ҳазратлари жамоатни улуғ натижа муборак Каломи мажидни ўқиб, эшитиб, хатм қилганликлари билан муборакбод этдилар. Яқиндагина олис сафардан қайтганликлари, масжидларимиздаги жамоат файзу футуҳини соғинганликларини айтиб дилдан суҳбат, ваъзу иршод қилдилар. Қори ўқиган Қуръони карим оятларини тафсир қилдилар. Пайғамбарлар тарихидан гўзал қиссаларни сўзлаб бердилар.
Хатми Қуръондан сўнг қилинган дуолар ижобат. Шу боис дуолар, муножотлар узоқ давом этди. Қорининг лафзидан гўзал дуолар терилиб келар, кўзларда шашқатор ёшлар истиғфордан тўкилар эди…. Дуоларда барча-барча эсланди. Юртимиздан дин йўлида хизмат қилиб ўтган мўтабар зотлар, дуо қўл очган жамоатдан ўтган марҳумлар ҳақларига савоблар бахшида қилинди. Шунингдек, масжидни аввалда бунёд этишда ҳиссалари қўшилган, ҳозирда хизматда бўлиб турган ва барча дуо талаб кишилар эсланди. Аллоҳ таоло ана шундай обод юртда барчани қайта-қайта Рамазонга, хатми Қуръонларга етказишини сўраб илтижолар қилинди.
Хатмоналар масжидларимизда давом этади. Дуолар қабул бўлгувчи олтин лаҳзаларга шошилинг!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Собит ибн Иброҳим таҳорат ола туриб ариқда оқиб келаётган бир олмага кўзи тушади ва олмани олиб ейди. Олманинг ярмини еб бўлганида, унинг ҳаққи ҳақида ўйлаб қолади. Шу хаёлда Собит ибн Иброҳим ариқ четидан юриб олма оқиб чиққан боғга киради ва боғ эгасига:
– Еб қўйган яримта олмам учун ҳаққингизни ҳалол этинг. Қолган ярми мана, олинг, – дейди.
– Майли, ҳаққимни ҳалол этаман, фақат бир шартим бор, – дейди боғ эгаси йигитнинг ҳалол, тақволи эканини англаб.
– Шартингизни айтинг, – дейди Собит ибн Иброҳим.
Шунда боғ эгаси:
– Бир қизим бор, уни никоҳингга оласан. Лекин рози бўлишингдан аввал унинг ҳолатидан сени огоҳ этишим лозим. Қизимнинг кўзи ожиз, ҳеч нарсани кўрмайди, соқов – гапирмайди ва яна қулоғи эшитмайди – кар, қимирламайди – шол, – дейди.
Боғ эгасининг гапларини эшитган Собит ибн Иброҳим лол бўлиб қолади. Еб қўйган яримта олманинг ҳаққидан қўрқиб, қизга уйланишга рози бўлади ва:
– Майли, таклифингизни қабул қилдим, зора шу билан Аллоҳнинг розилигига эришсам, – дейди.
Ота қизига оқ фотиҳа беради. Тўй-томошалар ўтгач, Собит ибн Иброҳим салом берганича қизнинг ёнига киради. Қиз саломга алик қайтарганча қўли кўксида қуллуқ қилади.
Йигит бўлаётган ишлардан ҳайратланади: “Бу жуда ғалати-ку, соқов эмас экан-да, саломимга жавоб берди. Тик турибди, демак шол ҳам эмас. Қўли кўксида, бундан чиқди кўзлари ҳам кўради”.
Йигит шошганча ташқарига чиқади ва қизнинг отасига: “Бу менга ваъда қилинган қиз эмас-ку, кўр, соқов, кар ва шол деганингизнинг боиси не?!” – дейди.
“Нега энди?” – изоҳ беради қизнинг отаси: “Бу ўша қиз. Кўзи ожиз деганим – унинг кўзлари Аллоҳ ҳаром қилган нарсага боқмаган, қулоғининг карлиги – Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга қулоқ тутмаган, соқовлиги ҳам рост, чунки тили Аллоҳнинг зикригагина айланган, шоллиги – ёмон ишга юрмаган”.
Собит ибн Иброҳим бировнинг ҳаққидан қўрққанлиги эвазига олий мукофотга эришади. Вақт ўтиши билан унинг аёли ер юзини илм ва фиқҳга тўлдиражак бир зотга, буюк Имом Абу Ҳанифага ҳомиладор бўлади.