Қуръонни ўқиб, маъноларини тушуниш учун Тафсири Ҳилол, Тафсири Ирфонни ўқиб, ўша маънолар ҳақида тафаккур қилган инсоннинг қалби яхши томонга тез ўзгаради.
Тафаккур қилиб, қалбида ўша маъно жо бўлгандан кейин ўша оятларнинг тиловатини кўзни юмиб эшитилса, катта ўзгариш бўлади.
Салафи солиҳларимиз Рамазон ойи келса, барча ишларини тўхтатиб, Қуръонни ўқишга, ўқитишга, оятлари устида тафаккур, тадаббур қилишга киришар эканлар.
Юнус ибн Язид айтади: “Ибн Шиҳоб Зуҳрий Рамазон ойи кирса, “Бу ой Қуръон тиловати ва таом улашиш ойидир” дердилар”.
Зубайд Ёмий Рамазон ойи келса, Мусҳафни олиб келар (яъни Қуръонни тиловат қилишга астойдил киришар) ва дўстларини ҳам шу ишга жамлардилар.
Саъид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ ҳар икки кечада Қуръонни хатм қилардилар.
Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойида кундузи бир хатм, ҳар уч кунда таровеҳ намозидан кейин яна бир хатм қилар эдилар.
Ҳа, улуғларимиз Рамазон ойида Қуръони Каримга ана шундай муомалада бўлардилар. Биз ҳам Қуръон ойида Қуръонни кўпроқ ўқийлик, оятларининг маъноси борасида тафаккур қилиб, қалбимизни поклашга уринайлик!
Аллоҳ таолонинг Ўзи бу борада барчамизга мадад берсин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Австриянинг “OTS” ахборот сервисида Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросини сақлаш ва оммалаштириш соҳасидаги халқаро ҳамкорлигига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада “Universal Art Group” компанияси вакилларининг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ ва янги кашфиётлар” мавзусидаги Халқаро медиафорумдаги иштироки ҳақида сўз юритилган.
Алоҳида эътибор Марказий Осиё ва ислом дунёсининг бой маданий мероси билан боғлиқ қўшма нашриёт ташаббусларига қаратилди.
Яна бир муҳим йўналиш Амир Темур давридаги Самарқандга оид тарихий манбаларга мурожаат қилиш бўлди. Хусусан, Кастилия қироли томонидан Темур саройига юборилган испан дипломати Руй Гонсалес де Клавихонинг эсдаликларига эътибор қаратилди. Унинг тавсифлари XV аср бошларидаги Самарқанд ва Марказий Осиёни европалик саёҳатчи нигоҳи билан кўриш имконини берувчи қимматли манба ҳисобланади.
“Universal Art Group” асосчиси ва бош директори Шарлотта Крамернинг таъкидлашича, тарихий ҳужжатлар нафақат ўтмиш, балки бугунги кунга таъсир ўтказишда давом этаётган инсонлар, ғоялар ва учрашувлар ҳақида ҳикоя қилади. Унинг сўзларига кўра, муҳим вазифа бундай манбаларни авайлаб-асраш ва кенг халқаро жамоатчиликни улар билан таништириш учун янги имкониятлар яратишдан иборат.
Ташриф доирасида “UAG” вакиллари Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида таълим учрашувлари ўтказди. Унда маданий меросни сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилишда замонавий нашриёт саноатининг роли муҳокама қилинди. “Universal Art Group” операцион директори Александр Вильгельмнинг сўзларига кўра, талабалар билан ўтказилган мулоқотлар ёш авлоднинг тарихий хотирани сақлаш ва маданий қадриятларни келажак авлодларга етказиш масалаларига бўлган юқори қизиқишини кўрсатди.
“Компаниянинг Тошкент ва Самарқанддаги тадбирларда иштирок этиши Ўзбекистоннинг маданият, таълим ва креатив индустрия соҳаларида халқаро ҳамкорлиги кенгаяётганининг яна бир исботи бўлди. Замонавий нашриёт технологиялари, тарихий манбалар билан илмий ишлаш ва рақамли форматлар мамлакатнинг ўзига хос меросини халқаро аудитория учун янада очиқ қилишга хизмат қилади ва Ўзбекистон ҳамда хорижий ҳамкорлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беради”, — дейилади хулосада.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати