Танловга!
Барчамиз нимадир харид қилиш учун бозорга борганмиз. Нарсаларнинг баҳоси уларнинг сифатига қараб белгиланиши барчамизга маълум. Масалан, сиз уй сотиб олмоқчисиз. Уйнинг қай даражада шинамлиги ва бошқа шарт-шароитига қараб унинг нархи белгиланади. Унинг шинамликлари ортгани сари баҳоси ҳам ошиб бораверади. Барча шарт-шароитларга эга бўлган уйларнинг баҳоси ўз-ўзидан бошқаларидан кескин фарқ қилади. Энди сиз сотиб олмоқчи бўлган уй жаннатда бўлсачи? Табиийки, унинг баҳоси ҳам сиз тўлашингиз мумкин бўлган энг олий “пул бирлиги” билан белгиланади.
Аслида, бу дунё биз учун жаннат томон юриб ўтиш йўли қилинган. Аллоҳ таоло биз учун белгилаб қўйган мажбуриятлар бироз ҳаракат ва озроқ машаққатни талаб қилади. Намоз ўқиш, ҳаж қилиш ва закотни адо этиш каби барча амалларда машаққат бўлмаганида жаннат ҳам бўлмаган бўларди. Ушбу машаққат бизнинг асл нафсимизга зид бўлган амални бажаришдан юзага келади. Масалан, инсоннинг нафсида мол-дунёни яхши кўриш бор. Нафсимиз мол-дунёни қўлимизда тутиб туришни, уни ҳеч кимга бермасликни талаб қилса шариат биздан унинг закотини беришни талаб этади. Шундай қилиб, биз нафсимизга зид бўлган амални бажариш билан савобни қўлга киритамиз ва жаннатнинг тўловини тўлаймиз. Худди шунингдек, рўза ҳам Аллоҳ таоло бизга белгилаган фарз амаллар орасида энг машаққатлироғи саналади. Чунки, унда нафсимизга зид бўлган бир эмас, бир нечта – ўзимиз хоҳлаганча таомланишдан сақланиш, жинсий эҳтиёждан тийилиш каби амалларни бажаришимизга тўғри келади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло барча ибодатлар банданинг ўзи учун эканлиги, фақатгина рўза У зот учун бўлиши ва рўзанинг мукофотинини Ўзи беришини ваъда қилган.
Юқорида уй сотиб олиш мисолини бесабаб келтириб ўтмадик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам машҳур ҳадиси шарифда шундай марҳамат қиладилар: “Албатта, жаннатда Райён деб номланадиган эшик бор. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киради, улардан бошқалар ундан кирмайди…” (Бухорий ривояти). Демак, ким жаннатга Райён эшигидан киришни, у ердан ўзи учун қасрлар бунёд этишни истаса табиатига қанчалар зид бўлмасин рўза тутиши, у ердаги ховлиси қанчалар гўзал бўлишини истаса ушбу муборак ойда яхши амалларни кўпайтириши, бир сўз билан айтганда, фурсат борида сармоясини йиғиб жаннат тўловини тўлаб қўйиши лозим бўлади.
Ийсохон Яҳё тайёрлади
Ота – оиланинг суянчи, фарзанднинг қалқони, жамиятнинг устуни. Фарзанд тарбияси – бу фақат онанинг эмас, балки отанинг ҳам вазифасидир. Чунки оила икки қанот, соғлом бўлсагина, тўғри парвоз эта олади. Аллоҳ таоло каломида бундай дейди: “Эй мўминлар, ўзларингизни ва оилангизни дўзах ўтидан сақланг!” (Таҳрим сураси, 6-оят). Бу оятдан маълумки, Аллоҳ таоло ҳар бир мусулмон эркакни ўз оиласи, хусусан, фарзандлари учун жавобгар қилиб қўйган. Уларнинг маънавий-ахлоқий даражада юксак бўлиши бир томондан отанинг ҳам вазифасидир.
Ота – оиланинг имомидир, у намоздаги имомдек, оиласини тўғри йўлга бошлаши керак. Чунки бир жиҳатдан, оятда зикр этилганидек, улар аёлларга ҳам раҳбардирлар, ўз ҳукмронлиги мустаҳкам бўлган оилада, албатта, фарзандлар ҳам ақлли, фаросатли бўлиб етишади. Ёш боланинг қалби оппоқ саҳифага ўхшайди. Ота бу саҳифага қандай сўзлар ёзса, фарзанднинг келажаги шунга кўра шаклланади. Демак, болага иймон, ҳалоллик, сабр, меҳр-оқибат, фидойилик каби фазилатларни бериш отанинг биринчи навбатдаги бурчидир.
Афсуски, айрим оталар фарзандининг жисмоний таъминотини қилиб, ахлоқий ва маънавий тарбиясини унутмоқда. Меҳрсиз гўзал оқибат шаклланмайди. Фарзандга янги телефон, кийим олиш эмас, уни намозга ўргатиш, ҳалол-ҳаромни англатиш, Аллоҳ севгисини юрагига солиш муҳимроқ. Чунки бола ота нима қилса, ўша йўлдан юради. Болалар оталарини ўзларига “қаҳрамон” сифатида танлашади. Ота тонгда бомдодга турса, фарзанд ҳам тонгда уйғонишни ўрганади. Ота ҳалол меҳнат қилса, фарзанд ҳалолликни қадрлайди. Фарзандлар оталарнинг виждони, уларнинг пок эътиқод натижасидир.
Ота – ўз ҳаёти билан дарс берадиган инсон. Ислом оламининг етук намояндаси Фотима Самарқандиянинг отаси – буюк муҳаддис ва фақиҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандийнинг ўзаро муносабатларида кўрамиз. Фотима Самарқандия ёшлигидан илм ўрганди. Отаси уни нафақат дунё илмларига, балки Қуръон, фиқҳ ва ҳадисга ошно қилди. Фотима илмда отасининг энг яқин шогирди, ҳаётда эса энг содиқ ёрдамчиси эди. Устоз сифатида отаси уни буюк аллома сифатида тарбиялади. Отаси унга ўз қўли билан фиқҳий масалалар ёзилган дафтарини ишониб топширган. Бу нафақат илмий ишонч, балки оталик эътибори ва муҳаббатининг ёрқин белгиси эди.
Фарзандингиз сизга Аллоҳнинг омонати. Уни фақат дунёвий эмас, ахлоқий ва диний тарбия билан ҳам бойитинг. Ҳар бир ўргатган дуоингиз, ҳар бир қилган меҳрибонлигингиз, ҳар бир амалингиз – сиз учун садақаи жориядир. Бу дунёдан ўтганингиздан сўнг ҳам сизга ажр бўлиб қайтаверади. Унутманг, яхши фарзанд бу – отанинг энг буюк меросидир.
Маҳфуза БОЗОРОВА,
“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 9-сонидан