frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Жаннат тўлови

30.05.2019   43643   2 min.
Жаннат тўлови

Танловга!

Барчамиз нимадир харид қилиш учун бозорга борганмиз. Нарсаларнинг баҳоси уларнинг сифатига қараб белгиланиши барчамизга маълум. Масалан, сиз уй сотиб олмоқчисиз. Уйнинг қай даражада шинамлиги ва бошқа шарт-шароитига қараб унинг нархи белгиланади. Унинг шинамликлари ортгани сари баҳоси ҳам ошиб бораверади. Барча шарт-шароитларга эга бўлган уйларнинг баҳоси ўз-ўзидан бошқаларидан кескин фарқ қилади. Энди сиз сотиб олмоқчи бўлган уй жаннатда бўлсачи? Табиийки, унинг баҳоси ҳам сиз тўлашингиз мумкин бўлган энг олий “пул бирлиги” билан белгиланади.

Аслида, бу дунё биз учун жаннат томон юриб ўтиш йўли қилинган. Аллоҳ таоло биз учун белгилаб қўйган мажбуриятлар бироз ҳаракат ва озроқ машаққатни талаб қилади. Намоз ўқиш, ҳаж қилиш ва закотни адо этиш каби барча амалларда машаққат бўлмаганида жаннат ҳам бўлмаган бўларди. Ушбу машаққат бизнинг асл нафсимизга зид бўлган амални бажаришдан юзага келади. Масалан, инсоннинг нафсида мол-дунёни яхши кўриш бор. Нафсимиз мол-дунёни қўлимизда тутиб туришни, уни ҳеч кимга бермасликни талаб қилса шариат биздан унинг закотини беришни талаб этади. Шундай қилиб, биз нафсимизга зид бўлган амални бажариш билан савобни қўлга киритамиз ва жаннатнинг тўловини тўлаймиз. Худди шунингдек, рўза ҳам Аллоҳ таоло бизга белгилаган фарз амаллар орасида энг машаққатлироғи саналади. Чунки, унда нафсимизга зид бўлган бир эмас, бир нечта – ўзимиз хоҳлаганча таомланишдан сақланиш, жинсий эҳтиёждан тийилиш каби амалларни бажаришимизга тўғри келади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло барча ибодатлар банданинг ўзи учун эканлиги, фақатгина рўза У зот учун бўлиши ва рўзанинг мукофотинини Ўзи беришини ваъда қилган.

Юқорида уй сотиб олиш мисолини бесабаб келтириб ўтмадик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам машҳур ҳадиси шарифда шундай марҳамат қиладилар: “Албатта, жаннатда Райён деб номланадиган эшик бор. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киради, улардан бошқалар ундан кирмайди…” (Бухорий ривояти).  Демак, ким жаннатга Райён эшигидан киришни, у ердан ўзи учун қасрлар бунёд этишни истаса табиатига қанчалар зид бўлмасин рўза тутиши, у ердаги ховлиси қанчалар гўзал бўлишини истаса ушбу муборак ойда яхши амалларни кўпайтириши, бир сўз билан айтганда, фурсат борида сармоясини йиғиб жаннат тўловини тўлаб қўйиши лозим бўлади.

Ийсохон Яҳё тайёрлади

 

Рамазон-2019
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сиз энг бой одамсиз!

10.08.2026   10341   1 min.
Сиз энг бой одамсиз!

Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.


Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...


Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

 

Ибратли ҳикоялар