Танловга!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таборака ва таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримиз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Рамазон ойлар ичида енг буюк мағфиратли, гўзал ойдир!
Рамазон ойининг фойдалари жуда улкан. Рамазон рўзасини тутмоқлик фарз қилинган. Унда минг ойдан ҳам яхшироқ Қадр кечаси борлиги, Қуръон нозил бўла бошланганлиги билан у ўн бир ойдан улкан фарқ қилади. Ушбу ойда мусулмонларга икки дунёнинг манфаатлари чексиздир. Бу ойда Аллоҳнинг раҳмати тинмай ёғилиб туради, дуолар қабул бўлади айниқса рўзадорнинг дуоси, ота-онанинг фарзандига бўлган дуоси, мусофирнинг дуолари мустажоб бўлур. Рўзадорларга фаришталар кун-у тун тиловатлар айтишади.
Рамазон ойида Қуръони каримни хатм қилиш, хайр-у эҳсон қилиш суннатдир.
Бу ойда Жаннат ешиклари очилиб Жаҳаннам ешиклари ёпилади, итоатсиз жин-шайтонлар эса занжирбандланади. Бу кунни барча мўмин - мусулмонлар интизорлик билан кутиб, Олиму-уламолар унга етишиш йўлида дуода бўлиб туришади. Рамазон рўзасини тутмоқлик фақат Аллоҳ учун ва унинг мукофотини ўзи беради. Рамазон рўзасини тутмоқлик дўзах ўтидан асровчи воситадир.
Рамазон ойида барча мўминлар бирлашади, масжидларда таровеҳ намозларида жамланишиб, барча катта-кичик, бой-камбағаллар хамма бирдек тенглашади, бир-бирлари билан танишиб, мехр-оқибатлари зиёда бўлади, ҳулқимиз гўзаллашади, қолаверса саховатлари ошиб-тошиб бир-бирларидан ўзишга, мусобақалашиб кўпроқ савобли ишларга улгуриб қолишга харакат қиладилар. Рўза тутишнинг саломатлигимизга таъсири жуда катта ҳисобланади. Буни рўза тугагунича ёки тугагандан сўнг чуқурроқ хис этамиз. Рамазоннинг фазилатлари хам шунда барча мўмин – мусулмонлар бир- бирларига меҳр-мурруватда бўлишлари мақсадга мувоффиқ эканлигини барчамиз англамоғимиз даркор. Қолаверса шодлик, хурсандчиликни бирга бахам кўришимиз, бир-биримизга қўлдан келганича ёрдам қўлларини узатмоғимиз, бир гўзал, улуғ савоб бўлур.
Рамазон ойида ёру-дўстлар уришиб қолишган бўлсалар ярашганлари мақбул ишдир, ёки биз мусулмонларга, уларни яраштириб қўйиш беҳисоб савобларга эга бўлишдек бахт калитига муяссар бўламиз. Хатто дўст-душманлар хам бир –бирларига бўлган ўртадаги адоватни унутиб, меҳр-мурувватли бўлиб қолишлари ажаб эмас! Зеро Аллоҳ рахмлиларнинг рахимлисидир ва биродарию яқинларига дўст–душманларига раҳм қилганларни севади!
Рўза тутувчиларнинг Жаннатга Раййон номли махсус эшик орқали киришлари хусусида шундай мархамат қилинган ҳадис бор.
Саҳл розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Жаннатда Раййон номли бир эшик бор, - дейдилар Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, - бу эшикдан рўзани канда қилмай тутганларгина кирадилар холос. Қиёмат куни ‹‹Рўзадорлар қани?›› деб нидо қилинади. Шунда, улар ўринларидан туриб мазкур эшикдан киришади. Сўнг, эшик ёпилади. Улардан бошқа бирорта одам бу эшикдан кира олмайди››.
Рамазон ойининг руҳимизга таъсири жуда каттадир!
Рамазон ойида руҳимиз тетиклашади, қалбларимиз хайрли ишлар ортидан покланади, ором олади, нафсимизни ҳар-хил ёмон ишлардин тийиб руҳимизни поклаймиз. Кўпроқ яхши аммаларни қилишга киришиб, ёмонликлардан узоқлашиб руҳий оламимизни гўзаллаштирамиз, уни фақат очликдан иборат эмаслигини аста –секин фахмлаймиз ва руҳиятимизда, танамизда қандақдир гўзал ўзгаришлар бўлаётганини сезиб хотиржамликга эришамиз, рухимиз батамом енгиллашиб, тарбияланиб бораверади, қолаверса бунинг ортидан яна ўн бир ой давомида рўзанинг шундай гўзал одоб-аҳлоқ тарбиявий жихатларини руҳимизга сингдирган холда, шундай холатда сақлаб қолишга, унинг бардавом бўлишга харакат қиламиз.
Рамазон ойи ҳаётий ҳикматлар ила гўзал безалган!
Унда мусулмонлар Аллоҳнинг берган барча синовларига сабр-тоқат қилиб чидамли бўлиб ўзини беодоб сўзларни айтишдан, ёлғон сўзларни гапиришдан, бировнинг дилини оғритишдан, қаттиқ гапиришдан, кўзларини ҳар хил ҳаромдан, умум қилиб айтганда Аллоҳ таолонинг барча қайтарган нарсаларидан ўзларини тиядилар.
Рамозон ойи хайр-саховат ойи, мусулмонлар Аллоҳнинг рози бўлиши учун савоб умидида бир-бирларини кўпроқ йўқлаб, ифторликлар қилишади, айниқса қарияларни, касалманд, бева- бечораларни, яқин ва узоқ қариндошларининг холидан хабар олишдан ва бир-бирларига хурсандчилик улашишдан чарчашмайди. Бироқ бир нарсани унутмаслигимиз керак! У хам бўлса исрофгарчилик қилишдан холи бўлишга, Аллоҳ берган неъматларига куфр келтирмаслик учун хушёр холда бўлишимиз барчамизга фойдалидир.
Рамазон ойининг фазилатлари жуда кўп уни санаб саноғига етишингиз амри маҳолдир. Рамазонда бир кеча борки У минг ойдан хам яхшидир У Лайлатул Қадр кечасидир. Лайлатул Қадр кечасининг фазилати ҳақида Аллоҳ таоло бундай дейди:
‹‹Албатта, Биз уни (Қуръонни ‹‹Лавҳул-Маҳфуз››дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. ( Эй Мухаммад!) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кечада фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан ( йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У ( кеча ) то тонг отгунича саломатликдир›› ( Қадр сураси).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар. ‹‹Кимки Қадр кечасида имон-эътиқод ва савоб умидида қоим бўлса олдинги гуноҳлари кечирилади››.
Рўзага нисбатан рағбат уйғотиш, унга шараф уйғотиш, қалбни покланиши, рухни тарбияланиши, аҳлоқ-одобни гўзалланиши, ундаги барча ман қилинган нарсалардан тийилиши,унда сабрнинг кучайиши, юқоридаги барча айтилганларга устун қўйиб айтсак, унинг фойдалари, хайр-баракаси, дуоларнинг мустажоб бўлиши, барча –барча яхшиликларнинг кўпайиши, бошқа ойларда бирор-бир савоб учун қилинган ишга бир савоб берилса, бу ойда минг баробар савоб бўлиши, бу ойда олинган савобларни, бошқа ойларда минг уринсак хам топаолмаслигимиз, кишида рўзага нисбатан рағбат уйғотади десак муболаға бўлмас. Валлоҳу аълам!
Сўзларимни ниҳоясида шуларни холисона айтаманки, Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин, иймонимиз мустаҳкам бўлсин, бир-биримизга бўлган меҳр-мурувватимиз ошиб бораверсин!
Хато ва камчиликларимни Аллоҳнинг ўзи кечирсин! Илму-зеҳнимни зиёда қилсин.
Муаллиф: Зоиржон ўғли Иброхим Хидоятов.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
﴿وَفِي أَنْفُسِكُمْ أَفَلَا تُبْصِرُونَ﴾
“Ўзингизда ҳам (мўжизалар бордир). Кўрмайсизларми” (Зориёт сураси, 21-оят).
Айримлар ушбу оятни эшитиб ўзига қарайди ва Аллоҳ инъом этган мўжизаларни кўрмайди. Ўзига қарайди-ю: “Менда ҳеч қандай мўжиза йўқ”, дейди.
Аллоҳга иймон келтирмаган инсон ўлимдан кейинги ҳаётга ишонмайди. Ўзидаги сон-саноқсиз мўжизаларни ҳам инкор этади. Ҳаётни фақат ейиш-ичишдан, ўйин-кулгудан иборат деб билади. Ўлим эса ҳамма нарсани ниҳоясига етказади деб ҳисоблайди. Агар улар озгина фикр юритганларида ўзларидаги мўжизаларни кўрган бўлардилар. Аллоҳ таолонинг инсонлар ҳақидаги оятлари жуда кўп. Қуйида айримларини келтириб ўтамиз:
﴿وَإِذْ أَخَذَ رَبُّكَ مِنْ بَنِي آَدَمَ مِنْ ظُهُورِهِمْ ذُرِّيَّتَهُمْ وَأَشْهَدَهُمْ عَلَى أَنْفُسِهِمْ أَلَسْتُ بِرَبِّكُمْ قَالُوا بَلَى شَهِدْنَا أَنْ تَقُولُوا يَوْمَ الْقِيَامَةِ إِنَّا كُنَّا عَنْ هَذَا غَافِلِينَ﴾
“Роббинг Бани Одамнинг умуртқа поғонасидан, қиёмат куни “Бундан ғофил эдик” демасликларингиз учун зурриётларини олиб ўзларига ўзларини гувоҳ қилиб: “Роббингиз эмасманми?” деганида “Албатта Роббимизсан” деганларини эсла” (Аъроф сураси, 172-оят).
Бу оятни иймони йўқ кишига ўқиб берсангиз “Мен ҳеч нарсага гувоҳ бўлмаганман. Буни сезмаганман ҳам” деб айтади. Бироқ унинг гувоҳи бўлган. Бу ҳам ўзининг зарарига ишлайди.
Аллоҳнинг борлигини қандай қилиб биламиз? Яратган Зот бор бўлиши шартлигини яхши биламиз. Буни кофир ҳам билади. Фақат бировларнинг ҳисобига бўлса-да, бу дунёда маишат қилиб яшаб қолмоқчи бўлади.
Аввало Аллоҳ таоло нималарни ҳаром ва ҳалол қилгани ҳақида бир ўйлаб кўрайлик. Аслида нафсимиз ҳалол ва ҳаромнинг фарқига боради. Бунга мисол келтирамиз. Фараз қилинг бир йигит келиб сизга: “Қизинг билан бир хонада ёлғиз қолмоқчиман”, деса нима қиласиз? Уни ўлдириб қўйишингиз ҳам мумкин. Ўлдирмаган тақдирингизда ҳам уни урасиз. Ҳатто бошқа одамлар ҳам сизга ёрдамлашади.
Демак, бундай ишни ҳамма ёмон кўради, мўмин ҳам, мўмин бўлмаган ҳам. Лекин ўша йигит келиб: “Мен қизингизга уйланмоқчиман” деса уни яхши кутиб оласиз. Одамлар ҳам уни азиз меҳмон сифатида қабул қилади. Буни ҳаммага эълон ҳам қиласиз. Қизингизни унга бериб, никоҳ ўқитганингиздан кейин эса қизингиз билан бир хонада қолишига рози бўласиз.
Хўш, шу икки ҳолатнинг бир-биридан нима фарқи бор?
Демак, сиз нима яхши-ю нима ёмонлигини биласиз. Лекин буни сизга ким ўргатди? Яна бир мисол келтирайлик. Бир киши ўзининг хотини билан кўчада бемалол юра олади. Ҳамма одамларнинг кўз ўнгида хотини билан уйига кириб кетади. Аммо ўша одамнинг олдига бошқа бир бегона киши келиб қолса хотинини ундан қизғанади. Бегона кишининг уйига келганидан ўнғайсизланади.
Хўш, бу икки ҳолатда нима ўзгарди? Фарқ шундаки бири ҳалол бўлса, иккинчиси ҳаром. Буни ҳамма ажрата олади. Диндан умуман хабари йўқ одам ҳам буни англаб етади.
Янада оддийроқ мисол келтирайлик. Бир одам ўғрилик қилишни хоҳласа, аввало ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилади. Кейин эса қоронғу тушишини пойлайди. Чунки қоронғуда одамлар деярли йўқ бўлади. Ўғирлайдиган нарсасини олгач ҳар томонга аланглаб, шошиб ортига қайтади. Кейин ўғирлаган нарсасини ҳеч ким билмайдиган жойга яшириб қўйишга ҳаракат қилади. Шу ҳолатга бир баҳо беринг. Ўғри ўзининг иши хатолигини билади. Лекин ўз уйидан нарса олмоқчи бўлган одам кундузи ҳам ҳамманинг кўз ўнгида уйига кириб чиқаверади. Уйидан хоҳлаган нарсасини олаверади, ҳеч кимдан хавфсирамайди. Чунки у ҳеч қандай нотўғри иш қилмаётганини яхши билади. Пора олаётган киши ҳаммадан яшириб олади. Аммо маошини олаётган киши биров кўриб қолишидан қўрқмайди.
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан