Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Июл, 2026   |   15 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:40
Қуёш
05:10
Пешин
12:35
Аср
17:34
Шом
19:48
Хуфтон
21:15
Bismillah
29 Июл, 2026, 15 Сафар, 1448

10 кун учун 10 суннат

29.05.2019   44246   7 min.
10 кун учун 10 суннат

Танловга!

Муборак Рамазон ойининг рўзасини тутаётган инсон савобли амалларни кўпайтиришни ва кўпроқ яхшиликлар қилиб қолишни истайди. Айниқса, охирги ўн кунлик – дўзахдан озод бўлиш даҳасида бу истак янада катталашади. Хўш, биз учун энг савобли амаллар қайси? Бу савол кўпчилигимизни ўйлантириши табиий. Аслида, бу саволга жавоб топиш учун кўп ўйланишимиз шарт эмас, чунки, Аллоҳ таоло биз мусулмонларга юксак намуна бўлган Зот – Пайғамбар алайҳиссаломни неъмат қилиб берган. У зот бизга таълим берган амаллар ўзимиз ўйлаб қилган амалдан жуда катта фарқ қилади ва савоби ҳам биз тасаввур қила олмайдиган даражада кўп бўлади. Сабаби, Аллоҳ таоло бизга ўзимиз амал қилишимизни эмас, У зотга эргашишни буюрган. Ушбу мақолада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда ва унинг охирги ўн кунлигида қилишни буюрган ёки ўзлари бажарган ўн суннат амал ҳақида сўз юритамиз.

1. Қуръон тиловат қилиш. Рамазон – Қуръон нозил қилинган ойдир. Шунинг учун ҳам у Қуръон тиловати учун энг ҳақли вақт саналади. Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг сахийи эдилар. У зотнинг энг сахий бўладиган пайтлари Рамазонда Жибрийл (а.с) билан учрашганда бўлар эди. У зот Жибрийл билан Рамазоннинг ҳар кечасида учрашар ва Қуръондан дарс қилар эдилар». Демак, ушбу ойда Қуръон тиловат қилиш суннат амал экан. Ушбу суннатга эргашиш учун эса ҳар куни имкон қадар тиловат билан машғул бўлиш мақсадга мувофиқдир.

2. Тасбеҳ ва зикрларни кўпайтириш. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тасбеҳлар айтиш хусусида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Имкон қадар йўлда, уйда, ишда ва бошқа пайтларда тасбеҳларни кўпроқ айтиш мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки, Имом Зуҳрий айтадилар: «Рамазондаги бир тасбеҳ ундан бошқасидаги минг тасбеҳдан афзалдир». Демак, зикр ва тасбеҳларни кўпайтириш ҳам суннатга эргашиш, ҳам ушбу муборак ойда кўплаб ажрларга эга бўлишга сабаб бўлар экан.

3. Дуони кўпайтириш. Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Ё Расулуллоҳ, қайси кеча лайлатул қадр эканини билсам унда нима дейман?», деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳумма иннака аъвуффун, туҳиббул аъфва фаъфу аънний» (Маъноси: Аллоҳим, сени марҳаматли Зотсан, афв этишни суясан, мени кечиргин!) дегин», дедилар. Бошқа ҳадисларда эса рўзадорнинг дуоси қайтарилмаслиги ҳам зикр қилинган. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламўргатганларидек кўпроқ дуо қилиш ҳам суннат амал экан.

4. Кечалари қойим бўлиб таровеҳ намозларида ҳозир бўлиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ким Рамазонни иймон ва (риё қилмасдан) савоб умидида (ибодат билан) қойим қилса ўтган гуноҳлари кечирилади» (Имом Бухорий ривояти). Кечани ибодат билан ўтказиш учун имкон қадар таровеҳ намозларига қатанишиш, яна имкон бўлса саҳарликдан аввал икки ракат бўлсада намоз ўқиб дуо қилиш ва суннатга эргашиш маъносида саҳарлик қилиш мумкин. Охирги ўн кунликда қадр кечасини топиш мумкинлигини ҳам унутмаслик лозим.

5. Жамоат намозларига қатнашиш. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Жамоат намози ёлғизнинг намозидан йигирма етти даража афзалдир». Агар ушбу суннатга Рамазон ойида кўпроқ амал қилсак янада кўпроқ ажрга эга бўламиз.

6. Тунги ибодатга аҳли оиласини уйғотиш. Оиша онамиз (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда У зот айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам (Рамазоннинг) охирги ўн кун кирганда енгларини шимарардилар (ибодатга маҳкам бўлардилар), (ибодат билан) тунларини бедор қилар ва (намоз учун) аҳлларини уйғотардилар» (Имом Бухорий ривояти). Ҳадиси шарифдан охирги ўн кунликда кўпроқ ибодат қилиш ва аҳлини намоз учун уйғотиш ҳам суннат амал эканини кўриш мумкин.

7. Мисвок ишлатиш. Мисвок ишлатиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий бажарадиган суннатлари эди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламайтадилар: «Агар умматимни машаққатга солмаганимда уларни ҳар намоз олдидан мисвок қилишга буюрган бўлардим». Уламоларимиз бу ва бошқа ҳадислардан хулоса қилиб таҳорат пайтида мисвок қилиш суннат эканлигини айтишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадор ҳолларида ҳам мисвок қилганлари маълум ва машҳурдир.

8. Рўзадорга ифторлик қилиб бериш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким рўзадорга ифтор қилиб берса унга у (рўзадор)нинг мислича ажр бўлади, лекин у (ажр) рўзадорнинг ажридан ҳеч нарса камаймайди» (Имом Термизий ривояти). Ҳадиси шарифдан рўзадорга ифторлик қилиб бериш жуда катта ажрга сабаб бўлиши маълум бўлмоқда. Аммо бундан исрофгарчилик қилиб ёзиладиган ҳашаматли дастурхонларни тушунмаслик керак. Ифтор қилиб бериш бошқа ҳадисларда келгани каби бир дона хурмо билан бўлиши ҳам мумкин. Инсон ўз аҳли оиласидаги рўзадорларга ифторлик қилиб бериши ҳам ҳадиси шарифда зикр қилинган ажрга эга бўлишга сабаб бўлади.

9. Беморларни зиёрат қилиш. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Қайси бир мусулмон (бемор) мусулмонни эрта тонгда зиёрат қилса кеч тушгунча етмиш минг фаришта унга саловат (мағфират сўраб дуо қилиш) айтади. Агар кечки пайт зиёрат қилса унга етмиш минг фаришта тонг отгунча саловат айтади ва унга жаннатда бир боғ берилади» (Имом Термизий ривояти). Оддий пайтларда беморни зиёрат қилиш шу даражада катта савоб экан ажрлар кўпайтириб бериладиган ушбу муборак ойда уларнинг адади беҳисоб бўлиши табиийдир.

10. Рамазонда умра қилиш. Умму Маъқал розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Рамазонда умра (қилиш савоби) ҳажга тенгдир». Бугунги кунда Юртимизда умра зиёратига бориш учун барча шарт-шароит яратилган. Имкони бор инсон Рамазон ойида зиёратга боришга ҳаракат қилса мақсадга мувофиқ бўлади.

Юқорида биз келтириб ўтган суннат амаллар кўплаб суннатларнинг бир қисми, холос. Бу ҳақида яна ўзбек тилида нашр этилаётган китоблар, мақола ва газеталардан ҳам маълумотлар олиш мумкин. Аллоҳ таоло барчамизни ушбу муборак кунларда савобли амалларни кўпайтириб олишга муваффақ айласин!

Ийсохон Яҳё тайёрлади

Рамазон-2019
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Яшил” энергия: билган ва билмаганларимиз

27.07.2026   6272   3 min.
“Яшил” энергия: билган ва билмаганларимиз

“Яшил”, яъни қайта тикланувчи энергия манбалари бугунги кунда глобал иқлим ўзгариши ва экологик муаммоларга қарши курашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу мақолада масаланинг халқаро миқёсдаги долзарблиги, айни йўналишдаги сўнгги тажриба ва янгиликлар, соҳа истиқболи билан боғлиқ таҳлилга эътибор қаратамиз. 
 

“Яшил” энергия нима?
 

Қуёш, шамол, сув, шунингдек геотермал ва биомасса каби қайта тикланувчи манбалар орқали ҳосил қилинадиган бундай энергия турлари табиий жараёнлар билан боғлиқ. Умуман, “яшил” энергиянинг асосий афзалликлари  ифлослантирувчи чиқиндини камайтириш, табиий ресурсларни тежаш ва барқарор ривожланишга ҳисса қўшиш каби омилларда намоён бўлади.
 

Халқаро тажриба ва янгиликлар
 

1. Қуёш энергияси. Ўзбекистонда Хитой билан ҳамкорликда 2023 йил йўлга қўйилган “Сирдарё қуёш электр станцияси” мисолида кўринадики, бундай лойиҳалар нафақат ички эҳтиёжни қондириш, балки экспорт имкониятини оширишга ҳам хизмат қилади. Бинобарин, ХХР жаҳонда энг йирик қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи давлат сифатидаги ўрнини изчил мустаҳкамламоқда.

2. Шамол энергияси. Шамол электр станцияларининг улуши 50 фоизга етган Германияда соҳани янада ривожлантириш мақсадида янги технологиялар мунтазам равишда амалиётга жорий этиб борилади. Хусусан, аккумулятор тизими ва ақлли тармоқлар жараённи такомиллаштиришга хизмат қилади.


3. Гидроэнергетика. Норвегияда гидроэнергия, яъни сув ёрдамида энергия ишлаб чиқариш миқдори 90 фоизга етган. Мамлакатда сув омборларидан унумли фойдаланиш орқали экологик барқарорликни таъминлайдиган илғор технология жорий этилган.


4. Геотермал энергетика. Исландияда геотермал энергетика тизими кенг тарқалган бўлиб, орол электр таъминотининг 85 фоизини ташкил қилади. Бу усулнинг афзаллиги – доимийлик ва барқарорликда.


5. Биомасса. АҚШда биомассадан фойдаланиб қишлоқ хўжалиги чиқиндисини самарали қайта ишлашнинг янги усуллари яратилган. Натижада атроф-муҳитга етказилаётган зарар миқдори кескин камайтирилган.


Келажак ва истиқбол 
 

“Яшил” энергия билан боғлиқ инновация келажакда янада оммалашиши кутиляпти. Бу жараёнда қуйидаги омиллар муҳим ўрин тутади:


– Технологик ривожланиш. Қайта тикланувчи энергия манбаларини яратишда янги технология, масалан нано технология жорий этилиши билан самарадорликни орттириш мумкин.


– Инвестиция. Жаҳон банки ва бошқа молиявий институтлар “яшил” энергетика лойиҳаларига сармоя киритишда давом этяпти. Бу глобал даражада барқарор ривожланишни таъминлайди.


– Иқлим ўзгаришига қарши кураш. “Яшил” энергияни ривожлантириш иқлим ўзгариши салбий оқибатини камайтиради. БМТнинг “2030 йилгача барқарор ривожланиш мақсадлари” доирасида давлатлар, хусусан Ўзбекистон “яшил” энергетика йўналишини кучайтиришга интилмоқда.


– Ижтимоий омиллар. “Яшил” энергетика соҳаси ривожланиши янги иш ўринлари яратишга кенг йўл очади.


Хулоса шуки, “яшил” энергия манбалари инсоният экология муаммоларига ечим топишида муҳим восита ҳисобланади. Халқаро миқёсда орттирилаётган инновацион тажриба соҳа истиқболига катта умид билан қараш имконини беради.
Инсоният учун барқарор келажак яратиш сари мамлакатимиз ҳам дадил қадам ташлар экан, ўзбек халқининг эртаси нурли эканлигига ишончимиз комил. 
 

Мусулмон Зиё, ЎзА

Ўзбекистон янгиликлари