Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Лайлатул Қадр қандай кеча? Лайлатул Қадр – “белгилаш кечаси”, яъни йил давомида қилинадиган турли амаллар, топиладиган ризқ, бир сўз билан айтганда тақдирлар белгиланадиган кечадир.
Бу кеча «... минг ойдан яхшироқдир» (Қадр сураси, 3-оят).
1000 ой – 84 йилга тенг.
84 йил – 30000 кунга тенг.
Лайлатул Қадр кечаси қачон бўлади? Абул Олия розияллоҳу анҳу айтадилар: “Бир аъробий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Қадр кечаси қачон бўлади?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазоннинг илк ва энг сўнгги ҳамда тоқ кечаларидан изланглар!” дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазон ойининг охирги ўн кунлигидан қидиринглар”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслом ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қадр кечаси борасида: “У 27-ёки 29-кечадир. Ушбу кеча ерда фаришталар сони майда тошлардан ҳам кўп бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Бу кечанинг қандай аломатлари бор? Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У очиқ, иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмаган кеча. Унинг тонгида қуёш қизғиш, заиф бўлиб чиқади”, дедилар (Ибн Хузайма ривояти).
Бу кеча Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар ерга тушиб, тонг отгунча инсонлар ҳақига дуо қилади. Қуръони каримда бундай дейилади: “У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир” (Қадр сураси, 4–5-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кечани қандай ўтказар эдилар? Ойша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, кечалари ухламасдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилишга уйғотар эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслом ривояти).
Бу кеча қандай амалларни адо этиш лозим?
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони ўқишни айтдилар:
اللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي
"Аллоҳумма иннака аъфуввун кариймун туҳиббул аъфва фаъфу аънний"
"Аллоҳим, албатта, Сен кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин" (Имом Термизий ривояти).
Муҳими, бу кечани ибодат, зикр, тиловат, хайру эҳсон ва бошқа яхши амаллар билан ўтказиш лозим.
Бу кеча гуноҳлар мағфират этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача содир этган барча гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти)
Аллоҳ таоло бу ойда холис ниятлар билан тутаётган рўзаларимизни, кечалари қоим бўлиб адо этаётган таровеҳ намозларимизни ва хатму Қуръонларимизни Ўзининг лутфу карами ила қабул қилсин. Ўзи дуоларни ижобат қилувчи ва гуноҳларни мағфират қилувчи Зотдир.
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Рамазон ойидан кейин тутиладиган олти кунлик рўза ҳақида батафсил маълумот берcангиз. Олдиндан раҳмат.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Рамазон ойидан кейин ҳижрий-қамарий тақвимнинг ўнинчи ойи ҳисобланадиган Шаввол келади. Ушбу ой ҳам фазилатли ва баракотли ойлардандир. Айниқса бу ойда соғлиғи ва имкони бор кишилар нафл рўза тутсалар, кўплаб ажру-савобга эга бўлишлари ваъда қилинган. Жумладан Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойидан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).
Демак, ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, шавволнинг олти кунида рўза тутган киши умр давомида рўза тутганлик савобини қозонар экан. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” (Анъом сураси, 160-оят).
Бу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайитининг эртасидан бошлаб тутиш мумкин. Шунингдек шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Бу ҳақда “Зоҳирийя” ва “Хулоса” номли фатво китобларимизда Шаввол ойидаги олти кунлик рўзани кетма-кет тутилиши шарт эмаслиги, балки ой давомида тутиб ҳам адо этиш мумкинлиги айтиб ўтилган.
Шавволнинг олти кунида рўза тутишнинг яна фойдаларидан бири шуки, у Рамазон рўзасидаги йўл қўйилган камчилик-нуқсонларга каффорат бўлади. Зеро беайб – Парвардигори олам! Банда камчилик ва хатолардан холи эмас. Бу – худди фарз намозлар ортидан ўқилган суннат намози кабидир. Ушбу суннатлар фарзда билиб-билмай йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилади. Қиёмат куни банданинг нафл ибодатлари унинг фарз-вожиб амалларда йўл қўйган нуқсонларини тўлдиради.
Қолаверса, шавволнинг олти кунида рўза тутиш ўз моҳияти билан мусулмон кишининг рўзадан зерикмаганига, балки унга рағбати кучли эканига далолат қилади. Зеро, бу ойдаги рўзанинг ҳикмати ҳақида Аллома Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Рамазон ойидан кейин рўза тутиб юришга одатланиш – Рамазон ойи рўзасининг қабул бўлгани белгисидир. Чунки Аллоҳ таоло бандасининг бирор амалини қабул қилса, ундан кейин уни (бошқа) солиҳ, хайрли ишларга бошлайди, давомли қилади”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази