Рамазон ойи овқат рациони ва ухлаш давомийлигида йилнинг қолган ойларидан фарқ қилади. Бир ой соғлом овқатланишга эътибор бериш орқали ортиқча вазндан халос бўлишни истаганлар учун муносиб ва етарли муддатдир. Айрим рўзадорлар ўзлари спорт билан шундоғ ҳам шуғулланиб турадилар. Лекин кўпчилик рўза бошланиши билан дангасалик касалига дучор бўлади. Бу масалада мутахассисларнинг фикрлари билан имкон қадар танишиб чиқишга ҳаракат қиламиз.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳеч қандай жисмоний машқларсиз кетма-кет 30 кун давомида рўза тутиш қувватнинг ва тана саломатлигининг пасайишига олиб келар экан. Шунинг учун ҳам мусулмонлар муқаддас Рамазон ойи давомида ўз саломатликларини яхши сақлаб қолишлари учун жисмоний фаолликка эътибор беришлари керак.
Рамазон ойи бу йил ҳам иссиқ етарли бўладиган мавсумда келди. Бунинг устига бадан тарбия даврида ҳам тана ҳароратини ортишини ҳисобга олиш керак.
Агар жисмоний машқларни бажариб туриш керак бўлса, у ҳолда уларни овқатдан олдин қилган афзалми ёки кейин қилиш фойдали бўладими?
Агар ифтордан олдин қилинса, у ҳолда муддат 60 дақиқадан кўпайиб кетмаслиги керак, яъни ифтордан 60 дақиқадан кўп бўлмаган муддат аввал қилиниши лозим.
Бунда у совутгичли ёки салқин жойда ўтказиладиган машқларни бажариши керак. Етарли миқдорда ифтордан сўнг суюқлик ичиш ҳамда зарур даражада ухлаб олиш керак.
Бордию машқлар ифтордан кейин амалга оширилса, у ҳолда уни ифторликдан камида уч соат ўтказибгина қилиш тавсия этилади. Чунки организм бу орада ҳазм қилишни бажариш билан банд бўлади. Ушбу ҳолда ҳам ифтордан аввалгидагига ўхшаб салқин жойда олиб борилиши тавсия этилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб рўзадорларга жисмоний фаоллик борасида қуйидаги тавсияларни бериш мумкин экан.
Салқин хонада ҳар куни 30 дақиқа атрофида машқ қилинг. Жисмоний машқлар борасида шуни ёдда тутиш зарурки, ҳаво иссиқ бўлганда, айниқса, рамазон ойида кундузлари керагидан ортиқча машқ қилишдан қочинг. Иссиқ ҳаво атмосферадаги суюқликларни камайтиргани каби танадаги сувни ҳам камайтиради ва бу инсонга зарар қилиб айрим ҳолларда ошқозон яраланишига олиб келиши ҳам мумкин экан.
Рамазон ойи давомида ифтор қилишдан икки ёки уч соат олдин ўзингизга қулай вақтни танлаб машқ қилинг, аммо ифтордан кейин жисмоний машқларни имкон қадар бажармаслик керак, чунки тана энергиясининг катта қисми бу пайтда овқат ҳазм қилиш жараёнига йўналтирилади. Лекин бемор бўсангиз машқ қилишдан олдин шифокорингиз билан маслаҳатлашишни унутманг.
Телевизор қаршисида узоқ ўтириш ва бошқа турдаги дангасаликларни камайтириш керак. Аксинча, юриш ёки уй ишлари билан машғул бўлишга ўхшаш тадбирларни кўпайтиринг.
Агар бош айланиши, кўнгил айниши, нафас олиш ёки кўкрак қафасида оғриқлар бўлса, дарҳол жисмоний фаолиятни тўхтатиб, дам олинг.
Рўзадорлик пайтида танада сувсизлик ортиб кетишига йўл қўймаслик учун ифтор ва саҳарлик орасида кун бўйи керак бўладиган миқдорда суюқлик истеъмол қилиш керак.
Имом Муслим ва бошқалар ривоят қилган қуйидаги ҳадисда Пайғамбар (алайҳиссалом) мўминларни фойда ва манфаат келтирадиган ишларда Аллоҳдан мадад сўраган ҳолда фаол, ғайратли ва пешқадам бўлишга тарғиб қилиб дедилар: “Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқ ва Аллоҳга суюклироқдир, лекин ҳар иккисида ҳам яхшилик бор. Сенга фойдали бўлган ишларга ҳарис бўлгин ва (ишингда) Аллоҳдан ёрдам сўрагин, лекин ҳаргиз заиф бўлма!”. Демак, мўъминлар ушбу ҳадисдаги Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг иккиланиш ва журъатсизликдан қайтарилган тавсияларига муборак рамазонда ҳам амал қилишлари мақсадга мувофиқ бўлади.
Саиджамол Масайитов
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Гоҳида инсонга бало ҳам бир неъмат бўлар,
Ва гоҳо Роббим неъмат билан имтиҳон этар.
Ибодатли, яхши бир ибодатли дўстимнинг аёли саратон касалига чалинди, уларнинг уч фарзанди бор эди. Дўстимга дунё тор келиб, ер зулматга айланиб қолди. Шунда уламоларнинг бири унга саҳарлари туриб ибодат қилиб, аёли учун истиғфор айтиб, замзам сувига қироат қилиб унга ичиришини маслаҳат берди. Аллоҳ таоло унинг йўлини дуо қилишга очиб қўйди. Аёли Қуръон ўқилган замзам суви билан жисмини тозалар, у эса аёли билан тонг саҳардан қуёш чиққунча, шом намозидан кейин хуфтонгача ўтириб биргаликда истиғфор айтиб дуо қилишарди. Шундай қилиб Аллоҳ таоло унинг касалига шифо берди, унга гўзал тери ва чиройли сочлар ато қилди. Улар эса истиғфор ва тунги намозга боғланиб қолишди.
Синглим, агар сиз касал бўлсангиз Аллоҳ томонга юринг, истиғфор, тавба ва дуони кўпайтиринг. Шунда тез орада сизни хурсанд қиладиган хушхабар келади. Чунки дуони фақатгина Аллоҳ таоло ижобат қилади, қийинчилик ва ёмонликларни У Зотгина аритади.
Шуъла: Ўтган ва бугунги кунларингизни ҳисоб-китоб қилинг. Чунки ҳаёт кетма-кет синовлардан иборат, инсон бу синовлардан ғолиб бўлиб чиқиши лозим.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан