Жорий бўлган вақти: ҳижрий иккинчи йил.
Ҳукми: бизнинг мазҳабимизга кўра, фитр вожиб амал саналади.
Шарти: рамазондан фитрга (оғиз очиқлиги) чиқиш муносабати билан берилгани учун шундай аталади.
Моҳияти: фитр молдан эмас, киши бошидан садақа саналади.
Ҳикмати: Рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш, мискинлар учун таомланишдир.
Миқдори: фитр садақаси буғдойдан ярим соъ, арпадан бир соъ, майиздан ярим соъ ва хурмодан бир соъдир. Бир соъ тақрибан (≈) 4 килограммдир.
Шунга кўра, бу йилги ФИТР садақасининг миқдори Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга кўра:
≈ 2 килограмм буғдойдан 6 000 (олти минг) сўм;
≈ 4 килограмм арпадан 10 000 (ўн минг) сўм;
≈ 2 килограмм майиздан 70 000 (етмиш минг) сўм;
≈ 4 килограмм хурмодан 100 000 (юз минг) сўм бўлади.
Бериладиган вақти: Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиши ва мискинлар учун таомланиши бўлсин учун фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул закот бўлур. Ким уни намоздан кейин адо қилса, садақалардан бир садақа бўлур» (Абу Довуд, Ибн Можа ва ал-Ҳоким ривоят қилган).
Фитр садақасига нима берилади? Ҳанафий мазҳабида фитр рўзасини таом бўладиган нарсанинг ўзи билан бериш шарт эмас, қийматини берса ҳам бўлади, дейилган.
Кимларга берилади? Фитр садақаси ўзининг юртидаги мусулмон мискинларга берилади. Бошқа эртда қариндошлари бўлса, уларга ҳам бериш мумкин. Кофирга, муртадга, фосиққа, бойга, дангасага, ота-онасига, боласига ва хотинига берилмайди.
Фитр қандай чиқарилади? Киши хотини, катта боласи, бой бўлган ёш боласи номидан садақаи фитр бермайди. Бой бўлган ёш болага ўзининг молидан беради.
Вақтида берилмаса... Фитр садақаси уни бермаган одам зиммасидан соқит бўлмайди. Уни рамазон ойидан кейин ҳам бериши лозим (Мухтасар ул-виқоя).
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Хоразм вилояти Боғот туманидаги "Эрали эшон бобо" жоме масжиди замонавий асосда қайта қурилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди.
Масжиднинг очилиш тантанасида Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев, Боғот тумани ҳокими Жаҳонгир Назаров, вилоят ва туман бош имом-хатиблари, соҳа мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Маросим Қуръони карим тиловати билан бошланиб, янги масжиднинг эл-юртимиз маънавиятини янада юксалтириш, аҳоли ўртасида эзгулик ва маърифатни мустаҳкамлашга хизмат қилишини сўраб дуолар қилинди. Шунингдек, ушбу бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшган саховатпеша инсонлар ҳаққига эзгу тилаклар билдирилди.
Маълумот ўрнида, барча замонавий талабларга жавоб берадиган ва зарур шароитлар яратилган мазкур жоме масжид бир вақтнинг ўзида 1000 нафар намозхонни қабул қилиш сиғимига эга.
Аллоҳ таоло ушбу муборак масжидни қиёматга қадар Қуръон тиловати, ибодат ва маърифат зиёси тараладиган қутлуғ даргоҳлардан қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати