Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Июл, 2026   |   16 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:41
Қуёш
05:11
Пешин
12:35
Аср
17:33
Шом
19:47
Хуфтон
21:14
Bismillah
30 Июл, 2026, 16 Сафар, 1448

Рамазондан кейин...

20.05.2019   49190   1 min.
Рамазондан кейин...

Рамазон ойида ҳаммамиз тақводор бўлишга уринамиз. Намоз ўқиш, садақа бериш, етимлар, бева-бечоралар ҳолидан хабар олишга интилиб, қариндошлар билан борди-келдини кучайтирамиз. Оила, фарзандларга кўпроқ эътибор берилади.  

Аммо Рамазон ойидан кейин баъзи кишилар бу улуғ ойдаги тақволарини ушлаб қололмай, Рамазондан олдинги хатоларини яна давом эттираётганлари кўзга ташланиб қолади.

Хўш, биз Рамазон ойидаги руҳий ҳолатимизни, ибодатларга бўлган интилишимизни бу ойдан кейин ҳам давом эттиришимиз учун нима қилишимиз керак?

Жавоби оддий: биз тақволи бўлишга фақат Рамазон ойида эмас, балки бутун умримиз давомида буюрилганимизни унутмасак ва шунга кўра ҳаракат қилсак бўлди.

Аллоҳ таоло бизни фақат Рамазонда эмас, балки доим кузатиб туради. Амалларимизни доим ҳисоб-китоб қилиб боради.

Намоз доим фарз. Закот доим фарз. Солиҳ амалларни қилиш ва гуноҳлардан тийилиш биздан доим матлубдир. Ота-она зиёрати, силаи раҳм, яхши қўшничилик, намозларни масжидда жамоат билан адо этиш доим муҳимдир. Рамазонда астойдил уриниб қиладиган солиҳ амалларимизни, аслида, доим қилиб юришга буюрилганмиз. Фаришталар бизнинг амалларимизни вафот этгунимизча ёзиб боришади. Эҳсон, инфоқ, мурувват ҳамиша қилиниши керак. Аллоҳ таоло солиҳ амалларимизга ҳамма вақт савоб беради. Хато ва маъсиятларимиз ҳамиша гуноҳ деб ёзиб борилади. Биз гуноҳдан умримиз охиригача четда бўлишимиз керак.

Аллоҳ таоло бизни умр бўйи тақво қилишга амр этган. Шу амрида бардавом бўлишимизни, Рамазондан кейин ҳам Рамазон ойи шукуҳида, охиратга тайёргарлик кўрувчи инсон бўлиб юришимизни насиб этсин, омийн!

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистонга араб дунёсидан 1000 ноёб илмий китоб келтирилди

27.07.2026   14007   4 min.
Ўзбекистонга араб дунёсидан 1000 ноёб илмий китоб келтирилди

Ўзбекистон халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш орқали ўзининг бой маънавий меросини жаҳон илмий ҳамжамияти билан боғлаш йўлида дадил ҳаракат қилмоқда.

Ана шу жараённинг амалий ифодаси сифатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Ўмон Султонлигида фаолият юритувчи «Orabi International Group» ташкилоти раҳбари, таниқли тадқиқотчи ва жамоат арбоби доктор Муҳаммад Закария Оробий иштирокида Марказ кутубхонасига 1000 та ноёб китобни топшириш маросими бўлиб ўтди, хабар бермоқда iccu.uz.

Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти, олимлар, тадқиқотчилар ҳамда соҳанинг етакчи мутахассислари иштирок этди.

Маросимда Марказ директори ўринбосари Гулнора Ғаниева сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида илм-фанни ривожлантириш, маданий меросни асраш, қўлёзмаларни ўрганиш ва жаҳоннинг турли мамлакатларида сақланаётган ноёб манбаларни Ўзбекистонга жалб этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидлади.

Унинг қайд этишича, Президент ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугун нафақат музей ёки кутубхона, балки ислом цивилизацияси тарихи, манбашунослик ва шарқшунослик бўйича халқаро илмий мулоқот майдонига айланиб бормоқда.

«Ўмон Султонлигидан тақдим этилган мазкур китоблар нафақат кутубхона фондини бойитади. Улар ислом цивилизацияси тарихи, ислом ҳуқуқи, тафсир, ҳадис, ақида, араб тили ва бошқа йўналишларда фундаментал тадқиқотларни кенгайтириш учун мустаҳкам манба вазифасини бажаради. Бу эса янги авлод олимларини тайёрлашга ҳам хизмат қилади», — деди Гулнора Ғаниева.

Доктор Муҳаммад Закария Оробий ушбу китоблар тақдимотини икки мамлакат ўртасидаги маданий ва илмий ҳамкорликнинг рамзий воқеаси сифатида баҳолади.

«Бу шунчаки китоблар эмас. Бу илмга бўлган ҳурмат, маърифатга садоқат ва халқлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлайдиган интеллектуал кўприкдир. Биз Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ташаббусини юксак қадрлаймиз. Бу марказ бутун ислом оламининг илмий меросини бирлаштирувчи нуфузли платформага айланишига ишонамиз», — деди доктор Оробий.

Унинг фикрича, кутубхоналар инсоният цивилизациясининг умумий хотирасини сақлайдиган масканлар бўлиб, ҳар бир китоб янги билим, янги ғоя ва янги илмий кашфиётларга йўл очади. Шу боис илмга сармоя киритиш келажакка сармоя киритиш билан тенгдир.

Маросимда иштирок этган Дин ишлари бўйича қўмита раиси биринчи ўринбосари Давронбек Мақсудов ҳам мазкур хайрли ташаббуснинг мамлакат илмий салоҳияти учун аҳамиятини алоҳида қайд этди.

Унинг таъкидлашича, араб дунёсида сўнгги йилларда чоп этилган фундаментал илмий адабиётларнинг Ўзбекистонга келтирилиши тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар, магистрантлар ва ёш олимлар учун ишончли манбалар базасини кенгайтиришга хизмат қилади.

Тақдим этилган китоблар ислом тарихи, Қуръон тафсири, ҳадисшунослик, фиқҳ, ақида, араб тили, ислом цивилизацияси тарихи ва бошқа қатор йўналишларни қамраб олади. Улар орасида араб мамлакатларида сўнгги йилларда нашр этилган илмий асарлар ҳам мавжуд бўлиб, бу Марказ кутубхонасини минтақадаги энг бой ихтисослашган фондлардан бирига айлантириш имкониятини янада кенгайтиради.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон маданий дипломатия соҳасида фаол ташқи сиёсат юритмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий илмий марказлари иштирокида халқаро ҳамкорлик кенгайиб, ЮНЕСКО, ICESCO ва қатор илмий муассасалар билан қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўмон  Султонлигидан 1000 та ноёб китобнинг тақдим этилиши ана шу изчил давлат сиёсатининг яна бир амалий натижаси сифатида баҳоланмоқда.

Маросим якунида томонлар мазкур хайрли ташаббус Ўзбекистон ва Ўмон  Султонлиги ўртасидаги илмий, маданий ва маърифий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашини таъкидлаб, келгусида қўшма тадқиқотлар, китоб алмашинуви, илмий экспедициялар ва академик дастурларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистонга араб дунёсидан 1000 ноёб илмий китоб келтирилди Ўзбекистонга араб дунёсидан 1000 ноёб илмий китоб келтирилди
Ўзбекистон янгиликлари