Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Апрел, 2026   |   3 Зулқаъда, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:35
Пешин
12:27
Аср
17:10
Шом
19:13
Хуфтон
20:32
Bismillah
21 Апрел, 2026, 3 Зулқаъда, 1447

Рамазон (шеър)

16.05.2019   48466   21 min.
Рамазон (шеър)

Яхши келдинг, эй шарофатли азиз меҳмонимиз,

Интизор эрди йўлингда дийдаи гирёнимиз,

 

Эй кўнгиллар истаги, маҳбубимиз, жононимиз,

Ўртанур шавқинг била бу сийнаи сўзонимиз,

Тийра кулбамиз ёрутдинг, эй маҳи тобонимиз.

 

Жилвалар айлаб саодат буржида, эй навниҳол,

Юз очиб, қилдинг намоён нозанинлардек жамол,

Барқарор ўлғил камолот авжида кўрмай завол,

Хуш келибсан, кетмағил, то умримиз борича қол,

Кечсин эмди сен била қолган ҳаёти фонимиз.

 

Дилҳазинларни қудуминг шоду хандон айлади,

Кечамизни партави моҳинг чароғон айлади,

Ҳар саҳар субҳинг насими анжумафшон[i] айлади,

Сен туфайли Тангри неъматлар фаровон айлади,

Ҳайри баркат келганинг моҳи шариф рамадонимиз.

 

Қайси бир мадҳинг рақам қилгай сенинг, эй яхши зот,

Улки мўмин баҳравар сендин ҳаёту ҳам мамот,

Эй карамбахшу сахолик, боиси хайру закот,

Топғуси бечоралар сен бирла тангликдин нажот,

Хайри мақдам, эй фазилатли маҳи ғуфронимиз.

 

Таърихи ҳижратга ўтгач икки йил ул биру бор,

Бандаларга рўза тутмоқ амрин этди ошкор,

Эҳтиром ила тутинг одобини, эй рўзадор,

Кони хислат, хосиятбахшу маҳи раҳматнисор,

Бир улуғ неъматки, бизга туҳфаи раҳмонимиз.

 

Ассалом, эй моҳи олий, хуш келибсан, марҳабо,

Эй ғубори хоки пойинг дийдаларга тўтиё,

Қилмадик шойиста амринг, тутмадик шартинг бажо,

Бўлғумиз афв этмасанг, шармандаи явмил-жазо,

Ул куни сўрганда биздин адл ила султонимиз.

 

Ҳақ таоло бизга кўп лутфу иноят айлади,

Сен каби бир моҳи раҳматни каромат айлади,

Холисанлиллоҳ агар ким сенга хизмат айлади,

Они Тангрим лойиқи дийдору жаннат айлади,

Иллати журму гунаҳлар дардига дармонимиз.


 

 

Жумла ойлардин фазилатли, муборак номсан,

Бенаволарга саховатли улуғ айёмсан,

Соим[ii] аҳлини зиёфат қилғучи ҳар шом сан,

Раҳматидин Жабраилдек қосиди пайғомсан,

Хайрхоҳу журмпўшу[iii] пардаи нуқсонимиз.

 

Мушкбўйи файзи субҳингдин муаттардур димоғ,

Рўшнойи лайлатил-қадрингда юлдузлар чироғ,

Ғафлат аҳли уйқуда бебаҳра, кундуз кун синоғ,

Яхшилар бедор ўлиб, тунлар фароғатдин йироғ,

Айлашиб хатму тиловат ҳофизи қуръонимиз.

 

Эй маҳи ашраф[iv], фазилат сенда беҳад бордур,

Ҳам савобинг беҳисобу ҳикматинг бисёрдур,

Сусти ҳозим[v], заъфи меъда бирла ким бемордур,

Ҳикматинг бу дарду иллатга шифо изҳордур,

Ҳар маризу[vi] ҳар тани бемора сен Луқмонимиз.

 

Бизни, ё Раб, яхшиларнинг зумрасига қил вусул,

Журмимизни мағфират қил, айла раҳматга духул,

Айбу нуқсон бирла тутган рўзамизни қил қабул,

Бу Суҳайлий осийнинг сендин мудом уммиди шул,

Вақти риҳлатда саломат айлагил иймонимиз.



[i] анжумафшон — юлдуз сочувчи, нур сочувчи

[ii] соим  –  рўзадор

[iii] журмпўш  –  айбларни ёпгувчи

[iv] ашраф  –  энг улуғ

[v] сусти ҳозим  – ҳазм тизимининг бузилиши

[vi] мариз  – касал

 

Дадахон қори Суҳайлий

 

 

Рамазон-2019
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Мен  сўрашдан  уяламан

20.04.2026   5137   4 min.
Мен  сўрашдан  уяламан

Эй Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонганлар, юқорида айтилганлардан хулоса чиқариб ўз ҳолатларингизни қуйидаги сўзлар асосида қиёслаб қўришингиз мумкин. Аллоҳ таоло айтади:

“Ҳолбуки, охират яхшироқ ва боқийроқдир!” (Аълаа сураси, 17-оят ).

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Садақа билан мол камаймайди” (Абу Кабша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Имом Термизий, Имом Аҳмад).

“Ўзига нисбатан қилинган зулмни кечирган инсон, албатта, шу сабабли улуғлик топади” (Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Имом Муслим ривояти).

“Садақа етти юз ва ундан ҳам кўпроқ маротабага  кўпаяди”  (“Риёзус-солиҳийн” да худди маънодаги ҳадиси шариф бор “Садақа учун етти юз мислича қаршилик берилади”, 2-жилд, VI, 86, 95).

“Молини Аллоҳ йўлида сарфлаганнинг савоби 700 мислигача ортади” (Имом Байҳақий).

“Бир банданинг ризқидан барча инсону жин бирлашиб ақалли заррача миқдорда камайтиришга уринганларида ҳам Аллоҳнинг изнисиз бунга эришолмайдилар” (Абдуллоҳ ибн Аббосдан Имом Термизий ривоят қилган).

Билки, дунё сендан юз ўгирганда нафсингни бундан рози ҳолда топсанг ва ҳамда дунёдаги сенга тегишли бўлган насибани тортиб олиб, сени ундан маҳрум этган  хусуматчини шундай қилгани учун сева олсанг, ҳақиқий иймон соҳиби  экансан.

Ҳозир мен сенга шундай бир мезон-улчовни ўргатаманки уни ёрдамида ўзинг бемалол дунё учун қилинган амал қандай бўлади ва охират учун қилинган амал қандай бўлади, яхши фарқлай оладиган бўласан.


Шуни билгинки, одамлар ўртасида келишмовчилик, хусумат ва баҳсу мунозара келтириб чиқарадиган ҳар қандай ҳолат, бу дунё учун бўлган амалларнинг натижаси бўлиб, Аллоҳ ундан қайтаргандир. Ҳақиқатни олиб қараганда, охират учун қилинган амалларда дунёга  ўрин йўқ, даъвою жанжал ҳам чиқмайди. Бундай ишларга кундузлари рўзадор бўлиб, тунлари ибодат қилиш, тез-тез садақалар улашиш, қудуқ ва ариқлар қазиб одамларни сероб қилишга ўхшаган амаллар киради.

Одатда охират учун бўлган хайрли ишларда ҳеч ким бир-бири билан мусобақалашмайди, талашмайди, хусуматлашмайди. Бу амаллар унинг натижасида бирор бир дунёвий манфаат, мукофот ё обрў кўзланадиган  мударрислик, шайхлик, руҳонийлик ё бошқа лавозиму мансабдорлик амалларига асло ўхшамайди. Яъни дунё учун бўлган амалларда, одамларнинг бир-бирлари билан рақобатлашишлари, талашиб тортишишлари, албатта, беилож  бир ҳолатдир. 

Бир гал кимдир роҳибнинг ибодатхона хизматчисига бундай деяётганини эшитиб қолибди: “Сен қанчалар иймони заиф ва савобга бепарво одамсан! Сен бу ишларинг билан, худди мусулмонларга ўхшаб, гўё бир дунёвий  манфиат кўзлаётганга ўхшайсан!”.

Жумладан шу нарса ҳам маълумки, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтилган хизматни бажариб бўлганларидан сўнг ҳам келишилган ҳақни талаб қилишдан уялганлар. Бир гал Аллоҳнинг Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ким биландир шерикчиликда ҳазрати Хадича онамиз разияллоҳу анҳонинг қўйларини боқиб келдилар. У одам ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам! Хадичадан келишилган ҳаққимизни сўранг”, деб илтимос қилиб қолди. Шунда  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен  сўрашдан  уяламан”, деб жавоб бердилар (Имом Шаароний, “Ал-Баҳрул мавруд фил-Мавосиқил уҳуд” асари, 49-бет).

Дарҳақиқат, олим кишилар учун лозимки дунё бойликларининг асирлигидан, мансабу ҳукумат талашиш дардидан, обрў-эътибор, шуҳрату улўғлик даъвосидан тамомила қўл тортсинлар. Фақат ана шундагина улар ҳақийқий охират олимлари, пайғамбарлар меросхури, сиёҳлари тарозуда Аллоҳ йўлидаги шаҳидлар қониданда қийматлироқ қалам соҳибларига айланадилар.

Мана бу муборак сўзда айтилган маъно: “Олимнинг уйқуси ҳам ибодатдир” шундагина уларга тегишли бўлиб қолади. Шундагина улар абадий ҳаётнинг на қадар гўзаллигию  порлоқлигини ва фоний дунёнинг манфурлигию қабиҳлигини ҳис этадилар. Шундагина охират ҳаётини абадият манзили сифатида қадрлайдилар ва бу дунё ҳаётини арзимас, ўткинчи нарса сифатида назарга илмайдилар.

“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.

Мақолалар