Рамазон! Айтилиши осон, муддати нақадар оз, бир йилда бир меҳмон.
Рамазон! Бир йилда бир келасану, лекин биз гуноҳкор, осий бандаларнинг бир йил ичида йиғилиб қолган қанчадан-қанча гуноҳларимиз, хатоларимиз ва камчиликларимизни кечирилишига сабабчи бўласан.
Рамазон! Сенга таъриф бериш менинг қўлимдан келмайди, чунки сенинг тарифингни Аллоҳ таоло берган: «Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир...» (Бақара, 185).
Рамазон! Қадринг шунчалар баландлигидан икки дунёимиз саодати бўлган Каломуллоҳ сенинг бағрингда нозил бўлди. Даражангни юксаклигидан бизни гуноҳлар хорлигидан, дўзах оловидан ҳимоя қилувчи, шайтони-лаъиннинг устидан ғалаба гарови, жисмимиз закоти, жаннатга элитувчи кўприк, ибодатини фақатгина Ўзига хослаган, мукофотини ҳам фақат Ўзи бергувчи амал, яъни рўза айнан сенга хосланди.
Рамазон! Сенга қандай таъриф берайки, суюкли ҳабибимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга хабарини берган гўзал таърифлардан ортиқ. Узот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Рамазон рўзасини имон, ишонч билан ва савобидан умид қилиб тутса олдинги гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Рамазон! Сенинг ҳурматингдан жаннатлар жилоланади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади. Қадрингни баландлигини мадҳ этувчи ҳадислар, хушхабарлар шу қадар кўпки, улардан ортиб қандай таъриф беришни билолмай хайронман. Агар менга сен учун бир дона таъриф бериш керак бўлганда сенга “мўминнинг мавсуми” деган таърифни берган бўлардим. Чунки суюкли пайғамбаримизнинг қуйидаги биргина ҳадиси шарифлари сенга бундай таъриф беришимга сабаб бўлди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким Рамазон ойида зикр мажлисларида ҳозир бўлса, Аллоҳ таоло унинг хар бир қадамига бир йиллик ибодатнинг савобини ёзади ва қиёмат куни Аршнинг соясида мен билан бирга бўлади. Кимки Рамазон ойида жамоат намозларида бардавом бўлса, Аллоҳ таоло ҳар бир ракатига нурдан бўлган бир шаҳарни беради. Ким бу ойда ота-онасига қўлидан келганча яхшилик қилса, Аллоҳ таоло у бандага мулойимлик ва раҳмат назари билан қарайди ва мен унинг кафили бўламан. Қайси бир аёл Рамазон ойида ўз эрининг розилигини талаб қилса, у учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида Марям ва Осиё (розияллоҳу анҳум)ларнинг савобига эга бўлади. Ушбу ойда кимки бир мусулмоннинг бир ҳожатини чиқарса, Аллоҳ таоло унинг минг-минглаб ҳожатларини раво қилади. Кимки Рамазон ойида муҳтожга хайру саховат қилса Аллоҳ таоло унга мингта яхшилик ёзади, унинг минглаб гуноҳларини ўчиради ва унинг даражотини минг пағона кўтаради” (“Нузхатул-мажолис” китоби).
Яна қанчадан-қанча таърифларинг, сифатларинг, рахматларинг ва биз билмаган сирларинг борки, уларни зикр қилишга забонимиз, ёзишга қаламимиз, санашга саноқларимиз, ўзгаларга етказишга илмимиз етмайди. Қўлимиздан келгани шу озгина ибодат, Роббимизга итоат, яхшиликларингдан умидворлик, сенинг дунёларга сиғмас ҳурматингни сақлаш ҳамда Роббимизнинг бизга юборган бир ойлик меҳмони олдида мезбонлик бурчимизни чиройли адо этиш холос.
Рамазон! Хар йилгидек бу йил ҳам сенинг ифорингга чанқоқ бўлган дўстларингни суюнтир, қалбларига ором бер. Сенинг ҳурматингни сақлаган, сендан унимли фойдаланган, сен туфайли ўзига жаннатни вожиб қилиб олган ҳар бир инсон икки дунёда азиз бўлсин. Кимки сенга етсаю, сенинг қадрингни билмаса, ҳурматингни сақламаса, сен буюрган амалларни қилиб, сен қайтарган маъсиятлардан қайтмаган ҳолда, ўзига жаннатни вожиб қилолмасдан сени ўтказиб юборса, унинг бурни ерга ишқалансин.
Маматқулов Жалолиддин
Учкўприк тумани “Шох муқаддам” жоме масжиди
имом-хатиби
Исломов Ёрбек
Учкўприк тумани “Шох муқаддам” жоме масжиди
имом ноиби
Ҳаж жисмоний ва молиявий жиҳатдан бандани синайдиган, руҳиятини поклайдиган Ислом арконларининг бешинчи рукнидир. Ҳажнинг улуғ фазилатларидан бири инсоннинг хато ва гуноҳлардан покланишига сабаб бўлади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:
“Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, (ҳаж давомида) ёмон гаплар гапирмаса ва гуноҳ ишлар қилмаса, уйига онасидан туғилгандек гуноҳлардан пок бўлиб қайтади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Шундай экан, мабрур ҳаж инсон ҳаётида янги саҳифа очади. Ислом таълимотида ҳар бир солиҳ амалнинг ўз ажри бор, бироқ Ҳаж учун ваъда қилинган мукофот улуғроқдир.
Ҳадисда айтилишича: “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир”. Риёдан холи, ҳалол маблағ эвазига қилинган ва барча одобларига риоя этилган ибодат мабрур ҳаж ҳисобланади.
Ҳожилар Аллоҳ таолонинг меҳмонларидир. Муқаддас манзилларда инсон ўзи ва яқинлари учун энг хайрли дуоларни сўрайди. Зиёрат давомида, айниқса Арафот тоғида, Каъбаи муаззама қаршисида ва Сафо-Марва тепаликларида қилинган дуолар рад этилмайди.
Ҳажнинг ижтимоий фазилати беқиёс. Бир хил либосда, бир хил мақсад йўлида дунёнинг турли бурчакларидан келган инсонларнинг жамланиши тенглик ва ибрат намунасини намоён этади. Бу ерда бой ва камбағал, мансабдор ва оддий ишчи, оқ ва қора танлилар ўртасида ҳеч қандай фарқ қолмайди.
Ҳаж арконларини бажараётган инсон қиёмат манзараларини ҳис қилади, ҳисоб-китобни эслайди ва Аллоҳ ҳузурида ҳамма тенг, фақатгина тақволиларгина бошқалардан устун эканини тушунади.
Ҳаж сафари машаққатлардан холи эмас. Иссиқ иқлим, миллионлаган оломон ичида ҳаракатланиш ва узоқ масофаларни пиёда босиб ўтиш инсондан улкан сабр талаб қилади. Бу машаққатлар эвазига инсон ўз нафсини жиловлашни, бошқаларга нисбатан бағрикенг бўлишни ва қийинчиликларга шукр билан муносабат бўлишни ўрганади.
Ҳаж саёҳат эмас, балки қалбнинг Аллоҳ томон ҳижратидир. Муборак сафардан қайтган киши ҳожи мақомини олиш билан бирга жамиятга фойдаси тегадиган, одоб-ахлоқи гўзал ва иймони мустаҳкам бўлган бошқа шахсга айланиши керак.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳаж арконларини бажариш ва унга муносиб бўлиш бахтидан бенасиб қилмасин!
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Зафар қори Маҳмудов