Моҳи султон!
Сен ойларга султонсан. Ташрифингдан покланган руҳиятимиз бошқа ойлар учун мадор йиғади. Эзгуликка ўнгланган одатларимиз йил давомида сақланиб, анъана тусини оладики, яхшиликларимиз сен сабаб буюк ажрларга нойил бўлади. Сендан ўрганган фазилатларимизни бошқа ойлар учун ҳам асраб қўямиз.
Моҳи марғуб
Ҳурматинг боис бизга берилажак имкониятларни санаб адоғига етишимиз мумкинми? Атрофимизни ўраб турган яхшиликлар, биз эришажак савоблар янада зиёда бўлишига гувоҳ бўламиз. Ҳадисларнинг бирида: “У ойда ким Аллоҳга яқинлаштирадиган эзгулик қилса, ундан бошқа ойда адо этган бир фарз даражасини топади. Ва бу ойда бир фарзни адо этган киши бошқа ойда 70 фарз адо этган каби бўлади” дея марҳамат қилинади. Ҳа, сенда амалга оширилган савобли амаллар эвазига савобу ажрлар орттириб берилади. Қолаверса, ҳар неки ниятларимиз бўлса, Яратганга ёлворамиз, сенинг шарофатингга умид боғлаймиз. Зотан, Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Рўзадорнинг дуоси мақбулдир” дея марҳамат қилган эканлар.
Моҳи ғуфрон
Сен сабаб гуноҳлардан покланамиз. Салмон Форсий (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда: “Бу ой шундай ойдирки, аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири эса дўзахдан озод бўлиш ўн кунлигидир” дейилган экан. Расулуллоҳ (с.а.в) яна бир ҳадисларида: «Ким Рамазон рўзасини имон-ишонч билан ва савобидан умид қилиб тутса, олдинги гуноҳлари мағфират қилинади», дея марҳамат қилган эканлар. Демак, сенинг ҳурматинг сабаб солиҳ амалларимиз, хайру эҳсонларимиз учун гуноҳларимиз кечирилар экан.
Сабр ойи
Ҳаётимиз давомида ҳар хил синовларга дучор бўламиз. Гоҳида бесабрлик иллатидан азият чекамиз. Арзимас етишмовчилик тоғдек муаммога айланади гўё. Рамазон рўзаси кишини сабр билан тарбиялайди. Дастлаб рўза тутган инсон жисмида, руҳиятида нафсга қарши кураш бошланади. Тоқат билан енгилган хоҳишлар эвазига рўзадорнинг нафақат зиммасидаги фарзи адо этилади, балки иродаси мустаҳкамланиб ўз руҳиятига ҳокимлик ғалабасига эришади.
Шифо ойи
Пайғамбаримиз (с.а.в.) сенинг ҳилолингни кўришлари билан қиблага юзланиб: «Аллоҳим, ушбу ойни биз учун осойишталик, саломатлик, фаровонлик даври этгин, дардларга шифо, қалбларга зиё бергин!..», дея муборак қўлларини дуога очар эдилар.
Замонавий тиббиёт сўнгги йилларда очлик билан даволаниш усулини кенг йўлга қўйди. Шунга асосан рўза тутиш орқали кўплаб касалликлар даво топгани исботланди. Қолаверса, рўза айрим дардлар юзага келишига тўсқинлик қилиши таъкидланди. Энг муҳим жиҳати, киши онгининг сокинликка эришганидир. Турли ғаразлар, кин ва ҳасадлардан покланган руҳият барча касалликлардан ҳоли турмуш тарзига йўл очиши шубҳасиз.
Қуръон ойи
Қуръони каримнинг нозил бўлиши сенда бошланди. Бу ҳақида Аллоҳнинг муборак каломида: “Рамазон ойи - ... Қуръон нозил қилинган ойдир” дейилади. Қолаверса, Пайғамбаримиз (с.а.в.) сен келганингда Қуръони каримнинг барчасини тўлалигича Жаброил (а.с.)га ўқиб берар эканлар. Ушбу гўзал анъананинг давоми ўлароқ, айни кунларда обод масжидларимизда Қуръони карим ўқилиши ва жамоатнинг уни тинглаши ажиб фазилат.
Оқибат фасли
Муборак ташрифинг инсонлар ўртасида ўзаро мурувват ва оқибат туйғуларини уйғотади. Ҳурмат ва эътибордан қариндошлар ўртасида ҳамжиҳатлик мустаҳкамланади. Кексаю бемор қариндошлар ҳолидан хабар олиниб, узоқ яқинда яшоқчи қондошлар ифторлик дастурхони атрофига чорланади. Гина кудуратли инсонлар бир-бирларига қучоқ очадилар, ўзаро узр сўрашадилар. Шукуҳинг кириб борган ҳар бир хонадон ана шундай аҳиллик билан, яқинларга яхшиликлар қилиб фазилатли кунларни ўтказадилар.
Маърифат ойи
Қалблар сокин ва хотиржам, онгу шуурда пок ниятлар ўрин олган бир пайт маърифатли бўлиш учун айни муддаодир. Шу боис сенинг беқиёс лаҳзаларингни билим олишга сарф этиш янада фазилатлидир. Чунки, баракотинг ҳар нарсада бўлгани каби ўрганилаётган илмга ҳам тааллуқлидир. Зотан, Пайғамбаримиз (с.а.в.) муборак ҳадисларида: “Агар умматларим Рамазон ойининг улар учун қанчалик шарофатли ва барокатли эканини яхши билганларида эди, фақатгина шу бир ой эмас, балки йилнинг қолган ҳамма ойларида ҳам рўза бўлишини орзу қилар эдилар”, деб марҳамат қилганлар.
Ростгўйлик пайти
Ростгўйлик – эзгуликлар дебочасидир. Бу борада Набий (с.а.в.) “Рост сўз ўз соҳибини яхшилик сари етаклайди. Яхшилик эса уни беҳиштга етаклайди” дея марҳамат қилган эканлар. Эзгуликлар ойи бўлмиш сенда рост сўзлаш кишини хайрли амаллар сари етаклайди. Бундан ташқари, рўзанинг мукаммал бўлиши учун рўзадор ёлғон сўзлаш, иғво ва бўҳтон қилиш, нолойиқ сўзлар билан инсонлар дилини оғритиш каби иллатлардан ўзини сақлаши муҳим саналанади. Бу борада бир ҳадиси шарифда: “Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилмоғига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ”, дейилади.
Тинчлик ойи
Ҳа, сен тинчлик ойисан. Ислом тарихидан маълумки, сенда жангу жадаллар тўхтатилган, шарофатинг билан давлатлар тинчлик сулҳини тузганлар. Яна бир муҳим жиҳат, инсон қалбидаги сокинликдир. Сенда турли иллатлар, ғаразу ҳасад, аразу гиналардан покланган, соҳиби томонидан эзгуликка йўналтирилган диллар осойишталикка йўғрилади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бежиз “Рўза қалқондир” демаганлар. Зеро, қалқон камон ўқининг офатидан жангчини тўсиб қолганидек, рўза хатоларнинг юзага келиши ортидан келувчи беҳаловатликдан қутқаради. Натижада тинчлик ойида руҳият ҳам, қалблар ҳам ҳотиржамликка чўмади.
Шукрлар мавсуми
Алҳамдулиллаҳ, муборак ой ичрамиз. Қалбимиз шукронага тўла. Яна бир Рамазонда яшаб, унинг фазилатларини ҳис қила оляпмиз, имкон борича эзгуликлар адо этяпмиз! Кўнглимиз хотиржам, осойишта тонгларни қарши оляпмиз. Дунё кишиларининг сезиларли қисмини ўйга солган “қаерда тунасам экан”, “нима ейман?”, “очликдан болаларимнинг ҳоли не кечаркин”, “қаерга беркиниб яшасам экан”... деган оғриқли саволларнинг бизга кераги йўқ. Рўза сабаб ана шундай инсонлар кечмишини бошимиздан кечирамиз. Очлик, ташналикдан азият чекаётган заминдошларимиз ҳолатини ўз танамизда синаб кўрамиз. Ҳис қиламизки, биз учун тонгдан шом қоронғусигача чекланган имкониятларимиз айрим кишиларда давомли бўлиши мумкин. Тун нима, тонг нима сезмай фақат қорин тўйдириш ёки жон сақлаш умидида яшаётган ердошларимиз кам деб ўйлайсизми? Бу ҳақда тафаккур қилиб, юрак юракдан буюк Мавлога шукр ҳиссини туямиз. Алҳамдулиллаҳ, дастурхонларимиз тўкин, серқуёш заминимиз ўз саховатини бизга тақдим этмоқда. Юртимизда инсон номи улуғ, кексалар қадрланади, ёшларга ҳолис йўл кўрсатилади, она бола саломатлиги давлат сиёсати даражасида... Демак, Сен шукрлар мавсумисан.
Рамазон! Сени таърифлаб ниҳоялаш мумкинми?
Биз бугун сенга аталган тавсифларнинг денгиздан томчисинигина эслатиб ўтдик. Бироқ рўйхатимизни ҳали узоқ давом этишимиз мумкин. Муҳими сен моҳи маҳбубсан! Ойлар ичра севиклисисан. Аразлашган кўнгиллар ҳурматинг боис ярашади, яқинлар муносабати мустаҳкамланади, диллар диллардан сув ичади, ҳамжиҳатлик, аҳил иноқлик ортади. Ҳар бир кунингдан имконларга бой лаҳзалар ўрин олган. Тиллар дилларни ширин сўзлар билан алқайди. Сенинг маҳбуб бўлишинг боисини-да таърифларга сиғдирмоқ маҳол... Биз сени яхши кўрамиз.
Шарифахон Ғаниева
Тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўлини бирлаштирган I Халқаро ислом цивилизацияси форумида 40 дан ортиқ давлатдан 300 га яқин хорижий олимлар, сиёсат, маданият ва дин арбоблари ислом цивилизациясининг асл моҳиятини бутун дунёга англатишни мақсад қилган.
Форумда сўзга чиққан Мусулмонлар Жаҳон Лигаси Бош котиби Муҳаммад бин Абдулкарим ал-Исса Ўзбекистонни ислом цивилизациясининг энг ёрқин илм-маърифат ўчоқларидан бири сифатида эътироф этиб, буюк алломалар меросини замонавий тараққиёт билан уйғунлаштириш инсониятнинг умумий келажаги учун стратегик аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, ислом цивилизациясининг тарихий марказларини қайта англаш ва уларнинг илмий меросини замонавий тараққиёт билан уйғунлаштириш глобал аҳамиятга эга вазифага айланганини таъкидлади.
Муҳаммад бин Абдулкарим ал-Исса, Мусулмонлар Жаҳон Лигаси бош котиби (Саудия Арабистони)
Аввало, ушбу анжуман ислом цивилизациясининг буюк ёдгорликларидан бири бўлган, мусулмон меросининг порлоқ саҳифалари мужассам юртда ўтаётгани алоҳида аҳамиятга эга.
Бу заминнинг исломий мероси ҳақида узоқ тўхталиб ўтирмайман. Чунки у бутун ислом оламида юксак эътироф этилган ва тарихимиз фахрларидан бири сифатида тилга олинади.Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг буюк ислом цивилизацияси давлатларидан биридир. Самарқанд — Буюк Ипак йўлининг дурдонаси, ислом меъморчилиги тараққиётида марказий ўрин тутган шаҳарлардан бири ҳисобланади.
Бухоро эса ислом тарихи саҳифаларида энг буюк илм марказларидан бири сифатида муҳрланган. Бу шаҳар умматнинг энг улуғ алломаларидан, ҳадис илмининг амири, Шайхул ислом, ҳофизлар имоми, буюк муҳаддис Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг муборак номи билан чамбарчас боғлиқдир.
Ислом цивилизацияси илм-маърифат ва юксак қадриятлар асосида барпо этилган. Шу боис у инсоният тарихида маърифатпарварликнинг энг юксак намуналаридан бири бўлди.
Бошқа халқлар цивилизация йўлини излаётган бир пайтда мусулмон уммати университетлар барпо этди, илмларни таржима қилди ва бутун инсониятга юксак ахлоқ фазилатларини ўргатди.
Ислом цивилизацияси тарих китобларидаги қуруқ саҳифалар эмас. У иймон илм билан уйғунлашганда тарих нур билан ёзилиши ва унинг асарлари дунё тургунча абадий яшашининг ёрқин исботидир.
Бу цивилизация инсониятга фақат муҳташам меъморий обидаларни эмас, балки бой қонунчилик, теран тафаккур ва олий ахлоқий қадриятларни ҳам мерос қилиб қолдирди.
Биз яхши биламиз ва бундан мамнунмизки, Ўзбекистон харитадаги оддий давлат эмас. У ислом цивилизацияси китобига ёзилган энг ёруғ саҳифалардан биридир.
Самарқанддан Бухорогача, Регистондан Имом Бухорий зиёратгоҳигача бўлган барча тарихий ёдгорликлар шу ҳақиқатни намоён этадики, бу замин инсоният илм-фани ва маънавий онги учун юксак зиё масканларини барпо этган буюк умматнинг меросидир.
Илм билан иймон ўртасидаги боғлиқлик ҳеч қачон сўнмайди, қолаверса, йўқолиб кетмайди ҳам. Биз илдизи пок, таъсири буюк ва манфаати абадий бўлган цивилизация — Ислом цивилизацияси ҳақида сўз юритмоқдамиз.
Ҳар бир буюк миллатнинг цивилизацион тарихи унинг кенг қамровли сарлавҳасидир.
Бугун ана шу буюк меросни ёдга олар эканмиз, бизнинг масъулиятимиз фақат ўтмиш билан фахрланишдан иборат эмас. Балки илм ва амал орқали, юксак исломий қадриятларга таянган ҳолда, цивилизация руҳини бугунги ҳаётимизда қайта жонлантиришдир.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг исломий, илмий ва маданий меросни қайта тиклаш, уни асраб-авайлаш ҳамда бутун дунёга танитиш борасидаги юксак саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этамиз.
Бу борада муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев жанобларининг хизматлари беқиёсдир. Аллоҳ таоло у кишининг саъй-ҳаракатларини муборак қилсин ва улар орқали эл-юртга манфаат ато этсин.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг ислом олами, айниқса, Ислом олами уюшмаси билан мустаҳкам алоқаларини ҳам юксак баҳолаймиз. Бу ҳамкорлик Маккаи Мукаррамада жойлашган ташкилот бош қароргоҳи билан мунтазам давом этиб келмоқда.
Биз Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси марказининг очилишини ҳам ислом оламидаги энг йирик илмий ва маданий масканлардан бири сифатида юксак қадрлаймиз.
Шунингдек, Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг очилганини ҳам юксак баҳолаймиз. Айниқса, ушбу марказда Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг бой илмий меросини тадқиқ этишга қаратилган илмий ишлар алоҳида аҳамиятга эгадир.
Аллоҳ таоло ушбу илм масканларида хизмат қилаётган барча фидойиларга муваффақият ато этсин ва уларнинг хизматларини ажру савоб билан мукофотласин.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентига ушбу муҳим ва улуғ ишларга бош-қош бўлиб келаётганлари учун алоҳида дуоларимизни билдирамиз.
Аллоҳ таолодан ушбу анжуманни барча иштирокчилар учун манфаатли қилишини, ундан кўзланган эзгу мақсадлар рўёбга чиқишини сўрайман.