بسم الله الرحمن الرحيم
الحَمْدُ لله الَّذِي أَوْضَحَ لَنَا مَعَالِمَ الزَّكَاةِ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى نَبِيِّنَا مُحَمَّدٍ سَيِّدِ الْأَنَامِ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ البَرَرَةِ الْكِرَامِ، اَمَّا بَعْدُ
ЗАКОТ БЕРИШ – БУЮК ИБОДАТ!
Муҳтарам жамоат! Закот – Исломнинг беш рукнидан бири бўлиб, шариат фарз қилган амалдир. Закот луғатда “поклаш”, “ўсиш” деган маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда эса – “Муайян моллардан маълум қисмини Аллоҳ таоло белгилаб берган муайян тоифа кишиларга мулк қилиб бериш”дир. “Закот” сўзининг маъноларидан бевосита кўриниб турибдики, закоти берилган молга барака киради, кўпаяди, ўсиб, зиёда бўлаверади. Закоти адо этилган молларни Аллоҳ таоло асрайди.
Қуръони Каримнинг ўттиз икки жойида закот беришга буйруқ бўлиб, шундан йигирма саккизтаси намоз билан бирга зикр қилинган. Шу эътибордан закотнинг мартабаси намознинг мартабаси билан тенгдир. Демак, мусулмон инсон намоз билан закотнинг орасини ажратмайди. Бу ҳақда Аллоҳ Таоло Қуръони каримда шундай деган:
وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
(سورة النور/56)
яъни: “Намозни тўкис адо қилинглар, закотни беринглар ва Расулга итоат қилинглар, шоядки, раҳм қилинсангиз”(Нур сураси, 56-оят).
Рамазон ойи хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи бўлганлиги учун ҳамда бу ойда бажариладиган барча амалларга ажрлар бир неча баробар кўпайтириб берилишидан умид қилиб мўъмин-мусулмонлар закотларини айнан ушбу ойда беришга одатланишган. Қуйидаги ояти карима закот бериш – фарз эканлигига далил ҳисобланади.
خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِمْ بِهَا ...
(سورة التّوبة/103)
яъни: “Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг...” (Тавба сураси, 103-оят)
Бойлар бир қисм молларини камбағалларга беришлари фарз қилинган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَالَّذِينَ فِي أَمْوَالِهِمْ حَقٌّ مَعْلُومٌ لِلسَّائِلِ وَالْمَحْرُومِ
(سورة المعارج/24-25)
яъни: “Уларнинг мол-мулкларида сўрагувчи ва бечора учун маълум ҳақ бордир” (Маъориж сураси, 24-25-оят)
Закот бой ва камбағални бир-бирига яқинлаштиради, бой киши ёрдам қилиш севинчи билан яшаса, камбағал эса ўз қалбида бойга нисбатан муҳаббат ва ҳурмат ҳиссини туяди ва хасислик ўртадан кўтарилади.
Закоти берилган мол ҳар қандай бало ва офатлардан сақланиши ҳақида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
"حَصِّنُوا أَمْوَالَكُمْ بِالزَّكَاةِ وَدَاوُوا مَرْضَاكُمْ بِالصَّدَقَةِ وَأَعِدُّوا لِلْبَلاءِ الدُّعَاءَ"
(رواه الإمام أبو داود)
яъни: “Молларингизни закот (бериш) билан сақлангиз. Касалларингизни садақа (бериш) билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуони ҳозирлангиз” (Имом Абу Довуд ривояти).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
"إِذَا أَدَيْتَ زَكَاةَ مَالِكَ فَقَدْ قَضَيْتَ مَا عَلَيْكَ"
(رواه الإمام الترمذي)
яъни: “Қачон молингизни закотини адо қилсангиз, албатта, зиммангиздаги бурчни бажарибсиз”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Закот зиммасига фарз бўлган кимса уни кечиктирмаслиги керак. Чунки, закот фақирларнинг ҳаққи бўлиб, уни бермасдан ўзида ушлаб туриш мумкин эмасдир. Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ: “Закотни қасддан бермай кечиктириб юрган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайди” деганлар.
Шайтон закот берувчи кишига гўё молини қирқдан бирини берса, моли озайиб кетгандек туйилтириши мумкин. Бироқ молни фақирга бериш билан мол ҳаргиз камаймайди. Балки эгаси ўйламаган томонидан Аллоҳ таоло молини зиёда қилади. Бунга қўйидаги ҳадис яққол далил ҳисобланади:
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
"مَا نَقَصَ مَالٌ مِنْ صَدَقَةٍ قَطُّ"
(رواه الإمام الترمذي)
яъни: “Мол-мулк садақа қилиш билан зинҳор камаймайди” (Имом Термизий ривояти).
Закотда закот берувчига ҳам, олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам кўплаб дунёвий ва ухровий фойдалар бор. Шунингдек, у туфайли мулкдор тарафнинг қалби покланиб, руҳий томондан ўсиб бориши юзага келади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабални Яманга волий қилиб юбораётганларида шундай деганлар:
فَأعْلِمْهُمْ أنَّ اللهَ قَدِ افْتَرَضَ عَلَيْهِمْ صَدَقَةً تُؤخَذُ مِنْ أغْنِيَائِهِمْ فَتُرَدُّ عَلَى فُقَرَائِهِمْ
(رواه الإمام البخارى)
яъни: “Уларга билдиринки, Аллоҳ таоло зиммаларига закотни фарз қилгандир. Закотни у ернинг бойларидан олиниб, камбағалларига берилур!” (Имом Бухорий ривояти).
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
"وَيْلٌ لِلأَغْنِيَاءِ مِنَ الْفُقَرَاءِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، يَقُولُونَ: رَبَّنَا، ظَلَمُونَا حُقُوقَنَا الَّتِي فُرِضَتْ لَنَا عَلَيْهِمْ، فَيَقُولُ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ: وَعِزَّتِي وَجَلالِي، لَأُدْنِيَنَّكُمْ وَلأُبَاعِدَنَّهُمْ"
(رواه الإمام الطبرني)
яъни: “Қиёмат куни йўқсиллар сабабли бойларнинг ҳолига вой бўлади! Камбағаллар шундай дейдилар: “Парвардигоро! Бой кишилар Сен бизга ажратиб берган ҳақларимизни бермасдан бизга зулм қилдилар”. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Иззатим ва жалолим ҳаққи, сизни ўзимга яқинлаштираман, уларни эса узоқлаштираман” (Имом Табароний ривояти).
Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Аллоҳ таоло ўз бандасига жон ва мол неъматини бергандир. Бадан ибодатлари жон –неъматининг шукридир, молиявий ибодатлар эса – мол неъматининг шукридир”.
Закот бериши вожиб бўлган киши ўз вақтида закотини чиқариб бермаса, моли ҳалокатга учраши ҳақида Оиша разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар:
"مَا خَالَطَتِ الْزَّكَاةُ مَالًا قَطُّ إِلَّا أَهْلَكَتْهُ"
(رواه الإمام البخاري)
яъни: “Қачон бир молга (фақирларнинг ҳаққи бўлмиш) закот аралашса, албатта, молнинг баракасини кетказади” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, закот бериш – қолган молнинг ўсишига, кўпайишига, энг муҳими –баракали бўлишига ва турли бало офатлардан сақланишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло бир неча оятларида, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бир қанча ҳадисларида бойнинг молида камбағалнинг ҳаққи борлигини баён қилганлар. Шундай экан, ким молининг закотини хасислик ва оч кўзлик қилиб бермаса, барибир ўзи билмаган ҳолда камбағални ҳаққи уни молидан чиқиб кетади. Демак, камбағални ҳаққи барибир чиқиб кетар экан, ундан кўра закот вожиб бўлган вақтда закотини берган кимса ҳам зиммасидаги фарзни адо қилган бўлади, ҳам закоти берилган молларга ваъда қилинган барча фазилатларга эришади. Дунё ва охиратдаги юксак даражаларга эришади.
Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида закотга доир баъзи масалалар ҳақида суҳбатлашамиз.
Аллоҳ таоло барчамизга ибодатларни ўз вақтида адо қилувчи ва закотни чин дилдан берувчилардан қилсин. Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “АЛЛОҲНИ ЗИКРИ ИЛА ҚАЛБЛАР ОРОМ ОЛУР” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Бухоро вилоятида жамиятда миллий-диний қадриятларни мустаҳкамлаш, эл-юрт маънавияти ва осойишталигини таъминлаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган диний-маърифий соҳа ходимларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонларига мувофиқ, диний соҳада самарали фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари юксак давлат мукофотлари билан тақдирландилар. Маросимда Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Азизбек Қаландаров иштирок этиб, йиғилганларни қутлуғ айём билан самимий қутлади ва давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
Шунингдек, байрам муносабати билан вилоят ҳокимлиги ташаббуси асосида соҳа фидойиларига махсус ваучерлар тақдим этилди. Тадбирда сўз олганлар давлатимиз томонидан маънавий-маърифий соҳа ходимларига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирдилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов томонидан вилоят вакиллиги тасарруфида самарали хизмат кўрсатиб келаётган бир гуруҳ диний соҳа ходимларига ташаккурномалар топширилди.
Кўтаринки руҳда ўтган маросимларда бундай юксак эътибор ва эҳтиром соҳа фидойиларини эл-юрт фаровонлиги ва динимиз софлигини тарғиб этиш йўлидаги хайрли фаолиятга янада куч-ғайрат билан киришишга руҳлантириши таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати