Инсонлар, замон ва маконларнинг баъзиларининг баъзиларидан фазилатли бўлиши Аллоҳ таолониниг ҳикматидир. Тақводор бетақводан, олим жоҳилдан, доно нодондан, сабрли бесабрдан, қувватли мўмин заиф мўминдан афзалдир. Шунингдек, Каъба ва Масжиди набавийдаги намоз бошқа масжиддаги намоздан фазилатлидир. Жумаладан, Рамазон барча ойлар ичида фазилатда тенгсиздир.
Рамазон қамарий йилнинг тўққизинчи ойидир. Рамазон арабча “рамзо” сўзидан олинган бўлиб, ёмғир маъносини англатади. Ёмғир ер юзи ғуборини ювганидек, Рамазон бандалар гуноҳларини ювиб, қалбларини поклайди. Бу ойда солиҳ амаллар гуноҳларга каффорат бўлгани учун ҳам шундай номланган.
Имом Мужоҳид (раҳматуллоҳи алайҳи) айтади: “Рамазон Аллоҳ таолонинг исмидир. Рамазон ойи Аллоҳ ойи деган маънони англатади”. Бу борада Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Рамазон деманглар. Чунки Рамазон Аллоҳ таолонинг исмларидан биридир. Рамазон ойи денглар”, дедилар (Байҳақий ривояти).
Рўза биздан олдинги умматларга ҳам фарз бўлган қадимий ибодатдир. Аллоҳ таоло рўзани фарз қилиш билан Рамазон ойини шарафлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилди. Мен унинг кечаларида ибодат қилишни суннат қилдим. Рамазон рўзасини тутиб, тунида қоим бўлган одам онадан туғилган кундаги каби гуноҳдан фориғ бўлади”, дедилар.
Шунингдек, бу ойда пайғамбар (алайҳимуссалом)ларга илоҳий китоблар туширилган. Восила (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Иброҳим (алайҳис салом)нинг саҳифалари Рамазоннниг биринчи, Таврот олтинчи, Инжил ўн учинчи тунида нозил қилинди. Аллоҳ таоло Қуръони каримни Рамазоннинг йигирма тўртинчи тунида нозил қилди”, дедилар. Саҳифалар, Таврот, Инжил ва Забур каби илоҳий китоблар пайғамбар (алайҳимуссалом)ларга тўлиқ бир тўплам ҳолида туширилди. Қуръони карим Рамазон ойи Қадр кечасида дунё осмонидаги Байтул иззага тўлиқ-мукаммал қилиб туширилди. Сўнгра Муҳаммад (соллалоҳу алайҳи васаллам)га бўлак-бўлак қилиб нозил қилинди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Албатта, Биз уни (Қуръонни «Лавҳул-маҳфуз»дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик” (Қадр, 1).
“…албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик” (Духон, 3).
Рамазон ойларнинг яхшисидир. Унинг биринчи туни Рамазон тунларининг энг афзали бўлиб, унда барча мусулмонларга рўза фарз бўлади, жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар ва исёнкор жинлар кишанланади, Аллоҳ таоло бандаларига тоат-ибодатни осон қилиб, раҳматини ёғдиради. Бу ҳақида Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Рамазоннинг биринчи туни бўлса, шайтон ва жинлар кишанланади, дўзах эшиклари ёпилиб, қайта очилмас, жаннат эшиклари очилади ва қайта ёпилмас. Ҳар тунда бир жарчи “Эй яхшиликни истовчи унга интилгин, эй ёмонлик хоҳловчи ундан тўхтагин, ҳар кимса Аллоҳ изни билан дўзахдан озод бўлур”, деб нидо қилади”, дедилар” (Имом Аҳмад, Байҳақий).
Рамазон ойи ва унинг рўзаси кейинги йилгача бўлган кичик гуноҳларга каффорат бўлади. Кичик гуноҳлар мағфират қилинади, фақат гуноҳи кабиралар кечирилмайди. Бу борада Абу Ҳурайра (розиялоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Банда катта гуноҳлардан сақланса, беш вақт ва жума намози кейинги жума намозигача, Рамазон кейинги Рамазонгача бўлган кичик гуноҳларга каффоратдир”, дедилар (Имом Муслим).
Рамазон ойида умра қилинса, ойнинг шарафи ва баракаси билан унинг савоби ҳажнинг савобига тенглаштирилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рамазондаги умра ҳажга тенгдир”, дедилар (Имом Муслим). Бу ҳадис шарҳида Имом Мунавий “Умра ҳажга савобда тенглашади, фарзни соқит қилиш маъносида эмас”, дедилар.
Муҳтарам Президентимиз бошчиликларида халқимиз кўплаб ютуқларга эришди, тинчлик-осойишталик ва фаравонликка етишди. Шулар жумласига Рамазон ойида умра зиёратини ҳам қўшиш мумкин.
Рамазон ойининг яна бир фазилати минг ойдан афзал қадр кечасининг борлигидир. Қадр кечаси фазлининиг улуғворлиги ундаги фазилатларниг кўплигига боғлиқдир. Бу кечада минг ойда мисли бўлмаган кўп яхшиликлар тақсимланади. Бу тундаги бир солиҳ амал қадр кечаси бўлмаган минг ойдаги амалдан яхшидир. Ким бу кеча яхшилигидан маҳрум бўлса, комил савоблар ва гуноҳларнинг мағфур бўлишидан бебаҳра қолади.
Таровеҳ намози Рамазон ойининг гултожидир. Уламолар Рамазон тунларида қиём туриш суннат деб ижмо қилганлар. Имом Нававий “Рамазонда қиём туришдан таровеҳ намози ирода қилинган, яъни, қиёмдан қасд қилинган нарса таровеҳ намози билан ҳосил бўлади”, дейди. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Ким Рамазон ойида имон ва савоб умидида тунларда қоим бўлса, унинг аввалги гуноҳлари кечирилади”, дедилар” (Имом Бухорий, Муслим).
Эътикоф Набий (алайҳиссалом) доим амал қилган суннат амалдир. Эътикоф Рамазондан бошқа бирор ойда йўқ. Шунинг учун ҳам у Рамазоннинг фазилатидир. Олимлар бир овоздан эътикофнинг суннат эканига ижмо қилганлар. Ойша (розиялллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этгунларича Рамазоннинг охирги ўн кунида эътикоф ўтирар эдилар. У зот вафот этгач, аёллари эътикоф ўтиришди” (Имом Бухорий).
Рамазон раҳмат ойи, Рамазон мағфират ойи, Рамазон инсон дўзахдан озод бўладиган ой, Рамазон тақво ойи, Рамазон саховат ойи, Рамазон руҳан покланиш ойи, Рамазон сабр-бардош ойи, Рамазон саломатлик ойидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) замонларидан ҳозирги кунгача бу ойнинг баракаси, фазилати ҳақида китоблар ёзилди, илмий мажлисларда суҳбатлар қилинди, газета-журналларда мақолалар чоп этилди, бу қиёмат кунигача давом этади. Билганимизга амал қилиб, ушбу ойдан руҳан пок, жисмонан бақувват, гуноҳлар мағфират қилинган ҳолда чиқиб, Аллоҳ таолонинг раҳматига эришиш барчамизга насиб қилсин!
Баҳриддин Парпиев
Бугуннинг гапи
“Уч хонали хонадонимни таъмирлатиш учун икки ой муддатга келишиб уста туширгандим, олти ойда зўрға чала-чулпа қилиб ишини тугатди...”
“Усталар нега бунақа-а? Уйини таъмирлатиб, усталардан розиман, деган одамни учратмадим...”
“Кўпчилиги одамга фириб беради: ишни вақтида бажармайди, таъмир ишлари тугагач, бошида келишилган нархдан икки баробар кўп маблағ сўрайди...”
Юқоридаги гаплар – уйини, хонадонини таъмирлатиб, усталардан куйган кишиларнинг дод-фарёдлари.
Бугунги кунда жамиятда айрим усталарнинг ўз ишини виждонан бажармаслиги, сифатсиз материаллар ишлатиши, вақтни чўзиши ёки турли найранглар билан буюртмачини алдаши, афсуски, кўпчиликни ташвишга солиш баробарида шу касб эгаларига нисбатан ишончнинг сусайишига ёки бутунлай йўқолишига олиб келяпти.
Яхши ниятда уйини, хонадонини таъмирлатмоқчи бўлган киши уста ишлатган танишларидан сўраб-суриштириши тайин. Яқинда мен ҳам хонадонимни таъмирлатмоқчи бўлиб уста изладим. Таниш-билишлардан, дўстларимдан сўрасам, ярмидан кўпи усталардан нолиди. Бу ҳолат нафақат молиявий зарар, айни пайтда инсонлар ўртасидаги ишончнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмяптими?!
Ислом таълимотида ҳалол меҳнат, омонатдорлик ва ростгўйлик юксак фазилат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
Усталик – яхши касб. Уста омонатдор бўлса, одамларнинг ҳожатини раво қилади, кўпга фойдаси тегади. Буюртмачи ўз молини, маблағини устага ишониб топширади. Уста шу ишончни оқлаши, ишни пухта ва виждонан бажариши шарт.
Уй – инсоннинг бошпанаси. Унинг ҳар бир ғишти эзгу ният билан қўйилади, ҳар бир девори умид билан кўтарилади. Аммо, афсуски, баъзан айрим усталар иморат қуриш ёки таъмирлашда найранг қиладилар. Уста ташқи томондан деворни силлиқ сувайди, аммо ичидаги ёриқларни беркитади. Бўёқнинг ялтироғи кўзни қувнатади, лекин ортидаги нуқсон вақт ўтиши билан кўзга ташланади.
Янги таъмирланган хонадондан ҳали бўёқ ҳиди кетмай туриб шифтда ёриқлар пайдо бўлади, эшиклар қийшайиб қолади, пол эса ғичирлаб иморат эгасининг асабини бузади. Буюртмачи устага берган маблағига ичи ачийди.
Баъзи усталар сифатли қурилиш материали олиш учун берилган пулга арзон маҳсулот сотиб олади. Қолган маблағни эса “меҳнат ҳақим” деб ўмаради. Цементга қумни ортиқча қўшади, темир ёки арматурани ингичкароғига алмаштиради, мис симлар ўрнига альюминини тортади.
Яна шундай усталар ҳам борки, бир ҳафтада тугатишга келишилган ишни бир ойгача чўзади. Баҳона ҳам тайёр: “Материал келмади”, “Ёрдамчим бетоб бўлиб қолди”, “Эртага тугатиб берамиз” ва ҳоказо.
Энг ёмони, устанинг қўлидан чиққан уй бир йил ўтар-ўтмас яна таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Бу ҳунар эмас, ҳийладир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис ҳар қандай соҳадаги фирибгарликни қамраб олади. Агар уста арзон ёки сифатсиз материални қимматбаҳо деб кўрсатса, ишни атайлаб чала бажарса ёки кейин яна таъмирга муҳтож бўладиган қилиб ишласа, бу алдамчиликдан, фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, бугун кўпчилик усталар ҳийла ва найрангни касб қилиб олганлар. Бунинг оқибатида на ўзлари барака топадилар, на буюртмачи уларга берган маблағига рози бўлади.
Ҳақиқий уста, ўз ишини виждонан қиладиган киши бошқача бўлади. У ҳар бир ишини бекаму кўст бажаради. Чунки у одамлардан яширган нуқсонни, албатта, Аллоҳ таоло кўриб, билиб туришини яхши англайди. Ундай усталар ўзларига Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195) оятини ҳамда Набий алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради” (Имом Табароний ривояти), деган муборак ҳадисларини ўзларига шиор қилиб олган бўладилар. Лекин, афсуски, ҳозир бундай усталарни топиш амримаҳол. Борлари ҳам “қўлма-қўл”.
Омонатдор усталар қурган уйлар, йиллар ўтса ҳам, яхшилик билан эсланади. Уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинади. Биргина мисол, бизнинг Сангижумон қишлоғимиздаги кўп уйларни пачирлик уста Турдимурод бобо (Аллоҳ маконини жаннат қилсин!) қурган. Ўша пайтларда (1960–1990 йиллар) вассажуфт қилинган шифтларга устанинг иморатни қуриб битирган санасини битиш анъана бўлган. Ҳар сафар қишлоққа бориб уйга кирсам, уста бобонинг “имзоси”га кўзиб тушади ва Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, у кишининг руҳларига бағишлайман.
Бугун баъзи усталарнинг ишни келишилган муддатда тугатмаслиги; сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиши; нархни асоссиз ошириши; камчиликларни яшириши; бир неча ой ўтиб яна таъмир қилишга мажбур бўладиган даражада иш тутиши катта гуноҳдир. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида буюртмачи моддий зарар кўради, асабийлашади, вақт йўқотади ва энг ачинарлиси, одамлар ўртасидаги ишонч сусаяди.
Ҳалол ризқнинг баракаси унинг кўплигида эмас, балки поклигидадир. Алдамчилик билан, ҳийла-найранг ишлатиб топилган маблағ фойда бўлиб кўринса-да, унда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир уста ўз қўли билан топаётган ризқининг ҳалоллиги ҳақида ўйлаши, ҳар бир мих, ҳар бир ғишт, ҳар бир сим ёки ҳар бир таъмир учун қиёмат куни ҳисоб берилишини унутмаслиги керак.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ:
Ўттиз фоиз ҳақиқий усталар бор. Улар ўз касби билан фахрланади. Гуруҳлари бор, шогирдлари, устозлари бор. Ҳаммасини қойиллатиб, асбоб-анжомларини чиройли қилиб қўйишган. Шартнопмани тузади, вақтида ишга келади, белгиланган муддатда қурилишни ёки таъмир ишларини тугатади, иш ҳақини олиб кетади. Буюртмачи ҳам рози, уста ҳам рози. Бундай кишиларнинг ишида унум, барака бўлади. Топган пуллари баракали бўлади.
Ҳақиқий уста фақат қурилиш ёки таъмирлашни эмас, балки одамларнинг ишончини ҳам қозонади. Виждон билан қилинган ҳар бир иш ибодатга айланади. Алдамчилик ва найранг билан бажарилган иш эса вақтинчалик фойда келтирса ҳам, дунёда обрўни тўкади, ризқ қийилишига сабаб бўлади, охиратда эса жавобгарликни келтиради.
Толибжон НИЗОМ