Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот ва саломлар бўлсин.
Тилнинг ҳам ўзига хос рўзаси бор. Уни билган инсон лағвдан сақланади, узоқ бўлади. Тил рўзаси Рамазон ойида бўлгани сингари бошқа ойларда ҳам бўлиши зарурдир. Тилга Рамазон ойида таълим-тарбия бериб, дунё-охиратга манфаатли, ҳаётга фойдали нарсаларни гапиришга ўргатилади. Ўз ўрнида сўзлаб, ўз ўрнида жим туриш, вақтида сукут сақлашга одатлантирилади.
Тилниниг зарари буюк, хатари улкандир. Тил ваҳший йиртқичдек жароҳатлайди, илондек заҳарлайди, оловдек ёндиради. Қилич билан берилган жароҳат шифо топиши мумкин, тилнинг жароҳатига даво йўқдир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ўз тилларига: “Эй тил, яхшиликни сўзлаб, уни ғанимат бил. Ёмон сўзда сукут қил, саломат бўласан”, деган эканлар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким икки жағи ва икки сони орасидаги нарсага кафил бўлса, уни жаннатга киришига мен кафил бўламан”, дедилар. Аллоҳ таоло ғийбатдан, чақимчилик, ёлғон, уятсиз сўзлар, лағв ва ҳаром сўзлардан тилини тийган мўминга раҳматини ёғдирсин.
Салафи солиҳ уламолар Қуръон ва суннат билан одоб берардилар. Уларнинг сўзлари мулойим, нутқлари зикр, назарлари ибрат, жим туришлари тафаккур эди. Инсон Қаҳҳор сифатли Рабга дуч келишдан қўрқса, тилини зикр ва шукрга ишлатиб, беҳаё, уятсиз, ахлоқсиз ва лағв сўзлардан тияди. Шунинг учун Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): “Ер юзида сақлаш зарур бўлган нарса тилдир”, деган. Тақводор зотлар гапирмоқчи бўлсалар, сўзлари ортидан келадиган машаққат ва натижасини ўйлаб сукут сақлаб тураверганлар. Бошқаларга озор бериш ҳаром. Озор беришнинг турли-туман кўринишлари бор. Шунинг учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлса, у комил мўминдир”, дедилар (Имом Муслим). Бу ҳадисдан инсон камолотга етиши учун тил, қўл ва барча аъзолар билан озор беришдан сақланиши лозимлиги тушунилади. Бошқа аъзоларга нисбатан тил орқали ғийбат, бўҳтон, ёлғон, чақимчилик, тилёғламалик, масхара, сўкиш, беҳаё сўзлар, сирни очиш каби гуноҳлар ва озорлар кўп содир бўлади. Шуниниг учун ҳадисда тил зикр қилинган. Баъзида унинг хатаридан жим туриш билангина нажот топиш мумкин.
Тилнинг рўзаси ёмон, зарарли гаплардан тийилиши, жим туришидир. Инсон жим туриш билан ҳалокатдан сақланиш билан бир қаторда ажр-савобларга ҳам эга бўлади. Манбаларда жим тура олиш инсонга берилган нажот топиш омилидир, дейилади. Инсон ҳаётида жим туриш билан дунё ва охират саодатига эришиши мумкин. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жим туриш ҳикматдир. Жим турувчилар эса жуда камдир”, дедилар” (Имом Байҳақий). Бошқа бир ҳадисда: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким жим турса, нажот топади”, дедилар” (Имом Термизий).
Уламолар айтади: “Тинглаш вақтида жим туриш фазилат, синов келганида жим туриш сабрдир, дейилган”. Бишр ибн Ҳорис Ҳофий айтади: “Сўзловчи жим турувчидан кўра тақволи бўлолмайди. Ўз ўрнида сўзлаб, ўз ўрнида сукут қилган олимгина ундан афзал бўлиши мумкин”. Саҳл ибн Абдуллоҳ: “Аллоҳ таолони танувчилар илмли бўлсалар ҳам жим турадилар ва изн билан гапирадилар. Шунинг учун уларда лағв бўлмайди”, дейди. Донишмандлар: “Инсон сўзлашни ўрганишига икки йил кифоя қилса, жим туришни ўрганишига эллик йил керак бўлади”, дейди.
Барча суннатлар қаторида ўз ўрнида сукут сақлай билишга ҳам одатланмоғимиз лозим. Бунга эришишнинг осон йўли рўза тутишдир. Еб-ичишдан сақланиш билан бир қаторда кўзни номаҳрамдан, қулоқни ғийбатдан ва барча аъзоларни гуноҳдан тийиш, хусусан, тилни бўҳтон, чақимчилик, мазаҳ қилиш каби маъсиятлардан тийиш рўзанинг савобини мукаммал қилади. Ушбу Рамазон ойи мазкур амалларни бажариб жим туришни ўз одатимизга айлантириб олишимизга қулай фурсатдир. Эй рўзадорлар, тилларингизни зикр билан намланг. Унга тақвони ўргатинг ва гуноҳлардан покланг. Эй Раббимиз, бизга тўғри сўзловчи тил, саломат қалб ва чиройли хулқ бергин! Рамазон ойида барчамизнинг мақсадларимиз ҳосил бўлсин.
Баҳриддин ПАРПИЕВ
Ҳижрий 256 йил муҳаддислар султони Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳимаҳуллоҳ вафот этди.
Самарқанд яқинидаги Ҳартанг номли кичик қишлоққа минглаб одамлар олимнинг дафн маросимига шошилишди. Имом Бухорийнинг муборак жасади ерга қўйилган лаҳзада, тупроқдан хушбўй ҳид тарқала бошлади. Одамлар илгари ҳеч ҳидламаган, мушкдан ҳам ёқимли бир ҳид атрофга ёйилди...
Ғайриоддий бу мўъжизага минглаб одамлар уч кун давомида ўз кўзлари билан гувоҳ бўлишди. Кўпчилик инсонлар ҳайратга тушиб, кўз ёшларини тия олмай, қайта-қайта “Субҳаналлоҳ” деб айтардилар.
Бу воқеа ҳақидаги хабар зудлик билан бутун дунёга тарқалди. Орадан неча асрлар ўтса ҳам бу воқеа “яшаб” келмоқда. Бу ҳодиса айни ҳақиқат, асло тўқима эмас...
Бу воқеадан хабар топганлар тупроқдан ҳовучлаб олиб кета бошладилар. Бир кун ичида шунчалик кўп тупроқ олиб кетилдики, эртаси куни қабрни яна қайта тўлдиришга эҳтиёж туғилди. Бу воқеа эртаси куни ва ундан кейинги кун ҳам такрорланди.
Уч кун кетма-кет ёқимли ҳид тарқалди. Узоқ юртлардан хушбўй ҳидни олиб кетиш учун келган оломон кўпайгани сабабли қабрни қайта-қайта тўлдириш керак бўлди.
Ниҳоят, олимлар бу мўъжиза одамларни бидъатга олиб боришидан хафсираб, Аллоҳдан ҳидни тугатишини сўраб дуо қилдилар. Ва ўша куни хушбўй ҳид чиқиши тўхтади.
Бу минглаб одамлар гувоҳ бўлган воқеа эди...
Бу ғайриоддий воқеа Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг вафотларидан кейин бўлган бўлса, у зот тириклик вақтларида ҳам бир қанча “мўъжизавий” ҳолатлар кўп учраган. Масалан, денгиздаги синов ва минг динор олтиндан тақво қилганлари, ҳар бир ҳадисни қоғозга туширишдан олдин таҳорат олиб, (нафл) намоз ўқишлари, илм учун 14 минг км. йўлни босиб ўтганлари ва яна жуда кўп бошқа ҳодисалар ҳам “мўъжиза” эмасми?
Аллоҳ таоло муҳаддисни мағфират айлаб, жаннатнинг юқори даражалари билан мукофотласин.
Даврон НУРМУҲАММАД