Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга: «Аммо сен, эй Абу Бакр, умматимдан жаннатга биринчи бўлиб кирадиган кишисан» деганлар. Имом Абу Довуд ва Имом Ҳоким ривоят қилишган.
*******
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даъватлари билан Усмон ибн Аффон, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Абдураҳмон ибн Авф, Абу Убайда розияллоҳу анҳум ажмаъийн Ислом билан шарафланишган. Бу зотларнинг барчалари Ашараи мубашшара (Жаннатга кириши ҳақида хушхабар олган ўнта саҳобалар)дан ҳисобланишади.
*******
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳу ҳақларида: «Шайтон сен юраётган кўчадан эмас, балки бошқа кўчадан юради» деганлар.
*******
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига урушда ишлатиш учун кийимларининг бир четида минг динор олиб келиб, у Зот алайҳиссаломнинг қўйниларига тўкдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у киши олиб келган динорларни қўлдан ўтказа туриб: «Бугундан кейин Аффон ўғлига қилган амали зарар бермайди», деб марҳамат қилдилар. Бу гапни бир неча марта такрорладилар.
*******
Набий алайҳиссалом Ҳайбар ғазотида Али розияллоҳу анҳу ҳақларида шундай дедилар: «Эртага байроқни бир одамга бераман. Аллоҳ унинг қўли билан ушбу диёрни фатҳ этади. Унинг ўзи Аллоҳни ва Расулини яхши кўради. Аллоҳ ва Расули ҳам уни яхши кўради».
*******
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу қуллари билан бирга овқатланарди. Танимаган одам у кишини қуллари орасидан ажрата олмасди.
*******
Ибн Умар розияллоҳу анҳу рўза тутиб, ифторни мискинлар билан бирга қилардилар. Масжидга бориб (Шомни) ўқиб, кейин уйларига бир гуруҳ мискинлар билан қайтардилар.
*******
Сўзимиз сўнггида Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳнинг мана бу гапларини келтирсак: «Салафи солиҳлар ўз фарзандларига Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва Умар розияллоҳу анҳуни яхши кўришни худди Қуръондан суралар ўргатгандек ўргатишар эди».
Аллоҳ таоло барча саҳобалардан рози бўлсин! Уларга эргашиб яшашимизни насиб этсин, омин!
Нозимжон Ҳошимжон
Ҳашр сурасининг илк оятлари Аллоҳга тасбеҳ билан бошланиб: “Осмонлар ва Ердаги (барча) нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтур. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир” (Ҳашр сураси, 1-оят), сўнгги оятлари ҳам тасбеҳ билан якунланади: “Осмонлар ва Ердаги (бор) нарса Унга тасбеҳ айтур. У Қудратли ва Ҳикматли (зот)дир” (Ҳашр сураси, 24-оят).
“Ҳашр” – “Жамлаб сургун қилиш” деган маънони англатади. Йигирма тўрт оятдан иборат ушбу сура Мадинаи мунавварада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Баййина” сураси нозил қилинган сўнг нозил бўлган.
Ҳашр – Қиёмат кунининг номларидан бири саналади. Охиратда инсонларнинг барчаси маҳшаргоҳда тўпланади. Ҳаётлик вақтларида қилган ҳар бир яхши ва ёмон амаллари учун Аллоҳ таолонинг олдида жавоб беришади.
Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тонг оттирганда уч марта “Аъузу биллаҳис-самийъил аълийм минаш шайтонир рожийм” деб туриб, “Ҳашр” сурасининг охиридан уч оятни тиловат қилса, Аллоҳ унга етмиш минг фариштани вакил қилиб қўяди. Улар унга кеч киргунча салавот айтадилар. Агар у ўша куни ўлса, шаҳид ҳолида ўлади. Ким ўшаларни кеч кирганда айтса, худди ўшандоқ бўлади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД