Рамазон ойи одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ҳақ билан ботилни ажратувчи очиқ оятлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир.
Рамазон ойи ҳар доим ойларнинг султони, саййиди, энг яхшиси бўлиб келган ва ҳамиша шундай бўлиб қолаверади.
Рамазон ойи рўза, таровиҳ ва тиловат ойи бўлиб, унинг рўзасини тутиш фарз, таровиҳ намозини ўқиш суннат, Қуръони каримни хатм қилиш эса фазилатдир.
Рамазон шундай қадрли ва ғанимат ойдирки, унда тутилган рўзанинг савобини бевосита Аллоҳ таолонинг Ўзи беради.
Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилади, жаҳаннам қопқалари ёпилади, итоатсиз жин-шайтонлар занжирлар билан боғланади.
Рамазон ойи гуноҳлар мағфират қилинадиган, раҳм-шафқат кўрсатиладиган ва дўзахдан озод қилинадиган ойдир.
Рамазон ойи Аллоҳ ва Расулининг буйруқларини бажаришда, қайтариқларидан қайтишда ва синов-имтиҳонга учраганда сабр-тоқатли ва чидамли бўлишни ўрганадиган ойдир.
Рамазон ойи ўзаро бирдамлик, меҳрибонлик кўрсатиладиган, инсонлар бир-бирлари ҳақида қайғуриб, хато-камчиликларини кечирадиган ойдир.
Рамазон ойи хайрли ишларда ҳамкорлик қилинадиган, мусулмонлар бир-бирини қўллайдиган ойдир.
Рамазон тенглик ойи бўлиб, бу ойда қариялар зиёрат қилинади, беморлардан хабар олинади, муҳтожларга ёрдам берилади, мусибатзада инсонлардан кўнгил сўралади ва етимлар овутилиб, юпатилади.
Рамазон ютуқлар ойи бўлиб, улкан савоблар қўлга киритилади ҳамда нафс ва шайтонлар мағлуб этилади.
Рамазон ойида мусулмонларнинг Аллоҳ ҳузуридаги мартабалари юқори кўтарилади, хайрли ишларининг мукофотлари кўпайтирилади ва кичик гуноҳ ишлари кечирилади.
Рамазон ойининг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан бирида Қадр кечаси яширилган бўлиб, у Қадр кечаси бўлмаган қамарий минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, демак у кўп маҳрум бўлибди.
Барчамизга Рамазон ойи муборак бўлсин. Рўзасини тутишда, таровиҳ намозларини ўқишда, Қуръони каримни хатм қилишда ва бошқа хайрли ишларни адо этишда Аллоҳ таоло муваффақиятлар ато этсин. Бу ишларни ихлос ила бажариб тақво ҳосил қилган кишиларга хушхабар ёр бўлсин.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойи кириб келиши билан саҳобаларини муборакбод қилар ва бу ойнинг фазилатларини баён этар эдилар, токи бу ойга тайёр бўлсинлар ва бу фурсатдан фойдалансинлар.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига хушхабар қилиб, айтардилар: “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ сизга унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилур, жаҳаннам қопқалари ёпилур, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинур. Бу ойда бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, демак у маҳрум бўлибди”[1].
Уламоларимиз бу ҳадисни инсонлар бир-бирларини Рамазон ойи билан муборакбод этишларига асос бўлади, дейишади. Нима учун бир-бирларини табриклашмасин, ахир бу ойда жаннат дарвозалари очилса, жаҳаннам қопқалари ёпилса, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинса, минг ойдан яхшироқ Қадр кечаси бўлса ва ҳоказо...
Бошқа бир ҳадисда[2]: “Бир нидо қилувчи: “Эй яхшилик талабгори, савоб ишларга кириш! Эй ёмонлик талабгори, гуноҳ ишлардан тийил!”, деб нидо қилиб туради. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор бўлиб, (Рамазоннинг) ҳар кечаси шундоқ бўлур”, дейилган яъни, аввалдан дўзахга тушишга лойиқ бўлиб қолган бандалардан баъзилари Рамазони шариф туфайли Аллоҳ томонидан кечирилиб, дўзахдан озод қилинурлар.
Бу ва бошқа ҳадислар асосида Рамазон ойининг баъзи хусусиятлари ва фазилатлари ҳақида тўхталамиз:
Бу ойда жаннат дарвозалари очилади ва жаҳаннам эшиклари ёпилади, чунки бу ойда жаннатга кириш учун сабаб бўлган хайрли ишлар ва солиҳ амаллар кўпроқ бажарилади, дўзахга кириш учун сабаб бўлган гуноҳ-маъсиятлар ва ярамас, жирканч, уятли ишлар камроқ содир этилади. Жаннат дарвозалари мусулмонларни хайрли ишларга шошилишга тарғиб қилиб ҳам очилади. Дўзах эшиклари эса, гуноҳлардан қайтган, истиғфор айтган, афсус-надомат чеккан, қайта қилмасликка ният қилган ҳолда тавба қилишга тарғиб қилиб ёпилади. Натижада, бу ойда вафот этган ва руҳи дўзахга маҳкум қилинган кимсалар, бу ойнинг шарофати ила шу ойнинг охиригача дўзахга киритилмай туради. Жаннатнинг барча дарвозалари очилиши Рамазон ойида ер юзига Аллоҳнинг раҳмати кўп нозил бўлишига ҳам ишорадир.
Бу ойда итоатсиз жин-шайтонлар занжирлар билан боғлаб қўйилади, қўл-оёқларига кишанлар солинади, натижада, инсонларни васваса қилишолмайди, ғаразли мақсадларига етишолмайдилар. Бу Аллоҳнинг бандаларига нисбатан меҳрибонлиги ва лутфу инояти бўлиб, У Зот уларга ўз нафсларидан ғолиб бўлишларига ёрдам беради ва итоатсиз жин-шайтонларнинг макр-ҳийлаларидан асрайди.
Рамазон ойларининг шарофати ила мўмин бандаларнинг кичкина гуноҳлари ўз-ўзидан кечириб юборилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар катта гуноҳлардан сақланиб юрилса, беш вақт намоз, жума намози ўзидан кейинги жума намозигача, Рамазон келгуси Рамазон ойигача ўртада қилинган гуноҳлар учун каффорот бўлади”[3], деганлар.
Рамазон ойининг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан бирида Қадр кечаси яширилган бўлиб, у Қадр кечаси бўлмаган қамарий минг ойдан яхшироқдир. Саҳиҳ ҳадисларда Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунларининг тоқ кечаларидан бирида экани баён қилинган. “Аржаҳ (ҳақиқатга энг яқин) қавлга биноан, Қадр кечаси ҳар йили мазкур тоқ кечаларда биридан-бирига кўчиб юради”[4]. “Уламоларимиз Қадр кечаси бир йил у кечада, бир йил бу кечада бўлиб, кўчиб юради, деган фикрни айтганлар”[5].
Мана шу бир кечада бажарилган ибодат саксон уч йилдан кўпроқ муддат ичида қилинган ибодатга тенг бўлади. Бир кеча! Аниқроғи, таровиҳ намозидан қайтганингиздан кейин саҳарликкача бор-йўғи тўрт соатлик кеча. Агар сиз бу муборак кечани тоат ва ибодатда ўтказсангиз, гўё сиз бу тоат-ибодатни саксон уч йилдан кўпроқ вақт давомида тинмай бажараётгандек бўласиз.
Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор”, деганлар[6]. Агар бу дуо рўза пайтида айниқса, ифтордан салгина олдин қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси”[7].
Рамазон Қуръон тиловати, зикр ва истиғфор ойидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда Қуръонни тўлиқ Жаброил алайҳиссалом назоратларидан ўтказиб олар эдилар. Вафот топадиган йилларида эса, Қуръонни бу улуғ фариштадан икки марта ўтказиб олганлар. У зот Рамазон ойида Қуръон тиловатини кучайтириб, тунги намоздаги қироатларни узайтирардилар. Ўтган солиҳларимиз ҳам бу ойда Қуръонни бир неча бор хатм қилиб чиқишарди.
Бу ой хайр-эҳсон ойидир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетардилар. Абдуллоҳ ибн Аббос айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг саховатлиси эдилар. Рамазон ойида янада саховатлироқ бўлиб кетардилар[8].
Бу ойнинг хусусиятларидан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларида мужассамдир: “Ким иймон ила, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади. Ким иймон ила, савоб умидида Рамазон кечаларининг маълум бир қисмини таровиҳ намозини ўқиш билан ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади. Ким иймон ила, савоб умидида Қадр кечасини тоат-ибодатда ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”[9].
Бу ой тунги намозлар ва нафл ибодатлар ойи ҳамдир. “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказиб чиқардилар. Қачон ойнинг охирги ўн куни келса, оила аъзоларини ва намозга кучи етадиган катта-ю кичикни уйғотардилар”[10]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйда ўқийдиган нафл ибодатларини Рамазонда масжидга чиқиб, жамоат кўз ўнгида уч кун мобайнида ўқиганлари У зотнинг бу ойдаги тунги намозларга кучли эътибор қаратганларидан дарак беради. Саҳобалар бу ойда У зотнинг нафл намозларга бўлган эътиборларини кўриб, уни ўзларига доимий одат қилиб олганлар. Бу яхши одат ҳозирги кунгача давом этиб келмоқда. Рамазон ойидаги тунги намозлар фиқҳ истилоҳида “таровиҳ” дейилади. Бу намозни ўқиш барча муслим ва муслималар учун суннат ҳисобланади. Мусулмонлар ғофил қолиб, бу намозни ўтказиб юбормасликлари керак. Чунки Рамазондаги нафл намозлар учун бериладиган улуғ савоблар бошқа ойларда берилмайди.
Рамазон ойида қилинган умранинг савоби ҳаж савобига тенг, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қилинган ҳажнинг савобига тенгдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазондаги умра ҳажга тенг”[11], “Рамазондаги умра мен билан бирга қилинган ҳажнинг савобига тенгдир”[12], дея марҳамат қилганлар.
Булар Рамазон ойининг айрим хусусиятлари ва фазилатларидир. Демак, Рамазони шариф ҳар бир мусулмон банда учун улкан савоблар топиб қолиш, дўзахдан озод бўлиб олиш учун жуда ҳам қулай фурсат экан. Шунинг учун ҳам бу ойнинг келишидан хурсанд бўлишимиз, яхши кутиб олишимиз ва бу фурсатдан ҳар биримиз унумли фойдаланиб қолишимиз даркор. Бунинг учун эса, бу муборак ойнинг рўзасини ихлос билан тутиб, ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва яхшиликлар қилиб қолишимиз керак.
Ўтган баъзи азизларимиз Рамазондан олдин олти ой давомида Аллоҳдан Рамазон ойига етказишини сўраб дуо қилардилар, сўнг яна олти ой давомида ҳусни қабул қилишини сўраб, дуо қилардилар[13]. Зеро улар Рамазон ойидаги хайр-барака, улкан савоб, мўл-кўл ажр-мукофот, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш каби имтиёзлардан хабардор эдилар.
Аллоҳ бизларга ҳам уларнинг йўлларини берсин, омийн.
Абдул Азим Зиёуддин
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси
[1] Аҳмад ибн Ҳанбал, Насоий, Байҳақий, Ибн Абу Шайба ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти, исноди саҳиҳ.
[2] Имом Термизий, Насоий, Ибн Можа, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар ривояти.
[3] Имом Муслим ривояти.
[4] Аҳмад ибн Ҳажар Асқалоний, “Фатҳул Борий шарҳу саҳиҳил Бухорий”.
[5] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Ҳадис ва Ҳаёт”, 9-жуз, 159-бет.
[6] Имом Аҳмад, Баззор ва бошқалар ривояти. Муҳаддис Шуъайб Арнаут: “Бу ҳадиснинг исноди Бухорий ва Муслим шартларига кўра саҳиҳдир”, деган.
[7] Ибн Можа, Термизий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Байҳақий, Ибн Ҳиббон, Таёлисий, Ибн Хузайма ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти. Имом Термизий бу ҳадисни “ҳасан”, деган.
[8] Байҳақий ва Ҳокимлар ривояти. “Ал мустадрак ъалас саҳиҳайн би таълиқиз Заҳабий” китобида: “Бу ҳадис Бухорий ва Муслимларнинг шартига кўра саҳиҳдир”, дейилган.
[9] Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти.
[10] Муслим ривояти.
[11] Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти.
[12] Абу Довуд, Байҳақий, Табароний, Ибн Хузайма ва Ҳокимлар ривояти. Ҳоким: “Бу ҳадис Бухорий ва Муслимларнинг шартига кўра саҳиҳдир”, деган.
[13] Шайх Али ибн Нойиф Шаҳҳуд, “Мавсуъатул хутабил минбария”, “Мавсуъа ад-дийну ан-насийҳату” ва “Мавсуъатул буҳуси вал мақолотил илмия”.
Ҳижрий III аср ислом илмлари, хусусан, ҳадис илми тараққиётида юксак босқич ҳисобланади. Бу даврда ҳадисларни жамлаш, уларни саралаш, ривоятларнинг санад ва матнини ўрганиш, турли мавзулар асосида таснифлаш борасида катта илмий ишлар амалга оширилди. Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Доримий, Абу Исо Термизий каби буюк муҳаддислар ана шу илмий муҳитда етишиб чиқди. Шу боис ҳижрий III аср ҳадис илмининг “олтин асри” сифатида эътироф этилади.
Ана шу даврда Мовароуннаҳр заминида илм-фан ва маънавий тафаккур ривожига муносиб ҳисса қўшган алломалардан бири Ҳаким Термизий эди. Унинг илмий мероси ҳадисларни тўплаш ва ривоят қилиш билан чекланиб қолмай, уларнинг мазмун-моҳиятини англаш, маънавий қирраларини очиб бериш ва инсон ҳаёти билан боғлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ҳаким Термизийнинг илмий қарашларини ўрганиш орқали ўша даврда ҳадис илми қандай шакллангани, муҳаддисларнинг ривоятларга муносабати, ҳадисларнинг зоҳирий ва ботиний мазмунини англашга бўлган интилишлар ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин.
Илм муҳитида камол топган аллома
Ҳаким Термизийнинг илмга бўлган қизиқиши унинг оилавий муҳити билан чамбарчас боғлиқ бўлган. Манбаларда унинг отаси муҳаддис бўлгани ва ҳадис ривоят қилгани қайд этилади. Алломанинг ўзи ҳам ёшлигидан илм аҳли орасида камол топгани ҳақида маълумот қолдирган.
У отасидан 80 дан ортиқ ҳадис ривоят қилган. Шунингдек, онасидан ҳам ҳадис олгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Ота ва она томонидан боболарининг ҳам ҳадис ривояти билан шуғуллангани алломанинг илм муҳитида тарбия топганини кўрсатади.
Ҳаким Термизийнинг ҳадис илми бўйича устозлари ва ровийлари доираси ҳам кенг бўлган. Тадқиқотларда унинг 170 га яқин устози номи келтирилади. “Наводир ал-усул” асарида эса 223 нафар ровий қайд этилгани кўрсатилади. Шу боис табақот асарларида Ҳаким Термизий номи “ал-Ҳаким” билан бир қаторда “ал-Ҳофиз” унвони билан ҳам тилга олинади.
Бу маълумотлар алломанинг ҳадис илмига жиддий тайёргарлик билан кириб келганини кўрсатади. Бироқ унинг илмий қиёфасини фақат ровийлар ва ҳадислар сони билан белгилаб бўлмайди. Ҳаким Термизийнинг ўзига хослиги, аввало, ҳадисга ёндашуви ва уни талқин қилиш услубида намоён бўлади.
Ҳадисни ривоят қилишдан уни англашгача
Ҳаким Термизий асарларида Қуръони карим, қудсий ва набавий ҳадислар, саҳобийлар, тобеийлар ва табаа тобеийлар ривоятлари, зоҳидлар сўзлари ҳамда бошқа манбалардан фойдаланган. Бироқ унинг мақсади уларни шунчаки бир жойга тўплаш эмас эди.
Аллома ҳадиснинг мазмунига, унда ифодаланган ғоя ва ҳикматга, инсон ҳаётидаги аҳамиятига эътибор қаратган. Шу жиҳатдан унинг асарларида ривоят ва талқин бир-бирини тўлдириб боради.
Тадқиқотларда Ҳаким Термизийнинг ҳадисга ёндашувида бир нечта ўзига хос услуб ажратилади. Жумладан, тасаввуфий мазмундаги ҳадисларни жамлаш ва уларнинг маъносини шарҳлаш, муайян мавзуга оид ҳадисларни бир жойга тўплаш, шунингдек, ҳадисларни шарҳлаб, улардан амалий хулосалар чиқариш унинг илмий услубига хос жиҳатлар сифатида кўрсатилади. Бу хусусиятлар “Ар-Радд ала-л-муаттила” ва “Ал-Манҳиёт” каби асарларида яққол кўринади.
Демак, Ҳаким Термизий учун ҳадиснинг қиммати фақат унинг ривоят қилинганида эмас. Унинг мазмунини тушуниш, ундаги маънавий сабоқларни англаш ва ҳаётда қўллаш ҳам муҳим эди.
“Наводир ал-усул” — маъно ва мазмун талқини
Алломанинг ҳадис илмидаги ўзига хос ёндашувини “Наводир ал-усул” асари мисолида янада яққол кўриш мумкин. Мазкур асар ҳадисларни ирфоний талқин қилиш анъанасининг муҳим манбаларидан бири сифатида қаралади. Унда ҳадислар келтирилиши билан бирга, уларнинг мазмуни, маънавий аҳамияти ва инсон ҳаётига дахлдор жиҳатлари ҳам очиб берилади.
Ҳаким Термизий ҳадиснинг зоҳирий маъноси билан кифояланиб қолмай, унинг ботиний мазмунига ҳам эътибор қаратган. Бу ёндашув унинг фиқҳий қарашларида ҳам намоён бўлади. У ҳадисдан келиб чиқадиган ҳукмни келтириш билан бирга, унинг ахлоқий ва маънавий моҳиятини ҳам очишга ҳаракат қилади.
Тарих фанлари номзоди Иброҳим Усмонов Ҳаким Термизийнинг ушбу хусусиятини шундай изоҳлайди:
“Ҳаким Термизий ушбу асарида фақат ҳадисларни жамлаш билан чекланмай, ҳар бир ҳадисни муфассал шарҳлаб, унинг ботиний ва зоҳирий маъноларини, ҳикматини кўрсатиб, ҳадиснинг мазмун-моҳиятини ҳар томонлама таҳлил қилади ҳамда ҳадиснинг асл мағзига етиб боришга, уни тўлиқ идрок этишга ҳаракат қилади. Унинг ҳар бир шарҳида тасаввуфий талқин сезилиб туради. Асарда ҳадисларни инсон маънавий-руҳий ва маиший ҳаётида қандай татбиқ қилиш мумкинлиги кўрсатиб берилган”.
Олимнинг бу фикри Ҳаким Термизийнинг илмий услубидаги муҳим жиҳатни очиб беради. Яъни аллома учун ҳадисни ўрганиш уни ёдлаш ёки ривоят қилиш билан якунланмаган. Ҳадисдаги маънони англаш, унинг ҳикматини тушуниш ва инсон ҳаётидаги ўрнини кўрсатиш ҳам илмнинг муҳим қисми сифатида қаралган.
Шу нуқтаи назардан, “Наводир ал-усул” Ҳаким Термизийнинг илмий дунёқарашини намоён этувчи муҳим асарлардан бири ҳисобланади.
Санад ва матн масаласи
Ҳадис илмида санад (ҳадисни ривоят қилган кишиларнинг бир-бирига боғланган ровийлар силсиласи)нинг аҳамияти беқиёс. Ҳадиснинг кимлар орқали ривоят қилинганини аниқлаш, ровийларни ўрганиш ва уларнинг ишончлилик даражасини белгилаш муҳаддислар фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бўлган.
Ҳаким Термизий ҳам санад масаласига эътибор қаратган. Бироқ унинг қарашларида ҳадис матни ва мазмунини англашга ҳам катта ўрин берилган. У ҳадиснинг маъносини очиш, унинг Қуръон ва суннатга мувофиқлигини кўриб чиқиш, зоҳирий ва ботиний жиҳатларини таҳлил қилиш зарурлигини таъкидлайди.
Аллома муҳаддисларни “рувот”, “вуот” ва “наққолун” каби тоифаларга ажратади. Бу тасниф орқали у ҳадис илмида фақат ривоятни етказиш эмас, уни англаш ва мазмунини идрок этиш ҳам муҳим эканини кўрсатади.
Шу билан бирга, Ҳаким Термизийнинг айрим ривоятлари кейинги муҳаддислар томонидан танқид қилингани ҳам маълум. Хусусан, “Наводир ал-усул”даги айрим ҳадисларнинг санади ва ровийлари борасида баҳслар мавжуд. Муҳаммад Тақий Усмоний мазкур асарни ҳадис тўпламларининг тўртинчи табақасига киритиб, унда заиф ҳадислар ҳам учрашини қайд этган.
Шунинг учун аллома меросини ўрганишда унинг ҳадисларни талқин қилиш услуби билан айрим ривоятларнинг ҳадисшунослик нуқтаи назаридан баҳсли жиҳатларини алоҳида кўриб чиқиш муҳимдир.
“Манҳиёт” — ҳадиснинг амалий аҳамияти
Ҳаким Термизийнинг ҳадис илмидаги ёндашуви “Манҳиёт” асарида ҳам яққол намоён бўлади. Асарда 170 дан ортиқ қайтарув мазмунидаги ҳадис жамланган.
Муаллиф ҳар бир масалани фақат ҳадис билан чекламайди. Унинг мазмунини очиш учун Қуръон оятлари, бошқа ҳадислар, саҳобийлар, тобеийлар ва уламолар фикрларидан фойдаланади. Зарур ўринларда ўз қарашларини ҳам баён қилади. Кейин эса ҳадиснинг мазмуни шарҳланиб, ундан тегишли хулосалар чиқарилади.
Асарда савдо-сотиқ, қарз, олтин ва кумуш билан боғлиқ муомалалар, сувдан фойдаланиш каби турли масалаларга мурожаат қилинади. Бу эса Ҳаким Термизийнинг ҳадисни инсоннинг кундалик ҳаётидан ажратмаганини кўрсатади.
Унинг ёндашувида ҳадис инсоннинг эътиқоди ва ибодатигина эмас, балки ахлоқи, муомаласи ва жамиятдаги муносабатлари билан ҳам боғлиқ ҳолда намоён бўлади.
Ҳаким Термизий мероси — Марказ экспозициясида
Асрлар давомида илмий қийматини сақлаб келаётган Ҳаким Термизий мероси бугун Ўзбекистонда ҳам кенг ўрганилмоқда ва тарғиб этилмоқда.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Биринчи Ренессанс даври экспозициясида юртимиз заминида етишиб чиққан буюк алломаларнинг илмий мероси кенг ёритилган. Ана шу экспозициядан Ҳаким Термизийнинг илмий мероси ҳам муносиб ўрин олган.
Экспозицияда Биринчи Ренессанс даврида Мовароуннаҳрда илм-фан, маърифат ва тафаккур юксалишида муҳим ўрин тутган алломалар фаолияти ҳақида маълумотлар тақдим этилган. Ҳаким Термизий меросининг ҳам ушбу маконда намоён этилиши алломанинг ҳадис илми ва маънавий тафаккур тарихидаги ўзига хос ўрнини кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилади.
Айниқса, Ҳаким Термизийнинг асарларида илм билан маънавият, ҳадис билан фиқҳ, ривоят билан талқин ўртасидаги уйғунликка эътибор қаратилгани унинг меросини Биринчи Ренессанс даври илмий муҳитининг муҳим таркибий қисми сифатида кўриш имконини беради.
Шу жиҳатдан Марказ экспозициясида аллома меросининг ўрин олиши фақат тарихий маълумотни намойиш этиш эмас, балки аждодларимиз яратган илмий ва маънавий бойликни бугунги авлодга етказишнинг замонавий кўринишидир.
Меросдан маърифат сари
Ҳаким Термизийнинг илмий мероси Мовароуннаҳрда ҳадис илми билан бир қаторда фиқҳ, ахлоқ ва тасаввуф тафаккури ҳам юксак даражада ривожланганини кўрсатади. Алломанинг асарларида ҳадисни ривоят қилиш ва уни англаш, унинг мазмунини шарҳлаш ва ҳаётга татбиқ этиш бир-бири билан узвий боғланган.
Унинг “Наводир ал-усул” ва “Манҳиёт” каби асарлари орқали ҳадисларнинг инсон маънавий ҳаёти, ахлоқи ва кундалик муносабатларидаги аҳамиятини кўриш мумкин.
Энг муҳими, Ҳаким Термизий мероси бизга илмнинг фақат маълумот тўплашдан иборат эмаслигини англатади. Илмни англаш, ундан тўғри хулоса чиқариш ва уни инсон камолотига хизмат қилдириш ҳам унинг муҳим вазифаларидан биридир.
Бугун алломанинг илмий мероси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Биринчи Ренессанс даври экспозициясида намойиш этилаётгани эса ана шу бой илмий анъананинг давомийлигини кўрсатади. Термиз заминидан етишиб чиққан Ҳаким Термизийнинг асрлар олдинги илмий қарашлари бугун замонавий музей ва илмий-маърифий макон орқали яна бир бор кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилмоқда.
Шу маънода, Ҳаким Термизийнинг мероси — нафақат ҳадис илми тарихининг муҳим қисми, балки юртимиз заминида шаклланган юксак илмий ва маънавий тафаккурнинг ёрқин намуналаридан биридир.
Муаллиф: Дурдона Расулова, iccu.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати