Қора туйнуклар нима?
Йигирманчи асрда фазовий жисмлар ва коинотдаги ҳодисаларга доир кўплаб кашфиётлар қилинди. Улардан бири қора туйнукларнинг аниқланишидир. Ўзининг бутун энергетик зарядини сарфлаб бўлган юлдуз ўз-ўзининг ичига қараб торая бошлайди. Мана шу сиқилиш натижасида юлдузнинг ўрнида зичлиги чексиз юқори бўлган, массаси эса нолга яқин бўлган қудратли гравитацион майдон ҳосил бўлади. Мана шу майдон астрономияда «қора туйнук» деб аталади. Қора туйнукларни энг қудратли телескоплар билан ҳам кўриб бўлмайди, чунки улар фотонларни ютиб юборади, натижада инсон кўзи сезиши мумкин бўлган ёруғликни ҳам йўқотиб юборади ва уларни мутлақо акслантирмайди. Қора туйнукнинг мавжудлигини унинг атрофида ҳосил бўлган ғоятда кучли магнит майдонига қараб билиб олиш мумкин.
Олимлар сўнгги тўрт асрдан бери коинотдаги шу ғайриоддий жисм ҳақида фикр юритиб, бу борада баъзи кашфиётларни ҳам қилганлар.
Улкан массага эга бўлган юлдузлар коинотда тортишиш майдонларини ҳосил қилади. Қора туйнуклар ўзларига яқинлашган барча жисм ва моддаларни ўз қаърига тортиб кетади ва уларнинг ҳисобига ўз зичлигини узлуксиз равишда орттириб боради. Натижада уларнинг тортишиш кучлари ҳам кучайиб бораверади. Бу жиҳатдан қараганда, сўнган юлдузнинг ўрнида пайдо бўлган ва атрофидаги ҳамма нарсани ўз домига тортиб кетадиган бундай қора нуқталарни қора туйнукка ўхшатиш мумкин. Шу сабабдан фалакиёт олимлари бундай юлдузларни қора туйнуклар деб аташган.
Бу объектларнинг ўзига хослиги шундаки, улар ичида физиканинг барча қонунлари амал қилишдан тўхтайди, вақт тўхтаб қолади, исталган материя ва нур изсиз йўқолади.
Қачон аниқланган?
1790 йилда инглиз ва француз олимлари самода кўринмас юлдузлар борлиги ҳақида фикр юритишган.
1915 йилда Эйнштейн ўзининг “умумий нисбийлик назарияси”да фазода улкан гравитацияга эга бўлган жисмлар борлиги, улар замон ва маконга таъсир этиши ҳақидаги қарашларни илгари суради.
1967 йилда америкалик олим Джон Арчибальд Уилер ўзининг маърузасида илк бор “қора туйнук” атамасини ишлатади.
1994 йилда астрофизик олимлар Ҳаббл телескопи воситасида M87 галактикаси марказида кўзга кўринмас улкан жисм борлигини аниқладилар.
Ҳар қандай юлдуз қора туйнукка айланиши мумкинми?
Олимларнинг таъкидлашича, оғирлиги Қуёш вазнидан 20 марта катта бўлган юлдузлар охир-оқибат қора туйнукка айланиши мумкин экан. Бунга сабаб уларнинг улкан тортишиш майдони ва йирик массага эга эканлигидир. Лекин ҳажми ва массаси кичик бўлган юлдузларнинг қора туйнукка айланиши учун етарлича босим бўлмагани сабабли улар қора туйнукка айлана олмас экан.
Нега кўринмайди?
Бирор жисм модданинг гравитация майдонидан қутулиш учун у гравитация суръатидан тезроқ ҳаракатланиши керак. Акс ҳолда у бу майдондан қутулиб кета олмайди. Масалан, Ернинг тортишиш майдонини енгиб ўтиш учун космик кема сониясига 11.2 километр тезликда юқорига ҳаракатланиши лозим. Қора туйнукда эса жисмларнинг гравитация таъсиридан қочиш тезлиги ниҳоятда улкан бўлиши керак. Аммо ҳеч бир жисм бундай катта тезликка эриша олмайди. Ҳатто ёруғлик ҳам. Ваҳоланки у сониясига 300 минг километр тезликда ҳаракатланади. Аммо қора туйнукнинг тортишиш майдонидаги тезлик ёруғлик тезлигидан-да юқори бўлгани учун у ёруғликни ҳам ютиб юборади. Қора туйнук ёруғликни қайтармагани, балки ютиб юборгани учун кўринмайди, уни тасвирга олишнинг ҳам имкони бўлмайди. Фақат унга ютилаётган жисмларнинг таратаётган нурлари орқалигина қора туйнукни тасвирга олиш мумкин.
Қуръони Каримда қора туйнукларга ишора борми?
Олимларнинг айтишича, кўринмас жисм бўлган қора туйнук ҳаракатланади ва йўлида учраган барча жисмларни ўз домига тортиб, ютиб юборади, бошқача қилиб айтганда, йўлини тозалаб, “супуриб” ўтади.
Ҳа, олимлар қора туйнукларнинг учта хусусиятини алоҳида таъкидлашади:
Ушбу маълумот 2006 йилда тақдим этилди. Аммо милодий 7-асрда нозил бўлган Қуръони Каримда мана бу оятлар бор:
فَلَا أُقْسِمُ بِالْخُنَّسِ الْجَوَارِ الْكُنَّسِ
“(Кундузи) махфий бўлувчи(юлдуз)лар билан қасам. (Кечалари) юрувчи, беркинувчи(юлдуз)лар билан қасам” (Таквир сураси, 15-16-оятлар).
Шунингдек, Қуръони Каримдаги мана бу оятга ҳам эътибор берайлик:
فَلَا أُقْسِمُ بِمَوَاقِعِ النُّجُومِ وَإِنَّهُ لَقَسَمٌ لَّوْ تَعْلَمُونَ عَظِيمٌ
«Мен юлдузларнинг ботар жойларига қасам ичурманки, — ҳолбуки, бу (қасам) агар билсангизлар, шак-шубҳасиз, улуғ-катта қасамдир» (Воқеа сураси, 75-76-оятлар).
Қора туйнуклар − бу қазоси етиб, ботиб кетган, ғойиб бўлган йўқолган юлдузларнинг жойлари, мавқеъларидир. Шунингдек, қора туйнуклар галактикалар, юлдузлар, кометалар ва бошқа коинот жисмларининг ботиш, қулаш, ютилиш жойлари ҳамдир.
Оятнинг давомида “Ҳолбуки, бу (қасам) агар билсангизлар, шак-шубҳасиз, улуғ-катта қасамдир” дейиляпти.
Аллоҳ таоло Қуръонда нима нарсага қасам ичса, бу билан қасам ичилаётган нарсанинг улкан, аҳамиятли нарса эканлигига ишора ҳам қилган бўлади.
Аниқланган қора туйнук

Галактикалар тўпламида жойлашган, сайёрамиздан 3.9 миллиард ёруғлик йили узоқликда жойлашган RX J1532.9 +3021 номли қора туйнук. Расмда ўртада бинафшаранг ёруғлик тараляпти. Бу жуда улкан массали жисмдир. Атрофида кўриниб турган ёруғликлар юлдузлар эмас, галактикалардир. Ҳар бир галактикада тахминан 10 миллиондан 100 триллионтагача юлдуз бўлади.
Энди бу қора туйнукнинг катталигини тасаввур қилгандирсиз?!
Қора туйнукларнинг оғирлиги
Қора туйнук моддасидан катталиги 9 миллиметрли шар ясасак, шу шарнинг оғирлиги Ер сайёрасининг оғирлигига тенг бўлар экан. Ернинг массаси 5 973 600 000 000 000 000 000 000 000 (Беш октальон тўққиз юз етмиш уч септильон олти юз секстильон) килограмм.
Юқоридаги расмда келтирилган қора туйнукнинг оғирлиги Қуёш оғирлигидан бир квадриллион (1 000 000 000 000 000) марта оғирроқ.
Қора туйнук расмга олинди
Шу пайтгача интернет саҳифаларида ва телевизорларда кўрсатилган қора туйнуклар компютер графикасида ишланган ёки бошқа дастурларда чизилган расмлар эди. Чунки олимлар қора туйнук ҳақида назарий маълумотларни тақдим этсаларда, аммо уларни тасвирга олишнинг имкони бўлмаган эди.
Шу йилнинг 10 апрел куни бутун дунё бўйлаб бир вақтда бўлиб ўтган 6 та матбуот-анжуманда қора туйнукнинг тарихдаги илк сурати дунёга тақдим қилинди. Олимлар инсоният тарихида илк бор коинотдаги қора туйнук соясини суратга олишга муваффақ бўлдилар.

Ушбу қора туйнук Ердан 55 миллион ёруғлик йили масофада жойлашган. Бу сониясига 300 минг километр тезликка эга ёруғлик нури қора туйнукка 55 миллион йилда етиб боришини англатади. Қора туйнукнинг астрономлар суратга олган ҳолати аслида унинг 55 миллион йил аввалги кўринишидир.
Ушбу объект М87 галактикаси марказида жойлашган.
Фотосурати олинган қора туйнукнинг массаси Қуёшникидан 6,5 миллиард марта катта. Қуёш массаси эса Ерникидан 333 минг марта катта. Бизнинг Сомон йўли галактикамиз марказидаги қора туйнук ундан анча кичик – тахминан 4,5 миллион Қуёш массасига тенг. Яна бир жиҳати бу қора туйнук конотдаги энг каттаси эмас. Бунақалардан миллионлаб учраши мумкин.
Ушбу расм галактикада мавжуд қора туйнукнинг сояси бўлиб, унинг тасвири дунё бўйлаб 8 та телескопни бирлаштирган “Event Horizon Teleskope” лойиҳаси доирасида олинган.
Қора туйнукни аслида кўриб бўлмайди ва шу сабабли суратда унинг атрофидаги сояни кўриш мумкин. Марказдаги объект эса айнан қора туйнук ҳисобланади.
Коинотнинг ушбу бурчагини кузатиш ишлари 2017 йилнинг апрель ойларида якунланган бўлса-да, йиғилган маълумотларни қайта ишлаш яна икки йилни талаб қилади.
Олимларнинг таъкидлашича, коинотда қора туйнуклар мавжудлиги ҳақидаги илмий фаразлар ўз исботини топди.
kaheel7.com, Quran.uz ва бошқа интернет
сайтлари маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Шаҳардаги Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозор ана шундай тарихий-маънавий масканлар сирасига киради. Уларнинг ҳар бири ўз тарихи, ривоятлари ва халқ хотирасидаги ўзига хос ўрнига эга.
Марғилоннинг қадимий зиёратгоҳларидан бири Пир Сиддиқ мажмуасидир. Халқ орасида бу қадамжо билан боғлиқ турли ривоятлар авлоддан-авлодга ўтиб келган. Зиёратгоҳ Пир Сиддиқ номи билан боғлиқ бўлиб, “сиддиқ” сўзи араб тилида ҳақгўй, ростгўй, ҳақиқатга содиқ инсон маъноларини англатади. Шу жиҳатдан зиёратгоҳ номи ҳам халқ тасаввурида эзгулик, иймон ва ростгўйлик каби фазилатлар билан уйғунлашиб кетган. Мажмуадаги меъморий ечимлар, айниқса, гумбазли иншоотлар ва қадимий қабрлар Марғилоннинг ўтмишдаги шаҳарсозлик ва меъморчилик анъаналаридан дарак беради.
Пир Сиддиқ зиёратгоҳи нафақат зиёрат маскани, балки Марғилоннинг тарихий хотирасини ўзида мужассам этган қадамжолардан бири сифатида аҳамиятлидир. Марғилон тарихи буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний номи билан чамбарчас боғлиқ. XII асрда яшаб ижод қилган аллома ислом ҳуқуқшунослиги, хусусан, ҳанафий фиқҳи тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Унинг бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ҳидоя” асари асрлар давомида муҳим ҳуқуқий манба сифатида қадрланиб келган.
Марғилонда аллома номи билан боғлиқ Чиллахона ҳам халқнинг маънавий хотирасида алоҳида ўрин тутади. “Чиллахона” атамаси одатда инсоннинг маълум муддат хилватда қолиб, тафаккур, ибодат ва руҳий тарбия билан машғул бўладиган жойини англатади. Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси билан боғлиқ ривоятлар ҳам алломанинг илм йўлидаги машаққатли изланишлари ва маънавий камолотини тасаввур қилишга ёрдам беради. Бу масканни фақат зиёратгоҳ сифатида эмас, балки буюк алломанинг илмий-маънавий меросини англашга хизмат қилувчи тарихий хотира жойи сифатида ҳам баҳолаш мумкин.
Марғилондаги яна бир ўзига хос маскан – Каптарли мозор. Унинг номи билан боғлиқ халқ ривоятлари турлича. Айрим ҳикояларда бу жойда каптарлар кўп бўлгани, шу сабабли мозор “Каптарли” деб аталгани айтилади. Каптар эса халқ тасаввурида тинчлик, поклик ва эзгулик рамзи сифатида қабул қилинади. Каптарли мозор ҳақидаги маълумотларни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш Марғилоннинг маҳаллий тарихини янада бойитишга хизмат қилади. Бунинг учун архив ҳужжатлари, қадимий хариталар, қабртошларидаги ёзувлар, вақф ҳужжатлари ва халқ орасида сақланиб келаётган оғзаки тарих намуналарини тадқиқ этиш муҳим. Зеро, халқ хотирасида асрлар давомида сақланиб келаётган ривоятлар ҳам тарихий-этнографик тадқиқотлар учун қимматли манба бўлиши мумкин.
Уч қадамжо – бир тарих. Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозорни бирлаштириб турган асосий жиҳат уларнинг Марғилоннинг маънавий қиёфасини шакллантиришдаги ўрнидир. Бу қадамжолар халқнинг аждодларга ҳурмат, муқаддас жойларни асраш, эзгулик ва маърифатни қадрлаш каби анъаналарини ўзида мужассам этади.
Уларнинг ҳар бири Марғилон тарихининг турли қирраларини намоён этади: Пир Сиддиқ – диний-маънавий меросни, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси – илм ва тафаккур анъаналарини, Каптарли мозор эса халқ хотираси ва маҳаллий ривоятларнинг узвийлигини ифодалайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати