Кўпчилик “Омонат” деганда “Дўстим, шу пулим сенда туриб турсин. Эртага оламан” дейишини ва шу пулни эгасига эҳтиётлаб ўз ҳолида қайтаришни тушунади. Тўғри, бу ҳам омонат. Аммо омонат тушунчаси кенгроқ маънони ифода қилади. Унинг турлари кўп. Энг муҳим омонат – Дин омонатидир! Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилган:
إِنَّا عَرَضْنَا الْأَمَانَةَ عَلَى السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَالْجِبَالِ فَأَبَيْنَ أَن يَحْمِلْنَهَا وَأَشْفَقْنَ مِنْهَا وَحَمَلَهَا الْإِنسَانُ إِنَّهُ كَانَ ظَلُوماً جَهُولاً
“Албатта, Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик. Бас, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Уни инсон кўтарди. Дарҳақиқат, у ўта золим ва ўта жоҳилдир”. (Бу омонат нима эди, деган саволга уламоларимиз ушбу оятдан ва бошқа манбалардан келиб чиқиб: «Шариат таклифлари ва Аллоҳнинг фарзлари», деб жавоб берадилар. Дарҳақиқат, инсон жинси (ҳамма эмас, албатта) ўта золимдир. Ўзига юклатилган ва ўзи қабул қилган омонатга мувофиқ иш юритмасдан ўзига ўзи зулм қилади. Инсон жинси ўта жоҳилдир, шунинг учун ўзи рози бўлиб, қабул қилиб олган омонатнинг улканлигини билмасдан, унга хиёнат қилади.) (Аҳзоб сураси, 72-оят(.
Динимизга амал қилсак, бу омонатнинг риоясини қилиб, уни адо этган бўламиз. Агар амал қилмасак, бу омонатга хиёнат қилган, уни адо этмаган бўламиз.
Аллоҳ таоло бизга ато этган тана аъзолари ҳам омонатдир. Уларни асраш, касал бўлса, дарҳол шифокорга кўрсатиб, даволашнинг чорасини кўриш омонатга риоя қилишдир. Агар бирор аъзоимиз бемор бўлсаю, уни вақтида шифокорга кўрсатиб, муолажасига уринмасак, натижада у аъзо ўз фаолиятини бажара олмай қолса, биз унинг омонатлигига риоя қилмаган, уни чиройли адо этмаган бўламиз.
Бошқа тана аъзолари ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин.
Шунингдек, аёл ҳам, фарзанд ҳам омонатдир. Уларнинг нафақасини қилиш, бемор бўлсалар, даволатиш, солиҳа, солиҳ қилиб тарбиялаш, хулқу атворларини яхшилаш борасида қайғуриш, буни назорат қилиш омонатга риоя қилиш ҳисобланади. Бордию уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйилса, ахлоқларида, фикрлашларида нуқсон бўлса, ақидалари, ибодатлари нотўғри тарзда бўладиган бўлса, уларга масъул бўлган эр, ота омонатга хиёнат қилган бўлади.
Ҳар бир касб ўз эгаси учун омонатдир. Инсон бир касбни ўргандими, энди шуни яхши ишга солиб, шу орқали халққа садоқат билан хизмат қилиши керак. Агар у ўз касбига нисбатан лоқайд, бепарволик қиладиган бўлса, касбига қўл учида ёндошадиган бўлса, касб омонатига хиёнат қилган бўлади.
Масалан, ўқитувчи кабини олайлик. Бу касб эгаси ўз касбини севиши, уни садоқат, фидоийлик билан олиб бориши даркор. Агар ўқитувчи мактабда, коллежда, олийгоҳда талабаларга сидқидилдан дарс ўтмаса, бир соату йигирма дақиқа ичида шогирдларига бирор илмий янгилик тақдим этмаса, ўқувчилар билан гаплашиб ўтирса, вақтни беҳуда ўтказса, уларнинг вақтларини, умрларини совурса, ўқитувчилик омонатига, таълим бериш омонатига хиёнат қилган бўлади.
Шифокор беморларни даволашни яхшилаш мақсадида ўз устида ишламаса, турли касалликларга оид китоблар билан танишиб, илмини ошириб бормаса, беморларни даволашда сусткашлик, ўқувсизлик, дангасалик қилса, касбига беписандлик билан ёндошса, яхши пул берган беморларга эътибор қаратиб, қўли калталик қилганларга қўпол, юзаки муомала қиладиган бўлса, у шифокорлик омонатига хиёнат қилган бўлади. Бордию унинг ўқувсизлиги натижасида бемор ҳаётдан кўз юмса, чаласавод шифокор бунга зомин бўлади. Бу жиноятга ўқишни пулга битиришда, дипломни пулга сотиб олишда унга кўмаклашган кимса ҳам шерик бўлади.
Ошпаз овқат пишираётганда, ўта эҳтиёткор ва диққатли бўлиши керак. Агар у сигарет чекадиган ошпаз бўлса, сигаретни ташлагандан сўнг қўлларини яхшилаб совунлаб ювиб, кейин капгирни ушлаши керак. Қозон атрофида турганлардан бирортаси чекадиган кимса бўлса, “Нарироқда туринг. Сигаретингизнинг кули қозонга тушмасин!” деб уларни огоҳлантириши керак. Агар у сигарет, нос кабиларни ушлаб қўлини ювмаса, атрофидагиларни ҳам бу каби ҳолатлардан огоҳ этмаса, таомга, мусулмонларнинг луқмасига нисбатан бепарволик қилса, ошпазлик омонатига хиёнат қилган бўлади.
Нонвой хамир қораётганда пешонасидаги тер хамирга томмаслиги керак. Юзини, пешонасини артиб, қуритиб, кейин хамир қилишга уриниши керак. Шунингдек, ноннинг устига қатиқ ва бошқа нарсаларни суртиш учун ишлатиладиган асбоблар (масалан, щётка) ҳалол нарсалардан ишлаб чиқарилган, уларга ҳаром қилинган ҳайвонларнинг, жумладан, чўчқанинг юнглари ишлатилмаган бўлиши керак. Акс ҳолда у ҳам нонвойлик омонатига хиёнат қилган, бу омонатни адо этмаган ҳисобланади. Чунки, ошпаз, нонвой каби касб соҳиблари ўзларининг лоқайдликлари билан мусулмонларнинг луқмаси бевосита бузилишига сабаб бўлиб қоладилар. Шунинг учун улар жуда эҳтиёт бўлишлари керак.
Ҳайдовчи мижозларни машинасига чиқаришдан олдин машинанинг техник жиҳатдан созлигини кўриб чиқиши, мижозларни олгандан кейин йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиши талаб этилади. Бордию ҳайдовчи шу айтилганларга амал қилмаса, йўловчиларнинг ҳаётини хавф остига қўйган ва ҳайдовчилик омонатига хиёнат қилган бўлади.
Барча касбларни шундай мисол қилиб келтирса бўлади.
Ҳа, омонатга риоя қилиш ана шундай муҳим ишдир, динимизнинг қаттиқ талабидир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мўминларни сифатлаб шундай марҳамат қилган:
وَالَّذِينَ هُمْ لِأَمَانَاتِهِمْ وَعَهْدِهِمْ رَاعُونَ
“Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилгувчилардир” (Муминун сураси, 8-оят).
Азизлар, ҳар бирларимиз ўзимиздаги барча омонатларга риоя қилайлик! Омонатга хиёнат қилиш оғир гуноҳ бўлиши билан бирга мунофиқликнинг белгиларидан бири эканини асло унутмайлик!
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Мунофиқнинг белгиси учта: сўзласа ёлғон сўзлайди, ваъда қилса бажармайди, омонатга хиёнат қилади” (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилган).
Демак, омонатга хиёнат қилган одам мунофиқликнинг учдан бирини қилган ҳисобланар экан.
Аллоҳ таоло барчамизни хиёнат қилишдан ва хиёнатга қолишдан асраб, доимо омонатдор бўлишимизни насиб этсин, омин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Тасаввуф илмининг таърифи ҳақида 200 дан зиёд бир бирига яқин маъноли фикрлар айтилган. Шулардан, мўътабар ва бошқа таърифларни ўзида жамловчи баъзи бир таърифларни келтираман.
Шайхул ислом Закариё Ал-Ансорий тасаввуфнинг таърифи ҳақида қуйидаги сўзларни айтадилар:
التصوف: علم تعرف به أحوال تزكية النفوس، وتصفية الأخلاق وتعمير الظاهر والباطن لنيل السعادة الأبدية
Тасаввуф – абадий саодатга эришиш учун нафсни поклаш, хулқларни мусаффолаштириш, ташқи ва ички дунёни тузатишни ўргатадиган илмдир.
Тасаввуфнинг таърифида баъзилар айтадики:
التصوف كله أخلاق، فمن زاد عليك بالأخلاق زاد عليك بالتصوف
Тасаввуфнинг барчаси гўзал ахлоқдан иборат. Кимнинг гўзал хулқи сенинг хулқингдан зиёда бўлса, билгинки у тасаввуф жиҳатидан сендан устундир.
Имом Шозилий раҳматуллоҳ алайҳ тасаввуфни қуйидагича таърифлайдилар:
التصوف: تدريب النفس على العبودية، وردها لأحكام الربوبية
Тасаввуф: Бу нафсни убудият (бандалик) сифатини шакллантиришга машқ қилдириш ва Роббоний ҳукмларга уни топшириш.
Хулоса қилиб айтганда, инсонни ҳам ички ҳам ташқи дунёсини гўзал бўлишига, шариатдан қасд қилинган комил инсон даражасига кўтарилишига хизмат қиладиган асосий илмлардан бири бу тасаввуф десак хато бўлмаса керак.
Шариатдаги буйруқлар инсонга нисбаттан икки қисмга бўлинади:
1. Зоҳирий амалларга таълуқли бўлган ҳукмлар
2. Ботиний амалларга таълуқли бўлган ҳукмлар.
Бошқача қилиб айтганда инсонни бадани, жисмига таълуқли бўлган ҳукмлар ва инсонни қалбига таълуқли бўлган ҳукмлар.
Баданга таълуқли бўлган ҳукмлар буйруқ ва қайтариқлардан иборат. Буйруққа мисол: Намоз ўқиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва ҳоказо… Қайтариқларга мисол: Одам ўлдирмаслик, зино қилмаслик, ўғирлик қилмаслик, ароқ ичмаслик ва ҳоказо…
Қалбий амаллар ҳам худди шундай буйруқ ва қайтариқлардан иборат. Буйруқларига мисол: Аллоҳга, унинг расулларига, фаришталарга, китобларига иймон келтириш, ихлосли бўлиш, хушуъ, таваккул ва ҳоказо… Қайтариққа мисол: Куфр келтирмаслик, ужуб, риё, ҳасад қилмаслик ва ҳоказо…
Гарчи баданий ва қалбий ҳукмларнинг иккаласи ҳам муҳим бўлсада қалбга таълуқли бўлган ҳукмлар биринчисидан кўра муҳимроқдир. Чунки ботиний амаллар зоҳирий амалларнинг асоси ва пойдевори ҳисобланади. Агар ботиний амал бузилса зоҳирий амалларнинг барчаси фасод бўлади.
Аллоҳ таоло “Каҳф” сурасининг 110-оятида: “Ким Роббисига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Роббисига ибодат қилишда биронтани шерик қилмасин”, деб марҳамат қилган.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг диққатини қалбларини ислоҳ қилишга қаратган эдилар. Уларга: “Инсоннинг салоҳияти, қалбининг салоҳияти, яширин касалликлардан саломатлигига боғлиқ”, дер эдилар.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом бундай дедилар:
الا و إنَ في الجسد مضغة إذا صلحت صلح الجسد كلَه و إذا فسدت فسد الجسد كلَه الا و هي القلب
“Огоҳ бўлинг! Жасадда бир парча гўшт бор. Агар ўша тузалса жасаднинг барчаси тузалади. Агар ўша бузилса жасаднинг барчаси бузилади. Огоҳ бўлинг! ўша бир парча гўшт қалбдир”.
Худди шунингдек у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ назар ташлайдиган жой, бу қалб эканини уқтирганлар.
Имом Бухорий ва Имом Муслим қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни марҳамат қилганлар:
إنَّ اللهَ لا يَنْظُرُ إِلَى أجْسَادِكُمْ وَلا إِلَى صُوَرِكُمْ وَلكِنْ يَنْظُرُ إِلَى قُلُوبِكُمْ
“Аллоҳ сизнинг жисмингиз ёки суратларингизга қарамайди. Лекин сизнинг қалбингизга қарайди”.
Модомики инсоннинг салоҳияти зоҳирий амалларнинг манбаси бўлган қалбга боғлиқ экан, уни Аллоҳ қайтарган ёмон сифатлардан тозалаб ислоҳ қилиш ва уни гўзал сифатлар билан безаш лозим экан. Мана шу ишларни қилса, ўша қалб соҳиби қалби салим нажот топувчи кишилардан бўлар экан.
Аллоҳ таоло Шуаро сурасининг 88-89-оятларида марҳамат қилиб айтадики: “У кунда молу давлат ҳам бола-чақа ҳам фойда бермайди. Фақатгина кимки Аллоҳга салим қалб билан келса, (ўша салим қалб) манфаъат беради”.
Қалбни поклаш ва нафсни тарбиялаш фарзи айнларнинг энг муҳимидир. Аллоҳ таолонинг илоҳий буйруқлари шуни тақозо қилади. Бу ҳақда оят, ҳадис ва уламолар сўз юритганлар.
Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 33-оятида марҳамат қилиб айтади: “(Эй,Муҳаммад): “Роббим ошкора ва яширин ёмонликлардан қайтарди”, деб айтгин”.
Ва яна Анъом сурасининг 151-оятида марҳамат қилиб айтади:
“Гуноҳ ишларнинг ошкора ва яширинига ҳам яқинлашманглар”.
Муфассир олимлар оятдаги ички, яширин гуноҳдан мақсад: ҳасад, риё, нифоқ, деб тафсир қилганлар.
Албатта бу иллатлардан қутилиш ва уларни олдини олиш масаласини тасаввуф муолажа қилади.
Ҳадисдан далиллар: Ҳасад, кибр, риёдан қайтарувчи ва гўзал ахлоқлар билан хулқланишга чорловчи барча ҳадислар бизнинг мавзумизга ҳужжат бўла олади.
Ҳадисларнинг бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иймон етмиш нечидир шохчадан иборат. Унинг энг олийси “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимаси бўлса, унинг энг пастки даражаси, йўлдаги азиятларни олиб ташлаш. Ҳаё ҳам ўша иймоннинг шохчаларидан биридир”, деганлар.
Иймоннинг мукаммаллиги шу шохчаларнинг бир шахсда тўлиқ жамланиши билан бўлади. Иймоннинг ноқислиги эса ўша шохчаларнинг камайиши билан бўлади.
Тасаввуф айнан манашу шохчаларни инсонда мужассам бўлишида катта рол ўйнайди.
Олимларнинг сўзларидан далил: Уламолар, алоҳида тавбага муҳтож бўладиган қалбнинг касалларидан бўлган гуноҳи кабираларни санаб чиққанлар. Ва буларнинг барини тасаввуф йўналишида муолажа қилишини баён қилиб чиққанлар.
“Жавҳарату тавҳид” асарида Шайх Бажурий қуйидагиларни айтадилар: “Яхшиликка чақириб, чақимчилик, ғийбат, кибр, риё, ҳасад, тортишув ва жанжалга ўхшаган ёмон ишлардан ўзингни тий. Албатта булар нафснинг айби ҳисобланади. Ва бу дардга учраганларнинг табиби буюк сўфийлар ҳисобланади”.
“Ҳидоятул Алаийя” китобининг муаллифи бу ҳақда қуйдаги сўзларни айтади: “Шариат кўрсатмалари ва олимларнинг ижмоси ҳасад, мусулмонларни таҳқирлаш, кибр, ўзидан ўзи фахрланиб ужубга кетиш, риё, нифоқ ва шунга ўхшаган жирканч ишларнинг ҳаром эканлигига далолат қилгач, бу ишларнинг ҳудуд ва чегараларини билиб олиб, барчасидан четланиш ва узоқлашиш лозим. Бунинг ҳақиқатини эса фақатгина тасаввуф илми баён қилиб беради. Демак, юқорида келтирилган оят ва ҳадиси шарифлардан шу билинадики тасаввуф мусулмонлар учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган, муҳум йўналишлардан бири эканлиги келиб чиқади”.
Абдулҳодий АБДУРАҲМОНОВ,
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси
Фойдаланилган адабиётлар
1. Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири -Тошкент. 2009. 546 б.
2. Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳул бухорий. Байрут: “Муассатур рисолатун ноширун”. 2019. 1904 б.
3. Муслим ибн Ҳажжож ан-Найсабурий. Саҳиҳи муслим. Риёз: “Байтул афкоруд давлийя”. 1998. 1473 б.
4. Алоуддин Обидин. Алҳидоятул Алоийя. Дамашқ: “Доруссалом”. 2003.
5. Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий. Ҳужжатуллоҳил балиға. Карачи: “Дорут танвир”. 1998.
6. Муҳаммад Ибн Исъҳоқ Ал-Бухорий Ал-Калабозий. Ат-тарруф лимазҳаби аҳли тасаввуф. Қоҳира: “Туросул араб”. 2000.
7. Шайхул ислом Закариё ал-Ансорий. Шарҳу рисолатил қушайрийя. Дамашиқ: “Дар ан-нуъмон лил улум”. 2000. 584 б.
8. Шайх Мустафо ал-Маданий. Аннусратун набавийя. Мадина: “Дор ал-ҳикма”. 2009.
9. Аллома Ҳамид Сақар. Нуру таҳқиқ. Қоҳира: “Туросул араб”. 2000.