Кўпчилик “Омонат” деганда “Дўстим, шу пулим сенда туриб турсин. Эртага оламан” дейишини ва шу пулни эгасига эҳтиётлаб ўз ҳолида қайтаришни тушунади. Тўғри, бу ҳам омонат. Аммо омонат тушунчаси кенгроқ маънони ифода қилади. Унинг турлари кўп. Энг муҳим омонат – Дин омонатидир! Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилган:
إِنَّا عَرَضْنَا الْأَمَانَةَ عَلَى السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَالْجِبَالِ فَأَبَيْنَ أَن يَحْمِلْنَهَا وَأَشْفَقْنَ مِنْهَا وَحَمَلَهَا الْإِنسَانُ إِنَّهُ كَانَ ظَلُوماً جَهُولاً
“Албатта, Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик. Бас, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Уни инсон кўтарди. Дарҳақиқат, у ўта золим ва ўта жоҳилдир”. (Бу омонат нима эди, деган саволга уламоларимиз ушбу оятдан ва бошқа манбалардан келиб чиқиб: «Шариат таклифлари ва Аллоҳнинг фарзлари», деб жавоб берадилар. Дарҳақиқат, инсон жинси (ҳамма эмас, албатта) ўта золимдир. Ўзига юклатилган ва ўзи қабул қилган омонатга мувофиқ иш юритмасдан ўзига ўзи зулм қилади. Инсон жинси ўта жоҳилдир, шунинг учун ўзи рози бўлиб, қабул қилиб олган омонатнинг улканлигини билмасдан, унга хиёнат қилади.) (Аҳзоб сураси, 72-оят(.
Динимизга амал қилсак, бу омонатнинг риоясини қилиб, уни адо этган бўламиз. Агар амал қилмасак, бу омонатга хиёнат қилган, уни адо этмаган бўламиз.
Аллоҳ таоло бизга ато этган тана аъзолари ҳам омонатдир. Уларни асраш, касал бўлса, дарҳол шифокорга кўрсатиб, даволашнинг чорасини кўриш омонатга риоя қилишдир. Агар бирор аъзоимиз бемор бўлсаю, уни вақтида шифокорга кўрсатиб, муолажасига уринмасак, натижада у аъзо ўз фаолиятини бажара олмай қолса, биз унинг омонатлигига риоя қилмаган, уни чиройли адо этмаган бўламиз.
Бошқа тана аъзолари ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин.
Шунингдек, аёл ҳам, фарзанд ҳам омонатдир. Уларнинг нафақасини қилиш, бемор бўлсалар, даволатиш, солиҳа, солиҳ қилиб тарбиялаш, хулқу атворларини яхшилаш борасида қайғуриш, буни назорат қилиш омонатга риоя қилиш ҳисобланади. Бордию уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйилса, ахлоқларида, фикрлашларида нуқсон бўлса, ақидалари, ибодатлари нотўғри тарзда бўладиган бўлса, уларга масъул бўлган эр, ота омонатга хиёнат қилган бўлади.
Ҳар бир касб ўз эгаси учун омонатдир. Инсон бир касбни ўргандими, энди шуни яхши ишга солиб, шу орқали халққа садоқат билан хизмат қилиши керак. Агар у ўз касбига нисбатан лоқайд, бепарволик қиладиган бўлса, касбига қўл учида ёндошадиган бўлса, касб омонатига хиёнат қилган бўлади.
Масалан, ўқитувчи кабини олайлик. Бу касб эгаси ўз касбини севиши, уни садоқат, фидоийлик билан олиб бориши даркор. Агар ўқитувчи мактабда, коллежда, олийгоҳда талабаларга сидқидилдан дарс ўтмаса, бир соату йигирма дақиқа ичида шогирдларига бирор илмий янгилик тақдим этмаса, ўқувчилар билан гаплашиб ўтирса, вақтни беҳуда ўтказса, уларнинг вақтларини, умрларини совурса, ўқитувчилик омонатига, таълим бериш омонатига хиёнат қилган бўлади.
Шифокор беморларни даволашни яхшилаш мақсадида ўз устида ишламаса, турли касалликларга оид китоблар билан танишиб, илмини ошириб бормаса, беморларни даволашда сусткашлик, ўқувсизлик, дангасалик қилса, касбига беписандлик билан ёндошса, яхши пул берган беморларга эътибор қаратиб, қўли калталик қилганларга қўпол, юзаки муомала қиладиган бўлса, у шифокорлик омонатига хиёнат қилган бўлади. Бордию унинг ўқувсизлиги натижасида бемор ҳаётдан кўз юмса, чаласавод шифокор бунга зомин бўлади. Бу жиноятга ўқишни пулга битиришда, дипломни пулга сотиб олишда унга кўмаклашган кимса ҳам шерик бўлади.
Ошпаз овқат пишираётганда, ўта эҳтиёткор ва диққатли бўлиши керак. Агар у сигарет чекадиган ошпаз бўлса, сигаретни ташлагандан сўнг қўлларини яхшилаб совунлаб ювиб, кейин капгирни ушлаши керак. Қозон атрофида турганлардан бирортаси чекадиган кимса бўлса, “Нарироқда туринг. Сигаретингизнинг кули қозонга тушмасин!” деб уларни огоҳлантириши керак. Агар у сигарет, нос кабиларни ушлаб қўлини ювмаса, атрофидагиларни ҳам бу каби ҳолатлардан огоҳ этмаса, таомга, мусулмонларнинг луқмасига нисбатан бепарволик қилса, ошпазлик омонатига хиёнат қилган бўлади.
Нонвой хамир қораётганда пешонасидаги тер хамирга томмаслиги керак. Юзини, пешонасини артиб, қуритиб, кейин хамир қилишга уриниши керак. Шунингдек, ноннинг устига қатиқ ва бошқа нарсаларни суртиш учун ишлатиладиган асбоблар (масалан, щётка) ҳалол нарсалардан ишлаб чиқарилган, уларга ҳаром қилинган ҳайвонларнинг, жумладан, чўчқанинг юнглари ишлатилмаган бўлиши керак. Акс ҳолда у ҳам нонвойлик омонатига хиёнат қилган, бу омонатни адо этмаган ҳисобланади. Чунки, ошпаз, нонвой каби касб соҳиблари ўзларининг лоқайдликлари билан мусулмонларнинг луқмаси бевосита бузилишига сабаб бўлиб қоладилар. Шунинг учун улар жуда эҳтиёт бўлишлари керак.
Ҳайдовчи мижозларни машинасига чиқаришдан олдин машинанинг техник жиҳатдан созлигини кўриб чиқиши, мижозларни олгандан кейин йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиши талаб этилади. Бордию ҳайдовчи шу айтилганларга амал қилмаса, йўловчиларнинг ҳаётини хавф остига қўйган ва ҳайдовчилик омонатига хиёнат қилган бўлади.
Барча касбларни шундай мисол қилиб келтирса бўлади.
Ҳа, омонатга риоя қилиш ана шундай муҳим ишдир, динимизнинг қаттиқ талабидир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мўминларни сифатлаб шундай марҳамат қилган:
وَالَّذِينَ هُمْ لِأَمَانَاتِهِمْ وَعَهْدِهِمْ رَاعُونَ
“Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилгувчилардир” (Муминун сураси, 8-оят).
Азизлар, ҳар бирларимиз ўзимиздаги барча омонатларга риоя қилайлик! Омонатга хиёнат қилиш оғир гуноҳ бўлиши билан бирга мунофиқликнинг белгиларидан бири эканини асло унутмайлик!
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Мунофиқнинг белгиси учта: сўзласа ёлғон сўзлайди, ваъда қилса бажармайди, омонатга хиёнат қилади” (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилган).
Демак, омонатга хиёнат қилган одам мунофиқликнинг учдан бирини қилган ҳисобланар экан.
Аллоҳ таоло барчамизни хиёнат қилишдан ва хиёнатга қолишдан асраб, доимо омонатдор бўлишимизни насиб этсин, омин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Дин ва жамият
Ислом дини кишини ҳаддан ошиш, зўравонлик ва адоватдан қайтаради. Ҳар бир ишда ўрта йўлни тутиш, ақл билан иш кўриш, адолат ва инсофни сақлаш асосий мезонлардан экани таъкидланади.
Афсуски, бугунги кунда айрим кимсалар динимизга хос муқаддас тушунчаларни нотўғри талқин қилиб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда. Улар диннинг асл моҳияти бўлган тинчлик, ўзаро меҳр-мурувват ва эзгулик ғояларини бузиб, одамлар қалбига мутаассиблик уруғини сочишга ҳаракат қилмоқда. Бундай кимсалар хорижда туриб ижтимоий тармоқлар орқали ақидавий, фиқҳий, маҳзаб масалаларида халқимизни чалғитишга уриниб, мутаассиблик ва бошқа ёт ғояларни тарғиб қилиб, оммани шубҳалар гирдобига тортишга уринмоқда.
Ҳақиқий диндорлик одамлардан узилиш, ҳаётдан четлашиш ёки бошқаларга нисбатан қаттиққўллик қилиш эмас. Балки ҳалол меҳнат қилиш, ота-онага ҳурмат кўрсатиш, оилага масъулият билан қараш, жамиятга фойда келтириш ва ибодатни ихлос билан адо этишда намоён бўлади. Мутаассиблик эса шу мувозанатни бузади. Бундай киши ўз фикрини ягона ҳақиқат деб билади, бошқа қарашларни эшитишни истамайди. Фақат ўз фикрини ўтказишга уринади. У кўп ҳолларда диннинг асл моҳиятини эмас, балки ўзининг тор ва бирёқлама тушунчасини ҳимоя қилади. Шу сабабли мутаассиблик жамиятда муросасизлик, адоват ва бўлинишларга сабаб бўлади.
Аслида, чин мусулмон ўз эътиқодида мустаҳкам бўлиши билан бирга, бошқаларга нисбатан ҳам одоб, ҳурмат ва инсоф билан муносабатда бўлиши керак. Дин номидан қўполлик қилиш, одамларни камситиш, жамият тинчлигига рахна солиш ёки зўравонликни оқлаш қораланган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар бир ишда – хоҳ у дунёвий бўлсин, хоҳ охират амали бўлсин – ўртача бўлишга чақириб: “Ишларнинг энг яхшиси ўртачасидир”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти). Бу эса Исломда инсон ҳаёти бир томонга оғишган эмас, балки мувозанатли бўлиши кераклигини кўрсатади.
Бу ҳақда Қуръони каримда: “...Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга уни (роҳибликни) ёзганимиз йўқ, лекин улар ўзлари Аллоҳнинг ризолигини истаб (роҳиблик) қилдилар-у, сўнгра унга тўла риоя қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига мукофотларни ато этдик. (Аммо) уларнинг орасида аксарияти фосиқ (кофир)дирлар” (Ҳадид сураси, 27-оят), дейилган. Демак, киши ўз табиатига оғирлик қиладиган даражада ҳаётдан узилиб, тоат-ибодатга берилиб кетмаслиги керак.
Яна бир оятда: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин” (Қасас сураси, 77-оят). Мусулмон киши дунёни деб охиратни унутиши, охиратни баҳона қилиб, зиммасидаги бу дунё ишларини ташлаб қўйиши жоиз эмас.
Мутаассиблик илмсизлик сабабли келиб чиқади. Илмли киши ҳеч қачон ўзгалар билан тортишмайди ва ҳар ишда ўзиникини маъқуллайвермайди. Аксинча, ҳақ гап айтилганида тан олади. Шунинг учун фарзандларимизга ёшлигиданоқ диний билимларни чуқур ўргатиб, турли фитналардан огоҳ этиб боришимиз зарур. Зеро, ҳақиқий илм эгаларини ҳеч қандай бузғунчи ғоялар чалғита олмайди.
Ғафуржон ЭШОНҚУЛОВ,
Ургут туманидаги “Чубин” масжиди имом ноиби
Ҳ. Садриддинов уюштирди.
"Ҳидоят" журналини 7-сонидан