Жорий йилнинг 5-6 апрель кунлари кўриш, эшитиш ва нутқида имкони чекланганлар билан Бухоро вилоятига MUSLIM TOUR томонидан зиёрат уюштирилди.
Бухорода зиёратчиларни MUSLIM TOUR ходимлари гидлар билан биргаликда кутиб олишди. Бухоро шаҳридаги “Мир араб” мадрасаси, “Масжиди Калон” масжиди, Лаби ҳовуз, “Баҳоуддин Нақшбанд”, “Саййид Мир Кулол” зиёратгоҳларига саёҳат уюштирилди.
Зиёрат давомида кўзи ожиз инсонларимизга эшитиш ва нутқида имконияти чекланганлар ихлос билан ёрдам беришди. Иккита жамият аъзоларини бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари атрофдаги инсонларнинг кўз ёшларига сабаб бўлди.
Автобусда зиёратгоҳларга кетаётган вақтда кўзи ожизлар томонидан айтилган гўзал нашидларга кар-соқовларимиз ихлос билан, ўз ҳаракатлари билан биргаликда қўшилиб жўр бўлдилар.
Зиёратдан гўзал таассуротлар билан қайтар эканмиз, кўзи ожиз Абдураҳим хожи отанинг сўзлари юракларга муҳрланди: “Зиёратни ташкил қилганлар, ҳомий бўлганлар, бизларга зиёрат вақтида ёрдам берган яқинларимизга чин қалбимиздан миннатдорчилик билдирамиз. Алҳамдулиллаҳ, илм маркази бўлиб келган Бухорога боришдек орзуимни ушалиши мени беҳад қувонтирди”
Зиёратни ташкил қилишда имконияти чекланганлардан иккита жамият аъзоларини бирга олиб кетиш бир оз қийинчилик туғдириши мумкинлигини ўйлаган эдик. Аммо аксинча, улар имконияти чекланган бўлишига қарамасдан бир-бирларига чин юракдан ёрдам беришларини кўриб хурсанд бўлдик.
Имконияти чекланганлар MUSLIM TOUR раҳбари Б.Тошпўлатов ва барча ходимларга, “Вақф” хайрия жамоат фондига, ҳомийларга ўз миннатдорчиликларини изҳор қилишди.
Аллоҳ таоло уларга кўнгли ярим инсонларнинг кўнглини олиб, Каъбани обод қилганлик савобларини насиб этсин!





Мунира АБУБАКИРОВА
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар:
"Жаннат аҳлларининг барчалари хушмуомала, ширин, дарҳол одамга ёпишиб кетадиган бўладилар. Дўзах аҳллари эса ҳаммалари қаҳри қаттиқ, дағал ва бешафқат кимсалардир".
Шунда саҳобалар:
– Ё Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам, бешафқат киши қандай бўлади? – деб сўрадилар.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Улар уйидагиларига, дўсту қариндошларига дағал муомала қилувчилардир, деб жавоб бердилар (Ашъарийдан ривоят қилиган, Табароний, Дайлами ривояти).