Толеи баланд бир ўлканинг адолатпарвар подшоҳи одамларнинг ҳолидан хабар олишни ният қилиб, оддий инсонлардек кийиниб олди, қоровуллар бошлиғини ҳам шундай кийинтириб, у билан бирга шаҳар айлангани чиқди. Ўша куни шилта ёмғир ёққан эди. Улар йўлда бир одамнинг балчиққа ботиб ётганини кўрдилар. Унда ҳаёт асари кўринмасди. Одамлар беэътибор ўтиб-қайтиб юришибди.
Одамларнинг бепарволигидан ранжиган подшоҳ уларга қараб: “Бу одам қандай вафот этди, нима учун буни ташлаб кетяпсиз, унинг аҳли қаерда? деди. Одамларнинг бири: “У ароқ ичадиган фаҳшга борадиган, масжидга бормайдиган фосиқ эди. Шу ерга йиқилиб тушди-ю ўлиб қолди. Ундан нафратлангани боис ҳеч ким уни кўтаришни истамаяпти”, деди. Подшоҳ: “Ҳар қанча гуноҳкор бўлса ҳам менинг мамлакатим фуқароси, уни бу ҳолда ташлаб кета олмайман”, деб ўйлади. Сўнгра қоровулбоши иккаласи маййитни чеккароққа олдилар. Қоровулбошига сув қуйдириб унинг лой чапланиб қолган юзини юва бошлаган подшоҳнинг тобора ҳайрати кучайиб бораверди. Чунки сув теккани сайин маййитнинг чеҳраси очилиб нур таратиб бораётган эди.
Атрофдагилардан унинг уйи қаерда эканини сўради. Фалон жойда дедилар. Уйига бориб аёлига эрининг вафот этганини хабар қилмасдан унинг кимлигини, қандай одам эканини сўради. Аёли: “Эрим ҳунарманд. Кечгача ишлаган пулининг бир қисмига ароқ сотиб олади, бир қисмига енгилтак аёлларни уйга бошлаб келади. Уйга келгандан сўнг ароқ шишаларини ҳожатхонага бўшатади. Аёлларга эса мен тонггача зинонинг ҳаром иш эканини тушунтираман. Жамоага қўшилиб намоз ўқиш учун қўшни маҳалладаги масжидга боради. “Нега ўзимизнинг масжидга бормайсиз?” десам, “Узоғроқ юриб борсам кўпроқ савоб оламан-да”, деб кулади. Аммо унинг бу ишларини ҳеч ким билмайди, билдирмайди. Одамлар уни ёмон одам деб ўйлашади. Шуларни ўйлаб бугун жуда ҳам сиқилдим. “Кунингиз битиб қолса, ўлигингиз кўчада қолади, майитингизни ювадиган, жанозангизни ўқийдиган одам чиқмайди, бундай қилманг”, деб қаттиқ гапириб қўйдим.
У бўлса сира ҳам хафа бўлмади. Аксинча, масрурона жилмайиб: “Буни ўйлаб асло сиқилма, менинг жанозамни машойиху уламолар, бутун мамлакат аҳли ўқийди”, деди.
Бу гапни эшитиб подшоҳ дод солиб йиғлаб юборди. Кейин аёлга эрининг вафот этгани ва ўзининг подшоҳ эканини айтиб берди. Майитни уйига олиб келтириб, бутун мамлакат аҳлини жанозага чақиртирди. Майитни эса ўзи ювди. Кейин жанозасини ўқитиб жойига қўйиб келдилар.
Яҳё АБДУРАҲМОНОВ,
“Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати