Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
" Бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин", дедилар.
"Эй Аллоҳнинг Расули, кимнинг?" дейишди.
"Ота-онаси ёки улардан бири кексалигида улар билан бирга яшаб, дўзахга кирган кишининг", дедилар".
Шарҳ: Демак, ота-она улуғ ёшга кирганларида уларнинг хизматини қилиб, розилигини топиб қолса, жаннатга кирар экан, акс ҳолда дўзахга кирар экан. Икковлари бўлмаса, биттаси - ё ота, ё она бўлса ҳам, ана шу ҳолат бўлар экан.
Бу ҳадиси шариф ҳам ота-онанинг розилигини топиш қанчалик муҳим иш эканини таъкидламоқда. Банданинг жаннат ёки дўзахга киришга сабаб бўладиган амаллардан бири ота-онага бўладиган муносабат эканини кўрсатмоқда. Айниқса ота-она кексайганларида алоҳида эҳтиётлик билан уларга яхшилик қилиш пайида бўлиш зарурлигини билдирмоқда.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Тингловчининг эътиборини тортиш учун бир ишнинг оқибатини такрор-такрор айтиш мумкинлиги.
2. Олим ва раҳбар кишидан бирор масала оқибати ҳақидаги гапни эшитганда, бу оқибат ким учун эканини сўраш лозимлиги.
3. Ота-онаси бўла туриб, уларнинг розилигини топиб, жаннатга киришга сазовор бўлолмай қолган одам бахтсиз шахс экан.
"Одоблар хазинаси" китобидан.
1. Автомобилни бошқариш бўйича етарли малакага эга бўлгандагина ҳайдаш керак.
Чунки машина ҳайдашни мукаммал ўрганмай туриб, йўлга чиқиш одамларнинг ҳаёти ва мулкига зарар етказишга олиб келади.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васаллам: “Зарар бериш ҳам зарар кўриш ҳам йўқдур”, дедилар (Ибн Можа, Дориқутний ва бошқалар ривояти).
Ислом ҳар қандай кўринишдаги зулмни ҳаром қилган. Инсонларнинг туғилишидан то ўлимигача ва ҳатто вафотидан кейин ҳам зарар этказишдан қайтаради.
2. Мунтазам равишда машинага эътибор бериш, ҳайдашдан олдин текшириш лозим.
Аллоҳ таоло: “...ғофиллардан бўлма” (Аъроф сураси, 205-оят), “Сўнгра, ўша кунда, албатта, берилган неъматлардан сўраласиз” (Такаасур сураси, 8-оят) деб марҳамат қилган.
Инсон завқланадиган: озиқ-овқат, ичимлик, кийим-кечак, турар жой, машина, соғлик каби неъматларнинг ҳар бири учун Қиёмат кунида жавоб беради.
3. Хавфсизлик камарини тақиш талаб этилади.
Албатта, ҳар бир иш Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан бўлади. Аллоҳ энг яхши сақлагувчи ва У раҳмлиларнинг энг раҳмлисидир. Бироқ, динимиз сабаб ўлароқ аввало хавфсизлик чораларини кўришни, кейин Аллоҳга таваккул қилишни буюради. Тажрибаларда хавфсизлик камари бахтсиз ҳодиса пайтида ҳалокатнинг даржасини енгиллаштириши ва ҳайдовчини даҳшатли тўқнашувдан ҳимоя қилиши кўп кузатилган.
4. Инсон қадр-қимматининг улуғлигини унутмаслик.
Бу эса ҳайдовчини ҳайдашда жуда эҳтиёт бўлишга чақиради, Аллоҳ таоло Ўз китобида таъкидлаганидек, “Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади” (Моида сураси, 32-оят).
5. Рухсат этилган даражадаги тезликка риоя қилиш.
Белгиланган тезлик меъёрига риоя қилмаслик бахтсиз ҳодисалар ва офатларга, кўп ҳолатларда ўлимга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бундан қайтаради: “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳимлидир” (Нисо сураси, 29-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шошмаслик Аллоҳдандир ва шошқалоқлик шайтондандир”, деганлар
6. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш ва уларни бузмаслик.
Ҳатто йўл бўш бўлса ҳам сабрсизлик қилмаслик, шошилмаслик лозим. Озгина сабр қилмаслик ўлим ёки оғир жароҳатни келтириб чиқариши мумкин. Инсон ўз табиатига кўра сабрсиз ва ҳамма нарсани тезда амалга оширишни хоҳлайди. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Инсон шошқалоқ ўлароқ яратилгандир” (Анбиё сураси, 37-оят), “Инсон шошқалоқ бўлгандир” (Исро сураси, 11-оят).
7. Эътиборни чалғитадиган нарсалар билан машғул бўлмаслик. Масалан, мобил телефондан тез-тез фойдаланиш, баланд овозда мусиқа эшитиш ва ҳоказо.
Британиялик психолог ва профессор доктор Саймон Мурнинг ўтказган тадқиқотига кўра, тез ва баланд ритмли қўшиқлар ҳайдовчини қўшиқ ритмига мос келадиган тезликни оширишга сабаб бўлади.
8. Уйқусираб ёки узоқ вақт уйқусиз қолганда машина ҳайдамаслик.
9. Автомобилни қўйиш учун тўғри жой танлаш, чунки йўл ҳаммага тегишли. “Ва тажовузкор бўлманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкор бўлганларни хуш кўрмас” (Бақара сураси, 190-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам: “Ким бир қарич ерни зулм қилиб олса, Аллоҳ унга қиёмат куни бўйнига етти қават ерни осиб қўяди”, деганлар (Имом Муслим. Имом Аҳмад. Абу Яъло. Абу Авона. Имом Ҳоким. Байҳақий).
Аллоҳ таоло йўлларимизни равон ва бехатар қилсин. Биздан бошқаларга ва ўзгалардан бизга озор етишидан Ўзи асрасин.
Даврон НУРМУҲАММАД