بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي أَبَاحَ لَنَا جَمِيعَ الطَّيِّبَاتِ، وَحَرَّمَ عَلَيْنَا الْخَبَائِثَ وَالْمُضِرَّاتِ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ مُحَمَّدٍ الَّذِي قَالَ وَلَا تَشْرَبِ الْخَمْرَ فَإِنَّهَا مِفْتَاحُ كُلِّ شَرٍّ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ وَعَلَى مَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنِ اَمَّا بَعْدُ
ЖИНОЯТЛАРНИНГ АСОСИ
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло бу дунёни синов майдони қилиб яратди. Унда инсоннинг қандай умр кечириши, неъматларни қайси йўлга ишлатишига қараб охиратдаги манзил-макони аниқ бўлади. Инсоният доимий имтиҳонда эканини қуйидаги ояти каримадан билиб оламиз:
الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا وَهُوَ الْعَزِيزُ الْغَفُورُ
(سورة الملك الآية-2 )
яъни: “(У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У Азиз (қудратли) ва Ғафур (кечиримли)дир” (Мулк сураси, 2-оят).
Бу имтиҳон дунёсида яхши ҳам бор, ёмон ҳам бор, ҳалол ҳам бор, ҳаром ҳам бор. Ҳамма нарса ҳалол, ҳамма бир хил мўмин-мусулмон бўлганида синовдан маъно қолмаган, ёмон бўлмаса, яхшини қадрига етмаган бўлардик. Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирлари билан имтиҳон қилиши ҳақида шундай дейди:
...وَلَوْ شَاءَ اللَّهُ لَجَعَلَكُمْ أُمَّةً وَاحِدَةً وَلَكِنْ لِيَبْلُوَكُمْ فِي مَا آَتَاكُمْ فَاسْتَبِقُوا الْخَيْرَاتِ...
(سورة المائدة الآية-48 )
яъни: “...Агар Аллоҳ хоҳласа эди, сизларни бир уммат (бир хил шариатда) қилиб қўйган бўлур эди. Лекин Ўзи берган нарса (шариатлар)да сизларни синаш учун (бир хил қилмади). Бас, хайрли (савобли) ишларда бир-бирингиздан ўзишга ошиқингиз!...” (Моида сураси, 48-оят).
Мўмин-мусулмонлар ўзаро ёру биродар бўлиб, дунёдаги синовлардан яхши ўтиб олишлари учун, бир-бирларини тўғри йўлга чақириб, ёмонликдан қайтариб турадилар. Агар ҳамма “Ўзим чиққан тепа омон бўлсин”, деб ҳаракат қилса, яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш бўлмаса, жамиятда фисқу-фасод кўпаяди ва тобора зарари катталашиб боради. Буни қуйидаги ҳадиси шарифдан билиб оламиз:
"والَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَتَأْمُرُنَّ بالْمَعْرُوفِ ولَتَنْهَوُنَّ عَنِ المُنْكَرِ أَوْ لَيُوشِكَنَّ اللَّهُ أَنْ يَبْعَثَ عَلَيْكُمْ عِقَابًا مِنْهُ ثُمَّ تَدْعُونَهُ فَلا يُسْتَجابُ لَكُمْ"
(رَوَاهُ الإمَامُ التِّرْمِذِيُّ)
яъни: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ё яхшиликка буюрасиз ва ёмонликдан қайтарасиз, ёки бўлмаса, Аллоҳ таоло устингизга бир балони юборади, ундан кейин қанча дуо қилсангиз ҳам дуоингиз қабул бўлмайди” (Имом Термизий ривояти).
Шу ҳадисдан келиб чиқиб, барчамиз жамиятдаги ёмон иллатларни йўқотишга имкон қадар ҳиссамизни қўшишимиз керак. Буни маълум бир идораларнинг иши деб ўйламайлик. Ҳозир бўлиб турган фазилатли жамоатимизнинг ёрдами маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддалар истеъмол қиладиган ён-атрофимиздаги кишиларни тўғри йўлга қайтариш учун ниҳоятда зарур. Фақат ўзимизни ўйлаб, уларни унутишимиз инсофдан эмас.
Маълумки, инсоннинг ақлини кетказадиган, унинг дин-диёнати ва обрўсига путур етказадиган, қолаверса, оиласи ва яқинларига азият берадиган маст қилувчи нарсалар ҳам бу дунёнинг синовларидан биридир. Бундай моддалар инсоният яратилибдики мавжуд бўлган ва турли номлар билан аталган. Бизнинг давримизга келиб уларнинг номи ва тури яна ҳам кўпайди. Маст қиладиган моддалар ичиладиган, чекиладиган, укол қилинадиган, ҳидланадиган ва таблетка кўринишида юзага чиқди. Уларнинг ҳаммаси бир ҳукмдадир.
Динимизнинг буйруқ ва қайтариқларига бўйсуниш ақлли, балоғатга етган кишиларга вожиб бўлади. Инсон ўз ихтиёри билан ақл-ҳушни кетказадиган, маст қиладиган нарсаларни истеъмол қилиши мумкин эмас. Мастликни замонамиз олимлари “ихтиёрий жиннилик”, деб аташади.
Ислом дини келганда ўша вақтдаги халқ ичкиликка муккасидан кетган эди. Аллоҳ таоло бу муаммони ўзининг ҳикмати билан, босқичма-босқич ҳал қилди. Май ҳақида бир эмас, тўртта оят нозил бўлди. Охирги оятда Аллоҳ таоло маст қилувчи ичимликларни қатъий ҳаром қилди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” (Моида сураси, 90-оят).
Гиёҳвандлик моддалари ҳам маст қилувчи хусусиятга эга. Шундай экан, маст қилувчи ичимликларнинг ҳукми, зарарлари, оқибатлари ҳақидаги барча оят ва ҳадислар гиёҳвандликка ҳам тегишлидир.
Маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳвандликнинг жамиятга, оилага ва инсон шахсиятига катта зарари бор. Бу моддалар жамиятда турли қотиллик, ўғирлик, зўравонлик каби оғир жиноятларни кўпайишига сабаб бўлади. Бу иллатлар оиладаги тинч тотувлик, ўзаро меҳр оқибат, ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатга путур етказади, оиланинг иқтисодини издан чиқаради, оила аъзоларини руҳий тушкунликка солади. Шунинг учун уни Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу: “Ёмонликларнинг онаси”, деб атаганлар. Бу моддаларни истеъмол қилувчилар эса, соғлом турмуш тарзидан узоқлашади, обрўси тўкилиб, нафс бандасига айланади.
Динимизда бундай моддаларни истеъмол қилиш катта гуноҳ саналади. Абу Дардо Ансорий разияллоҳу анҳу: “Менга дўстим (яъни, Пайғамбар салллаллоҳу алайҳи васаллам) насиҳат қилиб айтдилар:
أَنْ لَا تُشْرِكْ بِاللَّهِ شَيْئًا وَإِنْ قُطِّعْتَ وَحُرِّقْتَ وَلَا تَتْرُكْ صَلَاةً مَكْتُوبَةً مُتَعَمِّدًا فَمَنْ تَرَكَهَا مُتَعَمِّدًا فَقَدْ بَرِئَتْ مِنْهُ الذِّمَّةُ وَلَا تَشْرَبِ الْخَمْرَ فَإِنَّهَا مِفْتَاحُ كُلِّ شَرٍّ
رواه الامام بن ماجة
яъни: “Сизни бурда-бурда қилишса ҳам, ўтда куйдиришса ҳам, Аллоҳ таолога ширк келтирманг. Фарз намозни билиб туриб тарк қилманг, агар ким намозни қасддан тарк қилса, ундан Аллоҳнинг (ўз паноҳида асраши) зиммаси узоқ бўлади. Май ичманг, у ҳамма ёмонликларнинг калитидир” (Имом Ибн Можа ривояти).
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадилар: “Май ҳаром қилинганда, Расулуллоҳнинг саҳобалари бир-бирларини зиёрат қилиб: “Май ҳаром қилинди ва ширкка тенг қилинди (яъни, катта гуноҳ саналди)”, дер эдилар” (Имом Табароний ривояти).
Қуйидаги ҳадиси шарифда ҳам унинг катта гуноҳ эканлиги билдирилган:
مَنْ مَاتَ وَهُوَ مُدْمِنُ الْخَمْرِ، لَقِيَ اللهَ وَهُوَ كَعَابِدِ وَثَنٍ
رواه الامام البزار
яъни: “Ким доимий май ичувчи бўлиб вафот этса, Аллоҳ таолога бутга сиғинган кишидек рўбарў бўлади” (Имом Баззор ривояти).
Маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддаларнинг энг катта зарари оилаларнинг бузилишида намоён бўлмоқда. Маст ҳолда хотин, бола чақани уриб-сўкиш, ичкиликка берилиб, уларни нафақасиз ташлаб қўйиш жамиятимизда учраб турибди. Бунинг устига баъзи кишилар маст ҳолатда талоқ қўйиб, ўзларини қийин аҳволга солиб қўйишмоқда. Никоҳ ва талоқ масаласида ҳазил кетмайди, “маст эдим”, деган баҳоналар ҳам ўтмайди. Никоҳ эркак ва аёлнинг “топширдим”, “қабул қилдим” деган сўзлари билан боғлангани каби, эркакнинг бир оғиз “талоқ қилдим”, деган сўзи билан узилади. Динимизда мусулмон кишининг сўзи эътиборли, қадрли бўлади. Халқимиз бекорга: “Айтилган сўз – отилган ўқ”, демаган!
Илмий жиҳатдан исботланишича, ичкилик ва гиёҳвандликка берилганлар ичида бефарзандлик ва ногирон болалар туғилиши кўп кузатилади.
Муҳтарам жамоат! Ёшларга, айниқса, уларнинг ўсмирлик даврида чиройли тарбия, гўзал ўрнак кўрсатишимиз керак. Уларни ким билан юрибди, ким билан дўст тутинди, суриштириб, огоҳ бўлиб туришимиз лозим. Уларнинг кўпчилиги ёмон дўстлар сабабли, ичкилик ва гиёҳвандликка ўрганиб қоладилар.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, аксарият жиноятларнинг илдизи бекорчиликка бориб тақалади. Фарзандларни билим-маърифатли, меҳнатсевар, ғайратли, ўз касбини пухта биладиган қилиб тарбиялаш, келажакда уларни халқимизга, динимизга фойдали инсон бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун фарзандларимиз бекорчи бўлиб қолишларига йўл қўймаслигимиз, балки уларни, билим олиш, китобхонлик, турли тўгараклар, спорт билан шуғулланиш, маданий ҳордиқ билан банд қилишимиз керак. Бу масала ҳозирги кунда давлатимиз ҳукумати диққат эътиборида турган иш бўлиб, ёшларга барча шароитлар яратиб берилмоқда. Яна, шуни эслатамизки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом машҳур дуоларида ожизлик, дангасалик ва қарздорликдан паноҳ сўраганлар ва бу нарсалар кейинчалик инсонни камбағалликка ва ёлғон гапиришига сабаб бўлади.
Маст қилувчи ва гиёҳванд моддаларга мубтало бўлганлар чин тавба қилиб, бу йўлдан қайтсалар ва солиҳ амалларни қилиб, шариатимиз буйруқларига риоя этсалар, шоядки, Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳини кечирса, тўғри йўлига ҳидоят қилса. Бунинг учун аввало, ёмон шериклардан узоқроқ юришлари, солиҳ инсонларни дўст тутишлари керак. Зеро, инсон дўстининг дин-диёнатига мослашиб кетади.
ИЛОВА: Фотиҳадан кейин “омин” айтиш масаласи
Ҳанафий мазҳабимизга кўра намозда, “Фотиҳа” сурасидан кейин, “омин”ни махфий (овоз чиқармасдан) айтилади. Бунга уламолар қуйидаги далилларни келтирадилар:
ادْعُوا رَبَّكُمْ تَضَرُّعًا وَخُفْيَةً إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ
яъни: “Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” (Аъроф сураси, 55-оят).
Демак, “омин”ни ичимизда айтсак, оятга амал қилган бўламиз.
عَنْ عَلْقَمَةَ بْنِ وَائِلٍ رضي الله عنه عَنْ أَبِيْهِ: "أَنَّهُ صَلَّى مَعَ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَلَمَّا بَلَغَ غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِيْنَ قَالَ: آمِيْنْ وَأَخْفَى بِهَا صَوْتَهُ"
(رواه الإمامُ أحمدُ والإمامُ أبو داودَ الطيالسيُّ والإمامُ أبو يَعلى الموصلي والإمامُ الدارقطني والإمامُ الحاكمُ)
яъни: Алқама ибн Воил оталаридан ривоят қиладилар, оталари Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқидилар. Пайғамбаримиз “ғойрил мағзуби ъалайҳим валаззоллин”га етганларида оминни овоз чиқармасдан айтдилар (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд, Имом Абу Яъло, Имом Дорақутний, Имом Ҳоким ривоятлари).
عَنْ أَبِيْ وَائِلٍ رضي الله عنه قَالَ: "كَانَ عَلِيٌّ وَابْنُ مَسْعُودٍ لاَ يَجْهَرَانِ بِبِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيْمِ
وَلاَ بِالتَّعَوُّذِ وَلاَ بِآمِيْنَ"
(رواه الإمامُ الطبراني)
яъни: Абу Воил разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у зот шундай деган: “Али ва Абдуллоҳ ибн Масъудлар “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни ҳам, “аъузу”ни ҳам, “омин”ни ҳам овоз чиқариб айтмас эдилар” (Имом Табароний ривояти).
Бошқа бир ривоятда ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ҳам “омийн”ни ичларида айтиб намоз ўқишлари таъкидланади. Ҳанафий уламолар худди шу маънодаги, лекин бошқа саҳобаи киромларнинг номлари зикр қилинган ривоятларни ҳам келтирадилар.
عَنْ إِبْرَاهِيْمَ النَّخَعِي قَالَ: "أَرْبَعٌ يُخْفِيْهِنَّ الْإِمَامُ اَلتَّعَوُّذُ وَبسم الله الرحمن الرحيم وَاَللَّهُمَّ رَبَّنَا لَكَ الْحَمْدُ وَآمِيْنْ"
(رواه الإمامُ عبدُ الرزاق في مُصَنَّفِهِ وإسنادُه صحيحٌ)
яъни: Иброҳим Нахаийдан ривоят қилинади, у зот айтадилар: “Тўрт нарсани имом овозини чиқармасдан айтади: “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим”, “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим”, “Роббана лакал ҳамд” ва “Омин”” (Имом Абдурраззоқ “Мусаннаф” номли китобида ривоят қилган. Исноди саҳиҳ).
Уламолар шунингдек бир нечта ақлий далиллар ҳам келтирганлар:
Масалан: “Омин” лафзи Қуръондан эмаслиги ҳаммамизга маълум. “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим” эса Қуръондан, яна Аллоҳ таоло бизга Қуръон ўқиганимизда уни айтишни вожиб қилган. Шундоқ бўлса ҳам, “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим”ни ичимизда айтамиз. Нима учун “омин”ни овоз чиқариб айтишимиз керак экан?!”.
Яна бир далил: Намоз жуда ҳам машҳур ибодат ҳисобланади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам намоз фарз бўлган кундан бошлаб ҳар куни беш вақт намоз ўқиганлар. Пайғамбаримизнинг ҳар бир намозлари минглаб кишилар томонидан синчковлик ила кузатиб турилган. Агар “омин”ни овоз чиқариб айтиш керак бўлганида, У Зот бу нарсани баён қилган бўлар ва орада ҳеч қандай шубҳа қолмас эди.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, бошқа мазҳабларда ҳужжат қилинадиган “Омин”ни жаҳрий (овоз чиқариб) айтилиши ҳақида келган ҳадисларни ҳанафий уламолари Расулуллоҳ таълим учун айтганликларини қайд этганлар.
Хулоса шуки, “Омин”ни махфий айтиш масаласи оят ва ҳадисга тўлиқ мос келади ва Пайғамбаримизнинг суннатидир. Ҳанафий уламолар бу мавзуда оят ва ҳадисга суянганлар, қиёсга ҳожат ҳам қолмаган.
ИЛОВА: Ўтган ҳафтада “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида “гапириш ва эшитишида” имконияти чекланган шахслар билан давра суҳбати ўтказилиб, унда 500 нафар “гапириш ва эшитишда” имконияти чекланган шахсларга 19 миллион сўмлик диний-маърифий китоблар ва уй-рўзғор воситалари, ҳамда 61 нафар беморларга 75 000 000 (етмиш беш миллион) сўм жами 94 000 000 (тўқсан тўрт миллион) сўм миқдорида хайрия қилинди.
Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқ берсин, савоб ишларга шошилиш, гуноҳ ишлардан узоқ бўлишни насиб айласин. Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ОИЛАДА ЭР ВА ХОТИННИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Мен қийналган кишиман», деди. Яъни, оч эканини билдирди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан бирига овқат сўраб одам юбордилар. «У зотни ҳақ ила жўнатган зотга қасам ичиб айтаманки, уйимда сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ!» деди у.
Худди шундай қилиб барча хотинларига овқат сўраб одам жўнатдилар. Уларнинг бари юқоридагидек жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу кеча бу одамни ким меҳмон қилади, Аллоҳ унга раҳм қилсин», дедилар. Шунда ансорлардан бир киши туриб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Уни мен меҳмон қиламан», деди. Сўнгра уни уйига олиб кетди. Бориб хотинига бундай деди:
— Бу одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонлари. Унга таом ҳозирла!
Хотин деди:
— Болаларимизнинг овқатидан бошқа овқат йўқ.
Эр деди:
Болаларингни ухлатиб овқатни олиб кел. Меҳмон овқатга қўл узатганида чироқни ўчириб қўй. Биз қоронғида ўзимизни овқат еяётгандек кўрсатамиз. Аммо емаймиз. Меҳмон шунда озгина овқатга тўяди.
Улар шундай қилиб оч ухлашди. Меҳмон тўйди. Эрталаб улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришгач, у зот дедилар:
— Аллоҳ таоло сизнинг ишингиздан ажабланди. Сиз ҳақингизда Қуръон нозил қилди:
«Гарчи ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам (бошқаларни) ўзларидан устун кўрадилар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундай кишилар ҳа, ана ўшалар нажот топгувчилардир» (Ҳашр сураси, 9-оят).
Дунё чархпалакдир. Замон айланиб туради. Бугун пулинг бор. Эртага йўқ, ишинг орқага кетади. Бугун фақирсан, аммо эртага бойиб кетишинг мумкин. Фақирлик айб эмас, бойлик фазилат эмас.
Муҳими қалбдаги нарсадир, чўнтакдаги эмас. Муҳими инсоннинг бойлик ва фақирлик пайтидаги ахлоқидир.
Тасаввур қиляпсизми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч бир аёллари уйидан овқат топилмаяпти! У киши Аллоҳнинг Расули бўлиш билан бирга давлат раҳбари ҳам эдилар. Уйларида сувдан бошқа ҳеч вақо йўғ-а?!
Фақирликни уқубат, бойликни эса мукофот деб ўйлашдан эҳтиёт бўлинг. Дунё бор-йўғи имтиҳон, холос. Имтиҳон саволлари қанчалар қийин бўлмасин, ўтириб қолманг.
Ақлли инсон бошқаларнинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилади. Уларни қийин аҳволда қолдирмайди. Кишиларга эҳсон қилганингизда улар ўзини айбдор ва нуқсонли санашмасин!
Бемор кишининг фақирлигини билиб қолсангиз, у сўрашидан олдин аҳволидан хабар олишингиз оқилона ишдир. Баъзиларнинг иффати сўрашдан тўсади. Инъомнинг энг афзали инсонларнинг иффатни эҳтиром қилиб, обрўларини муҳофаза қилиб берилган инъомдир!
Эҳсон қилишнинг ҳам одоблари бор. Бир кишига ҳамманинг олдида садақа ёки эҳсон берсангиз, уни хижолатга қўясиз, иффатини жароҳатлайсиз, ожизлигини юзига солгандек бўласиз... Бунақа садақа-эҳсон қилгандан кўра, қилмаганинг афзалдир!
Юқорида келтирилган ансорийнинг одобига боқинг. Овқати озлиги учун хотинига чироқни ўчиришни буюрди. Мақсади меҳмонни хижолат қилмаслик эди. Чироқ ёниб турганида меҳмон овқатнинг камлигини кўриб, уялиб, овқат барчага етиши учун эҳтимол тўйиб ея олмасди.
Кишилардан ноқулайликни кетказиш ҳам уларни хотиржам қилишдир. Хотиржам қилиш эса, ибодатдир!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди